Болалар ва ота-оналар уни оддий қилиб “Слава амаки” ёки “дядя Славик” дейишади. Тошкентнинг Сирғали туманида 7-8 йилдан бери футбол бўйича “репетитор”лик қилаётган 49 ёшли Ярослав Лапин болаларга асосан техника (тўп билан муомала) сирларини ўргатади.
Унинг машғулотларида жонглёрлик (тўпни ерга туширмасдан икки оёқда тепиб туриш), тўпни оёқ панжасининг турли қисмларида қабул қилиш, ҳар хил масофаларга пас бериш, дарвозага зарба бериш ва алдамчи ҳаракатларни ўргатишга катта эътибор берилади.
Шу билан биргаликда Ярослав Лапин болаларнинг эгилувчанлигини ошириш, майдонни яхши кўриш, майдонда тез ва тўғри фикрлаш машқларига ҳам алоҳида эътибор беради.
“Оёқ панжаси ишламаса, калла ишлаганидан фойда йўқ!”
Бу – Слава амакининг севимли ибораларидан бири. Оёқ панжасининг букилувчанлиги ва бурилувчанлигига катта эътибор қаратадиган мураббийнинг фикрича, футболчининг оёқ панжаси камида 90 градусга орқага ва олдига қайрила олиши ва паст-тепага букила олиши керак. “Тасаввур қилинг, ўйинда футболчи бурчак байроқчаси ёнига бориб қолди ва ўзи турган нуқтадан 10-15 метр орқароққа пас бериши керак. Футболчининг бунга ақли етади. Лекин оёқа панжаси керакли градусга орқага қайирила олмаса, ўйлаган режасини, яъни ўша пасни амалга ошира олмайди. Тўп бошқа томонга кетиб қолади”, – дея тушунтиради Ярослав Лапин.
Унинг айтишича, тана эластиклигини ошириб бориш техникани юксак чўққиларга олиб чиқишнинг асосий шартларидан биридир. “Футболчининг эгилувчанлиги қанчалик даражада бўлса, техникаси ҳам шунчалик даражада бўлади. Мускуллари тахтадек қотиб ётган бўлса, тўп ҳам ундан тахтадан қочгандек қочади”, – дейди Слава амаки. Унинг айтишича, қайсар тўпни жиловлаш учун аввало эгилувчанлик, кейин эса тинимсиз машқлар зарур бўлади.
“Репетитор”нинг фикрича, футболчидаги эластиклик жароҳатлар хатарини ҳам камайтирар экан. “Футболчининг мушаклари ва оёқ панжалари эгилувчан бўлса, зарба пайти эгилиб-чўзилиб яна жойига қайтади. Мушаклар ва панжалар қотиб қолган бўлса – ё узилади, ё синади. Шунинг учун машғулотларда эластикликни оширишга катта эътибор бериш керак” – дейди Ярослав Лапин.
“Нима учун машғулотларингизда асосий эътибор фақат тўп билан муомалага қаратилади?” – деган саволимга Слава амаки шундай жавоб берди…
“Одам боласи мушук боласига ўхшайди”
“Мушук боласи ҳам, одам боласи ҳам тўпга тўйиб олгунча, уни ўзлаштириб олгунча, тўпни ҳеч кимга бермайди”, – дейди Ярослав Лапин. Унинг фикрича, болалар футболидаги тўпни ҳеч кимга бермай ўзи олиб юриш, алдашга берилиш каби “эгоцентрик” (“худбиний”) муаммолар аслида муаммо эмас.
“Бундай ҳолатлар болаларда 15-16 ёшгача давом этадиган табиий ҳодислардир. Болалар тўп билан муомалани, дриблингни яхши ўзлаштириб олишгач, яъни тўпга тўйиб олишгач, кейинчалик ўзлари пас ўйнашни бошлашади. Шунинг учун болаларга бу нарсаларни таъқиқлаб, улардан фақат пас ўйнашни талаб қилиб бўлмайди. Ёшлигида фақат пас ўйнаб улғайган болалар катта бўлганида ҳеч кимни алдай олмайдиган, рўпарасига бир рақиб келса, нима қилишини билмай турадиган футболчига айланишади”, – дейди Я. Лапин.
Сирғалилик “репетитор”нинг айтишича, болалар футболида баъзи мураббийлар жамоавий ютуқ ва ғалабалар кетидан қувиб, болаларга дриблингни ва алдамчи ҳаракатларни таъқиқлаб, шогирдларидаги индивидуал маҳоратни ўлдиришади.
“Болалар мураббийининг ютуғи у ютган кубоклар ёки олган фахрий ёрлиқлар билан эмас, катта футболга етказиб берган шогирдлари билан белгиланади”, – дейди Ярослав Лапин. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай футболчининг муваффақияти негизида биринчи навбатда индивидуал маҳорат ётади.
“Ҳар қандай дриблинг асосида асл ниятни яшириш ётади”
Шогирдларига турли финт ва дриблингларни ўргатувчи Ярослав Лапин мана шу гапни такрорлагани такрорлаган. Мураббий ҳар машғулотда: “Ўнга юрмоқчимисан?! Олдин чапга юр, рақиб ортингдан эргашгач – ўнга юр! Чапга тепмоқчимисан?! Олдин ўнга тепадигандек ҳаракат қил. Рақибни ишонтирганингдан кейингина – чапга теп!”, – дейишдан чарчамайди.
“Асл ниятингизни яширинг! Уни рақибга кўрсатманг, билдирманг! Асл ҳаракатингизни охирига олиб қўйинг. Асл ҳаракат – сўнгги ҳаракатдир! Сўнгги ҳаракат – асл ҳаракатдир. Унгача бўлган ҳар қандай ҳаракат соҳта ва алдамчи ҳаракатдир!” – дейди Славик амаки.
Мураббийнинг фикрича, болалардаги техник маҳорат ва дриблингни етарлича ривожлантиргач, унда майдонни кўра олиш ҳамда тўғри ва тез фикрлай олиш қобилиятларини оширишга ўтса бўлади.
“Жонглёрчи газета ўқий олиши керак!”
Болаларда майдонни кўра олиш маҳоратини оширишга катта эътибор қаратадиган Ярослав Лапин жонглёр қилаётган шогирдларининг олдида туриб, бармоқлари билан турли рақамларни кўрсатаётганини ёки қулидаги газетадаги катта ёзувли сўзларни ўқитаётганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Жонглёр қилаётган бола қайси рақам кўрсатилганини оғзаки айтиши ва ёки газетадаги сарлавҳаларни овоз чиқариб ўқиши керак. Бу машғулот пайтида Славик амаки ҳам бир жойида турмайди: у ёқдан бу ёққа юради.
“Бу машқ болада бошни кўтариб ўйнашни, майдонни кўришни ва эътиборини фақат тўпга эмас, балки шерик ва рақибларининг қай тарзда жойлашганлигига қаратишни ривожлантиради”,- дейди сирғалилик футбол “репетитори”.
Унинг айтишича, футболчи болалардаги тўғри ва тез фикрлаш қобилияти негизида майдонда бошни кўтариб ўйнаш ва майдонни кўра олиш маҳорати ётади. Шу сабабдан, Ярослав Лапин шогирдларига доим: “Майдонда очиқ кўзли кўр бўлишни истамасанглар, бошни кўтариб ўйнанглар!” – дегани деган.
Славик амакининг шогирдлари
Бугунги кунда Ярослав Лапиннинг довруғи бутун шаҳарга ёйилган десам, хато қилмайман. Чунки унинг машғулотларига болалар пойтахтнинг турли туманларидан қатнашмоқда. Ярослав Лапинда таҳсил олаётган ёш футболчилар орасида “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” каби гранд футбол клубларининг академияларида ҳамда оддий футбол мактабларида таҳсил олаётган болалар бор.
Ўзимнинг ўғлим унга уч йилдан бери қатнайди. Славикнинг машғулотларидан кейин ўғлим майдонда ақлли футбол намойиш эта бошлади. Аввалгидек беҳуда югуришларга ўзи барҳам берди.
Бошқа ота-оналар ҳам фарзандлари Сирғалига келиб шуғулланаётганидан мамнунлар. Уларнинг айтишича, Славик болаларга ҳушмуомалалиги, меҳр-муҳаббати билан бошқа мураббийлардан ажралиб туради. “Унинг қўл остида фарзандларимиз бемалол ўйнашади, мураббий босими деган нарсани ҳис қилишмайди”, – дейди Тошмуҳаммад ака Синдоров.
Бошқа ота-оналарнинг айтишларича, Славик машғулотлар пайтида шогирдларига сўкмайди, уларни ҳақорат қилмайди. “Славик фарзандларимизга ҳудди дўсти ва тенгдошига муомала қилгандек муомала қилади”, – дейди Тошмуҳаммад Синдоров.
P.S.: Ярослав ЛАПИН 1968 йил 9 октябрьда Тошкент шаҳрида туғилган. «Пахтакор» футбол мактабида шуғулланган. Биринчи мураббийи Александр Шчелочков. Кейинчалик А. Мягков, Л. Коваленко, А. Яришев каби мураббийлардан таҳсил олган. Турли йилларда Ангреннинг “Шахтёр”, Будапештнинг “СКА ЮГВ”, Урганчнинг “Динамо”, Ҳаққулободнинг “Норин” ва бошқа жамоаларда тўп сурган.
Бобомурод АБДУЛЛА
17.07.2017