Ҳурматли устозим, Толиб ака Ёқубов ҳар гал биз билан учрашганларида, доим бизга бир гапни эслатиб ўтардилар: “Агар сиз рақибингиздан устун келмоқчи бўлсангиз, унда унинг нозик томонларини изланг” деб инсон ҳуқуқларига оид масалалар юзасидан тарбия берарди.
Энди шу ўринда савол туғилади. Хўш сизнинг рақибингиз ким бўлиши мумкин?! Албатта, Ўзбекистонни 23 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб Ислом Абдуғаниевич Каримов ва у кишининг командаси: МҲҲ, Прокуратура, ИИБ, Хокимият ва шу хокимиятга “ҳайриҳоҳ” инсонлар. Аммо сизнинг рақибингиз сиздан юз баробар моддий жиҳатдан устун бўлса, унда нима қилмоқ керак? Сиз ўша рақиб билан, ҳазарати Алининг майдонига “ринг”га чиқа оласизми? Сиз шунга тайёрмисиз?
Бироқ сиз рақибингизга қараганда моддий жиҳатдан қашшоқсиз. Лекин бундан асло чўчиманг! Вақти-соати келиб, рақибингизнинг ҳамма бойликлари сизники бўлади! Сиз рақибингизга нисбатан маънавий жиҳатдан миллион маротаба устунсиз ва бойсиз. Энг ажойиб томони шуки, сиз рақибга қараганда иймонли, эътиқодли, инсофли, виждонли, бир сўзли инсонсиз. Сўзингиздан ва эътиқодингиздан қайтмайдиган одамсиз. Ўз эркингиз ва ҳуррият учун курашаоладиган фуқаросиз.
Шу ўринда бизга ўрнак бўладиган бир ягона инсон бор. Бу – ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримизнинг ҳаёт йўллари. У кишининг битта бўйралари ва биргина кийим-бошлари бўлган холос. Бошқа ҳеч нарсалари бўлмаган. Фақат сиз ва биздан фарқ қиладиган томонлари шу бўлган-ки, Аллоҳ Таоло у кишига пайғамбарлик унвонини берган. Аллоҳ Тало пайғамбаримизга: “Эй Муҳаммад! Сиз юрган йўлларингизни тиллога айлантирайми, Сиз кийган кийимингизни биллурга буркайинми…” деганида, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Эй Оламлар Парвардигори! Эй Аллоҳ! Бир кун оч бўлсам ва бир кун тўқ бўлсам, шунинг шукрини Сенга айтсам, менга шу етарли. Оч бўлганимда, тўқ бўлган кунларимни эслаб, Сенга шукрини айтай ва Сенга дуолар қилай. Сен менга ваъда қилганинг каби умматимга жаннатингни насиб этсанг бас!” деганлар.
Шундай экан, бу дунёдаги бойликлар бир чақага арзимайди. Аммо ўз бойлигингиз ва жонингизни шунга тикиб курашсангиз, бундан ҳам олий химмат борми бу дунёда?
“Мол аччиғи – жон аччиғи” деган баъзи бир инсонларимизга қарата айтмоқчиман: Сиз топган ўша “матоҳ” кимнинг жонига оро кириши мумкин? Аллоҳ Таоло “Бутун осмонлару-ер бўлиб балолар сизга чирмаса ҳам, фақат менинг измим билан бўлади” деган. Шундай экан, ўзининг бойликларини ҳамма нарсадан устун қўядиган инсондан қандай қилиб, Ватан туйғуси тўғрисида сўзлаш мумкин? Бундай шахсга мол-дунёни бериб қўйгин-да, ўзинг чеккага чиқиб томоша қил!
Сиз ҳеч қачон рақибингизни бойликларига кўз тикманг. У бир кун келиб, йўқ бўлади. Ўша бойликлар бир кун келиб сизники бўлади. Сиз рақибингизни енгмоқчи бўлсангиз, бир ёқадан бош чиқариб, бир тану-бир жон бўлиб курашинг!
Эсланг! Жаноби пайғамбаримиз Муҳамммад (с.а.в.) “Бадр” жанггига киришларидан олдин ҳаммани золимларга қарши курашга чақирган вақтларида, мусулмонлардан бир нечтаси, “Эй Аллоҳнинг Расули! Аҳир, бизлар озчилик бўлсак. Улар биздан юз чандон кўп бўлса, қандай қилиб биз енгишимиз мумкин?” деб савол берганларида, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Биз билан бирга Аллоҳ! Шунинг Ўзи бизга мададкордир!” деб жавоб берганлар.
Сиз ва бизнинг курашадиган, “қуроли”миз фақат ва фақат диний ва дунёвий илмларни эгаллаш ва шу асносида курашдан иборатдир. Биз бу йўлда ҳеч қандай мансаб, истак, мазҳаб талашмаймиз.
Пайғамбаримиз “Мендан кейин Аллоҳнинг каломини маҳкам тутинг ва менинг суннатимга амал қилинг!” дегандилар. Биз пайғамбаримизнинг суннатидаги инсонлармиз. Бизнинг Сиздан битта талабимиз бор. У ҳам бўлса, сизнинг мафкурангиз, маънавий жиҳатдан бой бўлиши керак. Шунинг ўзи сизу-бизга етарли.
Сиз ҳалқингиз келажагини ўйлаб, бу йўлга чиқмоқдасиз. Сиз Она-Ватанингиз дарди ва аламига, ҳасратига шерик бўлиб, бу оғир юкни елкангизга кўтармоқдасиз. Бундан ҳам нозик ва ўта мураккаб масала ҳам бўлиши мумкин-ми?
“Ҳалқимизни қоронғу зулматдан, ёруғ кунларга олиб чиққаман” деб курашмоқдасиз.
Хатто-ки, ўз мол-дунёингиз, бола-чаққангиз ҳаётини ҳавф остига қўйиб, бўлса-да, золимлар билан курашмоқчисиз.
Шу ўринда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шу сўзларини эсланг: “Аллоҳ сизларнинг на жисмингиз, на суратингизга боқади, балки ниятингиз ва амалингизга қарайди”.
Шундай экан, “Рақибим мендан юз баробар устун бўлса, мен қандай қилиб у билан “ўйин”га тушаман.” деган кайфият, сизни асло ўйлантириб қўймасин.
Эсланг! Мусо (с.а.в.) даврида, Фиръавн билан яккама-якка курашди. Охири нима бўлди? Аллоҳнинг изни билан Фираъвн енгилди. Охир-оқибат сувга ғарқ бўлди. Ҳозирги кунда Буюк Британия музейларида унинг жасади сақланмоқда. “Бу бани одам зотига, бутун башариятга ўрнак бўлсин” деб Аллоҳ Таоло ўзининг мўъжизасини кўрсатиб қўйган.
Шундан ҳам инсон хулоса чиқармаса. Демак инсон ҳақиқатан ҳам ношукур бандадир.
Эндиги навбат бизга етиб келди… “Мол-дунё, бола-чақа” деб Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга бориб, ўз кучимизни сарфлаб, соғлиғимиздан айрилиб, кўчама-кўча тентираб пул топиш учун, ўз танамизни ва жонимизни сотиб, ўзгалар олдида кулгига қолиб, яшаш сизнинг мақсадингизми? Шуми Сиз айтган ўша чиройли яшаш?
Бизнинг топган пулларимиз ҳалол меҳнат эвазига топилган. Аммо шу маблағ эвазига, сизнинг ҳисобингиздан ва кучингиздан фойдаланиб, яшаб келаётган текинхўр, порахўр, муттаҳамлар билан кураш вақт-соати етмадимикин?
Ўзингизни бу ҳолатга солган ва шу кулфатларни бошингизга ёғдираётган тузумдан кечмоқ даври келмадимикин?
Бу йўлда кўрашаётган, “Фиръавн”га қарши, 20 йил давомида сиёсат майдонида ўз эътиқоди, ўз ҳалқининг келажагини ўйлаб, Алининг майдонида обрўси учун, тирашиб-курашаётган Муҳаммад Солиҳга эргашиш вақти етмадимикин?
Ягона Аллоҳга мурожаат қилиб, “Ё Раб! бизни бу балолардан ва офатлардан қутқаргин!” деб кечаю-кундуз қўлларимиз дуода. Нима қилсак биз бу офатга қарши курашаоламиз???
Бизнинг йўлимиз ва мақсадимиз битта. У ҳам бўлса, халқимизни тинч ва фаровон ҳаётга олиб чиқиш. Конституциявий, ҳуқуқий давлат қуриш. Ягона ғоя асосида ва бир байроқ остида бирлашишингизнинг тарафдориман. Шу ўринда бобомиз Амир Темурнинг бир ўгитларни эслатиб ўтмоқчиман. “Ҳеч қачон душмандан қўрқманг ва орқага чеккинманг. Аксинча, унга яқинлашга ҳаракат қилинг. Шунда душман Сизнинг довюраклигингизга тан беради ва ўзи орқага чеккинади…”
Фахриддин Тиллаев