СОЧЛАРИ СОЧИЛИБ…
Юрагимда нидо қотди чўғ бўлиб,
Муҳаббатим босиб ўтди хазонлар.
Кўз ёшларим адо бўлди тўкилиб,
Саҳаримдан жудо бўлди азонлар,
Юлдузлар алдади саробдай мени,
Аросатдан кела олмайман ҳушга.
Қулоғимда қолди бўсалар уни,
Сочлари сочилиб киради тушга.
Бухорони Тоқизаргарони бу,
Ишқу дил сотмоққа келдим мажнунвор,
Баққол билан ҳамма қилади савдо,
Мен дайди итдирман, йўқдир харидор.
Малагим – бойлигим, дунёда танҳо,
Адашиб изидан бўлдим мен гадо.
Бошимни йўқотдим ишқ кўчасида,
Эгасиз итларнинг хўжаси – Худо.
Юрагимда нидо қотди чўғ бўлиб,
Руҳу таним чалди ишқнинг савдоси,
Кўзим боғларида қорайиб қолди,
Турфа ранг гулларнинг турфа нидоси.
1982 й.
Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби,
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил