Сиёсат бошқарув, яъни давлатни бошқариш ишидир (санъатидир), дейилади. Албатта, бу сиёсатнинг ягона таърифи ҳисобланмайди. Интернет энциклопедияси ҳисобланган Викапедиянинг русча бўлимига кириб, “Политика” ёзсангиз сиёсатнинг ўнларча таърифини топасиз…
Сиёсат тоғдаги тор сўқоқда юришдир менинг назаримда. Бу сўқоқнинг ўнг тарафида адолатнинг улкан чўққилари, чап тарафида эса зулмнинг даҳшатли чуқури (асфолософилин дейиш ҳам мумкин) бор. Сиёсатчи мана шу сўқоқдан юришга бел боғлаган кишидир. Бу сўқоқда кимгадир адолат чўққисига тирманиш, бошқа бировларга эса зулм чуқурига қулаб кетиш “насиб” бўлади…
Сиёсат бир касбми, деган саволга албатта, дея жавоб бериш мумкин. Чунки сиёсат бошқа меҳнат соҳалари каби кундалик ишдир. Дунёда икки касб борки, уларда иш вақти 8 соат билан чегараланмайди, бу касбларда дам олиш кунлари бошқаларники каби тўлиқ маънода дам олиш вақти ҳам ҳисобланмайди. Улардан бири жарроҳлик бўлса, иккинчиси сиёсатдир. Бир жарроҳ ўзи амалиёт (операция) қилган беморнинг тақдирини кечаси билан ўйлаб чиқади. Бир сиёсатчи ҳам олган қарорининг натижасини кеча кундуз демай ўйлашга мажбурдир….
Сиёсатчи бўлиш учун махсус илм олишга эҳтиёж борми? Бор албатта, аммо бу мутлақ шарт ҳам эмас бу ишда. Чунки отаси подшоҳ бўлган фарзанд туғилиши билан сиёсатчи (шоҳзода) унвонини олади. Бу ҳақда Заҳриддин Бобур шундай дейди: 12 ёшимда Фарғонада подишоҳ бўлдим. Замонамиздаги давлатлардан бири ўтган асрнинг бошларида яшаган подишоҳнинг ўғиллари тарафидан бошқарилади. Айтишларича бу подишоҳнинг қирқ фарзанди бор экан. Табиийки, ўғил фарзандларнинг барчаси туғма сиёсатчилардир. Улардан баъзилари подишоҳлик, бошқалари вазирлик ёки амирлик мартабаларига кўтарилган…
Асл касби иқтисодчи (диктатор Каримов), врач (иккинчи Туркманбоши Бердимуҳаммадов), кино санъатчиси (АҚШнинг собиқ президенти Рейген), ҳарбий (собиқ диктаторлар Пиночет, Қаддафий), драматург (Ярослав Ҳавел), шоир (Муҳаммад Солиҳ) ва умуман турли соҳа мансублари бемалол сиёсатчи бўлишлари мумкин. Бундай ҳолларда сиёсат эркакнинг иккинчи хотинига ўхшаб кетади. Яъни, “эрни эр қиладиган ёки қора ер қиладиган хотинга” ўхшайди сиёсат…
Агар менга ёшлар бизга сиёсатчи бўлишни тавсия қиласизми, дея сўрасалар, марҳамат сиёсатчи бўлинг, аммо бу ишнинг охирида ё ҳақиқий эр ёки қора ер бўлишингизни ҳам билиб қўйинг, дея жавоб берган бўлардим. Чунки сиёсат билан ҳамма, эркакми, аёлми, имонлими, имонсизми, ақллими, телба тескарими, хуллас ҳамма шуғулланиб келган ва ҳозирда ҳам шуғулланмоқдадир. Мана шундай ажойиб ва ғаройиб фаолият майдонидир сиёсат…
Сиёсат бошқарув, хусусан давлатни бошқариш ишидир (санъатидир), дедик. У ҳолда давлат нима, деган қўшимча савол туғилади. Сиёсатнинг минг таърифи бўлса (бу муболағадир), шубҳасиз давлатнинг ўн минг таърифи бордир. Масаланинг жиддийлашиб бораётганини сездингиз, албатта. Чунки сиёсат олма пиш, оғзимга туш қабилидаги иш эмас. Олдин шу давлат қурмагурни бир устоздан эшитганим масал билан тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрай:
Бир бор экан, бир йўқ экан, бир бечора камғабал йигит бўлган экан. У бечора шу қадар фақир эканки, баъзан кунлар давомида егани таом топа олмас экан. Очликдан суяги терисига ёпишиб, кўз ўнги қоронғулашган ҳолда кўчаларда дайдиб юрар экан. Бир кун шундай очлик сармастлиги билан кетаётганда кўча чеккасида ўтирган соҳибжамол қизга кўзи тушиб қолибди. Хира шира кўраётган кўзларига ишонмабди бечора фақир йигит. Чунки соҳибжамол барча соҳибжамолларни орқада қолдириб кетадиган гўзалликда экан. Бунинг устига бармоғу билаклари, гардани тўла олтин тақинчоқ экан. Бечора фақир йигит очликдан жинни бўлдим шекилли, дея ўйлабди. Кўзларини ишқалаб, соҳибжамолга термулибди. Аммо яна кўзларига ишонмай, йўлида давом этмоқчи бўлибди:
-Менга қаранг, эй йигит, дебди унга соҳибжамол.
-Менга гапирдингизми?
-Ҳа, сиз менга тикилиб қарадингиз, шунинг учун ҳам менга уйланишингиз сизга вожиб бўлди…
Бечора фақир йигит соҳибжамолнинг бу сўзларидан ҳушидан кетиш даражасига келибди. Энди жинни бўлганига тўлиқ амин бўлибди. Аммо туғёнга келган нафси унинг кўзларини мошдек очибди. Қараса, қаршисида ҳақиқатан ҳам дунё гўзали бир қиз ўтирган экан:
-Мен сизга қандай уйланаман?. Сиз ҳар ҳолда подишоҳнинг қизи бўлсангиз керак. Мен эса охирги марта бундан 3-4 кун олдин овқат еганман…
Қизнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб, мен бир бечора фақирман, дейишга унинг тили бормабди.
-Ҳечқиси йўқ, дебди бунга жавобан дунё гўзали қиз. Менга уйлансангиз, эртагаёқ бой бадавлат бўласиз. Бу гапни айтар экан қизнинг қилган нозу жилваларидан унинг вужудига осилган олтин билагузук, сирға ва бошқа тақинчоқлар жиринглай бошлабди…
Фақир йигит энди тамоман жинни бўлибди. Ахир бошига анқо қуши қўнганда ҳам бунчалик бўлмаган бўлардида. Энди нима қилсам, дея ўйлаб турса, соҳибжамолнинг ўзи унга макслаҳат берибди:
-Бирор таниган бой-бадавлат кишингиз йўқми? Ундан менга берадиган маҳрингизни қарз олиб туринг. Менга уйланганингиздан кейин, бойлигимиз умумий бўлади. Қарзингизни бемалол қайтариб берасиз…
Бечора фақир шошганидан қизга мени кутиб туринг ҳам демасдан, ўзи танийдиган бой-бадавлат кишининг ёнига югурибди. Унга воқеанинг тушунтириб, озгина қарз сўрабди. Бой-бадавлат одам:
-Майли, дебди. Сўзларинг рост бўлса сенга қарз бераман. Шунинг учун аввал бориб у соҳибжамолни ўз кўзларим билан бир кўрай…
Шу тарзда икковлон дунё гўзалининг ёнига келишибди. Бой-бадавдат одам қизни кўриши билан унга ошиқ бўлиб, бечора фақирнинг юзига тарсаки тортиб юборибди:
-Сен ким бўпсан менинг ёнимда. Бу соҳибжамол сенинг каби фақир учун эмас, менинг каби бадавлат одам учун яратилгандир…
Аммо камбағал йигит бошига қўнган хумо қушидан айрилиш нияти бўлмагани учун бадавлат одамнинг ёқасига ёпишибди. Шу ҳолда улар роса дўппослашишибди. Орага яна соҳибжамол кирибди:
-Сизлар бу масалани ўзларингиз ҳал қила олмайсизлар. Бориб миршаббошини олиб келингизлар. У қандай қарор қилса, ҳаммамиз шунга амал қиламиз…
Бечора фақир ва бадавлат инсон яна йўлга тушишибди. Миршабхонага бориб бўлган воқеани миршаббошига ҳикоя қилибдилар. Миршаббоши воқеа жойига келиб қарор беришга бел боғлабди. Шу шаклда учовлон дунё гўзали ўтирган маконга келишибди. Соҳибжамолни кўрган миршаббошининг ҳушидан кетишига оз қолибди. Ва у фақир йигитга ва бадавлат одамга қарата шундай ўшқирибди:
-Эй, сиз ахмоқлар! Қани бу ердан жуфтакни ростланглар! Бу ерда қонун менман. Шунинг учун ҳам бу нозанинга уйланиш менинг ҳаққимдир…
Шундай дея, миршаббоши қиличини қинидан чиқарибди. Шу шаклда фақир йигит, бадавлат инсон ва миршаббоши орасида соҳибжамолга ким уйланаши масаласида яна жанжал чиқибди. Аммо жанжал билан бу иш ҳал бўлмабди. Шунда дунё гўзали ўрнидан туриб, куёвликка номзодларга шундай дебди:
-Сизлар бу масалани бу шаклда ҳал қила олмайсизлар. Менинг таклифим шу: ҳозир мен кўчада югуришга бошлайман. Ким мени биринчи бўлиб ушласа, мен ўшанга турмушга чиқаман. Бу сўзни айтар айтмас, соҳибжамол шамол тезлигига югура бошлабди. Куёвликка номзод уч бечора унинг орқасидан ҳаллослаб юуришибди. Улар қанчалик ҳаракат қилишмасин, соҳибжамол улардан узоқлашиб кетаверибди. Орадаги масофа овоз аранг етадиган жойга келганда қиз орқага бурилиб, ўзини қувалаётганларга шундай савол берибди:
-Менинг исмим нима, биласизларми?
-Йўқ, билмаймиз..
-Исмим Давлатой…
Шу шаклда дунё соҳибжамоли кўздан ғойиб бўлган экан…
(Давоми бор)
Намоз Нормўмин,
11 июль 2012 йил. Истанбул