Сентябрь бошланиши билан Ўзбекистонда “пахта кампанияси” бошланади. Шунда нафақат фермерлар, балки давлат хизматчилари, талаба ва ўқувчилар ҳам пахта далаларига отланадилар. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ўқувчи ва талабаларни пахта теримига жалб қилмаймиз, дея ваъда қилиб келадилар, шунга тегишли қарорларни қабул қиладилар. Аммо бюджет ташкилотлари ҳамда “юқори”дан кўрсатма олган хусусий компаниялар ходимларининг тақдири аввали бошдан ҳал бўлган. Пахта терими мавсумида шаҳарликлардан фойдаланиш амалиёти шўролар давридан қолган мерос. Аммо ҳозирги пайтда пахта теримига мажбурий олиб чиқиш амалиёти қулдорлик тузумидан кўпам фарқ қилмайди. “Фарғона” агентлигининг Тошкентдаги шарҳловчиси юзага келган вазиятни шарҳлаб бермоқда.
* * *
Жорий йилда расмийлар пахта теримига текин кучларни сафарбар қилиш бўйича мисли кўрилмаган чораларни кўрмоқдалар. Мавсум сентябрдан бошланиб кеч кузгача давом этади, шаҳарликларни ишдан қолдириб, иссиқ кўрпа-тўшагидан маҳрум этиб мажбуран пахта далаларига теримга жўнатадилар.
Республика фуқароларининг анча катта қисми пахта терими мавсумида деярли қулга айланади . Ҳолбуки, Ўзбекистон аҳолиси зич ва меҳнатга лаёқатли одамлари керагидан ортиқ регион саналади, республика аҳолисининг миллионлаб фуқаролари хорижда пул топишга мажбур бўлиб мамлакатни тарк этган, бошқа миллионлаб одамлар эса мардикор бозорларини тўлдириб иш қидириб юрадилар, яна бошқалари эса кечгача бекорчиликдан зерикиб уйда ўтирадилар.
Пахта далаларида теримчи қўллар етишмаслигининг асосий сабаби – давлат томонидан терилган пахта учун арзимаган иш ҳақи тўлаши ҳамда фермер хўжаликлари томонидан давлатга топшириладиган пахта учун арзон ҳарид нархлари белгилаганида. Фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш воситаларига ҳамда ер ижарасига хусусий мулкчилик негизида тузилганига қарамай, уларнинг ҳар бирига директива шаклида давлатга пахта топшириш мажбурияти юкланган. Кўрсатилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда жиддий нохушликларга дуч келиши мумкин: фермерни жисмоний жазога тортишлари (калтаклаш) ёки қамаб қўйишлари мумкин. Давлатга пахта топшириш режасини бажармаган фермерларнинг орасида ўз жонига суиқасд қилгани ҳоллари ҳақида маълумотлар келб турибди.
Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг деярли юз фоизи қўлда терилади. Авваллари мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган кўплаб пахта терим машиналари аллақачон металломга топшириб юборилган. Бунга икки сабаб бор: биринчидан, Ўзбекистонда машинасозлик саноати амалда тугатилди, иккинчидан эса, дизель ёқилғисининг нархи осмонга чиқиб кетди, қўл терими эса қул меҳнатидек арзон ва деярли текин.
Порахўрлик ботқоғига ботган Ўзбекистон элитаси учун пахта толасини сотиш асосий даромад манбаларидан саналади. Фермерлар ўзлари етиштирган ҳосилни сотиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Улар пахтани давлат томонидан назорат қилинадиган пахта заводларига сотишга мажбурлар. Шундан кейин пахта толаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимига кирувчи ташқи савдо бирлашмалари орқали ташқи бозорларида чет эл валютасига жаҳон бозори нархларида сотилади.
Агар Ўзбекистон расмийлари томонидан ихтиро қилинган воситачиларнинг сунъий занжири йўқ бўлганида, пахта теримига “қулларни” жалб қилиш эҳтиёжи ҳам қолмаган бўларди.
Одамларни пахта теримига мажбур қилиш механизми жуда жўн. Расмийлар саноат корхоналари ва давлат муассасалари раҳбарларига пахта теримига белгиланган миқдорда одам ажратиш тўғрисида кўрсатма берадилар. Одатда бундай кўрсатмалар туман ҳокимлари томонидан уюштирилган мажлисларда берилади. Мажлисга “таклиф этилган” йирик саноат корхоналарининг раҳбарлари бунақа таклифларни рад эта олмайдилар ва ўз ходимларига босим ўтказиб, уларни пахта теримига чиқишга мажбур қиладилар.
Ўтган йилдан бошлаб расмийлар ҳатто Тошкент шаҳридаги корхоналарни ҳам пахта теримига жалб қилишга бошладилар. Одамлар ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишни билмаганлари, расмийларга қарши тик тура олмаганлари ва ўз ишчи ўринларидан маҳрум бўлиб қолишидан қўрққанлари боис бундай ноқонуний буйруқ ва кўрсатмаларга бўйсуниб келадилар.
Ўтган йилларда одамлар пора эвазига пахтага чиқмасликка уринган бўлсалар, бу йил аҳвол оғирроққа ўхшаяпти. Бу йил расмийлар сафарбарликка ИИВни ва ҳатто август ойида Ўзбекистон бозорларида тўс-тўполон кўтариб тажрибаси ортган спецназ кучларини ҳам жалб қилган. Мавсум бошланишидан аввал 2012 йил август ойида туман ҳокимлари саноат корхоналаридан пахтага сафарбар қилинижак ходимларнинг рўйхатини, уларнинг яшаш манзилларини, паспорт маълумотларини беришни талаб қилдилар. Эҳтимол, пахтага олиб чиқиладиган одамларнинг паспортлари мавсум тугагунича тортиб олиниши мумкин бўлади.
Бу йил пахта теримига магистрантлар, врачлар, мактабгача болалар муассасаларининг педагоглари мажбуран олиб чиқилади. Турган гап, мулк шаклидан қатъий назар, йирик саноат корхоналарининг ишчи ва ходимлари ҳам пахтага борадилар. Баъзи корхоналар пахта теримига “қул” жўнатиш мажбуриятидан озод қилинган, лекин бу ҳақдаги қарорлар энг юқори даражада қабул қилинган.
Баъзида оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистондаги бугунги вазиятни шўролар даври блан қиёслайдилар. Ўшанда ҳам шаҳарликлар, шу жумладан, талаба ва ўқувчилар пахта теримига олиб чиқилган. Аслини олганда, буни қиёслаш нотўғри. Советлар даврида режа хўжалиги ва маъмурий-қўмондонлик тизимининг самарасизлиги боис шаҳарликлар пахта теримига чиққан. Ўша пайтда олий таълим муассасаларида ўқиш ва соғлиқни сақлаш тизими мутлақо бепул бўлганини, минимал ижтимоий кафолатлар мавжудлигини эсдан чиқармаслик керак.
Бугунги кунда Ўзбекистонда минимал ижтимоий кафолатлар деярли йўқ ҳисобида. Мисол учун, Пенсия фондига иш берувчилар меҳнат иш ҳақидан 25% ва корхона тушумидан 1,6 фоиз тўлов ўтказишлари, ҳар бир ишчининг ойлик иш ҳақидан 5,5% ушлаб қолинишига қарамай, сўнгги икки йил давомида давлат ҳеч қандай ижтимоий тўловларни амалга ошираётгани йўқ.
Ўзбекистонда бепул медицина деярли тугатилган, суғуртали медицина эса ҳеч қачон бўлмаган ҳам. Касаллиги туфайли меҳнатга лаёқатсизлик, шу жумладан, ҳомиладорлик бўйича нафақа пулларини иш берувчилар ўз маблағлари ҳисобидан тўлашлари лозим. Олий таълимнинг деярли 70 фоизи пуллик. Мисол учун, ўқиш учун катта-катта пул тўлаган магистрантлар дарс қилиш ўрнига кимларнидир бой қилиш учун пахта даласида текинга ишлашга мажбурлар.
Қайд этиш жоизки, пахта теримига жалб қилинган ишчи хоимларнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади, аммо бу харажатларни ходимини пахтага жўнатган корхонанинг ўзи кўтариши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ кодексида тегишли банд бор. Расмийлар корхона, муассаса ва ташкилотларга одамларни пахтага жўнатиш тўғрисида кўрсатмаларини фақат оғзаки равишда берадилар, улар ҳам ўз навбатида ходимларига қандайдир ёзма буйруқ беришдан ўзларини олиб қочадилар. Чунки, Ўзбекистон Меҳнат кодексига мувофиқ, иш шароитини ўзгартириш ва ҳатто бошқа ишга вақтинча ўтказиш учун ишчи-ходимларнинг розилигини ёзма равишда олиш зарур. Пахтага жўнатиш ҳам ҳудди шу ҳаракатлар доирасига киради, лекин расмийлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланишни истаб қоладиган фуқаролар топилиши мумкинлигини истисно этмай, ўзларига бош оғриқ ортириришни истамайдилар.
Бундан ташқари, меҳнат кодекси мажбурий меҳнатни тақиқлайди, маъмурий кодекс эса бундай мажбурий меҳнат учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича санкцияларни белгилаб берган. Шундай қилиб, Ўзбекистон расмийлари ўзлари ўрнатган қонунларни билиб турган ҳолда бузиб келаяптилар. Юристлар буни очиқ-ойдин ғаразли ният деб атайдилар. Аммо ҳозирча, бунинг учун ҳеч ким жазога тортилгани йўқ.
Ўзбекистонда пахта терими – мажбурий меҳнат. Мажбур қилинаётганлар ўз ишчи ўринларини йўқотишдан, талабалар эса ўқишдан ҳайдалишдан қўрқадилар. Бундан ташқари, уларни далаларида милиция ва ҳатто автоматлар билан қуролланган спецназ жангчилари назорат қилиб туради. Шаҳарликларни пахта теримига олиб чиқиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот органларининг жалб этилиши расмийларнинг одамлар норозилигидан қўрқув аломати эмас. Бу – мамлакатни бошқараётган тўда ўзининг нақадар суллоҳ бўлиб кетганини, на Худодан ва на бандасидан қўрқмаслигини намойиш этиш истаги, холос. Шаҳарликларку майли, уларнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади, аммо вилоятлардан Тошкентга келган мардикорлар қўлга тушсалар, уларнинг қулдан ҳеч қандай фарқи бўлмайди.
Ўзбекистондан пахта сотиб олаётган ширкатлар эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайдилар ёки билишни истамайдилар. Қулларнинг қўллари ёрдамида терилган пахта бошқа пахтадан на ранги, на ҳиди ва на бошқа сифатлари билан фарқ қилади. Қулларнинг азоб-уқубат излари моддий объектларда қолмайди, қулларнинг ўзлари эса гунг ва соқовлигича қолаверади.