O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
51 views
22 February 2016 - 6:00

IKA(6-бўлим)

Тарих қайта бошқадан эврилаётган замонлар эди. Халқ ичида, уйғонаётган томон билан ғафлатга ботган томонда фарқ вужудга кела бошлаган эди.

Биз, Озодлик ва Ҳурлик истаб ўртага чиққан бўлсак ҳам, эртага ўзбек давлатчилиги қандай мафкура асосига қурилади, миллат қайси ғоя атрофида бирлашади, ўйлаб кўрмаган эдик.

Ўйлаб кўриш нари турсин, бу нарсалар етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаган эди.

Албатта, китоблари ёқилиб, даҳолари ўлдирилган, масжид-мадрасалари отхонага айлантирилиб, миллий қаҳрамонлари “босмачи”га чиқарилган бир халқ вакилларининг бундан ортиғига ақли етмасди.

Яна, биз коммунистик мафкура асосида таълим-тарбия кўрган, ўз тарихидан узилган бир миллатнинг бахтиқора авлодлари эдик. Биз ўтмишимиз ва келажагимизга, ҳатто кўзгудаги аксимизга ҳам русларнинг назари билан қарашга кўникиб қолган эдик.

Ўзимизники бўлса ҳам, оғзимиздаги тилимиз, русларнинг қарашларини талқин қилар, қулоқларимиз русларнинг қулоқлари каби, уларнинг эшитиши мумкин бўлган нарсаларни эшитишга мослашган эди.

Бу қулоқлар, бошқа ҳар қанақа гап-сўзларни эшитиб қолса, айниган овқатдан заҳарланган меъда сингари шууримизда фикрлар чувалиб, миямизда қотиш рўй берарди.

Бу хусусиятларни жуда эрта англаб етган Муҳаммад Солиҳнинг икки кўринмас ўт орасига тушиб ёнаётганини, биз ҳайъат аъзолари ҳеч биримиз, ўшанда пайқамаган эдик.

Биз Болтиқ бўйи республикалари, Белорус ёхуд Украина ҳолатида бўлганимизда ҳам, мустақиллик йилларида дуч келган муаммоларимизнинг тўқсон тўққиз фоизига учрамасдик.

Номлари келтирилган республикалар, биз кечган зулматлардан кечганларида эди, уларнинг ўн жонларидан бир жонлари ҳам қолмасди.

Муаммо, миллатга тегишли эмасди. Ҳамма бало, ўзбек зиёлиларининг савияси даражаси билан боғлиқ эди.

Бу муаммони Туркистон республикалари орасида, битта Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев элас-элас англади ва шу озгина “англаш” хам халқнинг зиёли қатламини ўстиришга, уларнинг орасидан шахслар етишиб чиқишига имкон берди.

Бу билан у қозоқ халқининг маънавий ўзанларига тоза қарашлар олиб киришга мувафақ бўлди, қозоқларнинг миллат сифатида, дунё халқлари орасида ўзлигини намойиш этишига эришди.

Ҳа, унинг мухолифат сафларидаги шахсларни ҳаддан ортиқ жиловлаб тургани ҳам бор гап. Лекин “ўтиш даври”да Нурсултон Назарбоев каби шахсларга миллатнинг катта эҳтиёжи борлигини соқит қилиб бўлмайди.

Ўзбекистонда эса миллатнинг эмас, президент Каримовнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинади.

Мустақиллик Каримов онгида ҳеч нимани ўзгартира олмагани сингари, ўзбек халқининг ҳам мустақиллик йилларида ҳар жиҳатдан орқага кетгани – мустабид дунё қарашининг бир нуқтада қотиб қолгани билан боғлиқ…

Ҳа, ўша йилларда иймон билан иймонсизлик, эътиқод билан эътиқодсизлик орасида кўринмас жанг бошланган эди. Бу, ҳалигача ҳам давом этяпти. Мусобақа кун-кундан авж нуқтасига кўтарилиб бормоқда.

Бу урушни ичимиздаги жуда камдан-кам кимсалар, ўз вақтида англаган бўлиши мумкин.

Мен ўзим ҳам бу ҳолатни бир-икки йил ўтиб тушуна бошлаган эдим…

Хуллас, “Бирлик” майдонга кўкрак кериб чиққан 80-йиллар охирида ҳам, ҳар қарич тупроғини кафтга олиб сиқса қон томадиган Туркистон, ҳали ҳам хоинларнинг оёқлари остида топталарди. Юз эллик йил олдин бошланган рус босқини, маҳаллий миллатлар орасидан чиққан оғмачилар тимсолида, айни юқори чўққисига кўтарилётган даврлар эди.

Назаримда, Манқурт образини яратган Чингиз Айтматов, биринчи навбатда тепада Ислом Каримов ва пастда Абдираҳим Пўлатовга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак…

“Бирлик”нинг биринчи дастурида “моддий ва маънавий” бойликларни асраб-авайлашга, атайлаб урғу берилган эди. Бу халқ оёққа қалққанча тузумнинг жиғига тегмаслик учун бир парда эди, холос.

Муҳаммад Солиҳнинг хонаси Ёзувчилар уюшмасининг иккинчи қаватида жойлашганди. У “Бирлик”нинг мақсади ҳақида тор доирада аниқ ва лўнда қилиб бир гапни гапирганди.

Ўша суҳбатда Зоҳир Аълам, Аҳмад Азам, Усмон Азим, Абдираҳим Пўлатовлар билан мен ҳам бор эдим.

Албатта, мен бунақа муҳим гап-сўзлар айтиладиган тор даврага чақирилмас эдим. Ўшанда, қандай қилиб бу йиғиннинг иштирокчиси бўлганимни, ҳалигача тушунмайман.

“Албатта, ҳаракат дастуридаги гап-сўзларнинг аксари, тузумни чўчитмаслик учун, атай силлиқ қилиб ёзилган. Бунинг замирида Миллий Озодлик учун кураш ётади. Зотан, биз Миллий Озодликка эришмас эканмиз, маънавиятимизни ҳам, моддий бойликларимизни ҳам ҳеч қачон қутқариб қололмаймиз. Буни, ҳозирча ҳаракат аъзоларига очиқ айтмасак ҳам, ўзимиз яхши билиб олишимиз шарт”, деган эди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ табиатан камгап одам эди.

У “зотан” деган сўзни кўп ишлатарди.

Ўша кунги тор даврадаги йиғилишда ҳам, у ўн дақиқада ичида “зотан” сўзини ўн етти марта ишлатган эди. Мен, буни ичимда санаб турардим.

У муҳим деб ҳисобланган мавзудан ташқарида, бир оғиз ҳам ортиқ гапирмасликка ҳаракат қиларди. Албатта, у атайлаб, ўзини шунақа тутмасди. Унинг феъли ўзи шунақа эди.

Аҳмад Аъзам кабилар ўзини бошқалар кўзида, унга яқин кўрсатиш учун ул-бул, деб луқма ташласа, у икки оғиз гап билан гапга нуқта қўярди.

Аммо у шундай гапларни ҳам манфаат нуқтаи-назаридан айтилаётган гап деб эмас, чин юракдан айтилаётган гап деб қабул қиларди.

Ортиқча гап-сўзларни суймаслигини, у иложи борича суҳбатдошига очиқ билдиришни хоҳламаса ҳам, унинг ичида ғижингани, тажанглаша бошлагани қиёфасида акс этарди.

Билмаган одам унинг бу ҳолини қўполик ёхуд менсимаслик деб қабул қилса-да, уни яқиндан биладиганлар Муҳаммад Солиҳнинг самимиятидан ҳеч қачон шубҳа этмасдилар.

Аҳмад Аъзам кабилар, унинг феълини яхши  ўрганиб олган эди…

Зоҳир Аълам тажанг ва қайсар одам эди, билган нарсасини, юзинг-бетинг демай, гапириб юбораверарди. Аммо, у ўзининг ноҳақлигини сезиб қолса, дарров таслим бўларди. Ғазаби юзига тепчиб турган одамга ўхшаб кўринса ҳам, у кўнгли бўш бир кимса эди. Хиёнаткорларни ёмон кўрарди, тутган йўлидан чекинмасди.

Усмон Азим хаёлларига кўпроқ ишонар, у ақлдан кўра кўпроқ шамалар билан иш кўрарди. Ғояга, дўстларга хиёнат қилишни разил бир нарса деб билса ҳам, уни ҳавойи хаёлари кўп чалғитарди.

Абдираҳим Пўлатов жамоада бутунлай янги бир одам бўлгани учун ҳам, ўзини жуда эҳтиёткор тутар, ҳар бир сўзини бир кун илгари тузиб чиққан режаси асосида, чертиб-чертиб ишлатарди. Бегона ошхонага кириб қолган мушук сингари ҳайъат аъзолари орасида  қадамини пайпаслаб, санаб босар, қулоқларини динг қилиб, киприк қоқмасдан ҳар томонни кузатиб турарди. Унинг кутмаганда, бошига қўнган “бахт қушидан” умиди жуда катта эди.

У ўшанда, Муҳаммад Солиҳнинг кабинетида ҳам фикрини очиқ айтмаганди.

Пастга тушгандан кейин Аҳмад Аъзамга: “Бизнинг озод бўлганимизга юз йил бўляпти, Муҳаммад Солиҳнинг хабари йўқ, шекилли. Қўл-оёғимизни ҳеч ким боғлаб қўймаган. Биз тенглар ичида тенг бўлиш учун курашишимиз керак” – деган эди.

У бунақа қалтис гапларни Аҳмад Аъзамдан бошқа бировга айтиб бўлмаслигини яхши биларди.

Аҳмад Аъзам ҳам кулимсираб: “Ўз оти билан айтсак, руслар бизларни босиб олган” – дея жавоб қайтарганди.

“Демак, русларнинг ҳозирда Афғонистонда олиб бораётган уруши ҳам босқинчилик уриши экан-да?” – деганди Абдираҳим Пўлатов ҳайратини яширмай.

Аҳмад Аъзам ҳам: “Худди, шундай!” – деб жавоб қайтарганди.

Ҳолбуки, Аҳмад Аъзам жавобни қатъият билан қайтарганда тўғри бўларди.

Аҳмад Аъзам босқинчилар тарафида турган энг хавфли душман билан юзма-юз турганини яхши билиб турарди. Боз устига у душман “Бирлик” ҳаракатининг етакчилигига даъвогарлик қилаётган бир кимса эди.

“Руслар бизга маданият олиб келмаганда, бизлар ҳам ўша афғонларга ўхшаб, оқ кўйлак-оқ иштонда ҳар кун кетимизни беш марта ювиб, дунёда итнинг кейинги оёғи бўлиб қолиб кетардик!” – деганди Абдираҳим Пўлатов ҳам фикрини ишонч билан давом қилдириб.

Улар, қарийиб бир соатдан кўп баҳслашгандилар.

Юзидан кулгу, лабидан табассум аримайдиган Аҳмад Аъзам уни ўзича тарбиялмоқчи бўларди.

19-апрелда бўлиб ўтган намойишда ҳам Абдираҳим Пўлатов, юқоридаги қарашлари асосида маъруза ўқиган эди.

Муҳаммад Солиҳнинг Миллий Озодлик хусусидаги эслатмаси, унинг қулоғининг бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқиб кетган эди.

У конфедерация тарафдори бўлиб, ўзбекни ягона оила – Совет иттифоқи таркибида бахтли қилмоқчи эди. “Озодлик” деганда Шароф Рашидов, Инъомжон Усмонхўжаев ва ўша дамларда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби бўлиб ишлаётган Рафиқ Нишонов жойлашган бинонинг суврати, унинг кўз олдига келарди…

 (давоми бор)

Эргаш Сулаймон