O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиёсий мавзуга оид матнлар таржимаси билан ҳазил – ҳаромдир!

Сиёсий мавзуга оид матнлар таржимаси билан ҳазил – ҳаромдир!
149 views
28 June 2016 - 19:05

Туркия раҳбарининг ўрис ҳамкасбига йўллаган номасининг таржимаси устида кечаётган баҳсларни ўқир эканман, бир вақтлар хизмат хонамдаги столим устига ётқизилган органик ойна остидаги тегишли маълумотлар билан бир қаторда ҳошияга олинган эслатма-ёзувни эсладим: «Из-за неправильного перевода начинаются войны».

Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин, деб шунга айтадилар.

Ҳар қандай мактаб ўқитувчиси математика, она тили, география, расм дарсларини бир хилда яхши ўқита олиши эҳтимолдан қанчалик йироқ бўлса, тил билган ҳар қандай кишини моҳир таржимон эканлигига ишониш ҳам, шу қадар қийин кечади.

Таржимонлик йирик даромад келтирадиган соҳа эмас, албатта. Шу боис, айрим таржима агентликлари ёки таҳририятлар ҳар қандай матн таржимасини ўз зиммасига олаверади: ҳазин натижани олдиндан кўриш эса қийин кечмайди. Шундай мавзулар борки, уларни тор соҳанинг жуда озчиликни ташкил этадиган мутахассисларигина таржима қила олиши мумкин. Айрим «таржимон»ларнинг техник, иқтисодий, юридик, тиббиётга оид, реклама ва ҳар қандай бошқа мавзуларга оид матнларни профессионал даражада таржима қилиб беришга тайёр эканлиги кишини ҳайратга солади. Уларни қандайдир оркестр-одамдай тасаввур қилиш керак.

Кези келганда ҳаммамиз ҳам гапни обдон ўйлаб, ўринли сўз танлаб гапиришга (ёзишга) мажбур бўламиз. Профессионал таржимон эса бу иш билан кун сайин, эрта тонгдан кечгача машғул бўлади. Сўзни тўғри танлаш таржимонлик касбининг асосий мазмунидир. Дунё классикларининг асарларини болаликдан она тилимизда ўқиб келар эканмиз, асар қаҳрамонлари аслида қайси тилда мулоқот қилишганларини гоҳо хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз.

Ёзишни билган ҳар қандай одам ёзувчи бўла олиши адолатдан қанчалик йироқ бўлса, икки тилни билган ҳар қандай инсон таржимон бўлиши ҳақиқатдан шунчалик узоқ эканлигини ҳаётнинг ўзи яна бир бор исботлаб берди.

Айниқса, ҳарбий-сиёсий мавзуга оид матнлар таржимаси билан ҳазил – ҳаромдир!

Шокир Долимов

Facebook.com ижтимоий тармоғидан олинди