ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(16)
Шахсан Абдуллаеванинг ўзи Наманганга келиб, аёлларнинг бошидан рўмолларини юлиб олиш акциясини ташкил қилганди.
Абдуллаева кейинроқ мода бўлган «ислом фундаментализмига қарши кураш»нинг илк пионерларидан эди. Бугун бу «фундаментализм»га қарши курашни муваффақиятли давом эттираётган Каримовлар Абдуллаевага бирор бир ҳайкалча ёки ҳеч бўлмаса, ўзига ўрнатгандай, барелеф ўрнатса асакаси кетмасди.
Абдуллаева, шунингдек, миллиятчилик ва пан-туркизмга қарши ҳам «ўт» очган эди. Бу кураш машҳур испан рицарининг тегирмонларга қарши очган урушини эслатарди. Чунки Ўзбекистонда на дин, на миллиятчилик, ва на-да пантуркизм сиёсий ёки ижтимоий маънода таҳликали эди.
Шуниси диққатга сазовор-ки, Абдуллаева буйруғи билан йиқилган масжидлар одамларни дин ҳақида ўйлата бошлади. У таъқиқлаган тарихий китоблар инсонларда ўз тарихига бўлган қизиқишини кучайтирди.
Абдуллаеванинг яна бир «хизмати», у зиёли табақаси ичида ким қайси тарафда эканлигини аниқлаб берди. Абдуллаева даврида барча экстремал ҳолатларда кузатилганидек, ижодкор зиёлилар дарров учта гуруҳга бўлинди.
Ёшлар Абдуллаева сиёсатига очиқ қарши чиқдилар. Бу қаршилик аввал чойхона гурунглари ва мажлисларда, сал кейинроқ 1985 йил январида, «Политбюрога мактуб» шаклида кўринди.
Иккинчи гуруҳ – энг катта гуруҳ – тарафсизлар гуруҳи. Улар эҳтиёткорлик билан воқеалар ривожини кузатишни энг тўғри йўл, деб билишди.
Учинчи гуруҳ – ҳукумат тарафдорлари эди. Бу гуруҳга анчагина машҳур ёзувчи – шоирларимиз қўшилди. Бу гуруҳнинг энг кўзга кўринган шоири: «бу ёшларга нима керак ўзи, нима исташаяпти, Ленин бобомиз ўрнидан туриб таъзим қилсинми, ёки атом бомбасининг кнопкасини берайликми, астағфуруллоҳ!», деганди. Таниқли шоирнинг бу гапи Тошкентда кенг тарқалганди. Бизнинг тенгдошлар: «кнопкага босиб келмаймизми?» ёки «Ленин бобо ўрнидан туриб, бир таъзим қилсалар, яхши бўларди», дея ҳазил қилишарди.
Бу шоир Абдуллаевага сўнгигача садоқат билан хизмат қилди. Ҳатто Марказқўм котибининг Наврўз байрамига қарши юритган ташвиқоти доирасида Наврўз кунини «Хотира куни» деб шеърлар ҳам битди. Оллоҳ уни кечирсин. Ўзбек адабиётчиларининг сон жиҳатидан кичик, аммо сиёсий ҳаётда таъсири кучли яна бир гуруҳи бор эди. Бу гуруҳни 20-30 йилларда Туркистонда болшевизмни ўтроқлаштирган фанатик коммунистларнинг маънавий меросхўрлари дейиш мумкин эди.
30 йилларда бу кишиларнинг маънавий оталари ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларини йўқ қилган эдилар. Улар Ёзувчилар Союзида мансаб курсисида ўтириб, «халқ душмани» дея тақдим қилинган барча «дело»ларга ҳеч иккиланмай қўл қўяверганлар. Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий каби миллий шоир ва мутафаккирларимиз ўша коммунистлар фатвоси билан жисмонан йўқ қилинди. Бу шоир ва мутафаккирларни маънавий жиҳатдан йўқ қилиш эса, ўша коммунистларнинг зурёдлари томонидан амалга оширилаётган эди. Бу зурёдлар академик, фан доктори унвонларини ўша «йўқ қилиш» фаолияти учун олган эдилар. Улар совет идеологиясининг Ўзбекистондаги маҳаллий қоровуллари эди. Улар Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Беҳбудийларни миллиятчиликда айблар экан, бу билан уларнинг бугунги издошларига таҳдид қилишарди.
Марказқўм котиби Р. Абдуллаева бу «мафкура қоровуллари» учун кўпдан бери орзу қилинган шахс эди. «Қоровул»лар ҳам Котиб учун қийматли кадрлар эди. Бу кадрлар дарров мафкура жабҳасининг энг муҳим нуқталарига жойлашиб олди. Бунинг кўрсаткичи ўлароқ маданий ҳаётимиз осмонида булутлар қорайиб, чақмоқлар чақа бошлади.
Тозалаш, ҳар доимгидек, адабиётдан бошланди. Кейинги ўн йил ичида ёзилган тарихий роман, достон, шеър ва ҳакозо ҳаммаси қайтадан кўрила бошлади. Ҳатто Пиримқул Қодир каби барча ҳукуматлар билан апоқ-чапоқ яшаган коммунист ёзувчининг тарихий асари ҳам, шубҳа остига олинди. Етмишинчи йилларда бир оз танбаллашган цензура Абдуллаеванинг баланд пошнали туфлисининг ўткир ўкчаси туртилганидан кейин анча жонланиб қолди. Миллий кўринган асарлар қаторида диний туюлган матнлар ҳам таъқиқланди. Фақат китоблар эмас, ҳатто сўзлар ҳам таъқиқлана бошлади. Масалан «Оллоҳ», «Пайғамбар», «фаришта» сўзлари таъқиқланган сўзлар эди. Бу сўзлар агар Шекспир асарларида учраса, уни ҳам таҳрир қилдилар.