O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сиёсий партиялар жўровозлик ва лаббайчиликда айбланди

Сиёсий партиялар жўровозлик ва лаббайчиликда айбланди
317 views
27 September 2019 - 14:11

“Озодлик радиоси”нинг хабар беришича, Мустақил эксперт Игорь Цой Каримов даврида лаббайгўйлик қилган партиялар Мирзиёев даврида ҳам бу одатларини давом эттираётганини иддао қилди. Адвокат Сергей Майоров ДХХ ва Бош прокуратура шикоятларни жавобсиз қолдираётганидан ёзғирди. Қашқадарёлик йигит маъшуқасининг оиласи унга рўйхушлик бермагани боис қотилликка қўл урди.

Мустақил эксперт парламент сайлови расмиятчилик учун ўтказилишини башорат қилди

Иқтисодий таҳлилчи ва мустақил эксперт Игорь Цой Ўзбекистондаги сиёсий партиялар фаолиятини кескин танқид қилди (www.repost.uz, 24 cентябрь). Қайд этилишича, биринчи президент И.Каримов сиёсатини бир овоздан қўллаб-қувватлаган бешта партия амалдаги президентга ҳам жўровозликда давом этмоқда.

“Партиялар сиёсий қарорлар қабул қилишда деярли қатнашмайди, жамиятда рўй бераётган сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатмайди, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳис этмайди. В.И.Ленин таъбири билан айтганда, “халқдан жуда-жуда узоқлашиб кетган”, деб ёзади таҳлилчи.

Таъкидланишича, партиялар иқтисодиётни ислоҳ этиш бўйича жўяли таклиф бера олмайди. Улар гарчи халқ манфаатини кўзлаб фаолият юритаётганини иддао қилсалар-да, ҳатто коммунал хизматлар нархи ошишига ҳам қарши чиқишга қодир эмас. Давлат юритаётган пул-кредит сиёсати, инфляция, олтин захиралари каби молиявий масалаларга аралашишга ҳам уларнинг журъати етмайди.

“Расмиятчилик ва тўрачилик, cохтакорликка асосланган “қизғин фаолият”, исталган давлат раҳбариятига лаббайгўйлик, танқид ҳамда таклифу тавсияларнинг йўқлиги, ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олишдан қочиш – мамлакатимиздаги партиялар фаолиятининг асосий белгиларидир”, деб ёзади эксперт Игорь Цой.

Таҳлилчи яқинлашиб келаётган сайловлар расмиятчилик учун ўтказилишини башорат қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 декабрида Ўзбекистонда парламент ҳамда маҳаллий кенгашларга сайлов бўлиб ўтади. 20 сентябрь куни сайловолди кампанияси расман бошланган.

Таниқли адвокат Майоров БМТ махсус маърузачисига Ўзбекистон судлов тизимидан арз қилди

Ўзбекистонлик таниқли адвокат Сергей Майоров БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянга мурожаатнома йўллади (www.advokatnews.uz, 23 cентябрь).

Ўн банддан иборат мурожаатномада С.Майоров Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги ўткир муаммолар ҳақида маълум қилган. Хусусан, у ДХХ ва Бош прокуратурани шикоят-аризаларни жавобсиз қолдираётганликда айблайди. У жиноий ва маъмурий ишларни судда кўриш жараёнида томонлар тенглиги мавжуд эмаслигини алоҳида қайд этган.

“Тергов органларида янги тренд пайдо бўлди – жиноят ишлари тўлиқ махфийлаштирилмоқда. Махфийлаштиришнинг бундай ноқонуний кўриниши терговчиларга хоҳ дастлабки тергов босқичида бўлсин, хоҳ материаллар билан танишув босқичида, адвокатларга жиноят иши ҳужжатларидан нусха бермаслик учун асос бўляпти”, дейди С.Майоров.

Қайд этилишича, адвокатлар судьяларга жиноят жараёнидаги қўпол қонунбузарликлар, терговчилар томонидан далилларнинг сохталаштирилиши ҳоллари ҳақида хабар қилса-да, мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмоқда.

“Ўз лавозимини сақлаб қолиш учун судьялар эълон қилинган айбловни очиқчасига қўллаб-қувватлайди ва айбловчи прокурор позициясига хайрихоҳлик билдиради. Мустақиллик йўқлиги туман судларидан тортиб Олий судгача – бутун суд вертикалида кўзга ташланмоқда”, деб ҳисоблайди таниқли адвокат.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга маҳаллий суд-ҳуқуқ тизимини ўрганиш, адвокатлар ва судьяларнинг мустақиллигини баҳолаш мақсадида ташриф буюрган.

Ошиқ йигит рад этилган севги сабаб қотилликка қўл урди

Қашқадарёлик йигит маъшуқасининг оиласи унга рўйхушлик бермагани сабаб қотилликка қўл урди (“Ҳуқуқ”, 26 сентябрь). Исми ошкор этилмаган йигит Сирдарё вилоятида ишлаб юриб, шу ерлик қизни яхши кўриб қолади. Қиз ҳам унга кўнгил қўяди. Аммо қизнинг онаси фарзандини олис вилоятга узатишга кўнмайди. Шунлан кейин у маъшуқасининг онасини пичоқлайди, қизнинг ўзини эса қўрқитиш йўли билан олиб қочиб кетади. Қайд этилишича, қизни ўғирлаб кетган йигит эртаси куниёқ ҳибсга олинган. Пичоқланган аёл эса шифохонада вафот этган. Сирдарё туман прокурори ўринбосари Зуфаржон Илёсовга кўра, суднинг жорий йил 14 августидаги ҳукми билан қотилликда айбланган шахс 8 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Манба: ozodlik.org