Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси соқол билан келгани учун имтиҳонларга қўйилмаганидан шикоят қилган. Президент Шавкат Мирзиёев ва тегишли идораларга мурожаат қилган талаба Ўзбекистондаги ўқув юртларида соқол ва ҳижобга бўлган тақиқларга барҳам бериш кераклигини сўраган.
Azon.uz да чоп қилинган мурожаат матнида талаба Фаррух Абсаттаров диний ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганини ёзган.
“Мен таълим олаётган ўқув даргоҳи – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети раҳбарияти томонидан менга нисбатан қўлланган ноқонуний хатти-ҳаракатлар – соқол билан дарсга келганим учун якуний назоратларга киритмаслик ҳолатлари ушбу мурожаатномани ёзишга ундади”, деб ёзади у.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг 4-босқич талабаси Ислом дини ривожи йўлида мусулмонларга яратиб бераётган шароитлари учун Президентга миннатдорчилик билдирган. Лекин Ўзбекистонда мусулмонларнинг ҳуқуқ ва эркинларини қўпол равишда бузилаётгани, уларнинг ўз эътиқодларига тўлиқ амал қилишига қаршилик кўрсатилаётгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан мурожаат қилган.
Талаба Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги олий ўқув юртлари ва давлат ташкилотларида аёлларнинг рўмолда юришлари ва эркакларнинг соқол қўйиб юришлари учун ўрнатилган тақиқни қонуний ҳамда диний асосларга кўра, қонунга зид деб ҳисоблашини таъкидлаган.
Мурожаатда ушбу фикрга асос қилиниб, Ўзбекистон амал қилиши шарт бўлган халқаро ҳуқуқ нормаларидан мисоллар келтирган.
Шунингдек, у ўқув юрти томонидан ўрнатилган ички тартиб қоидалар Ўзбекистон Республикаси конституцияси ва бошқа қонунларига зид келишини айтган.
“Ҳижоб ва соқолнинг давлат ташкилотлари ва олий таълим даргоҳларида тақиқлаб қўйилиши, мантиқан олиб қараганда, соф ақлга ҳам тўғри келмайди. Ишга ва таълимга соқол ва ҳижоб қандай таъсир ўтказиши мумкин? Мусулмон мамлакатларини қўя турайлик, бутун дунёдаги демократик давлатлар ҳисобланган АҚШ, Германия, Англия, Франция, Канада, Италия, Нидерландия, Жанубий Корея, Япония, Швейцария, Швеция ва яна жуда кўплаб давлатларда насронийлик ҳамда бошқа динга эътиқод қиладиган раҳбарлар мусулмон талабаларнинг ҳижоб ва соқолига ҳеч қандай қаршилик қилмайди, улар буни Исломнинг ажралмас қисми эканини тушунишади, ҳаттоки таълим даргоҳида намоз ўқишлари учун барча шароитларни яратиб беришмоқда”, деб ёзади у.
Талаба ушбу мурожаатини Президентга ва Ўзбекистон конституциявий суд раиси, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили, Омбудсман, Дин ишлари бўйича қўмита раисига ҳам йўллаган.
“Яқинда АҚШ давлат департаменти томонидан эълон қилинган диний эркинликлар чекланган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон Республикасининг ҳам мавжудлигига Диний қўмита ўз раддиясини эълон қилди. Ана энди шу раддияга мувофиқ олий таълим даргоҳлари ва айрим ташкилотларда диний ҳуқуқ ва эркинликларни қўпол равишда бузаётган тартиб-қоидаларни бекор қилиш борасида ҳам жонбозлик кўрсатишингизни сўрайман”, дейди Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро муносабатлар факультети талабаси Фаррух Абсаттаров.
Ўзбекистонда ўқувчи ва талабаларнинг ҳижоб ёки соқол билан ўқишга келишига тақиқ Ислом Каримов бошқарувидан бери сақланиб қолмоқда.
Абитуриентлар ҳижобини ечмагани учун олий ўқув юртига ҳужжат топшира олмагани ҳақида BBCUZBEK.COM хабар берган эди.
Ёшлар иттифоқи Сурхондарёнинг Музработ туманида “диний оқимларга мойиллиги” бор қизларнинг ҳижобини ечтирган.
Ҳокимнинг ёрдамчиси Алишер Зиятов муслималарнинг ҳижобини ечиш Президент Мирзиёев сиёсатига қарши келмаслигини айтган.
Facebook да Daler Zikir номи остида пост қолдирувчи талаба мактабда аъло баҳоларга ўқийдиган қизининг ҳижобини Ёшлар иттифоқи етакчиси ва Ички ишлар ходими ечтиришга ҳаракат қилгани ҳақида ёзди.
Ўзбекистон олий ўқув юртлари масъуллари ҳижоб ва соқол ички тартиб қоидаларга тўғри келмаслигини айтади.
Бироқ шундай бўлса-да яқинда Афғонистоннинг шимолий бўлгаларидан ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавр унвонини олиш учун Термиз Давлат университетига келган 100 талабанинг ичида ҳижоб ва соқолда бўлганларни ҳам кўриш мумкин.
ЎХҲ хабарлар бўлими