O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиз шу жазога лойиқсиз !!!…

Сиз шу жазога лойиқсиз !!!…
156 views
03 September 2014 - 9:41

1Мен ушбу мақолани ёзишимдан мақсад кимнидир ҳижолатга қўйиш ёки айблаш мақсадида эмас, балки ҳозир урфдан қолиб кетган ажойиб, «танқид келажакнинг мевасидир» – деган пурмаъно ҳикматли сўзни эслаш ва шундан умид қилиб, бир ҳақиқий-воқеликни ошкор этмоқчиман ва умид қиламанки ўқувчилар мени тўғри тушунадилар – тўғри хулоса чиқаришадилар ва мулоҳаза қиладилар:

Бир инсон, менга кўп бора қўнғироқ қилиб, менинг ёрдамим кераклигини, у киши ҳам тухмат орқасидан қамалиб қолганлигини ва шу мақсадда мен билан маслаҳатлашмоқ истагида эканлигини такрор ва такрор айтиб таклиф киритди.

Биз учрашдик, ҳа ҳақиқатдан ҳам бир сумкада ҳужжатлар, қоғозлар, фактуралар хуллас бир уюм ҳар хил қоғозлар, мен нима учун бундай демоқчиман, сабабики бу қоғозлар ҳали далил сифатида ҳужжат мақомига эга эмаслигини кўриб шундай хулосага келмоқдаман.

Аммо асосий гап бунда эмас, у киши куйиб-пишиб ноҳақдан узоқ муддатга қамалганлигини ва устига устак асоссиз кўп миллион сўм солидар мулкий зарар ҳам қўйилганлигини исботлашга ҳаракат қилар, нотариал ваколатнома асосида ушбу шикоятлар билан унинг номидан турмуш ўртоғи Олий судга шикоятлар берар, аммо ҳаммасига бир хилдаги, -“шикоятингиз олдин ўрганиб чиқилган ва рад жавоби қайтарилганлигини маълум қиламиз”-деган жавоблар узлуксиз келаётганлигини арз қилди. Мен у кишига балки ростдан ҳам жавоб асослидир деган синов саволни берган заҳотимоқ, у киши куйиб-пишиб барча ҳужжатларни олиб, гуёки мен суд ёки прокурордек исботлашга тушиб кетди. Мен у кишини зўрға тўхтатиб олиб, ака мени тўғри тушунинг, мен ҳам худди сиздек адолатсизликдан жабр кўриб, адолат курашига бел боғлаганман, хабарингиз бордир деган саволимга хабари борлигини ва у киши ҳам адолат учун курашда ҳеч нарсадан тап тортмаслигини баён этди. Ушбу сўз, -«курашдан қайтмаслиги» -ҳақидаги ваъда, бизнинг суҳбатимиз давомида 4 марта такрорланди.

Аммо мен судлар томонидан қонун нормалари бузилаётганлиги хақидаги аниқ далил ва исботлар билан ўз номимдан ёзилган мақолаларимни: – 07.07.2014 йилда чоп этилган “Ўзбек судьялари ҳам рухий касалликлар шифокори тиббий кўригидан ўтадиларми“, 08.07.2014 йилда чоп этилган “Habeas Corpus act даги хатолик“, 20.07.2014 йилда чоп этилган “Айтганидан тунги капалаклар ҳам қайтмаган” ва 27.07.2014 йилда чоп этилган “Безбетлик уларнинг бетидир” сарлавҳали мақолаларимни берганимдан кейин ўқиб чиқиб, ўзининг таъбири билан айтганда лабига учуқ чиқиб кетган эмиш!…

Менга умуман тушунарсиз ҳолатда, -«бизга бундай кураш тўғри келмас экан» -деб қолса бўладими? Мен сабабини сўрасам, қўрқишини, агар иложи бўлса у кишининг исми шарифлари кўрсатилмаса, яъни гуёки у киши хеч нарсадан хабарлари йўқдек бўлса-ю, у киши учун мен ўз номимдан мақолами ёки бошқа усулдами адолат учун курашсам???!!!…

ТИЛИМ ЛОЛ ! ! !…

Турмуш ўртоқлари, у киши учун Олий судга шикоят ёзсалар, мен у киши учун, аниқроғи у кишининг хабарлари бўлмаган ҳолда ёки у кишининг номларини умуман кўрсатмаган ҳолда, мутлақо чалкашиб кетдим, билмадим ёки –«Мен ўз фамилиямни ёзиб мен нохақ узоқ муддатга қамалганман ва асоссиз қўйилган кўп млн сўмлик солидар мулкий зарарни тўлашим керак» -деб мақола беришим керакми-кин ???…

ЎЛАЙ АГАР АҚЛИМ ҲАМ ЛОЛ ҚОЛДИ, – бирор бир киши менга тушунтириб бера олармикин буни нима деб аташ лозимлигини ??? …

