Қарши шаҳрида ажойиб ва ғаройиб ишлар бўлиб туради. Куни-кеча шахсий юмушларим билан кўчага чиққандим, анча йиллардан бери кўрмаган танишларимни учратиб қолдим. Ўзбек халқида кўпроқ ишлатиладиган сўров бор: “Фарзандлардан нечта?”. Истайсизми, ёки йуқ, бу саволни ҳамма эшитган ва ҳамма эшитади.
Саволга жавоб берилгандан сўнг, суҳбат мавзуси муамолларга томон бурилади. “Нимасини айтасан, дод деб юборгим келаяпти” – деб қолди танишим. Дод дейишининг сабабини сўрагандим, “субботниклардан” безиб қолганини билдирди. “Субботник” совет даврида бир йилда бир бор ўтказиладиган тадбир бўларди. Энди эса мустақилмиз ва юқоридагилар истаган кунда ўзбек ёшлари, ишчи–хизматчилари учун “субботник” бўлиб кетаверади.
“Чиқмайман десангиз биров сизнинг пешонангиздан отармиди?” – ҳам қизиқсиниб, ҳам далда берган бўлдим.
“Мен-ку майли, фарзандларим ҳам қийналаяпти буларнинг эксплуатациясидан” – давом этган бўлди танишим. Суҳбат давомида фарзандлари ҳам қўрқиб қолганлигини айтиб қолди. Қўрқув сабабларидан бири эса, қандайдир бир “вохималик амакилар” муаммоси экан.
“Бошидан бошлангчи, ”воҳимали амакилар” тўғрисида, балки эртак ёзиб қоларман,” – қувлик кўрсатаман мен.
“Ҳозир имтиҳон пайти, болалар тайёргарлик кўра олмаяпти. Кўчаларда гул чопиқ, ёки дарахтларни оқлатишар экан. Кечга яқин уйга кириб келишаяпти. На овқат ва на нон ейишга ҳоли бор бу болаларнинг. Каримов келармиш деб тиндирмай ишлатишмоқда”. – тушунтирган бўлди аёл.
Унинг айтишича, ўша “субботник” ўтказилаётган жойига бирор Нексия машинасида тўртта-бешта формасиз кишилар келар экан. ”Ҳорманглар, нималар қилаяпсизлар?” – деган саволни беришади.
Жонига тегиб турган талабалардан баъзилари субботниклардан зада бўлишганини арзиҳол қилишибди. Улар индамай кетишибди. Эртаси куни қайси коллеж талабаси эканлигини аниқлашган талабанинг, ота-онасига чора кўришибди. Коллеж ва институт талабаларига шахсан директор ва бўлим бошлиқлари томонидан “қулоққа айтиладиган” баъзи “гаплар” бўлиб тураркан.
Унда тайинланганига кўра, спорт кийимида келган кишилар бирон нарса сўраб қолгудек бўлишса, ҳамиша ҳамма нарсадан рози эканликларни айтиш кераклиги уқдириларкан. Кулгим қистади, аммо ўзимни тутиб туришга мажбур бўлдим.
“Манқуртга айланиб бораяпмиз чамаси, шунча чапак чалаётганлар етмасмикан?” – дейман.
“Чапакларига ўт тушсин буларнинг, ўзинг бир нима десанг ишхонангга ёпишишади, болалар бир нима деса ота-онасига”, – дея куйинади аёл.
“Атайлаб норози бўлиб кўрингчи, нима қилар экан. Нари борса “террочи” қилиб қамаб қўяр”- қизиқсинаман мен. Бир неча ойдан буён маош олмаётганлиги ва рўзғорида етишмовчиликлар сероб эканлиги қамоқхонадаги яшаш тарзидан фарқ қилмаслигини келтириб ўтди у.
“Вилоят ҳокими Туроб Жўраевнинг шунақа одамлари бор экан, халқни орасида юраркан дейишаяпти, шу ростмикан?” – дея савол берди ҳалиги таниш аёл.
“Эҳ, жуда хам соддасизлар-да, ҳоким бу ишлар билан шуғулланмайди. Бизда халқнинг норози кайфиятини ўрганадиган битта ташкилот бор, бу ҳам бўлса МХХ” – деб уқдирдим танишимга. Елкасини қисиб “қайдам” дегандай жавоб қилади у. Прокуратурага ариза беришни маслахат бердим. “Йўқ” деган жавоб эшитилгандай бўлди.
“Унда сизга маслаҳат бера олмайман, курашаман десангиз мен тайёрман” – мавзуни ёпдим.
Ох-вох тортаётган ҳалиги аёл дардини менга айтиб анча енгиллашди. Ўзи биз шунақа халқмиз, дардимиз ва ҳасратларимизни бошқаларга айтиб енгил тортадиганлар хилиданмиз. “Одам тафтини одам олади” – деган мақолни ҳам бизнинг халқлар ўйлаб топишган. Шундан бўлса керак, бир-биримизнинг тафтимизни олиб, енгил тортиб юрамиз. Фақат ҳокимият, ҳамда ҳукумат органлари бировнинг тафтини олгиси келмайди, балки олишар, шунда ҳам ўз тенглари бўлган “казо-казолар” тафтини олишса керак.
Мен ҳам темир эмасман-ку, енгиллашиш учун одамлар дардини сизлар билан баҳам кўришни истадим. Зора мен хам енгиллашсам…
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамияти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси