O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сир

Сир
194 views
02 December 2017 - 8:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

 

АРМОН 

Сен ҳақда қўшиқлар куйласайдим шўх,
Қани эди сени гул деб хушласам.
Лекин сен гул эмас, сен бир лаҳча чўғ,
Қўлларим куяди ушласам.

Сен ҳақингда сира бўлмас гап очиб,
Ловуллар куйлаган овозлар…
Чўғни ўйнар оғзидан сочиб,
Фақатгина масхарабозлар.

* * *

СИР

Кўрганимдан сени ҳаёт билан тенг
Ҳаётимни кўрдим сен билан баҳам.
Пешонам кенг менинг, бардошим ҳам кенг.
Лекин сиғмай қолдинг иккисига ҳам.

Соғиниш бу — асов дардлар уюри,
Борлиғимни тинмай юлқилар топтаб.
Бор-йўғи бир лаҳза ташриф буюриб,
Умримни қолдирдинг сўнгсиз азобда.

Юрагимда йўқдир, ахир, пўлат зирх,
Бардош беролмадим бундай зарбларга.
Лекин мен қудуққа сўйламадим сир,
Сени айтдим фақат жимжит ҳарфларга.

Ҳаловатга келди шундан сўнг қаҳат,
Муқаддас телбалик бошланди сўнгра.
Яшадим, исмингни отиб қаҳқаҳа,
Яшадим, исмингни мен ҳўнграб-ҳўнграб.

Йўл кўрдимми, тамом, тикавердим кўз,
Муштоқликдан бошқа эътиқодим йўқ.
Менга шафқат қилма, айтилган эй сўз,
Менга шафқат қилма, отилган эй ўқ.

Мен сени на дўст, на ғанимга айтдим,
Раво кўрганим йўқ ҳар ким-ҳар кимга.
Айтсам, сени мен ўз шаънимга айтдим,
Отсам, сени отдим ўз юрагимга!

(давоми бор)