Хуллас дилим хуфтон бўлди, билмадим бу мутеликми, мазахистликми ёки ……., мулоҳаза сизлардан азизлар, менинг тилим ҳам ақлим ҳам лол !!!…

Фақат ва фақат иккаламиз ҳам ўзбек бўлганлигимиз учун ҳам, минг бора, балки миллион борадир афсус ва армон билан шуни айта оламанки:

«Ака … , сиз худди шу жазога, ҳаттоки бундан-да баттарроқ жазога лойиқсиз»!!!…

Зеро бежиз айтишмаганлар: -«мазлум киши – зулмга маҳкумдир» !!!…

Яна шуни қатъий айта оламанки, – Биз мазлум инсонлар бахтли ҳаёт кечиришимиз учун бизнинг ҳақ-хуқуқимизни поймол этувчилардан, уларнинг ўзгаришларини раҳмдилроқ бўлишларини умид қилиб сўрашимиз эмас, балки ўз бахт-саодатимиз учун ўзимиз ўзгаришимиз-курашишимиз лозим.

Қуръонда токи биз ўзимизнинг аянчли аҳволимизни ўзгартиришга ҳаракат қилмас эканмиз, Оллоҳ уни ўзгартирмаслиги айтилади ….

Кўпчилигимиз бу ўгитни тушунмасликда ёки англаб етмасликда ёҳуд эшитмаганликда давом этмоқдамиз ва ўз эътиқодимиз –қатъиятимиз ва онг-тафаккуримизни ривожлантириш ва адолат туйғусини қалбимизга жо этиш ўрнига, ҳаётда енгил-елпи ғалабани орзу қилиб … , енгил-елпи шов-шувли мақолаларни маъқул кўриб ўқимоқдамиз-ми, биз учун гуё кимлардир адолат ва хақиқатни қарор топтириб қўядигандек нажот сўраб, умид қилмоқдамиз-ми???…

Ёки ўзлигимизни унутиб, кимлигимизни ошкор эта олмасдан девор ортидан туриб ҳар-хилдаги мантиқсиз кераксиз эҳтиросли эртаклар-ми ёки енгил-елпи изоҳлар-ми ёҳуд халқ ўзининг аниқ мақсад ва маслагига етишиши учун ҳеч бир маъно касб этмайдиган савиясиз-хақоратомуз уйдирмалар билан жангга отланганмизми, очиқ ва мардонавор ҳақиқатни тик айтиб адолат курашига – ҲАҚ йўлида туриб фақат ва фақат ҳақиқатни ёзиш ва ошкор этиш учун курашга бел боғлашга, ушбу акамизга ўхшаб юрагимиз бетламайдими?…

Нега ахир , Қачонгача ахир ???…

Шуни ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозимки, – ҳақиқатдан ҳар қандай чекиниш, у қандай мақсад ва маслак туфайли бўлмасин, барибир у «ҲАҚ» йўлидан қайтишдир…

Шунинг учун азизлар кимнинг манфаатини изҳор этишни мақсад қилишдан қатъий назар, фақат ва фақат хақиқатни у қанчалик аччиқ ва оғир бўлмасин фақат ҳақиқатни изҳор этиш, ёзиш, фикр билдириш ва мулоҳаза қилиш шарт ва зарурдир!!!…

Сабабики, жамиятда – матбуотда айнан ҳақиқат айтилмаётганлиги учун, ҳақиқатнинг кўзига тупроқ тўлдирилганлиги учун ҳам, бизнинг ҳаётимиз бошқа-ю матбуотнинг оғиз кўпиртириши бошқа ва бунинг оқибатида ҳақиқат ва адолат принципи йўққа чиқмоқда, шуни ҳеч қайсимиз унутишга хаққимиз йўқ, азиз инсонлар!!!

Унутманг-ки: –Оллоҳ ҳам ўз онгини ривожлантирган ва ўз ҳақ-хуқуқи учун ҲАҚ йўлида собит турган бандасига ёрдам берар экан.

Халқ тили билан айтганда; -Худо ҳам, сендан ҳаракат-мендан баракат –деяр экан…

Умид қиламан ва зеро, -«Танқид келажак мевасидир» -деган пурмано ҳикматли сўз ўз таъсирини кўрсатса-ю, у ва у кишига ўхшаган «Камтарин» ва «Сермулоҳаза» инсонларнинг қалбида адолат туйғусини ўйғотиб юборса, ажаб эмас фаришталар Омин десалару, Оллоҳнинг ўзи ол қулим деб юборса, ИншаОллоҳ…
ХАҚ йўлида собит туришимизга Ўзинг мадад бер, Оллоҳим !!!…

Эътиборларингиз учун рахмат !!!
Яна учрашиш насиб этсин деган умид билан
Бахром Абдурахимов
тел. +998907210725; +998912140916:
E-mail bahrom2661@mail.ru
Skype: bahrom6126