Ҳар қандай шеър бахтиёрлик туйғусидан, қувончдан, тоза бир ҳиссиётдан бошланади:
Дераза пардалари учади.
Дераза пардалари
кўтарилиб тушади.
Ойнадан бошимни
чиқариб,
Оқаётган булутларга
қарайман,
Муздек шамол урар
кўкрагимга.
Кўксим кўтарилиб тушади.
Дераза пардалари учади.
Бу парчада ташбеҳ йўқ. Манзаранинг ўзи. Ойнадан бошини чиқариб қараётган одам ва учаётган пардалар шу қадар енгил чизилган-ки, сизнинг ҳам кўксингиз кўтарилиб тушади.
Ёмғир бўлар,
Довул бўлар кучли,
Шундай иссиқдан кейин.
Миқ этмай турарди
боягина
Қоққан қозиқдек
Энди, қара,
Яйрашини қара бу
дарахларнинг!
Улар ҳам гўё пешиндаги
иссиқ ёдига тушиб,
Бошини тебратар шамолда.
Ҳар қандай шеър бахтиёрлик туйғусидан бошланадими?
Унчалик эмас. Энди кутиш туйғуси пайдо бўлди. Муқаддас бир нарсани кутиш ҳисси уфура бошлади. Кутиш жозибаси. Бошини тебратаётган дарахтлар, кўтарилиб тушаётган кўкрак ўша учиб тушаётган пардага яқин — шаффоф ва енгил, “Жавзо кечаси” — муқаддас маросимнинг, кутишнинг бошланишидир.
Шу шеърдаги чиройли ўхшатишлар ҳақида гапириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бу шоирнинг қуролларидан бири, холос. Шеър ички эҳтиёж — эркдан туғилади. Покланишга бўлган кучли истакдан туғилади. Шоир: “Онасининг келар пайти етган семурғ боласидан энтикаман”, деса, у бизни ташбеҳ билан ҳайрон қолдириш учун эмас, ўзини чиндан ҳам шундай ҳис қилгани учун ёзади.
“Жавзо кечаси” Нозим Ҳикмат шеърларини эслатади. Шакл эмас, руҳ қардошлигини айтаяпман. Бу ажойиб ўхшашлик.
Шеър доим сирдош, шоирни имлаётган гўзал — сир томон ташланган қадам, руҳга саёҳатдан бошланади. Яна адашдикми? Шеър изтиробдан ҳам бошланади-ку?
Бу ҳам нотўғри. Шеър ҳаммасидан — ўша саналганларнинг бирданига ҳаммасидан бошланади. Чин шоирнинг қувончи дарди билан, дарди қувончи билан йўғрилгандир. Уни “бахтиёрларча енгилтаксан”, деб айблаб бўлмайди. Унинг “ҳаддан ташқари маҳзунсан”, деб қоралаш ҳам маънавий адолатсизликдир. Шоир қувонч нима эканлигини биздан яхши билгани учун ҳам шоир, изтиробнинг теранликларини кўргани учун ҳам биз уни ҳурмат қиламиз.
Сен менга ўхшайсан,
сен менинг болам.
Тирикман деганим ҳам
кўрар кўзим,
Нима бўлишини билмайди
одам,
Мен дунёдан ўтсам сен
менинг ўзим, —
деб ёзмас эди. Бу фикрни янада кучайтириш мумкин эмасмикан? Йўқ. Бу шоирнинг шахсий меъёри. Чунки, шеър чин маънода портлаш демакдир. У — портлаш жараёнининг қоғоздаги сурати. Шеърдаги мантиқ сиз билан бизга эмас, ўша портлашга бўйсунади.
Тўғри, ҳар қандай шеърни қайта ишлаш мумкин, жузъий ўзгартиришлар киритиш мумкин — бу шоирнинг одатий иши. Аммо ҳақиқий меҳнат портлашдир. Бу шоирнинг ишчанлигига мутлақо алоқаси бўлмаган сеҳрли меҳнатдир.
Хайр энди, ўғлоним,
хайр, яхши бор.
Сен борки, жон сақлар
муштумдек жоним.
Ҳамиша мени деб,
топганинг — озор,
Ўз уйингга ўзинг
сиғмайсан доим.
Шоир энг олий орзуга интилади. У бошқалардан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон қўли етмайдиган орзуга талпиниб яшайди. Орзу унинг кўксида, унга ниҳоятда яқин, ундан ниҳоятда узоқдир. Шоир ўз юрагини қўлига ололмагани каби, орзусига ҳам умр бўйи талпиниб ўтади. Фақат шу маънодагина шоир “субъектив” шахс.
Қалбимга тўлганда
қувонч ё алам,
Ҳайқириб ўчимни
сендан олурман.
Бор, шеърим — шеригим,
бора қол, болам.
Болам, мен ортингдан етиб
борурман.
“Ҳайқириб ўчимни сендан олурман” сатри “субъектив”ликни тан олиш, жиддий киноя билан фахр, аччиқ фахр билан тан олишдир. Навбатдаги мисрадаги “шеърим — шеригим” аллитератсияси ва ”болам” сўзининг такрори бизнинг ҳаяжонимизни чуқурлаштиради, ҳали айтилажак фикрни англамай туриб, йўл-йўлакай тўлқинлантиради.
Бу шеър йигирма йилча аввал ёзилган. Шеърдан 60-йилларнинг оромбахш шабадаси эсаиб турибди, мозийга айланган ўн йилликларнинг ўзига хос руҳи айланиб юрибди. Ундан кейинги йиллар шеърий идрокини тарбиялашда хизмати катта бўлган оқим товуши келади. Чўлпон Эргашнинг сўнгги йилларда чоп этилган “Умид чироғи” ва “Баҳор орзулари” китобларида шундай тоза нафасга йўғрилган шеърлар анча.
Дейлик, Чўлпон Эргашнинг “меҳрли кўзларидан думалаб кетсин” қабилидаги образлари ўша давр шеъриятида кўп учрайди. Яна таъкидлаш мумкин, бу умумий руҳдан келиб чиққан. Эсингизда бўлса, Абдулла Орипов ўз шеърида “йиғи” сўзини ишлатгани учун баъзи танқидчилардан балога қолган эди. Ҳозир бу бизга кулгили кўринади. Чунки, бугун энг шодмон танқидчи ҳам одам баъзида йиғлаши мумкинлигини тушунади.
Лекин Чўлпон Эргашнинг шеърлари ичида “маҳзуни” йўқ. Фақат у ўз бахти томон илжайиб боришни эп кўрмайди. У бахтнинг елгилтакликни, ясама бахтиёрликни ёмон кўришини билади. Бахт муқаддасдир. Унга интилган ҳар қиши, айниқса, шоир, аввал ёлғон сўздан тозаланади. Шу маънода, ҳатто ўлим ҳақидаги мисралар ҳам ҳаётга ташналикни ифодалайди, яшашга чанқоқликни таъкидлайди:
Ва лекин барибир
муқаррар ўлим,
Нетай, ўлмасингни
мен ҳам истардим,
Иложи бўлсайди,
ўлмасдим ўзим,
Бермас эдим сенга ҳеч
қачон дардим.
Чўлпон Эргаш шеъриятидаги яна бир яхши хусусият унинг соддалигида, халқчиллигададир:
Узоқ-узоқларда
гумбур-гумбурлаб,
Пар-пар ёришмоқда
кўклар дам-бадам.
Отлар кишнамоқда
дупур-дупурлаб…
Бу сатрларни шеър қоидаларини билмайдиган, ташбеҳ нима эканлигидан хабари йўқ кимсага ўқиб берсангиз ҳам, тасаввурида дарҳол манзара пайдо бўлади. Бундай фазилат Чўлпон Эргашнинг китобларидаги кўп шеърларига хос.
1981
(16)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Иқрор” китобидан. (58-61-саҳифалар.)