O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Собиқ МХХ раисининг ўғлига мамлакатдан чиқиш тақиқланди

Собиқ МХХ раисининг ўғлига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
162 views
02 April 2018 - 19:00

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, собиқ МХХ раиси Рустам Иноятовнинг 43 яшар ўғли Шариф Иноятов ҳамда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг 40 яшар ўғли Бобур Парпиевни мамлакатдан чиқармаслик ҳақида Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари компьютер тармоғида белги пайдо бўлган.

Бу маълумотни “Озодлик” радиосига Чегара қўшинлари зобити сиздирди.

Orient Finans Bank бошқарувига яқин мулозимнинг “Озодлик” радиосига 2 апрель куни айтишича¸ банк бошқаруви раиси Бобур Ботирович Парпиев жорий йилнинг 30 мартида Тошкент халқаро аэропортидан чегарани кесиб ўтмоқчи бўлганида ДХХ чегара қўшинлари зобити талаби билан орқага қайтарилган. Мулозимга кўра¸ Бобур Парпиев бемалол уйига қайтиб ўз фаолиятини давом эттираверган.

Суҳбатдош таъкидига кўра, “Парпиевга нисбатан ҳуқуқ -тартибот органлари тарафидан бошқа чекловлар қўлланилмаган”.

Бу воқеадан ҳабардорлигини “Озодлик” радиоси билан 2 апрелдаги суҳбатда билдирган ИИВ мулозимига кўра¸ республикадан қуритилган мева экспорт қиладиган Uzgardens ширкати ҳиссадори тадбиркор Шариф Иноятов ва Orient Finans Bank бошқарув раиси Бобур Парпиевларга бир вақтнинг ўзида “мамлакатни тарк қилишига чеклов” қўйилган.

Шу пайтгача айни мулозим берган маълумотлар¸ жумладан собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва собиқ президент маслаҳатчиси Жамшид Файзиевларнинг қўлга олингани ҳақидаги хабарлар кейинчалик расман тасдиғини топган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига яқин мулозимнинг “Озодлик” радиосига айтишича¸ “ Устидан жиноий иш очилиб ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодировнинг қочиб кетгани ҳамда айни жиноий иш доирасида ҳибсга олинган Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Мирағлам Мирзаевнинг ўғли Абдурашид Мирзаевнинг қочишга уринган пайтда қўлга олиниши ортидан гувоҳларнинг шаҳарни тарк этмаслик масаласига эътибор кучайган”

“Озодлик” радиоси билан суҳбатлашган мулозим “Шариф Иноятов ва Бобур Парпиевга нисбатан жиноят иши очилмагани ва улар Бош прокуратура назоратидаги учдан ортиқ жиддий жиноят ишларида гувоҳ сифатида ўтаётгани учун ҳаракатланиш эркинлиги вақтинча чекланган”ини айтди.

Тадбиркорлар Шариф Иноятов ва Бобур Парпиевларнинг айнан қайси жиноят ишларида гувоҳ ëки фигурант эканлигига “Озодлик” радиосида инкор ëки тасдиқ йўқ.

Бош прокуратура: Бу маълумот бизга етиб келмади

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими 2 апрель куни “Озодлик” радиоси саволига жавобан: “Бу маълумот Бош прокуратура матбуот хизматига етиб келмади. Шундай маълумот келиши билан¸ агар лозим топсак, прокуратура сайтида тақдим қиламиз”, деди.

Orient Finans Bank¸ ва Uzgardens ширкатининг исми сир қолишини истаган Тошкентдаги ходимига кўра¸ Шариф Иноятов ва Бобур Парпиевларнинг паспортларида республикадан чиқишга изн берувчи стикерлари ( Халқ орасида ОВИР стикери – таҳр) бўлган.

Uzgardens ширкати раҳбарларининг сафар ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланадиган бу ходим “Озодлик” радиоси билан суҳбатда “бу ҳолат тадбиркорнинг ҳаракат эркинлигини чекловчи ва қонунга зид” эканлигини таъкидлади.

Чеклов қонуний

Ўзбекистон Адлия вазири мулозими 2 март куни “Озодлик” радиоси билан суҳбатда¸ устидан жиноий иш очилмаган ва паспортида чиқиш стикери бўлган ватандошларнинг мамалакатдан чиқишига чеклов қўйиш механизмини тушунтириб берди:

– Қарздор бўлса ëки тергов жараëнига оид муҳим гувоҳ бўлса, тергов гуруҳи сўровига биноан¸ ДХХ чегара қўшинлари электрон тизимига у ëки бу шахсни ОВИР стикери бор йўқлигидан қатъиназар мамлакатдан чиқармаслик мумкин. Бу чеклов Прокуратура илтимосномаси¸ Мажбурий ижро бюроси (МИБ) сўровига кўра¸ ëки суд қарор билан амалга оширилиши мумкин¸ деди Адлия вазирлиги мулозими.

Қудратли мулозимларнинг бой болалари

Шариф Иноятов

Январь ойида эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган собиқ МХХ раиси генерал Рустам Иноятовнинг 43 яшар ўғли Шариф Иноятов очиқ манбалар асосида суриштирув олиб борувчи Open source investigations журналистик гуруҳи маълумотларига кўра¸ бутун дунё бўйлаб кўчмас мулк ва бизнес ҳиссаларга эга.

“Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган Шариф Иноятов МХХ генерали Рустам Иноятовнинг ўғлидир. У иқтисод фанлари бўйича таълимни ҳорижда, жумладан, Қоҳиранинг Ал-Азҳар университетида олди. Бундан ташқари, у отаси билан Миллий хавфсизлик хизматини оилавий бизнесга айлантирди”, деб ёзган халқаро журналистлар гуруҳи.

2005 йилнинг 23 ноябрида Австрияда рўйхатга олинган Benif Handels GmbH ширкатининг 60 фоизи, Вена шаҳридаги 600 квадрат метрли, 2 қаватли қаср Шариф Иноятов номида эканлиги ҳақидаги юридик ҳужжатлар “Озодлик” радиосида мавжуд.

“Озодлик” радиоси тасарруфидаги ҳужжатларга кўра, Шариф Иноятов Санкт-Петербургда «Нева Альянс Групп» (Neva Alyans Grupp) масъулияти чекланган ширкат ҳиссадоридир.

Рустам Иноятовнинг ўғли ширкатнинг 50 фоиз, унинг ҳамкорлари Равшан Убайдуллаев ва Бахтиёр Фозиловлар эса, 25 фоиздан улушга эгалик қилишади.

Асосий фаолияти кўчмас мулк сармояларига эгалик қилиш ва бошқариш бўлган «Нева Альянс Групп»нинг устав жамғармаси 7 миллион долларга тенг. Биргина Шариф Иноятовнинг ўзи ширкатга 3,5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган.

Open source investigations журналистик гуруҳи очиқлаган маълумотларда Uzgardens ширкати ҳам Иноятовлар оиласига тегишли экани айтилади.

Uzgardens – Россияга Ўзбекистондан мева-сабзавот етказиб беришга ихтисослашган йирик ширкатдир.

Бобур Парпиев

2016 йили Ўзбекистондаги хусусий акциядорлик тижорат банки Orient Finans Bank бошқарув раислигига сайланган Бобур Парпиев Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ўғлидир. 2000 йилда Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси университетининг “халқаро иқтисодий муносабатлар” факультетини, 2006 йилда эса, Тошкент давлат юридик институтининг “Юриспруденция” факультетини тугатган. Иқтисод фанлари номзодлигини ëқлаган.

“Озодлик” радиоси суҳбатлашган Ўзбекистон бошқарувига яқин тадбиркорнинг айтишича¸ Бобур Парпиев раҳбарлик қилаëтган банк шу кунларда текширилмоқда.

– Ўтган ҳафта Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов қўлга олинган эди. Акмалов билан боғлиқ жиноят иши доирасида Orient Finans Bankка ҳам саволлар пайдо бўлди. Айнан Акмалов Иноятов-Парпиев тандемида яратилган бир нечта банклар фаолиятига (Бу банклар рўйхати “Озодлик” радиосида бор) имтиëзлар яратиб бериш билан шуғулланган эди¸ деди “Озодлик” радиоси суҳбатлашган Ўзбекистон бошқарувига яқин тадбиркор.

Ўтган ҳафтада Акмалов ҳибсга олингани борасида “Озодлик” радиоси эълон қилган мақолада ҳам бу мулозимнинг (Акмаловнинг) “Иноятов-Парпиев” тандемига “хизмат қилгани” ҳақида маълумотлар бор.

ЎХҲ хабарлар бўлими