O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Солижон Абдураҳмоновнинг тутқунликдаги 3405 куни ва туни

Солижон Абдураҳмоновнинг тутқунликдаги 3405 куни ва туни
212 views
12 October 2021 - 20:51

Қорақалпоғистонлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Солижон Абдураҳмонов наркотик модда ташлаб қўйилиши ортидан уйдирма айбловлар асосида тўққиз йилдан ортиқ қамоқда ўтирди. Озодликка чиққанидан сўнг тўрт йилдан буён Ўзбекистон ҳукуматидан ўзининг реабилитация қилинишига муваффақиятсиз уриниб келади. У нашримизга берган интервьюсида ҳибсга олиниши ва қамоқдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

Солижон Абдураҳмонов этник ўзбек, 1950 йилда Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги Манғит туманида (1957 йилдан Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани) туғилган. Тошкентдаги политехника техникумини сувоқчи-бўёқчи мутахассислиги бўйича тугатиб, армияда химат қилганидан сўнг Нукусдаги педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Педагоглик фаолиятини 1968 йилда иккита бошланғич мактабда бошлаган. Улардан бири кейин ўрта мактабга айлантирилган ва у бу ерда 1993 йилгача ишлаган. Москвада ҳарбий хизматчи ўтаб юрган вақтларида ҳарбий мухбир сифатида “На стройке” (“Қурилишда”) ва “Красный воин” (“Қизил жангчи”) газеталари учун мақолалар ёзиб турган. Бироз вақт “Советская Каракалпакия” (“Совет Қорақалпоғистони”, кейинчалик “Вести Каракалпакстана” – “Қорақалпоғистон хабарлари”) газеталари журналисти сифатида фаолият юритган. 2001 йилгача деҳқончилик билан шуғулланиб, кейин “Озодлик” ва “Америка овози” радиолари билан ҳамкорлик қила бошлаган. 2005 йилдан бошлаб то 2008 йилда ҳибсга олингунга қадар “Озод овоз” ва Uznews.net интернет нашрларида ҳам ишлаган.

– Солижон ака, 2008 йилда қандай ҳибсга олинганингиз ҳақида батафсил гапириб берсангиз.

– Ўша йили июнь ойида мен машинамни Нукус иссиқлик марказида қолдирдим. Бу вақтда менинг ортимдан кузатув қўйилган экан. Машинани олиб кетаётганимда марказ ишчиси унинг атрофида қандайдир милиционерлар айланишганини айтиб қолди. Ўшанда мен бунга унча эътибор бермагандим. Чунки бундай сал аввал ҳарбий шаҳарчада “Дамас” автомобилида қотиллик излари аниқланганди. Бунинг устига, машинамнинг давлат рақами Тошкентники эди. Шунинг учун уларнинг иши текшириш-да, дедим. Кейин маълум бўлишича, айнан ўша ерда машинамнинг юкхонасига наркотик модда ташлаб қўйишган экан.

Ҳеч нарсадан шубҳа қилмай, мен машинамни олиб кетдим ва дўстимнинг ҳовлисига қўйдим. У ерда машинам тахминан бир ҳафта турди. 7 июнь куни эрталаб биз стартерни тузатиш учун машинани аввал бир автоустахонага, кечқурун бошқасига ҳайдаб бордик. Айнан ўша ерда биз фуқаро кийимидаги МХХчиними (МХХ – Миллий хавфсизлик хизмати, 2018 йилда Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилган), жиноят қидирув ходиминими кўрдим. У устанинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Маълум бўлишича, у машинани кечқурун устахонада қолдиртирмасликни сўраган экан. Машинани таъмирлатгандан сўнг кечқурун биз Нукусдаги квартирамга қараб кетдик.

Уйимга тахминан 200 метрча қолганида машинани йўл-патруль хизмати ходими тўхтатди ва уни кўздан кечириш кераклигини айтди. Менда ҳатто ҳужжатлар ҳам йўқ эди. Чунки мен машинани бунча тез тузатишларини ва уни уйимга олиб кетишимни билмаган ҳам эдим. Шунинг учун: “200 метр юрайлик, мен ҳужжатларимни кўрсатаман”, дедим. “Керак эмас, ҳозир тезкор гуруҳ етиб келади”, деди у. “Улар келгунича мен ҳужжатларимни уйдан олиб келаман”, дедим. “Йўқ, кутинг”, деди. Ўн минутларда тезкор гуруҳ ит билан етиб келди.

Жиноят қидирув капитани Жасур Камолов мени тўхтатишган жойдан сал нарида, “Матиз” машинасида икки киши билан ўтирганди. Уларнинг ҳаммаси фуқаро кийимида эди. Камоловни олдиндан танирдим, у бизнинг тумандан, Нукусда жиноят қидирув бўлимида ишларди. Ҳали эрталабданоқ шаҳар телефонимга кимдир қўнғироқ қилган, гўшакни кўтарганимда эса ҳеч ким гапирмаганди. Уйдаманки ёки йўқлигимни текширишган чамамда. Уйдан машинамни устахонадан олиш учун чиққанимда “Матиз”да уч киши  яқинлашди, рулда Камолов эди. Шу пайт синфдош дўстим биргаликда автоустахонага бориш учун ўзининг машинасида етиб келди. “Матиз” эса бизнинг ортимиздан борган экан.

Хуллас, кечқурун тезкор гуруҳ келди. Бошлиғи “Қорадори” операцияси ўтказилаётганини айтди. Одатда наркотик излашаётганида аввал двигателни очиб, радиаторни қарашади. Булар эса дарҳол юкхонага тармашишди. У ердан эса захира баллон орқасидан катта пакетда марихуана ва кичик пакетда ёки опий ёки наша топишди. Марихуанани очишди ва иккала пакетни ҳам ерга қўйишди. Касби санитар врач бўлган дўстим: “Бу ҳақиқий марихуанага ўхшамайди”, деди. “Наҳотки менга нимадир ташлаб қўйишса, у қалбаки бўлади”, дедим мен. Мен учун ҳаммаси тушунарли бўлиб улгурганди.

– Иккала пакетнинг оғирлиги қанча эди?

– Марихуана 514 грамм эди. Унинг пакети Чимкентда уч йил олдин чиққан газетага ўралганди. Ит унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамаганига эътибор қилдим. Марихуана шунчалик эски эканки, ҳатто ҳиди ҳам чиқмаган. Бир чимдим олдим ва ҳидлаб кўрдим, мен ҳам ҳеч қандай ҳид сезмадим. Бундай тушундимки, пакет уч йил давомида очилмаган, лекин кўп марта фойдаланилган.

Наша солинган иккинчи кичик пакет 5,98 грамм чиқди. Кейинчалик, тергов изоляторида биладиган одамлар менга бу каби ташланмалар одатда электрон тарозиларда тортилиб, пакетларда керакли оғирликда жойлаб қўйилишини айтиб берди. Уларда 5 ёки 6 грамм бўлиши керак. Бундан хулоса шуки, бу пакетлардан ўзларининг эҳтиёжи учун озгина олишган.

– Кейин нима бўлди?

– Сўнг тергов ва суд бўлди, буларнинг ҳаммаси 16 декабргача давом этди, яъни тергов изоляторида олти ойдан ортиқ ўтирдим. Бу вақт ичида квартирамдан техникалардан ташқари бутун архивимни – Қорақалпоғистон тўғрисидаги 6 минг варақдан ортиқ журналистик материалимни олишди. Уларни менга ҳалигача қайтариб беришгани йўқ. Ишим бўйича тергов давомида учта терговчи алмашди. Биринчиси Нукус шаҳри ИИБнинг ёш лейтенанти Тимур эди. Шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Абдулла Қутибоевнинг кейинчалик менга айтишича, бу лейтенант “мендан бу ишни олинглар”, деб йиғлаган. Шундан сўнг унинг ота-онаси ҳалол одамлар (онаси – Нукус университети ўқитувчиси) экани, шунинг учун ўғлидан бу нопок ишдан воз кечишни талаб қилгани маълум бўлди.

Иккинчи терговчи айнан ўша подполковник Абдулла Қутибоев, учинчиси эса Қорақалпоғистон ИИВдан майор Эркин Нурмашов бўлди. У ҳам ўзига шу иш тушганидан пушаймон бўлди. Қизиғи шундаки, кейин билишимча, терговчилар Тимур ва майор Нурмашев тез орада доимий яшаш учун Қозоғистонга кетишган. Балки улар Қорақолпоғистонда одамларнинг кўзига қарашга уялишгандир. Қутибоев ҳам кўп ўтмай истеъфога чиқди. Қамоққа олишга санкция берган судья ва Нукус прокурори ҳам ҳеч қанча ўтмай лавозимларидан озод қилинди.

Яна бир қизиқ факт: жами иккита тушунтириш хати ёзганман – биринчисини ҳисбга олинганим 7 июнь куни, иккинчисини 8 июнда, менга яна бир марта ёзишим кераклигини сўрашганида. Инжиқ одам бўлмаганим учун тушунтириш хатини яна бир марта ёзиб берганман.

– Иккинчи тушунтириш хати нега керак бўлиб қолди?

– Колониядан чиққанимдан кейин жиноят ишимни батафсил ўргандим ва ундан биринчи тушунтириш хатини топа олмадим. Маълум бўлишича, уни жиноят ишидан олиб ташлашибди. Чунки мен унда май ойида “Нью-Йорк таймс” мухбири билан учрашганимни, биргаликда Қорақалпоғистоннинг бир неча туманларида бўлганимизни ёзган эдим. Худди шу пайтда махсус хизматлар мухбирни тинимсиз кузатган ва бир муддат уни йўқотиб қўйган бўлишлари мумкин. Ўзларининг бу хатоларини яшириш учун улар биринчи тушунтириш хатини йўқ қилишган ва мендан мухбирни эсга олмаган ҳолда иккинчисини ёзиб беришни сўрашган.

– Тергов вақтида сизни калтаклашдими?

– Ҳаракат қилиб кўришди, лекин, менимча, юқоридан менга тегмаслик тўғрисида кўрсатма бўлган. Бир куни терговчининг хонаси жойлашган йўлакда турсам, тепадан қандайдир тезкор ходим тушиб келди ва олдимдан ўтаётиб мени резина тўқмоқ билан урди. Мен унга ўгирилдим ва: “Тўқмоғингдан қўрқмайман”, дедим. У менга ажабланиб қаради ва ўтиб кетди. Кейинроқ мени икки-уч марта уришга ҳаракат қилишди, тўғрироғи, уришди. Аммо ўзимни тутишим жуда сабрли бўлгани учун улар менинг “иродамни синаб кўриш”га ботина олмаган бўлиши мумкин.

– Судда прокурор ким эди?

– Мени Тахтакўпир тумани жиноят ишлари судида судлашганида судья Қидирбоев маҳкама ўтаётган Қорақалпоғистон Олий судига, Нукусга махсус келиб кетарди. Айблов томон эса Тахтакўпир тумани прокурорининг ёрдамчиси эди.

– Ишингизни нега Нукус суди эмас, туман суди кўрди?

– Мен бу ҳақда ҳам ўйлаганман. Умуман, ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида турли йилларда одамларни ҳар хил судларда ҳимоя қилганман. Бошқа томондан, менинг жиноят ишим сохталаштирилганини барча биларди. Шунинг учун бу ишни кўришни истайдиган судьяни топиш керак эди ва уни Тахтакўпирдан топишди. Ҳозир ундан қутулиш учунгина шу ишни топширишгани маълум бўлган. Айни пайтда Қидирбоев адвокат бўлиб ишлаяпти.

– Сизда ҳам адвокат бор эдими?

– Ҳибсга олинганимнинг биринчи кечасида менга адвокат таклиф қилишди, лекин энди бу фойдасиз эканини билганим учун уни рад этдим. Аммо эртаси куни ҳуқуқшунос укам Баҳром Абдураҳмонов келди ва менга адвокат бўлди. Менинг жиноят ишим бўйича ҳукм ўқилгандан сўнг уни лицензиясидан маҳрум қилишди.

Қизиқ ҳолат: тергов давомида учта терговчидан бирортаси мендан топилган наркотиклар тўғрисида сўрамади. Худди шунингдек, суднинг бўлиб ўтган олтита мажлисида ҳам на судья, на прокурор наркотик мавзусини кўтармади.

– Уларни нима қизиқтирганди, фаолиятингизми?

– Ҳа, масалан, Нукус прокурори Азамат Исматов мен у ёки бу маълумотни қаердан олганим, ким менга ёрдам бергани, қаердан ва қанча пул олганим кабилар билан қизиқди. Мен ўзим бу мавзуларда сўз очмадим. Аммо кейинчалик қамоқда ўтирганимда, 2009 йилда мендан оқ қоғозга имзо қўйдириб олишганига “нега” деб ўйланиб қолдим. Балки ўша қоғозга наркотиклар ҳақидаги маълумотларни киритмоқчи бўлишгандир? Чунки илгари наркотиклар меникилигини тан олмагандим-да.

– Нега оқ қоғозга имзо қўйиб бердингиз?

– Ўша пайтда улар нималарни ёзишининг менга қизиғи йўқ эди. Қолаверса, улар ҳақиқатга тўғри клемайдиган бирор нарса ёзса, келажакда менинг ишим буюртма эканини кўрсатадиган яна бир далил бўлишига ишончим комил эди. Бундан ташқари, агар имзо чекмаганимда ҳам уларнинг ўзи менинг номимдан қўл қўйган бўларди. Айтганча, озод этилганимдан кейин жиноят ишини ўрганганимда унда ўша қоғоз йўқ эди. Балки улар бу қоғозга ўзларига маъқул ёзувларни киритиб, Абдураҳмоновнинг аҳволи яхши, шикояти йўқ, деб халқаро ташкилотларга тақдим этгандир.

– Ҳукм, ўзингиз айтганингиздек, декабрнинг ўрталарида чиқарилдими?

– Йўқ, октябрь ойида. Аммо кейин икки ой тўрт кун давомида, 16 декабргача тергов изоляторида ўтирдим. Нега? Балки охирги дақиқаларгача улар мени қамаш ёки қамамаслик, колонияга жўнатиш ёки жўнатмасликни ўйлашгандир. Бу вақт ичида апелляция шикояти ёздим. Бу шикоятим ноябрь ойида Қорақалпоғистон Олий судининг жиноят ишлари бўйича ҳайъатида Раззоқова раислигида кўрилди ва ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

– Якунда сизни қайси моддалар бўйича айблашди?

– Бошланишида Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар; бу модда бўйича энг кўп жазо – беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш) бўйича айб қўйишди. Менга танишиш учун берилган айблов хулосасида шундай ёзилганди. Мен наркотик моддаларга ҳеч қандай алоқам йўқлигини, жиноят иши бўйича терговни тугатишни подполковник Қутибоевга топширишларини сўраб ёзиб бердим. Чунки мен уни нисбатан ҳалол одам деб билардим.

Юқорида номини айтганим, терговни тугатган майор чиқиб кетиб, уч кундан сўнг янги айблов хулосаси билан қайтиб келди. Янгисида 273-модданинг 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш; бу модда бўйича жазо – 10 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш) кўрсатилган эди. Тушуняпсизми, улар мени қамашни исташмаган, 276-модда бўйича айбимни тан олсам, қандайдир жаримами ёки бошқа жазо қўллаб, озодликда қолишимни хоҳлашган. Мен айбни тан олмаганим оқибатида менга 273-модда бўйича 10 йил қамоқ жазоси беришди.

Қизиғи шундаки, 2019 йил декабрда озодликка чиққанимдан кейин Қорақалпоғистон Республикасининг ўша пайтдаги прокурори, ҳибсга олинганимдан бир ҳафта кейин Ўзбекистон бош прокурори ўринбосарлигига кўтарилиб кетган Ҳакимбой Ҳалимов билан учрашдим. Бу вақтда у Қорақалпоғистонга қайтган ва Қорақалпоғистон прокуратурасида жиноят ишларини судларга ўтказишни назорат қилувчи прокурор вазифасида ишлаётган эди. Ҳакимбой менга: “Солижон ака, сиз яхши одамсиз”, деди. “Яхши одам бўлсам, нега мени қамадинглар”, дедим. “Сизни мен қамамадим”, деб жавоб берди. Тошкентдаги МХХга ишора қилди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва журналистик фаолиятим учун.

– Қайси колонияларда ўтирдингиз?

– Фақат биттасида – Қаршидаги УЯ-61 да.

– Колонияда “лохмач”лар билан тўқнаш келдингизми?

– Албатта, уларсиз бўладими? “Лохмач”лар (тергов чоғида кўрсатма олиш учун маъмурият билан ҳамкорлик қиладиган маҳкумлар, чақимчилар) асосан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси секцияси маҳкумларидан, оддий маҳкумлар ичидан ҳам чиқар эди. Кучсизларни кўп ҳимоя қилардим. Масалан, чекиш жойида (ўзим чекмасдим) битта “лохмач” келди-да: Соли бобо (қамоқда мени шундай аташарди), сизни ҳам уришса-чи”, деб сўради. “Уришса, йиқилаётиб ҳам ўз фикримизни айтамиз”, деб жавоб берди. Шундан сўнг у менга худди кичиклар катталарга қилгани каби доимо дўстона муносабатда бўлди.

Умуман, колонияда “лохмач”лар ҳамма жойда бор эди, айниқса, қамоқхонага олиб келингандан кейин бўладиган 2-3 ойлик карантин даврида сизнинг қандай одамлигингизни ўрганиш учун ҳар томонлама текшириб кўришади. Бу билан махсус тезкор гуруҳ шуғулланади. Улар ўзингизни кучсиз ва пасткаш қилиб кўрсатишингиз учун сизни бирор нарсадан норози бўлишга мажбур қилишга уринишади. “Лохмач”лар эса шу мақсадда сизни атайин ҳақорат қилиши ёки ўтиб кетаётиб туртиши мумкин.

Насронийларда айтишади-ку, агар бир юзингга уришса, иккинчисини тут, деб. Мусулмонлар эса: “Агар сени ҳақорат қилишса, демак ҳақсан, шунинг учун бу ҳақоратлар сенга тегмайди”, дейди. Ана шу ақидаларга амал қилдим. Ҳақорат қилишса ҳам нега кулиб тураверишим ҳақида икки марта сўрашган ҳам. Мен ҳеч кимнинг устидан кулмаслигимни, табассум ичимдан келишини айтиб жавоб берганман. Кейин бутун маҳкумлигим давомида менга ҳурмат билан муносабатда бўлишган.

– Андижондаги 2005 йил воқеаларидаги иштироки учун қамалганлар билан ҳам бирга ўтирганингизни айтгандингиз…

– Ҳа, улар кўп эди. Масалан, бизнинг отряддаги 120 кишидан бештаси шулардан эди. Уларнинг учтаси – собиқ тадбиркорлар билан яхши таниш эдим. Ажойиб йигитлар, деб бемалол айта оламан. Уларда одамгарчиликдан чекинишни бирор марта кўрмаганман. Кўп йил ўқитувчи бўлиб ишлаганман-ку, шунинг учун одамлардаги яхши хислатларни кўришни ўрганганман-да. Уларда фақат ижобий инсоний хислатларни ва жиноятчи эмаслиги ҳақидаги ички ишончни кўрганман.

Улар билан гаплашишга рухсат беришмасди, ҳатто аввалига бунинг учун интизомий жазо қўлланиларди. Улар билан гаплашмаслик кераклигини йиғилишларда ҳар доим айтишарди. Аммо мен “қулоқсизман-ку”, “промка”да (саноат зонаси) жун титиш вақтида ёнларида ўтирардим ва гаплашардим. Бригадир мени кўп марта огоҳлантирган, аммо адолатсизликка кўз юмиб бўладими?

– Улар озодликка чиқарилган ҳолатлар ҳам бўлганми?

– Улардан қилган ишига пушаймонлиги тўғрисида ҳар доим тилхат олишарди. Бирор айбни бўйнига олмаганлар саноқли эди. Аксарияти ёзиб беришарди, чунки улар диндор одамлар эди. Мусулмончиликда кимдир бирор нарсани тан олса, Аллоҳ кечиради, деган гап бор. Балки шунинг учундир, улар бирор айбга иқрор бўлиб, тилхат ёзиб берарди. Ҳатто иқрор бўлганларни ҳам танлаб-танлаб озод этишарди. Озод этиш қанчадир минг доллар туриши ҳақида гап-сўзлар юрарди.

Уларнинг баъзиларини мен ўша ердалигимда озод этишди, аксинча, кўпчилигига Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) бўйича муддат ҳам қўшиб беришди. Озод этилганлар қанчадир доллар бергани ҳақида гап-сўзлар бўларди, аммо мен бу гап тўғрилигини тасдиқлай олмайман. Лекин уларни албатта корпуслар оралиғидаги майдонга олиб чиқишарди. Секторимиздаги тўртта отрядни (колонияда ҳаммаси бўлиб тўртта сектор, ҳар бирида тўрттадан отряд бор эди) ўша ерга йиғишарди. Тезкор ходим чиқиб ким, қайси модда бўйича қамалганини эълон қиларди. Шундан кейин бу маҳкумлар ҳамманинг олдида қилган жиноятидан пушаймонлигини, адашганлигини, президентдан кечирим сўрашини, қамоқдан чиққанидан сўнг Ўзбекистон фаровонлиги йўлида яшаши ва меҳнат қилишини айтиши шарт эди. Буларнинг ҳаммаси видеотасвирга олинарди. Бу бошқалар шундай иш қилмаслигига қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларининг бир шакли эди.

– Сиз билан асосан кимлар ўтирган, жиноятчиларми? Кўпинча қайси моддалар билан қамалганлар?

– Биласизми, у ерда ҳеч ким ўзи ҳақида кўп нарса гапиришни истамайди. Агар диққат билан атайин ўрганиб чиқмасангиз, ёнингизда киссавурми ёки қотил эканини ҳеч қачон била олмайсиз. Қамоқхонага тушишдан олдин ҳамма тергов изоляторидаги бир неча ойлик дўзахдан ўтади. Шунинг учун ҳамма бу ерга қанча бўлса шунча ўтиришга тайёр бўлиб келади. Тўғри, кимдир умидсизликка тушиб қолади ва ўзини ноқобил кўрсатиб қўяди, лекин бунақалар жуда-жуда кам учрайди.

Эсимда, 50 ёшлардаги бир маҳкум бўларди. Бир куни барак олдида ошхонага жўнашни кутиб навбатда тургандик. Сен одамнинг терисини шилиб олгансан, деб кимдир унинг устидан кулишни бошлаяпти, у ҳам куляпти. Мен бу ҳазил бўлса керак, деб ўйладим. Чунки ҳеч ким уни қотил деб ўйламасди-да. Хуллас, уни манзил колонияга чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун комиссияга олиб боришди. Биз у манзил колонияга чиқишига ишонардик, у эса дарҳол қайтиб келди. Маълум бўлишича, колония бошлиғи унинг жиноят ишини кўриб: “Мана, сен одам ўлдириб, терисини шилиб олибсан. Балки тўсатдан яна шунга ўхшаш бирор нарса қилиб қўярсан? Бунақаси бошқа қайтарилмаслигига ваъда берасанми”, деб сўрабди. Одатда бунақа пайтда ҳамма ваъда беради. Аммо унга ишонишмаган кўринади, шунинг учун ортга қайтаришган. Мен ўшандагина у нима учун қамалганини билганман. Ҳолбуки, бунгача кўп ойлар давомида мен унинг қотил экани, яна одамнинг терисини шилиб олганини хаёлимга ҳам келмаган.

– Яъни сиз билан ҳар хил моддалар бўйича қамалган одамлар ўтирган-да?

– Ҳаммасидан бор эди! Қотиллар алоҳида ўтириш кераклиги тўғрисидаги тартиб бор, лекин бу талаб умуман бажарилмайди. Жазони ижро этиш бошқармаси учун бу одамларни қўрқувда ушлаб туриш учун зарур бўлса керак. Чунки уларга нимадир керак бўлса, қотилларга таянади.

– Маҳкумлар ичида гиёҳвандлар ёки наркотиклар савдоси билан шуғулланадиганлар кўп эдими? Бундайлар мамлакатнинг қайси вилоятларидан кўпроқ эди?

– Қамоққа келганимнинг бошларида отрядимиздаги 54 фоиз маҳкум наркотиклар билан боғлиқ моддалар бўйича қамалганини ҳисоблаб чиққанман. Гап шундаки, бутун мамлакат бўйлаб наркотикларга қарши кураш бўйича кенг кўламли тадбирлар ўтказиларди. Ҳатто участка профилактика инспекторлари ўз ҳудудида кўришни хоҳламаганлар (масалан, уйсиз дайдилар) ҳам бор эди. Уларга наркотиклар ташлаб қўйилган, бунга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса ҳам айнан шундай моддалар билан қамалган бўлишлари мумкин.

Бундайларнинг қайси вилоятдан кўплиги ҳақида менда аниқ маълумотлар йўқ. Аммо кузатишларимга кўра, чегараолди Сурхондарё вилоятидан, Фарғона водийси, Хоразм ва Тошкентдан шундай моддалар билан қамалганлар кўп эди. Қорақалпоғистондан энг кам эди.

– Маҳкумлик даврингизда қамоқхонадаги тартиблар ўзгариб турдими ёки тахминан бир хиллигича қолдими?

– Қамоқхонадаги аста-секин ўзгаришлар, кузатишимча, 2012 йилдан кейин бошланди. Ўшанда колонияга Халқаро қизил хоч ташкилоти вакиллари икки марта келди, балки бу ҳам ўз ролини ўйнагандир. Овқатланиш яхшилана бошлади: ёвғон шўрвага кўпроқ ўсимлик ёғи қўша бошлашди, нонуштада қайнатилган тухум пайдо бўлди (киши бошига биттадан, аввал берилмасди). Аммо шарт-шароит бутунлай ўзгариши мумкин эмас – қамоқхона ўз номи билан қамоқхона. Колония хизматчилари ҳам тубдан ўзгариши мумкин эмас: агар улар маҳкумни уриш ёки ҳақорат қилишга ўрганиб қолган ва шуни хоҳласа, ҳатто жуда истаган тақдирда ҳам ўз одатини бутунлай ўзгартира олмайди.

– Ислом Каримов вафотидан сўнг қамоқхонда қандайдир ўзгариш бўлдими?

– Тезроқ озод бўлишга нафақат менда, кўпчиликда умид пайдо бўлганини айта оламан. Чунки Мирзиёев ҳукмронлигининг бошларида турли соҳаларда ислоҳотлар бошланди ва маҳкумларда оптимизм кўпайди. Эсимда, 2016 йилги сайловдан сал олдин телевизорда Мирзиёевнинг чиқишини кўрсатишди. Уни отрядимиздан 63 киши томоша қилганини санаганман. Бўлажак президентга қараяпман ва ёқимли юз ҳамда келишган эркакни кўряпман. Мен ўгирилдим-да, томоша қилаётганлардан: “Озодликка чиққандан кейин Ўзбекистон фаровонлиги йўлида меҳнат қиладиганлар борми, тўғрисини айтинглар”, деб сўрадим. Ҳамма бир овоздан “ҳа”, деди. Мен бу жавоб чин юракдан айтилганини кўрдим. Чунки ҳамма Мирзиёевга ва унинг мамлакатда ҳаёт яхшиланиши ҳақидаги ваъдаларига ишонди.

Умуман, колония хизматчиларининг маҳкумларга муносабати яхши томонга ўзгарди. Зеро, ҳамма шамол қайси томонга эсишини кутарди. Мақолаларимдан бирида ҳазил қилиб ёзганимдек, агар илгари кимдир калтаклангани ёки таҳқирланганини ҳар куни юз марта кузатиш мумкин бўлган бўлса, энди бор-йўғи ўн марта шундай бўляпти. Аслида ҳатто бир мартаси ҳам биз учун фожеа, уятдир.

– Сизни дунёнинг турли бурчакларидан қўллаб-қувватлашгани, хатлар ёзишганини эшитдим. Шу тўғрими?

– Қамоқда ўтирганимда бунга эътибор бермаганман, чунки бу хатлар қандайдир ёрдам беришига умид йўқ эди. Эсимда, бир куни Нидерландиядан боланинг дастхатида ёзилган хатни беришди ва хорижда бирорта танишим борлигини сўрашди. Йўқлигини айтдим. Қамоқда ҳаммаси бўлиб тўртта хат олдим, биттаси Хитойдан экани эсимда. Уйимга эса, ҳақиқатан ҳам, юзлаб хатлар келган. Буни хотиним мен билан кўришиш учун қамоқхонага келганида айтганди. Озодликка чиққанимдан сўнг бу хатларнинг ҳаммасини ўқидим. Amnesty International ташкилоти мен ҳақимда маълумот тарқатгани учун шунча хат олган эканман.

– Сиз жами қарийб 9 йил ўтирдингизми?

– 9 йил 4 ой – жами 3405 кун. Айтганча, 2014 йилда мени озод этишганди. Ўшанда соғлиғим туфайли Тошкентдаги “сангород”да (УЯ-18) эдим. Қамоқда ўтирган бутун давримда у ерга 12 марта тушганман. Хуллас, 14 март куни тиббий кўрикдан ўтдим, кейин Ҳамза (ҳозирги Яшнобод) тумани жиноят ишлари суди менинг озод этилишим масаласида “сангород”да суд мажлиси ўтказди. Шартли равишда муддатидан олдин озод этилсин, деган қарор ўқилди. Уч кун ўтди. 17 мартда мени “сангород” бошлиғининг биринчи ўринбосари Ботир Қодиров чақирди ва озод этилганим билан табриклади. “Сизга видеода нима гапиришни ўргатиш шарт эмас, ўзингиз биласиз”, деди Қодиров.

Кейин мен фуқаро кийимини кийдим ва чиқишга тайёрландим. Озодликка чиқишдан олдин учта постдан ўтилади. Офицер ҳамроҳлигида биринчисидан ўтдим. Иккинчисидан ўтишимда йўлга пул ва озиқ-овқат беришди, касал одам сифатида мени уйимгача кузатиб қўядиган милиционерни таништиришди. Айбим учун видеода президентдан кечирим сўрашимни, тегишли хулосалар чиқарганимни айтишимни сўрашди. Ўша пайтларда сиёсий, диний айбловлар билан қамалган барча маҳкумларни шартли равишда фақат шундай шарт билан муддатидан олдин озод қилишарди.

Хуллас, уч марта тасвирга олишди ва тўртинчи марта ҳам видеога олиш зарурлигини айтишди. Тўртинчи марта ҳам худди аввалги уч мартадаги каби камерага қараб, озодликка чиққанимдан сўнг мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиб ишлаш, қонун устуворлигини ҳимоя қилиш ниятида эканимни гапирдим.

– Сизни тўрт марта тасвирга олиш нега керак бўлиб қолди?

– Чунки мен ҳаммасида президентдан кечирим сўрамагандим, яъни уларнинг талабларини бажармагандим. Ҳар бир дублдан кейин улар тасвирни компьютерда тепага кимгадир жўнатишар, 15-20 минутдан сўнг у ердан қайта тасвирга олиш тўғрисида кўрсатма келарди.

Тўртинчи мартасидан сўнг орадан 15 минут ўтиб офицерлардан бири бугун кеч бўлгани, эртага чиқишимни айтди. Офицерга пул ва ҳужжатларни қайтариб бердим, мени озодликка чиқармасликларини билиб бўлгандим. Мени Қодировнинг олдига олиб киришди. У бугун улгуришмагани, эртага қўйиб юборишларини айтди. Эртасига ҳам чиқаришмади ва бир неча кундан сўнг Қаршидаги колонияга қайтаришди.

– Улар суднинг сизни озод этиш тўғрисидаги қарорини бажаришмаган бўлиб чиқяпти-да, тўғрими?

– У ерда суд бўлганми ёки бўлмагани, ким ва қайси асосда мени қўйиб юбормаганини ҳеч ким тушунтириб ўтирмайди. 2014 йилда “сангород”га жойлаштирилгунимга қадар мен Ўзбекистон Олий суди ва президентга 24 марта шикоят ёзганман, лекин бирор марта жавоб олганим йўқ. Ўшанда озодликка чиқа олмай қолганимдан сўнг бошқа ҳеч кимга шикоят ёзмадим. Чунки буларнинг барчаси бефойдалигини тушуниб етдим.

Озодликка чиққанимдан сўнг 2014 йилда мени қайси асосда яна колонияга қайтаришганини аниқлашга уриниб кўрдим. УЯ-18 га ёзма мурожаат қилдим. “Хатингизда кўрсатилган воқеалар бўлмаган”, деган ёзма жавоб олдим.

Кейин мен Яшнобод тумани жиноят ишлари судига бордим. Судьянинг ёрдамчиси мени компьютердан топгани, уларнинг маълумотлари бўйича мен суд қилинмаганимни билдирди. Ҳақиқатни билмагунимча барибир тинчимаслигимни, судья билан маслаҳатлашиб кўришини, бир неча кундан кейин келишимни айтдим. Шундан сўнг менинг жиноят ишим 2014 йил 13 март куни судга келиб тушгани, аммо 14 мартда иш кўриб чиқилмагани ҳақида ёзма жавоб олдим. Аммо нега кўриб чиқилмагани сабаби кўрсатилмаганди.

– Яъни суднинг сизнинг озод қилинишингиз ҳақидаги қарори бўлмаган, шундайми?

– Шундай бўлиб чиқяпти.

– Хуллас, қачон озодликка чиқдингиз?

– 2017 йил 4 октябрда.

– Озодликка чиққанингиздан кейин нима билан шуғулландингиз?

– 2018 йилда Галима Бухорбоева билан ҳамкорликни тикладим. У мен ҳибсга олингунга қадар Uznews.net, кейин эса Centre1.com сайтларига раҳбарлик қилган. Мен шу сайтга фаол ёзишни бошладим. Қорақалпоғистон ҳаёти ва муаммолари тўғрисида ойига 10 тагача мақола бериб турдим.

– Реабилитация қилинишга уриниб кўрдингизми?

– Кўп марта. Ўзбекистон Олий судига бир неча бор ёзма мурожаат қилдим. Икки марта президент аппаратида Олий суд вакилининг шахсий қабулида бўлдим. Олий судга ҳар сафар мурожаат қилганимда аввалига мени компьютердан топа олмасликлари, кейин эса менинг исмим қандайдир алоҳида рўйхатга экани маълум бўлиши ҳақида мақолаларимда ҳам ёздим. Олий судда ҳам, президент аппаратида ҳам “қора рўйхат” ҳунуз мавжуд. Менинг ўша рўйхатда эканим маълум бўляпти.

Сўнгги бор 2019 йил охирида Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комиловнинг Нукусда бўлаётган қабулига бордим. Қабулхонага кирганимда кимлигим ва қайси масалада келганимни сўрашди. Мен раиснинг қанчалик бандлигини тушунишимни, бор-йўғи 20 секунд вақтини олишимни айтдим. Қабулхонада 20 та одам бор эди. Мен ҳам ўтирдим ва кутдим.

Уч минутлардан кейин мени хонага таклиф қилишди. У ерда Комилов эмас, Ўзбекистон Олий суди ҳайъати аъзоси, Қорақалпоғистон жиноят ишлари суди раиси Ражабов ўтирарди. Мен қабул учун бор-йўғи 20 секунд вақт сўраганимни, Комиловдан “Ўзбекистонда қонун устуворлигига ўзингиз ишонасизми”, деб сўрашни хоҳлаганимни айтдим. Ражабов эса мен реабилитация қилинишимни билдирди. “Эртами, кечми, албатта шундай бўлади. Бу реабилитация мендан кўра Ўзбекистонга фойдалироқлигига ишонаман”, дедим ва чиқиб кетдим.

2020 йил 5 февралда яна Тошкентга келдим ва Олий судга бордим. Аввалига мени яна компьютердан топа олишмади. Кейин топишди-да, мени раис Комилов Нукусда қабул қилгани, унинг имзоси ҳам буни тасдиқлаб турганини айтишди. Ҳужжатнинг ўзини қўлимга беришмади. Нега беришмади? Чунки ёлғон ва сохтакорлик ҳатто Ўзбекистон Олий судида ҳам илдиз отган. Хуллас, реабилитация тўғрисида ҳалигача бирорта жавоб олганим йўқ. Охир-оқибат Ражабовни Олий суддан ҳайдашди. Чунки у бир марта ҳам, бир дақиқага ҳам, ҳатто битта одамга ҳам кўнглида адолат туйғуси борлигини айтиши мумкин эмас эди.

– Ҳозир Германиядасиз, қайси мақсадда келгансиз?

– Ҳа, ўтган йил августдан бери “Чегарасиз мухбирлар” ташкилотининг реабилитация дастури бўйича Германияда яшаяпман ва даволаняпман. Бу ердан туриб президент Шавкат Мирзиёевга қачондир реабилитация қилинишим мумкинми, деган савол билан бир неча очиқ хат ёздим. Шу пайтгача бирор жойдан жавоб олганим йўқ.

– Аввалроқ ижод билан шуғулланиш ниятида эканингизни айтгандингиз. Шуғулланяпсизми?

– Ҳа, ҳозир қамоқхонадаги хотираларимни китоб қиляпман. Ҳатто унинг номини ҳам топиб қўйдим – “3405 кун ва тун. Маҳкумнинг хотиралари”. Шу билан бирга, илҳом келганда, дейди-ку, шеърлар ва бадиий проза ёзиб турибман.

Манба: eltuz.com