O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиёсат ва адабиёт (12-қисм): 1992 йил 16 январь воқеалари ҳақида

Ҳалиги рус: “Что, у вас война началась что ли?” (“Нима, сизларда уруш бошландими?”) деди. Бу рус Ўзбекистонлик эмас, Россиядан келган эди чамаси.
Бу чиндан ҳам Каримов режимининг ҳали сайлов ўтганига бир ой ҳам бўлмасдан ўзбек халқига қарши бошлаган уруши эди, репрессияларнинг бошланиши эди.

Сиёсат ва адабиёт (12-қисм): 1992 йил 16 январь воқеалари ҳақида
43 views
16 January 2012 - 7:17

 “Ҳей, бас қилиш, ҳозир болани ўлдириб қўясанлар ахир!” 

Менда ўша даврларда олимларимизнинг, зиёлиларимизнинг катта қисмисиёсийлашмаётганидан, ҳукуматга қарши чиқмаётганидан ички бир норозилик бор эди. Агар ўша пайтдаги бу катта қисм келажакда ўзининг бугунги аҳволга тушишини билганида эди, сиёсий курашларга қўшилган бўлур эди. Лекин улар ўша пайтлар курашмадилар, чунки аввал қандай ҳаёт кечирган бўлсалар, бундан буён ҳам ҳаётлари шундай давом этаверади, деб ўйладилaр чамаси. Ўша даврда улар ёшлардан ажралиб қолаётган эдилар. Ҳозир бу ўзбек зиёлилари ўша пайтдаги лоқайдликлари учун гўёки жазоланмоқдалар – бугун Каримов режими уларни хароб аҳволга келтириб қўйди, улар ўз ижодлари-ю илмий даражалари, илмий унвонлари билан яккама-якка қолдилар, ҳеч вақосиз, қаровсиз, гадой холатига туширилдилар.

Мен 1991 йил бўлиб ўтган “Совет Иттифоқини сақлаб қолиш” ҳақида ўтказилган референдум арафасида яна ўз туғилиб ўсган вилоятимга кетдим. Шаҳардаги уйимизга кирсам, менга ҳам, бошқа оила аъзоларимизга ҳам референдумда қатнашиш учун таклифномалар келган экан, уларни почта қутисидан олиб ўқидим. Таклифномада СССРни сақлаб қолиш учун “ҲА деб овоз беринг!” деган ундов бор эди ва ЙЎҚ сўзи устига крест (яъни “Х”) шаклида иккита чизиқ тортиб,  ўчириб қўйилган эди. Таклифноманинг юқори қисмида эса шоир Абдулла Ориповнинг икки қатор шеъри ҳам ёзиб қўйилган эди. Бу икки қатор шеър сўзма-сўз ҳозир менинг эсимда йўқ, лекин тахминан қуйидагича эди:

Ленин имзоси билан бунёд бўлган Иттифоқ,
Гитлерни у юборган жаҳаннамнинг қаърига.

Албатта, бу сатрлар тагида “Абдулла Орипов” деган сўзлар ҳам турарди.

Бундан кўринадики, ўша пайтларда давлатнинг тегишли идоралари (ёки уларнинг Москвадаги хомийлари)  халқнинг, миллатнинг ичига етарли даражада кириб борганлар, бизни жуда яхши ўрганганлар ва жуда яхши билар эдилар – ҳатто шоирларимиздан ҳам фойдалана билиш даражасида яхши билар эдилар!

1991 йил 17 мартда референдум бўлди ва мен, ҳеч наpсани ўзгартира олмаслигимни билсам ҳам, сайлов участкасига бориб, ЙЎҚ деб овоз бериб келдим. Лекин сайлов натижаларига кўра, кўпчилик ИТТИФОҚ учун ҲА деб овоз берди. Лекин ҲА деганларнинг ҳам, ЙЎҚ деганларнинг ҳам деярли ҳаммаси бу Иттифоқ ярим йилга ҳам қолмасдан парчаланиб кетишини билмасди.

1991 йилнинг 19 августида Москвада сийсий фитна рўй берди ва Янаевлар ҳокимиятни вақтинча қўлга олди. Мен бу куни Тошкентда эдим ва эрталаб Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биносига бордим. Ичкарига кириб, ўнг томонга юрдим. Коридор бўйлаб бораверишдаги ўнг томондаги хонага ЭРК партияси аъзолари кириб-чиқиб турган эдилар. Мен ҳам кирдим. Ичкарида ЭРК партиясининг раҳбарлари ва бошқа баъзи одамлар бор эди, уларнинг ҳаммаси ҳозир эсимда йўқ. Лекин “Бирлик” лидерлари йўқ эди, улар бу пайт кутиш позициясини эгаллаган эдилар. Ўнг томондаги стол ёнида шоир Муҳаммад Юсуф, чап томонда, нарироқда,  Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар турарди. Муҳаммад Солиҳ қўлида бир қоғоз билан ёнидагилар билан гаплашаётган эди. Ёзувчи  Назар Эшонқул билан қўл бериб кўришдик. Кимдир Эркин Воҳидовнинг ЭРК партиясининг бош ҳаками бўлишига қарамай, келмаётганлигини айтди. Муҳаммад Солиҳ бунга жавобан “У нима қилган ўзи партия учун” деган маънода, норози оҳангда гапирди. Улар Борис Ельцин номига ЭРК партияси номидан мавжуд вазиятга нисбатан ЭРКнинг позициясини билдириб, бир матн тайёрлаган эканлар, лекин телеграммани қаердан юбориш масаласи турган эди. Кимдир ҳозир бу телеграммани ҳеч қайси телеграф жўнатмайди, деган маънода гапирди. Мен Назар Эшонқулга телеграммани талабалар шаҳарчасидаги телеграфдан юборса бўлса керак, дедим. Телеграммани менга бердилар ва мен талабалар шаҳарчасига (Вузгородокка) кетдим. Телеграфга кириб, телеграммани бердим, телеграф ходими телеграммани албатта юборажагини айтди ва менга квитанция ҳам ёзиб берди. Лекин мен юборган ўша телеграмма Ельцинга етиб борган-бормаганлиги ҳозиргача менга ноаён, чунки бу ҳақда кейин ҳеч ким эслагани ҳам йўқ, матбуотда гап ҳам бўлгани йўқ. Лекин ЭРКнинг мавжуд вазиятга нисбатан қилган баёноти Озодлик радиосидан эшиттирилганини бир дўстим менга айтди.

Кўп ўтмай, 1991 йил 29 декабрда, Ўзбекистонда президентлик сайлови бўлди, унга икки номзод – ЭРК партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ва коммунистик партия томонидан ҳозирги президент Ислом Каримов қўйилган эди. Сайловолди компанияларида “Бирлик” раҳбарияти – Абдурахим Пўлатов ва унинг тарафдорлари мутлақо нотўғри ва қайсидир маънода хоинлик позициясини тарғиб этдилар – одамларни Муҳаммад Солиҳ номзодига овоз беришга чақириш ўрнига сайловни байкот қилишга даъват этдилар! Байкот мумкин бўлмаган, яъни имкони йўқ бир тадбир эди, буни ҳамма яхши билар эди.

Мен сайлов куни талабалар шаҳарчасидаги сайлов участкасида бўлдим ва овозларни санашда иштирок этдим. Талабалар шаҳарчасида сайловчилар жуда кўп эди, аҳоли зич яшайдиган ҳудуд эди бу, чунки ҳар бир ётоқхонанинг битта хонасида 3-4 тадан талаба яшарди. Мана шу сайлов участкасидаги натижаларга кўра, Муҳаммад Солиҳ ғалаба қозонган эди, унинг номзоди учун сайловчиларнинг 86 фоиздан кўпроғи овоз берган эди! Лекин Ўзбекистон бўйича эълон қилинган сайлов натижалари айнан шу кўрсаткичнинг тескариси шаклида эълон этилди – унга кўра, Ислом Каримов 86 фоиз овоз олган бўлиб чиқди!

Кўп ўтмай, 1992 йилнинг 16 январида талабалар шаҳрида хукумат сиёсатидан норозилик намойиши бўлиб ўтди. Мен бу намойишда иштирок этмаганман, лекин талабалар шаҳарчасида, ўз ётоқхонамда эдим. Менинг ёнимга отам кўргани келган эди. Кечга яқин тасир-тусур ўқ овозлари эшитилгач,  биз деразадан қарадик, бироқ нима бўлаётганини англаб бўлмас эди. Бир соатларча ўтгандан кейин, мен отамни хонада қолдириб, кўчага чиқдим. Одам кўп эди, машина ҳаракати тўхтатилган, кўчада ҳарбий машиналар (БТР дейиладими, бронетехниками – билмайман) турарди. Мен бир айланиб келиш учун Беруний метроси томон тротуар бўйлаб кетаётгандим, мендан олдироқда икки одам бир ширакайф русни қўлтиқлаб (йиқилиб тушмаслиги учун) боришаётганди. Ҳалиги маст аҳволдаги рус бирдан тўхтади ва “Что, у вас война началась что ли?” (“Нима, сизларда уруш бошландими?”) деди. Бу рус кишиси Ўзбекистонлик эмас, Россиядан келган бир меҳмон эди чамаси.

Бу чиндан ҳам  Каримов режимининг ҳали сайлов ўтганига бир ой ҳам бўлмасдан ўзбек халқига қарши бошлаган уруши эди, репрессияларнинг бошланиши эди.

Эртасига, 17 январ куни, иккита талабанинг отиб ўлдирилгани маълум бўлди ва талабалар шаҳарчасида, шундоққина машина йўлида яна бир хукуматга қарши митинг бўлди. Унга Муҳаммад Солиҳ ҳам келди ва нутқ сўзлади. Унинг ёнида, ундан мустақил равишда, Абдуманноп Пўлатов ҳам гапираётган эди. Лекин кимдир провокаторлик қилиб тош отди, кимлардир бақир-чақир қилишди, бироз тўс-тўполон бўлди ва нотиқлар кетдилар.

Шу куни тушдан кейин талабалар шаҳарчасида миршаблар кўпайиб кетди, улар талабаларни қувиб юриб, ётоқхоналарнинг ичкариларигача кириб калтакладилар, урдилар. Бу миршаблар ўзбек тилини тушунмайдиган,бошқа миллатга мансуб одамлар эди, гапирмас эдилар, жуда шафқатсиз эдилар. Уларнинг қўшни ётоқхонага кириб, ҳатто қизларни ҳам ураётганини мен ўз кўзим билан кўрганман. Мен отам билан учинчи қаватдаги хона деразасидан қараб турган эдик, пастда, ташқарида 5-6 та миршаб турган эди. Шу пайт бир талаба югуриб бир ётоқхонадан бошқасига ўтмоқчи бўлди. Югуриб кетаётиб,  у қоқилиб кетди, йиқилди. Турмоқчи бўлаётган эди, уни атрофдаги миршаблар ўраб олдилар ва 5 та миршаб битта талбани тепа бошладилар. Буни кўрган отам деразани очди ва пастга қараб: “Ҳей, бас қилиш, ҳозир болани ўлдириб қўясанлар ахир!” деди. Мен бундан қўрқиб кетдим, отамга “Кўрдингиз-ку, улар ётоқхоналарга кираверишади, бизнинг хонага ҳам киришлари мумкин, деразани ёпайлик” дедим. Деразани ёпдик. Тепкиланаётган талабага Аллоҳнинг ўзи ёрдам берди: у ўрнидан бир амаллаб турди ва жон холатида миршаблар орасидан чиқиб, қўшни ётоқхонага қочиб кириб кетди.

Бизнинг хонага қўшни хонада Шодмонбек деган бир ТошДУ аспиранти хотини билан турарди. Шодмонбек талабалар орасидаги баҳсларда доим хукумат тарафини олиб гапирар эди. Ўша 17 март куни эрталаб у ўз иши билан университетга кетганди. Маълумки, университет биноси ҳам талабалар шаҳарчасида,  ётоқхонадан пиёда бориладиган жойда. Тушдан кейин Шодмонбек ётоқхонага қайтаётган пайтда йўлда миршаблар (ўша ОМОНчилар) уни ҳам тўхтатишган, кимлигини суриштиришган ва ҳеч қандай айби йўқ бўлса ҳам калтаклашган экан. Шодмонбекни калтаклашаётганини кимдир кўриб қолган ва бизнинг ётоқхонага келиб, хотинига айтган. Мен коридорга чиқсам, Шодмонбекнинг хотини йиғлаётган эди. У мендан “Шодмонбек акамни қўйиб юборишармикин” деб сўради. Бу хотин ой-куни яқинлашиб қолган ёш ҳомиладор аёл эди, мен унга “Албатта қўйиб юборишади-да, Шодмонбек аканинг ҳеч бир айби йўқ-ку, ҳозир келиб қолса керак!” дедим. Шодмонбек ака чиндан ҳам бир оздан кейин келди, пешонаси дубинка зарбидан шишиб кетган холда келди.

Ўзбекистон режимининг, Ислом Каримовнинг  ўзбек халқига қарши уруши 16-17 январ кунлари айнан шундай воқеалар билан бошланган эди.

Ozodlik Sari