O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

СОФИЗМ ЁКИ ҚОРАНИ ОҚЛАБ…

СОФИЗМ ЁКИ ҚОРАНИ ОҚЛАБ…
133 views
28 January 2013 - 9:42

(бадиҳа)

“Оқ йўл”,
“Оқ кўнгил”,
“Оқсоқол” – барча эзгуликлар оқдир…
“Юзинг ёруғ бўлсин”, деганда қам оқликни назарда тутишади.

Нега оқликка бу қадар иззат? Нега “оқ”нинг акси сифатида бечора “қора” танланган?..

Оқликнинг “устувор”лигини, айниқса, ирқчилар бўрттириб кўрсатишади:
улар ўзларини кибр билан “оқтанли” деб аташади… шу ерда “оқ” ранг ирқчининг кибридан бир оз “қорая” бошлайди…

“Қорая бошлайди”, деркан, қўққисдан ўзимнинг ҳам қора рангга бўлган анъанавий муносабатимни билдириб қўйдим…аммо бўлар иш бўлди, юпанчим шуки, қораликни оқлаш учун (кўрдингизми, орқага қайтаман деб яна ўша чуқурга тушдим!) қоранинг ҳақиқатдан ҳам қора эканини айтишим керак эди…

Хуллас, оқликни бир оз қоралаш орқали қораликни бир оз оқлаш учун шундай мушоҳада юритиш мумкин: “Оқсоқол” (раҳбар, ҳурматли, ёши улуғ одам) яхши нарса, аммо “оқсоч”( чўри, хизматкор) дегани сира ҳам яхши эмас… Нима учун? Нега “соқол”дан тепада турган “соч” (сочнинг одам бошида тутган ўрнини назарда тутаяпман) “соқол”дан паст кўрилади? “Оқсоч”- одамлар наздида, тахминан, тиззалар савиясида ўрин олиши лозим бўлган бир борлиқ ҳисобланади. Бу ҳолат оқликнинг юксак қадрият сифатидаги талқини қусурли эканини кўрсатмайдими?

Ёки “ўзингни оқлама”, деган иборани хам ижобий дейиш қийин. Мотам тутганда ҳам, юртимизда қора эмас, оқ кийилади… “Юзи оқарди”, “кўзининг пахтаси чиқди”, деганда ҳам инсоннинг энг “оқ” бўлмаган руҳий ҳолатлари назарда тутилади…

Ёки “оқпадар”, “оқ қилинди” деган сўзларни олайлик. Бу сўзлар мусулмон учун энг қўрқинчли сўзлардандир, бекорга Ўзбекистондаги мустабид режим мусулмон оналарини ўз фарзандларини “оқ” қилишга мажбурлаётгани йўқ.

Ва ёки аксинча,”қора халқ”, “қора ишчи” ва ёки “қора тер тўкиб, меҳнат қилди” каби сўз ва иборалардаги “қоралик”ларда салбийликдан кўра, ижобий мазмун кўпроқдор.

Хуллас, оқликни қоралаб, қораликни оқлашга бел боғлаганлар кўп далиллар келтириши мумкин – Ўзбекистон маҳкамаларида бу жабҳада қилинаётган ишлар бунга мисол.

Мақсуд Бекжон