O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Силои – раҳм

Силои – раҳм
157 views
25 September 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(27)
(давоми)

Силои – раҳм
(қариндош – уруғ ҳақлари)

Ҳазрати Абу Айюб (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди–ки: “Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бир бадавий келиб, “Ё Расулоллоҳ, мени Жаннатга яқинлаштириб, Жаҳаннамдан узоқлаштиражак амал надир?” деб сўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

-Аллоҳга ҳеч бир шерик қўшмасдан Унга қуллик этмоқ, намоз қилмоқ, закот бермоқ ва ақрабо (қариндош–уруғ) ҳаққини бермоқ (силои–раҳм)дир” –деди.

Ибн Абу Вафо (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейдики, бир Арафа оқшоми Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

-Қариндошлари билан урушиб, оқшомга кирган ҳар қандай киши мен билан ўтирмасин, кетсин, – деди.

Ҳеч ким ўрнидан туриб, кетмади. Фақат суҳбат халқасининг орқа қисмида бир одам ўрнидан туриб, кетди. Аммо бир оз сўнгра яна қайтиб келди ва ўтирди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан:

-Нима бўлди? Бирорта киши ўрнидан турмади, сен нега турдинг? – деб сўради.

-Ё, Расулоллоҳ, аммам билан анчадан бери орамиз очиқ эди, сизнинг сўзингизни эшитиб, туриб кетдим ва аммамниннг ёнига бордим. У мени кўриб “қандай келдинг, сен бунақа келмасдинг?” деди. Мен сизнинг сўзларингизни нақл этдим. Биз ўзаро бир–биримиз учун Аллоҳдан авф тиладик, – деди у одам.

Пайғамбаримиз ҳам унга:

-Яхши қилибсан. Билингиз–ки, қариндошлари билан аҳил бўлмаган жамоатга Аллоҳнинг раҳмати инмайди, – деди.

Яна билдирилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Қариндош ҳаққини унутмаслик қадар савоби тез бериладиган ҳеч бир яхшилик йўқдир. Ва аксинча, қариндошларнинг ҳаққини топтамоқ қадар (Охиратдаги жазо айри) жазоси дунёда тез бериладиган бошқа бир гуноҳ йўқдир”.

Амр бин Шуайбнинг отасидан нақл этганига кўра, бобоси дейдики:

“Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига бир киши келиб, “менинг баъзи яқинларим бор, мен уларниннг олдидаги вазифамни бажараяпман, аммо улар бажармаяпти. Мен уларнинг қусурларини кечираяпман, аммо улар менга ҳақсизлик қилишаяпти. Мен уларга яхши муомала қилаяпман, улар эса менга ёмонлик қилишаяпти. Мен ҳам уларга уларнинг менга қилганларидай жавоб берайинми?” деб сўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом у одамга:

-Йўқ, сен ундай қилма. Ундай қилсанг, сен ҳам улар каби бўласан. Аксинча, сен фазилат йўлини тутиб, уларга бўлган вазифангни давом эттир. Чунки сен шундай бўлган муддатча Аллоҳнинг раҳмати устингдан кетмас, –деди”.

Айтилишига кўра, шу уч нарса, фақат асл(зода) инсонларда бўлган жаннатликларга хос феъллардир:

1.Ёмонлик қилганга яхшилик этмоқ

2.Ҳақсизлик этганни кечирмоқ

3.Бермаганга бермоқ

Даҳҳоқ бин Музаҳим Қуръони Каримдаги “Аллоҳ хоҳлаганини маҳв этар, хоҳлаганини жойида қолдиради. Китобниннг асли Унинг қатиндандир” (“Раъд” сураси, 39) оятини ўқиб, уни шундай изоҳлайди:

“Уч кун умри қолган бир киши қариндош–уруғ ҳаққини ўйлар ва бу сабабли Аллоҳу Таоло унинг умрига 30 йил умр қўшади. Ёки аксинча, 30 йил умри қолган одам қариндош–уруғ ҳаққини ўйламагани учун Аллоҳ унинг умрини 3 кунга тушириб юборади”.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Қадарни (тақдирни) фақат дуо ўзгартириши мумкин. Умрни ҳам фақат яхшилик узатиши мумкин. Аксинча, ишланган бир гуноҳ юзасидан инсоннинг ризқи кесилиши мумкин”.

Билдирилишига кўра, Ибн Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деган: “Ким Роббидан чекиниб, қариндош – уруғнинг ҳаққини унутмаса, умри узатилади, бойлиги кўпаяди ва оиласи тарафидан севилади”.

Умрнинг узатилиб – узатилмаяжаги ҳақида олимлар тарафидан турли кўришлар илгари сурилган. Баъзиларига кўра, Аллоҳнинг аввалдан белгилагани ажал ўзгармайди.

Чунки Аллоҳу Таоло: “Уларнинг ажаллари келганда, на бир соат кеч қолдирилар, на да бир соат эрта олдинга кетадилар” (“Наҳл” сураси, 61).

Усмон бин Мазъун шундай дейди: “Расулоллоҳ дўстим эди. Бу сабабли, униннг ҳурмати мусулмон бўлгандим. У мени мусулмон бўлишга кўп қистади. Лекин мусулмон бўлсам ҳам, ислом кўксимда илдиз отмаганди. Бир кун ёнида ўтириб, Расулоллоҳни тинглаётгандим. У бирдан бошқа тарафга ўгирилди. Худди бошқа биров билан гаплашаётгандай эди. Бир муддат сўнгра яна мен тарафга бурилди ва “Ҳозир менга Жаброил келди” деди ва шу оятни ўқиди:

“Шубҳасиз, Аллоҳ сизга адолатни, яхшилик этишни ва қариндошларга ёрдам этишни амр этади, ёмонликларни ва бузуқликларни, зулмни маън қилади. Аллоҳ сизни ибрат олсин деб, сизга ўгит бермоқдадир” (“Наҳл” сураси).

Оят битганда, шоҳид бўлганим воқеадан жуда севиндим ва ўшанда Ислом юрагимга ерлашди. Мен дарҳол Расулоллоҳнинг ёнидан чиқиб, амакиси Абу Толибга бордим. Унга: “бир оз аввал укангни ўғлининг ёнида эдим, унга шу оят инди” деб гапириб бердим.

Абу Толиб: “Муҳаммадга боғлансангиз, нажот топасизлар, тўғри йўлга кирасизлар. Валлоҳи, жияним яхши аҳлоқни амр этмоқда. Хоҳ тўғри сўйласин, хоҳ сўйламасин, сизларни фақат хайирга даъват этмоқда” деди.

Абу Толибнинг бу гаплари Пайғамбаримизга етиб борди ва у амакисини мусулмон бўлади деб умидланди, ёнига бориб, уни исломга чақирди. Аммо Абу Толиб мусулмон бўлишни рад этди.

Бу воқеадан кейин шу оят инди:

“Сен ҳар яхши кўрганингни ҳидоятга эриштира олмайсан. Фақат Аллоҳ истаганига ҳидоят беради” (“Қасас” сураси, 56).

Аллоҳу Таоло юқоридаги оятда қариндошлар ҳаққини унутмасликнинг аҳамиятини билдиргани каби, шу икки оятда шундай буюради:

“Демак–ки, иш бошига келадиган бўлсангиз, ер юзида бузғунчилик чиқариб, қариндошларнинг ҳақларини топтаяжаксиз, шундайми? Улар шундай кимсалардир–ки, Аллоҳ уларни лаънатлаб, сағир қилган ва кўзларини кўр қилгандир” (“Муҳаммад” сураси, 22–23).

Айтилишига кўра, Аллоҳу Таоло силои–раҳмни яратганда, унга: “Мен Раҳмонман, сен эса раҳм. Ким сени писанд қилмаса, Мен уни юзтубан йиқитаман. Ким сенга яхши боқса, Мен ҳам унга яхши қарайман” деди.

Яна айтилишига кўра, Аршга осиғлиқ турган сило–и раҳм ҳар кун ва ҳар кеча шундай сасланади: “Ё, Робби, мени унутмаганни Сен ҳам унутма, мени унутганни юзтубан йиқит”.

Ҳасан Басрий (ундан Аллоҳ рози бўлсин) дейди–ки, “Одамлар яхши амал қилишни писанд қилмай, юраги кин билан тўлган ҳолда, бир–бирини севгандай кўрсата бошлаганларида, қариндош ҳақларини унутганларида Аллоҳ уларни лаънатлайди, сағир қилади, кўр қилади”.

Яҳё бин Салим шундай ҳикоя қилади: “Бир замонлар Маккада хуросонлик бир зот бор эди. У солиҳ бир зот бўлгани учун ҳар ким омонатини у кишига қолдирар эди. Бир куни унга биттаси келиб, 10 минг сариқ лира ташлаб, Маккадан айрилди.

Бу одам яна Маккага қайтиб келганда, хуросонликнинг ўлганини эшитди. Уникига бориб, оиласига қолдирган омонати ҳақда гапирди, аммо хуросонликнинг оиласидагилар бундай омонатдан хабарлари йўқлигини айтишди.

Шунда одам бу мавзуни Маккадаги олимлар гуруҳига очди. Олимлар бу одамга шу жавобни беришди:

-Сен айтган хуросонликнинг Жаннатлик бўлганини умид қиламиз. Шу боис, кечанинг ярми ўтганда Замзам қудуғининг бошига бор ва “Эй, фалончи, мен фалон омонатниннг соҳибиман” дегин.

Одам айтилганни изма–из уч кеча такрорлади, аммо хуросонликдан жавоб ололмади. Ва олимларнинг ёнига бориб, натижани билдирди.

Олимлар бунга ҳайрон қолдилар:

-Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун, – дейишди ва шундай бир гап айтдилар:

-Бу ҳолда, дўстингнинг жаҳаннамлик бўлиши мумкинлигидан қўрқмоқдамиз. Сен энди Яманга бор, у ерда Берҳут исмли бир водий бор, унда бир қудуқ бор. У қудуқнинг бошига бориб, кечанинг ярмида “Эй фалончи мен омонатнинг соҳибиман” дея саслан.

Одам бу айтилган қудуқ бошига бориб, сасланди ва хуросонликдан жавоб келди. Омонат соҳиби ундан:

-Воҳ, воҳ, сен хайир ишлаган бир қул эдингку, бу ерда на ишинг бор?” – деб сўради.

Хуросонлик ўлик шундай жавоб берди:

“Хуросонда баъзи қариндошларим бор эди. Улар билан алоқаларимни кесган эдим. Шу боис, Аллоҳу Таоло мени бу ерга туширди. Пулинг қандай турган бўлса, шундай турибди. Ўғлимга ишонмаганим учун пулингни фалон хонанинг тагига кўмдим. Ўғлимга айт, сени уйга олсин. Сен ўша хонага кириб, пулингни ол”.

Хуросонликнинг айтганини қилган одам пулини қайтариб олди.

Билингизки, қариндош–уруғни унутмасликнинг, уларга икром қилиш, уларга ёрдам беришнинг ўнта яхши хусусияти бор:

1.Бу Аллоҳнинг ризосини қозонтиради.

2.Бу қариндошларингизни севинтиради. Пайғамбаримиз “энг устун амал бир мўминни севинтирмакдир” деган.

Демак,

3.Бу малакларнинг севинишига сабаб бўлади.

4.Бу мусулмонларнинг мақтовига сазовор ҳаракат бўлади.

5.Шайтони–лаинни қайғулантиради.

6.Умрни узатади.

7.Ризқни баракатлантиради.

8.Ўликларни севинтиради. Чунки қариндошлар бир–бирига ёрдам этсалар, ўлган ота–боболар бунга севинишади.

9.Қариндошлар орасида муҳаббат–оқибат риштаси қувватланади. Улар бир–бирининг севинчли ва қайғули кунларида бирга бўлишиб бу туйғуларни бирга баҳам кўришади.

10.Бу яна ўлимдан сўнгра савоб олишга сабаб бўлиши мумкин, чунки қариндошлар сило–и раҳм кўрсатган бир инсон ўлганда, унга хайирли дуолар қилишади.

Анас бин Моликнинг билдиришига кўра, шу учта киши қиёматда Аршнинг соясига олинажак:

1.Қариндошлик ҳақларини бериб, қариндошларига ёрдам этган киши. Унинг умри узаяр, ризқи ҳам, қабри ҳам кенг бўлади.

2.Орқасида етим қолдириб ўлган бир эркакнинг тул қолган хотини. Агар бу хотин етимларга вояга етгунча боқса, у қиёмат куни Арш соясига олинади.

3.Қўлига бир егулик тушганда, етимларни чақириб, уларга емак едирган киши.

Ҳасандан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Аллоҳ наздида қулнинг отган одимларидан энг севимли одимлар – унинг намоз қилиши учун ва қариндошига ёрдам бериш учун отган одимларидир”.

Айтилганига кўра, шу беш нарсани давом эттирмак савобларни орттиради ва ризқнинг баракатли бўлишини таъмин этади:

1.Оз ва ёки кўп–давомли садақа бермоқ.

2.Оз ва ёки кўп–давомли равишда қариндошлардан хабар олмоқ (ёрдам этмоқ).

3.Давомли шаклда Аллоҳ йўлида Жиҳод этмоқ.

4.Сувни исроф этмасдан, давомли шаклда таҳоратли юрмоқ.

5.Давомли шаклда ота–онага итоат этмоқ.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси