O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сталин “қулоқ”ларини фош қилган тарихчи порнография айбловидан оқланди

Сталин “қулоқ”ларини фош қилган тарихчи порнография айбловидан оқланди
180 views
14 April 2018 - 16:04

Ҳаётининг кўп вақтини Совет диктатори Иосиф Сталин жиноятларини очишга бағишлаган рус тарихчисидан болалар порнографияси билан боғлиқ айблов олиб ташланди.

Ушбу янгилик инсон ҳуқуқлари тез-тез топталадиган ва фаоллар расмийлар томонидан таъқибга учрайдиган мамлакатда камёб ғалаба сифатида кўрилмоқда.

62 ёшли Юрий Дмитриев Россия шимолий-ғарбида жойлашган Карелияда тарихчи ва инсон ҳуқуқлари фаоли бўлиб фаолият юритади.

Расмийлар уни ўз асраб олган қизини болалар порнографиясини тасвирга олиш учун мажбурлаш ва ноқонуний қурол сақлашда айблаганлар.

Тарихчининг Би-Би-Сига айтишича, у ўзининг нега ҳибсга олинганини тушунмайди. Бироқ Сталин даврига оид жиноятларни ўрганиши халқаро эътиборни жалб қилгани туфайли расмийлар бундан ғазабланган бўлса керак, деб тахмин қилади.

Тарихчи ўзининг ҳибсга олиниши борасида шундай изоҳ беради: «Жорий режим ҳақиқатни қабул қила олмайди. Тоқатсизликда ҳозирги режим олдингиларидан ҳам ўтиб кетган.»

“Ҳаммаси кўриниб турибди – бизнинг бутун бошли расмий мафкурамиз Сталин шахсига сиғиниш, социализм култини улуғлашдан бўшамай қолди.”

2016 йилда Юрий Дмитриев ҳамкорлик қиладиган Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сталин даврида давлатга маълумот етказиб турган 40,000 дан ошиқ «қулоқлар» исмини ошкор қилган эди.

Дмитриев Россия шимолида Сталин буйруғи билан отилган инсонлар қабрларини топган

1930 йилларда бошланган Сталин қатағонларида эса бундай қулоқлар берган маълумотлар асосида миллионлаб Совет фуқаролари оғир меҳнат ҳукмрон лагерларга сургун қилинди, юз минглаб инсон эса қатл этилди.

2016 йил декабрь ойида жаноб Дмитриев ҳибсга олингандан сўнг ўнлаб таниқли инсонлар, жумладан, мусиқачилар, ёзувчилар, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари унинг ҳимоясига отландилар.

Улар тарихчининг ҳибсга олиниши Совет даври қатағонларини тадқиқ қилиш билан боғлиқ, деган фикрда эдилар. Ҳозирги Россия ҳукумати бу давр тарихнинг очилмас қисмига айланишини истайди.

Жаноб Дмитриев қарши очилган жиноят ишига унинг компютеридан топилган 11 ёшли асранди қизининг яланғоч сурати асос бўлиб хизмат қилди.

Жаноб Дмитриев бу расмларни суратга олганини рад этмайди. «Лекин бу унинг соғлигини мунтазам кузатиб бориш учун, холос. Бу порнография эмас,» таъкидлайди у.

Қурбонлар яқинлари қолдирган ёдгорликлар

Суд, шунингдек, уни ноқонуний қурол сақлашда ҳам айблаган. Тарихчи бу айбловни ҳам рад этади.

Прокурорлар унга тўққиз йиллик қамоқ жазоси тайинланишини талаб қилган эдилар. Бунинг ўрнига суд уни ноқонуний қурол сақлагани учун уч ойлик шартли жазога ҳукм қилди. Энди тарихчининг кейинги уч ойлик ҳаракат эркинлиги чеклаб қўйилади.

Жаноб Дмитриев судгача бўлган ҳибс вақтини айни минглаб Сталин маҳбуслари азобга дучор бўлган Карелия қамоқхонасида ўтказди. Тарихчи, ҳибсга олингунга қадар, бу ерда сақланган аксарият маҳбуслар шахсини аниқлаган эди.

У ушбу қамоқхонада яқинлари қатл қилинган икки маҳбусни ҳам учратди, уларга ўз аждодлари тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Новая Газета тарихчининг оқланишини адолатга ишонувчилар учун камдан-кам содир бўладиган яхши хабар, деб атади.

«Бу мисли кўрилмаган янгилик,» дейилади газетада чиққан мақолада. «Биз оддий нарсадан ўзимизда йўқ хурсандмиз – биргина адолатли қарордан. Аслида эса ушбу мамлакатда минглаб шундай адолатли қарорлар қабул қилиниши керак эди.»

Манба: bbc.com/uzbek