O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Собиқ ҳоким МХХ терговчилари томонидан касалхонада сўроқ қилинмоқда

Собиқ ҳоким МХХ терговчилари томонидан касалхонада сўроқ қилинмоқда
198 views
04 April 2016 - 18:17
Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов

Тошкент вилояти собиқ ҳокими Аҳмад Усмонов

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ҳибсга олиниб тергов қилинаëтган пайтида юрак хуружига учраган Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими 59 яшар Аҳмад Усмонов мавжуд процессуал қоидаларга зид тарзда касалхонада сўроқ қилинмоқда. Хабарларга кўра, МХХ ертўласидаги сўроқ ва юзлаштирув чоғида Аҳмад Усмонов юрак ҳуружига учрагани ортидан у Тошкентдаги биринчи ҳукумат стационарига ëтқизилган.

Манбанинг айтишича шу кунларда бироз ўзига келган Усмонов касалахона палатасида сўроқ бермоқда:

-Луначарский тарафдаги (Буюк ипак йўли кўчаси) биринчи ҳукумат стационарининг махсус қўриқланган палатасида муолажа олмоқда. Ëнига фақат терговчи киряпти. Икки-уч кун бўлди интенсив сўроқ қилинмоқда. Усмоновга қарши кўрсатмалар асосан Андижондан келмоқда. Усмонов барча камомадни тўлашни бўйнига олиб ëзиб берган¸ дейди манба.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Равшанбек Холматовга кўра¸ саломатлиги ëмонлашиб касалхонада қолаëтган махбус фақат тузалиб кетгандан кейингина сўроқ қилиниши мумкин.

Манбанинг айтишича¸ ҳибсга олинган Усмонов “саккиз соатлаб давом этган интенсив сўроқ пайтида микроинсульт бўлиб ҳушидан кетган”.

“Гвардейский кўчасидаги подвалда сўроқ берганида юраги бежо урган. Докторлар микроинсульт дейишган. Воқеа ўтган ҳафта бошида бўлди. “Очний ставка пайтида хушдан кетди”, дейишди. Андижон шаҳар собиқ ҳокими Нурилло Алимов унга қарши очний ставкада показание берганида юрак хуружи бошланди. Терговда қийноқ бўлмаган чунки сўроқни МХХнинг иқтисодий жиноятлар бўйича терговчилари олиб боряпти”, дейди манба.

Айни пайтда бошқа манбалар “Усмонов ўзини касалликка солиб вақтдан ютмоқчи” бўлганлиги ҳақида айтишди:

“Ўзи милиция тизимида ишлагани учун Усмонов симулянт бўлиб (Ўзини касалликка солиб) вақтдан ютиш мумкинлигини билади. Каримовнинг ғазаби сўниб ишлар бости-бости бўлишини кутяпти. Билишимча унга миокард инфаркт ташхисини қўйган доктор ҳам бу “спектакл” иштирокчиси. Пул эвасига ташхис ëзиб берилганига ишонаман. Фақат терговчилар бу версияга ишонмасдан палатада сўроқни давом эттиришмоқда¸ дейди бошқа бир манба.

Яна бир манба “симуляция” ҳақидаги фикрни қисман тасдиқлади:

“Хизмат ваколатини суиистеъмол қилганлик, кадрлар танлашда таниш-билишчиликка йўл қўйганлик ва порахўрлик” каби жиноятларда гумонланиб тергов қилинаëтган Усмоновнинг яқинлари унинг иложи бор қадар узоқроқ касалхонада муолажа олишини таъминлаш учун уринишмоқда. Усмонов тузалса қамоққа олиб кетилади. Шу боис қандай қилиб бўлса ҳам собиқ ҳокимни касалхонада узоқ қолдириш учун қариндошлар жиддий ҳаракат қилмоқда”¸ дейди манба.

“Гитлер”нинг тор-мор қилиниши

4 февраль куни Тошкент вилоят кенгаши депутатларининг навбатдан ташқари сессияси чоғида ишдан олинган халқ орасида “Гитлер” деб ном чиқарган собиқ ҳоким бир вақтнинг ўзида сенаторликдан ҳам четлатилган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон расмий матбуотида собиқ ҳокимни “қоралаш маъракаси” давом этди.

Расмий газеталар президент Ислом Каримов Аҳмад Усмоновни “одамларнинг ишончини оқламагани” ва янги иш ўринлари яратмагани учун танқид қилганини иқтибослар билан эслатишди:

“Ҳамкасбларнинг ишончини йўқотгандан кейин қайта қўлга киритиш жуда қийин. Бунга уриниш бефойда. Агар бир марта одамларнинг ишончини йўқотсанг, минг марта кечирим сўрасанг ҳам бу уларнинг юрагида қолишини эсингдан чиқармаслигинг керак”, деди президент.

Генерал-губернатор “Гитлер”

Асли самарқандлик 59 ёшли Аҳмад Усмонов милиция генерали рутбасига эга бўлган ягона вилоят ҳокими эди.

Усмонов 2006 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2010 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

У 2004 йилда Наманганда генерал унвонини олган биринчи вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Бунгача Жиззахда туман милицияси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Усмонов 2005 йил майидаги қонли воқеалардан кўп ўтмай, Андижон вилоят ҳокимлигига тайинланган.

Унинг 2006 йил октябридан 2013 йил апрелига қадар давом этган ҳокимлиги даврида Усмонов вилоятни қаттиққўллик билан бошқаргани кузатилган. Озодлик манбалари Аҳмаджон Усмоновнинг жуда ҳам зўравон ҳоким бўлганини, унинг раҳбарлиги даврида қама-қамалар авж олганини айтадилар. Узметроном нашрининг ёзишича, Усмонов Андижонга ҳокимлик қилган пайтида унга “Гитлер” лақабини беришган.

Аҳмад Усмонов охирги 4 ой ичида лавозимидан четлатилган иккинчи вилоят ҳокимидир.

ЎХҲ хабарлар бўлими