Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу азон айтолмай қолдилар. Ва Мадинадан кетишга қарор қилди.
– Кетма, бизни азон айтиб роҳатлантир, Билол! – дедилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
– Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муаззин бўлганман. Ҳозир азон айтсаму, лекин у зотни тополмасам, қандай чидайман?! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳеч кимга азон айтмайман, – деб йиғладилар.
Шундан кейин ҳазрати Билол Шом тарафларга кетиб қолди. Орадан йиллар ўтди. Аллоҳнинг марҳамати билан Умар розияллоҳу анҳу Қуддус шаҳрини фатҳ қилдилар. Шунда ғолиб мусулмонлар ҳазрат Умардан бир илтимос қилдилар:
– Билол бизларга азон айтиб берсин!!!
Умар розияллоҳу анҳу ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни чақиртириб, азон айтиб беришини ўтиниб сўрадилар. Намоз вақти кирганида Билол розияллоҳу анҳу бир баландликка кўтарилиб азонни бошладилар:
– Алллоҳу акбар!!!
Билолнинг азонини эшитган мўминларнинг йиғидан куйлаклари ҳўл бўлиб кетди. Чунки уларни бир Соғинч ўртаб юборган эди. Бу – Расулуллоҳ соғинчи эди!!! Ҳазрати Билолнинг азони кўзимизнинг Нури, қалбимизнинг Сурури – Пайғамбар алайҳиссаломни ёдга солганди! Ўша куни уларнинг ичида энг кўп йиғлагани Умар розияллоҳу анҳу бўлдилар.
Маълумотларга қараганда, ана шу азон Билол розияллоҳу анҳунинг энг сўнгги азони эди!
Ё Раб, ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни яхши кўрувчиларни у зот билан кўриштиргин!
Алишер Назар