O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Соғлом она ва бола” йилининг илк каромати

“Соғлом она ва бола” йилининг илк каромати
177 views
09 February 2016 - 15:20

ёхуд
Наманганлик Дилмурод ЖУМАБОЕВга жавоб

Исмат Хушевнинг “Дунё Ўзбеклари” сайтида 2016 йилнинг 5 февраль куни эълон қилинган наманганлик юртдошимиз Дилмурод Жумабоевнинг “ОЗОДЛИК”КА: МАҲАЛЛА БУ – ҚОНУН ДЕМАКДИР!” сарлавҳали эътирозларига қўзим тушиб қолди.

Дилмурод Жумабоев “Озодлик” радиоси орқали эфирга узатилган “Маҳаллага қонун йўқми?” мавзусидаги жонли суҳбатга ўз эътирозларини билдираркан “…Маҳалла бу ўзбекнинг ўзидир, маҳалла бу ўзбек ҳалқининг турмуш тарзидир..” дея куйиб-пишадилар. Ва куйди-пишдиларининг хотимаси ўлароқ “Маҳалла бу – қонун демакдир!” деган хулосага келадилар.

Наманганлик юртдошимизнинг илгари суришга интилган иддаоларига ҳеч бир эътирозим йўқ.

Мадомики, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги хусусида гап борар экан, жамиятимизнинг бир бўлаги сифатида Жумабоев ҳам ўз шахсий қарашларини баён этишга ҳақли, албатта.

Мен… Ўзбекистон ичида истиқомат қилаётган шахс сифатида Дилмурод Жумабоевнинг айтиш жоиз бўлса мақоласидаги “…Маҳалла бу ўзбекнинг ўзидир, маҳалла бу ўзбек ҳалқининг турмуш тарзидир..” деган иддаоларининг нечоғлик “ҳақиқат” эканлигини ҳаётий далиллар асосида тўлдирмоқчиман, таҳлил қилоқчиман, янаям тўғрироғи исбот қилиб бермоқчиман.

Наманганлик Дилмурод Жумабоев минг карра ҳақ. Ҳақиқатдан ҳам “Маҳалла бу – қонун демақдир”. Мамлакат ичидаги маҳалла деб аталмиш бу кичик бир мамлакатнинг ўз ёзилмаган темир қонунлари бор. Қандай дейсизми? Қантдай!

Бу ҳақда мендан эмас, маҳалла фуқароларининг сўзларидан эшитганингиз маъқулроқ, назаримда.

ҚФЙимизда икки ёшчага бўлган болаларнинг нафақа пулини чиқариб бериши 100 доллар туради - дейди Дилоро Қурбонова

Қурбонова Дилоро

Самарқанд вилояти, Қиёт қишлоғида яшовчи Қурбонова Дилорохон “Маҳалла бу – қонун” эканлигига, “Маҳалла бу – ўзбекнинг турмуш тарзи” эканлигига ўзи истиқомат қилатган “Зарафшон” қишлоқ фуқаролар йиғини фаолияти мисолида суҳбатитмиз давомида қуйидагича шоҳидлик беради:

Суҳбатдошимиз Қурбонова лоф қилаётган бўлса керак деган ўйга борайлик десак, қўшни Роват қишлоғида яшовчи Гулноза Раҳматова ҳам Самарқанд вилояти, Оқдарё тумани “Зарафшон” қишлоқ фуқаролар йиғини 2 ёшгача бўлган болалар нафақасига эришиш нарх-навосини, баҳосини 100 АҚШ доллари қилиб белгилаганлиги ҳақидаги тумандоши Д.Қурбонованинг сўзларини тасдиқлади.

Гулноза Раҳматова

Раҳматова Гулноза

Гулнозага кўра, 8 ойлик фарзанди касалманд бўлишига қарамасдан “Зарафшон” ҚФЙ масъуллари 2 ёшгача бўлган боласига нафақа пули тўғрилаб беришлари учун ундан 100 доллар пора талаб қилишган.

Мана, “маҳалла бу – ўзбекнинг турмуш тарзи” деганлари айнан мана шу бўлади. “Маҳалла бу – қонун” деганлари ҳам шу бўлмасин тағин?

Нима, Қиётлик Дилора Қурбонова, ва ё Роват қишлоғида истиқомат қилувчи Гулноза Раҳматова сизу бизни алдаяптимикин? Суҳбат двомида овоз оҳангларида ёлғонни сездингизми?

Ана энди айтингчи, ким атрофдагиларни алдашга уринмоқда? “Маҳалла бу – қонун” муаллифи наманганлик Дилмурод Жумабоев ёлғончими, ва ё самарқанднинг Оқдарё туманида истиқомат қилувчи Гулноза ва Дилора алдоқчими?

Биз мазкур масала юзасидан “Зарафшон” қишлоқ фуқаролар йиғинига бордик. Бироқ бинода таъмир ишлари кетаётганлиги сабабли на ҚФЙ раисини ва на маслаҳатчини, на ҳисобчисини топа олмадик. Эшиклар тақа-тақ берк эди.

Оқдарё туманига қарашли Зарафшон ҚФЙ эшигига қулф осилган эди...

Зарафшон ҚФЙ эшиги пешонасига ёпиштирилган ёзув

Хулоса қилиб айтганда Ўзбекистондаги ҚФЙ ва МФЙда ҳар бир ишнинг, ҳатто ҳар қандай бир парча маълумотноманинг ҳам ўз нархи, навоси бор.

Бироқ наманганлик Дилмурод Жумабоев нега ҳамма билган ҳақиқатни инкор қилишга интилгани қизиқ….

Асл ҳақиқат шундаки, Ислом Каримовнинг “соғлом она, соғлом бола керак мамлакатга” деган иддаоси оламни бузаётган айни бир пайтда президентнинг ўзи “ўз-ўзини бошқариш” ҳуқуқини бериб қўйган маҳаллаларининг ҳолини кўринг. “Ўз-ўзини бошқариш” деганлари нарх қўйиш, хизмат баҳосини ноқонуний ошириш деганими? Порахўрликка, таъмагирликка тамал тоши қўйиш деганими?

Йилни биргина “Соғлом она ва бола йили” деган баланд парвоз, жимжимадор номлаш билангина муаммолар ҳал бўлиб қолмаслигини, бирор бир иш битмаслигини Ислом Каримов қачон англаб етаркин-а?

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли