O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Собиқ бош прокурор ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олган

Собиқ бош прокурор ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олган
150 views
19 March 2018 - 10:03

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёев 17 март куни Самарқандда қилган маърузасида собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ўз қўл остидагилардан ҳар ойда катта миқдорда пора олиб келгани учун қамалганини таъкидлаган.

“Бош прокурорни нега қамадим? Ҳаммаси ўғри эди. Ҳар бир туман прокурори қанчадан пул берганини булбулдек сайраб ётибди турмада. Самарқандда ҳам 7 туман прокурори ҳар ойда бериб турган. Ҳар ойда 2 минг доллардан берган, прокурор бўлиш учун 35-40 минг доллардан берган. Тайлоқ тумани прокурори 40 минг берган бўлса, бу пулни қайтариши учун Тайлоқни сотиши керак-ку? Мана қандай вазиятда яшаганмиз”, деб иқтибос келтирди президент сўзларидан “Кун уз” нашри.

Мирзиёев ўз сўзида давом этар экан: “Қўлимиз калта эди, бир-иккита ташкилотлар бор эди. Ғўддайиб, атрофимизда пойлаб юрарди. Ўзлари энг катта ўғри эди. Бу ҳам ҳақиқат”, деб айтди.

Озодлик Рашиджон Қодировнинг 22 февраль куни Тошкентда ҳибсга олингани ҳақида ўз манбаларига таяниб, биринчи бўлиб хабар қилган эди.

Бош прокуратурадаги Озодлик манбасига кўра, 15 йил бош прокурор бўлган Рашиджон Қодиров “йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиëтларини ўтказиш” айбловлари юзасидан бораëтган текширув жараëнида сўроқ қилинмоқда ва унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиëт чораси қўлланилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими