O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Стингдан сўнг Эргенч диктатор хизматида

Стингдан сўнг Эргенч диктатор хизматида
184 views
09 October 2012 - 11:52

Туркиялик машҳур кино юлдузи Холит Эргенч Тошкентда Гулнора Каримованинг Style.uz ҳафталиги доирасидаги тадбирларда иштирок этгани учун танқид қилинмоқда.

Туркия ва ўзбекистонлик фуқаро жамияти фаолларидан ташкил топган Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти “Муҳташам аср” сериалида Усмонли Турклари Императори Султон Сулаймон роли билан машҳур бўлган Холит Эргенчнинг “ўзбек диктаторининг қизини дастаклаши санъатга ҳақорат” эканини айтган.

“Ҳақиқий санъаткорлар озодлик ҳаракатлари ва инсон ҳақларини дастаклашади”, дейилади гуруҳ тарқатган баёнотда.

Унда Гулнора Каримованинг номи ҳозирда Швейцария ва Швецияда пул ювишга доир жиноят ишлари билан боғлиқ хабарларда тилга олинаётгани таъкидланади.

Фаоллар Холит Эргенчни тадбирда иштирок этиш учун “олган пулларини ўзбек муҳожирлари ва қочқинларининг озодлиги” йўлида сарфлашга даъват этганлар.

Хабарларга кўра, Style.uz ҳафталигининг сўнгги кунларида Тошкентга ташриф буюрган турк киноактёри сешанба куни Гулнора Каримованинг “Guli” бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган “Victorious” номли биринчи атирини тақдим этган.

Олам.уз интернет нашрининг таниқли француз парфюмери Бертран Дюшафордан иқтибос келтиришича, ушбу эркаклар атири “забт этувчи жаҳонгир характерига мос”.

‘Султон Сулаймон’

42 ёшли Холит Эргенч “Нью-Йорк”, “Кўланка” ва “Мени севади” мюзиклларида иштирок этган.

У 2006 йилда “Минг бир кеча” фильмидаги роли учун “Олтин капалак” мукофотига сазовор бўлган.

Туркия жумҳурияти асосчиси Мустафо Камол Отатурк образи билан туркиялик томошабинларга танилган Холит Эргенчга “Муҳташам аср”даги Қонуний Султон Сулаймон роли Туркия ташқарисида ҳам катта шуҳрат олиб келди.

Шу йил бошида Россияда айни сериал намойишининг вақтинча тўхтатиб қўйилиши рус томошабинларининг норозиликларига сабаб бўлган эди.

Ҳозирги кунда Яқин Шарқ ва Шарқий Оврўпода миллионлаб мухлислар айни сериални томоша қилаётгани айтилади.

Холит Эргенч Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тадбирида иштирок этгани учун танқид қилинаётган биринчи хорижлик санъаткор эмас.

Британиялик рок мусиқаси юлдузи Стинг 2009 йилда Тошкентдаги “муҳташам кечада Гулнора Каримовага қўшиқ куйлагани учун” танқидлар остида қолган эди.

Британ матбуоти “Амнести Интернейшнл” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг фаол аъзоси бўлган Стингни “иккиюзламачилик”да айблаган.

 

bbc.co.uk/uzbek