O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиёсий зийраклик бугунги ўзбекларда деярли йўқ даражада…

Сиёсий зийраклик бугунги ўзбекларда деярли йўқ даражада…
34 views
17 January 2015 - 10:42

6Бугун мусулмон жамияти бепарволик ва ҳар қандай шароитга жон деб мослашиш жабрини чекмоқда деб бундан олтмиш йил бурун ўзининг мазкур китобида ёзган муаллиф, ўшанда бир кун келиб коммунизмдан ҳам хавфлироқ миракизм балосининг қай йўсинда пайдо бўлишини билмаса-да, мусулмонларнинг бошига тушажак бу офату балолар хусусида умумий қилиб ўз асарида каромат қилган эди. Бугун миракизм фуқароларни ҳар тарафдан хавф-хатарлар гирдобига тортиб кетаётган эса-да, улар пинагини бузмайдилар. Улар оқимга қараб сузадилар, аммо қаёққа сузаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар.

Бундай хотиржамликка чек қўйиш зарур. Уларни ўз манфаатларини қўйиб, кўпроқ бир-бирлари келажаги ҳақида ўйлаш лозимлигига ишонтирмоқ керак. Улар бир-бирларининг келажагини таъминлай олмай туриб, ўзларига ёрқин келажак ярата олмасликларини тушунадиган вақт келганига йигирма йил ўтиб бормоқда.

Миллат нақадар улкан моддий захираларга соҳиб бўлмасин, етук ақли, ўткир тафаккури бўлмаса, дунё миқёсида юксак бир мақомга эга бўлолмайди. У ҳамиша миракизмчиларга ўхшаган авантюрист ва эксплуататорлар қўлида қўғирчоқ бўлади.

Афсуски, ислом аҳли яхши билан ёмоннинг фарқига бормайди. Кўпинча душманига дўстга ишонгандек ишонади. Сирасини айтганда, дўстларигамас, кўпроқ душманларига ишонади.

Пайғамбар (а.с.) айтган эдиким: “Мусулмонни бир индан чиққан газанда бир марта чақади…” Бугун аҳвол тамом тескари. Мусулмонни газанда бир эмас, икки эмас, юз марта чақади. Буни миракизмчиларнинг ўпқонига тушган ўзбеклар тимсолида бутун дунё кўриб, томоша қилиб турипди. Аммо ўзбек бармоғини ўша инга тўрт юз йилдан буён тўрт юз минг марта суқса-да, “вой” бармоғим дея бир марта ҳам товушини чиқармайди. Президент буни тантиликка йўйгани билан, “вой” дейишга ҳам халқнинг юраги бетламаслигини яхши билади. Сиёсий зийраклик бугунги ўзбекларда деярли йўқ даражада. Улар хорижийларга ҳам, миракизмчиларга ҳам, марҳамат, бизни истаганча эзиб, қонимизни ичаверинг, дегандек, иқтисодий талончи ва фирибгарларга эшикларни ланг очиб қўйишади.

Ғарб миллатлари, аксинча, барча ахлоқий ва маънавий қусурларига қарамай, сиёсий зеҳну идроклари билан ажралиб туришади. Гап хусусий манфаатлар устида бораркан, ҳеч ким уларни алдаб, лақиллатиб кетолмайди. Улар ўз раҳбарларини синчковлик, қунт ва эътибор билан сайлашади. Раҳбар қанчалар машҳур бўлмасин, муддати битди дегунча, ҳеч иккиланмай унинг ўрнига янгисини қўйишади. Каримов каби безбети чиқадиган бўлса, таъзирини ейди. Бузғунчини ҳеч қачон юзу хотир қилишмайди. Мана шу туфайли ҳам проффессионал сиёсатчилар, товламачи раҳбарлар ҳийла-найранг ишлатиб, уларга зиён етказолмайди. Маърифатли жамоатчилик назари уларни кузатиб турганини раҳбарлар яхши билишади. Мусулмон дунёси эса халқнинг сиёсий онгини ўстириш, фуқароларнинг масъулиятини ошириш устида бош қотирмайди.

Таълим-тарбия жамиятнинг онглилик даражасини белгиловчи омил эканлигини гапирмаса ҳам бўлади. Бу соҳада чуқур ўйланган, режали чора-тадбирларни амалга ошириш даркор. Мусулмон раҳбарлар билишлари лозимки, мустақил фикрга эга бўлмаган инсонлардан халқ дегудек халқ пайдо бўлмайди. Уларнинг фикри ҳам, туйғуси ҳам беқарор бўлади. Улар қичиқ, қочириқ гап-сўзларнинг адоси бўлишади. Улар мияси билан эмас, ҳокимият бошида турганларга ўхшаб, майл ва кайфияти билан фикр юритади. Истаган шиор ёхуд қўшиқчи уларни жалб этиши, истаган найрангбоз уларни ахмоқ қилиб кетиши мумкин. Улар Севара Турсунованнинг президент фоалиятига бағишланган “Буюк ва енгилмас раҳбар” ҳақидаги ёлғон-яшриқлардан иборат телекўрсатувларига йигирма йиллаб маҳлиё бўлиб юраверадилар. Хайрулла Нурғиддин амақининг кўнгилни айнитадиган йўқ террористлар ва ваҳоббийчиларни мағзавага ботирадиган чўпчакларини эшитиб, бир-бирларининг кўзларига илонлар ва чаёнларга ўхшаб кўрина бошлайдилар. Турсин Қоратой билан Қобилбек Каримбековларни шўро сиёсий ҳаётининг кўзгусидаги сарқит сифатида ҳурмат қилсалар, Комилжон Шамсиддинов билан Наврўз Ризаевни миракизмнинг безбет ва бетамз маддоҳи сифатида ҳар кун иложсизликдан тинглайдилар.

Ислом худошунослик дини ўлароқ, асос эътибори ила Илоҳий кашфиёт ва пайғамбарликка суяниб, шундай онг турини шакллантирдики, у бугун биз англагандан кўра анча кенг, теран ва мустаҳкам эди. У инсонларда тарбиялаган ақлу идрок ва тафаккур тарзи мажусийликка зид бўлиб, ўзининг асл доирасига мос келмайдиган ақида ва тасаввурларни қабул қилолмасди.

Масалан, шундай воқеани олиб қарайлик. Пайғамбар (а.с.) таълимоти туфайли унинг издошлари шуурига шундай фикр сингдирилган эдики, адолатсизлик – ёмон, ҳар қандай шароитда ҳам унга йўл қўйиб бўлмайди… Улар ўзларининг эски оилавий, қабилавий қарашларидан воз кечишган, зеро, энди ислом доирасида уларга ўрин йўқ эди. Бир гал улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Биродаринг гуноҳкор бўлса ҳам, унга кўмаклаш” деган сўзини эшитиб қолишади. Агар уларнинг янги тафаккур тарзида озгина заиф жиҳат мавжуд бўлганда, бу насиҳатни бажони дил айни маъносида қабул қилишар, чунки бу нарса, биринчидан, уларнинг қабилавий анъаналарига мос бўлиб, иккинчидан, Пайғамбар сўзи, уларнинг чуқур эътиқодига кўра, Тангрининг каломи эди… Шундоқ бўлса ҳам, улар ўзларини тийиб туришолмайди. “Ё Расулуллоҳ, дейишади улар, – жабрдийдага албатта ёрдам бериш керак, аммо гуноҳкорга ёрдамлашиш нечун?”

Пайғамбар алайҳиссалом тушунтирадики, гуноҳкорга ёрдамлашиш – уни янги гуноҳлардан сақлаб қолиш учундир… Бу нарса мусулмонларга янгича тушунча ва маърифат бағишлайди… Токи теран маъносига тушуниб етмагунларича, Пайғамбарга чексиз ишонч ва садоқатларига қарамай, улар ушбу насиҳатни қабул қилишга мойил эмас эдилар. Шундай қилиб, ислом уларни фикр юритиш, тафаккур қилишга ўргатди. Бугунда аксариятимиз пайғамбарнинг умматлари бўла туриб, миракизмчиларнинг ҳар қандай беъмани буйруқларини сўзсиз қабул қилаверамиз. Миллатнинг донишмандлари бўлмиш оқсоқолларга ҳокимият томонидан икки қадоқ гуруч дамлаб, ош берилса, миракизмчиларга ёқмаган кимсаларни хоин ва ватанфурушга чиқариб берадилар. Қариндош уруғларимизнинг ҳақ-ноҳақлиги бизларни унчалик ҳам қизиқтиравермайди. Уларнинг ёнини олиб, бир бегуноҳни туҳматга ботиришдан, ўлимга маҳкум қилишдан ҳам тоймаймиз. Орқасидан Тангрига тоат-ибодат қиламиз, Пайғамбар ҳадисларидан мисоллар келтириб, ўзгаларни адолатга, инсофга чақирамиз…

Бир гал Пайғамбар алайҳиссалом ўз сафдошларидан бирини лашкарбоши қилиб, жангчиларни унга бўйсунишни амр этади. Йўлда бир ҳодиса рўй бериб, лашкарбоши қаттиқ ранжийди ва аскарларга катта гулхан ёқиб, оловга киришни буюради. Аскарлар буйруқдан бош тортишади. Биз исломни оловга кириш учун эмас, оловдан қутулиш учун қабул қилганмиз, дейишади улар. Бу ҳақда Пайғамбарга хабар қилишганда, у аскарларнинг ёнини олиб, тўғри қилишибди, дейди, оловга киришганда, қайтиб чиқишолмасди, яъни тўғри дўзахга боришарди…

Сафдошлар бирор шубҳа-гумон юз берганда тап тортмай, дадил туриб Халифадан ҳам изоҳ, далил талаб қилишган. Бир гал ҳазрати Умар минбарга чиққанда Салмони Форсий унинг сўзини кесади. Ё Халифа, дейди у, ҳамма бир бўлак бўздан кийим кийганда, нега сен икки бўлак бўздан либос киясан? Токи сабабини айтмас экансан, сўзингни тингламаймиз, бўйинсунмаймиз…

Умар уни тинчитиб, ўз ўғлини чақиради: “Ё Абдуллоҳ ибн Умар!” Иккинчи бор чақирганда ўғли ўрнидан туради. “Қани, айт-чи, – дейди Умар, – менинг устимдаги кийим кимники?” “Меники, – дейди Абдуллоҳ, – уни вақтинчалик сизга бериб қўйганман”. Бу жавобни эшитган Салмон: “Ё амирал мўминин, сўзингни давом этдир, эшитамиз” дейди таскин топиб. Ана шундай теран ҳушёрлик умавийларнинг бетайин даъволарига қарши ишончли қалқон эди. Фақат Пайғамбар алайҳиссалом қўл остида тарбия топган авлод бирин-кетин вафот этиб, дунёдан ўтгач, умавийлар эркин нафас олишади. Бугун-чи? Миракизмчиларнинг куппа-кундуз куни халқнинг чўнтагидан ўғирлаётган милярдлаган маблағларни суриштириб кўринг-чи! Ўша одамни  қариндош-уруғи билан қўшиб, асфаласофилинга равона қиладилар.

Машҳур “Минг бир кеча” эртаклар китоби шундай замонлар ҳақида ҳикоя қиладики, унда давлат ёки салтанат якка шахс – халифа ёки президент Каримовга ўхшаган бир нокас соясида бўлиб, у улкан дарахтга ўхшаб, бутун жамият устида бутоқларини ёзиб туради ва унинг остида майда ўсимликлар қуёш нуридан, ҳаводан маҳрум бўлиб яшайдилар. Миллий ҳаёт ғилдираги фақат уни деб айланади, деҳқонлар уни деб экин экишади, савдогарлар уни деб савдо қилишади, ҳунармандлар уни деб тер тўкишади, шоирлар уни деб шеър ёзишади, аскарлар уни деб жанг қилишади, оналар уни деб бола туғишади, конлардан уни деб олтин қазишади, денгизлардан уни деб марварид олишади. Биздачи? Биздаги аҳвол бундан нимаси билан фарқ қилади? Ҳеч нимаси билан! Президентни деб уйғонамиз, уни деб ўрнимиздан турамиз, унинг қизларини деб телевизир кўрамиз, уларни деб ишга отланамиз, уларни деб ҳаёт кўчаларида сарсон-саргардонмиз, уларни деб умримизни беҳуда еларга совурамиз…

Бу нарса Бағдоддами, Қоҳирадами, Тошкентдами, қайда бўлмасин, мусулмон жамияти тизимига катта таъсир ўтказган. “Минг бир кеча” эртаклари, “Ағоний китоблари” деб аталган адабий асарлар ана шу таъсир кучининг ёрқин далилидир. Унинг руҳи ислом тамаддуни руҳига тамом тескари. Ислом ана шу тамаддун тизимини тамом йўқотиш, бартараф этиш учун майдонга чиққан. Расулиллоҳ уни “Жоҳилият даври” деб атаган ва барча якка ҳукмдорлар ҳалокатини башорат этган.

Бугун бундай давроннинг охири кўриниб қолди. Яккаҳукмронлик бугун ақлга сиғмайди. Бу не деган гап, бир ҳовуч одамлар куну тун еб-ичиб, семириб, нақ ёрилай десаю, аксарий халқ оч-наҳор ҳаёт кечирса? Бундай ҳол мантиққа ҳам, табиатга ҳам, адолатга ҳам зид. Бир кун бўлса ҳам бунга чидаб бўлмайди. Бундай аҳвол ўтмишда роса авж олган экан, бунинг сабаби шуки, ислом заиф бўлиб, уларнинг риёкорликларини фош этолмаган. Ислом ҳаракати кучайиб, одамлар яхши-ёмонни аниқ ажрата бошлагач, асл моҳият аён бўлди. “Минг бир кеча” даври тарих саҳнасини абадий тарк этди.

Эргаш Сулаймон