O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Стипендия, пора ва “ватан хоинлари” ҳақида мактуб

Стипендия, пора ва “ватан хоинлари” ҳақида мактуб
127 views
06 March 2016 - 6:00
Оврўподаги ўзбекистонлик талаба мактуби

Оврўподаги ўзбекистонлик талаба мактуби

Қадрли дўстим, саломатмисан?

Шу кунлар Россиядан тортиб, Ўзбекистонгача ўтган ҳам, кетган ҳам бир сўкиб қўядиган Оврўподаги биродаринг анча узоқ танаффус қилгани учун узр.

Имтиҳонлар ва дарслар билан банд бўлиб, орадан … ўтганини ҳам сезмадим. Гап шундаки, бу танаффусим мажбурий эди. Бу ерда давлат томонидан талабаларга бериладиган имтиёзларнинг мавсуми келиб қолган, мен ҳам шунга илиниш ҳаракатида эдим.

Албатта бу, ўзимизда фақат номи бор бўлган, арзимаган “ойлик стипендия” эмас, балки давлат томонидан талабаларни ўз соҳасини яхшироқ ўрганиши, қўшимча изланишлар учун бериладиган амалий ва молиявий ёрдам.

Бу молиявий ёрдамни қўлга киритиш учун фақатгина имтиҳонларни олий натижалар билан топширсанг етарли…Энг муҳими ҳар бир йўналиш учун бир неча соҳада имтиёзлар берилади. Кимдир, мана бизда ҳам бунақа грантлар бор дейиши аниқ, аммо энг катта, эҳтимолки, талабанинг келажагига таъсири бўлган бир фарқни айтайми?

Пора бермайсан! Таниш – билиш қилмайсан ва бу ҳаммага бирдай баробар тизим! Албатта, орада бир икки истисно ҳолатлар бўлади, лекин умуман олганда, бунақа имтиёзларни олиш учун ўзимизда одатда “қистирасан”.

Стипендиянинг номини Беруний деб аташадими, Президент дебми, аҳамияти йўқ. Ё танишинг бақувват бўлсин, ёки белинг!

Бу ерда Ўзбекистоннинг том тескариси! Баҳонг зўрми, соҳа ўқитувчисининг ўзи сени ана шу имтиёзга номзод қилиб кўрсатади. Ўқитувчи сени умуман танимаслиги мумкин. Яъни, у сени номзод қилиб кўрсатар экан, бирор нарсани таъма қилмайди, отангнинг мансаби ҳам, чўнтагингни қаппайгани ҳам аҳамият касб этмайди.

Бу орада мен британиялик курсдошим Тонидан анча нарсаларни ўрганиб олдим.

Британиялик талабалар учун бериладиган имтиёзларнинг сони ва сифатидан лол қоласан. Ўқишга кирмоқчимисан, аммо шароитинг йўқми, марҳамат, давлат сенга фоизсиз кредит беради, ким бўлишингдан қатъий назар, ижтимоий келиб чиқишингнинг мутлақо аҳамияти йўқ.

Сен шу давлат фуқаросисан, тамом!

Қарзингни эса ўқишни тугатгандан кейин, иш бошлагандан сўнг ойлигингга қараб тўлайсан. Бу қарз умуман сенга юк бўлмайди, чунки ойлик маошнинг арзимас қисми бир неча йил давомида қарзга кетади.

Кам таъминланган оиладанмисан, яна марҳамат, давлат яшашинг учун ҳам қарз беради. Фақатгина университетга ўз билиминг даражаси билан кирасан, холос! Ғарбнинг нима учун илғорлигини англаб етгандирсан?

Шартнома пулини тўлай олмай ўқишдан кетибди деган гапни Ўзбекистонда эшитасан!

Улар ўқишни ҳоҳламагани учун кетганми? Россияда миллионлаб сўм ваъдаси учун ватанни тарк этганми?

Биздаги тизим эса…порахўрларни етиштиради. Нормал ҳолат бу. Айтилавериб сийқаси чиқиб кетган масала. Аммо менга қолса порахўрлар ҳақида, порахўрлик ҳақида ҳар кун гапирардим. То йўқолмаганига қадар… Охирги марта мамлакат раҳбари, президент Каримов чиқиб порахўрликка қарши ўн дақиқа маъруза қилганини эслай оласанми?

Ғарбнинг “жирканч” гейларига қадар гапирди, Россияга нон топаман деб кетган мардикорлардан жирканиши ҳам, уларни дангасалар ҳам деб ёзғирди. Аммо ўн дақиқа бўлса ҳам, бутун халқни чорладими, ёшларга насиҳат қилдими, энг катта муаммо бу порахўрлик, шунга қарши бир ҳаракат қилинглар деб…

Бошингни ҳам қотирдим, бу мактуб чиққанидан кейин тролларнинг зуғумига ҳам тайёрман. Аммо бошқа қўлимдан нима келади?

Ўзбекистондаги “ватанпарварлар” учун куйиниб гапирган ҳар бир гапинг, қўйган ҳар бир қадаминг нотўғри, “ватангадо”, “ватан хоини” деган оғриғи суякларингни зирқиратиб юборадиган таърифларни ҳеч иккиланмай қўллашади.

Сал қўллари калталик қилади, бўлмаса аллақачон на ёшимга, на ниятимга қарамасдан Жаслиққа жўнатишарди…

Ҳозирча шулар, ўзингда нима гаплар?

Ғарбдаги дўстинг

Манба: bbc.com/uzbek