“Ўрикзор” мардикор бозоридан Мустақил Мардикорлар Ташкилотининг икки нафар аъзоcи 2013 йили 09 март куни шу ташкилот фаоли Абдулла Тожибой ўғлига қўнғироқ қилибди. Шу пайт мен (Жуманиёзов Нураддин) ҳам унга қўнғироқ қилган эдим. Биз келишиб, эрталаб соат 10 лардан ўтганда, “Ўрикзор” мардикор бозорига етиб кедик.
Икки нафар мадикор бизга пешвоз чиқиб, уларга милиция ходимлари 80000 сўмдан жарима солганини айтдилар. Жарима тўлов, қоғозларини ҳам бизга кўрсатдилар.
Биз бу актнинг қанчалик қонуний эканини билиш учун, Учтепа туман ички ишлар бошқармаси бошлиғининг олдига ўтиш учун кетаётган эдик, йўлимизни туман ИИБнинг формасиз хизматчилари тўсдилар. Улар бизни, биргаликда идорага ўтишимизни талаб қилдилар.
Бизни Туман ИИБ идорасига олиб келтиришди. Сўров ва суриштириш ишлари бошланиб кетди. Бир зумда, ўзини Тошкент шахар ИИББ терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғиман деб танштираверадиган “Бахти” хизматчилари билан етиб келишди. Салдан кейин, Ички ишлар Вазирлигидан ҳам вакил пайдо бўлди.
Вақт ўтиб, туман ИИБнинг биз ўтирган қавати, яна бошқа идоралардан, турли хил вакиллар билан тўлиб кетди. Биз ҳеч қандай жиноятда айбланмасак-да, мардикор бозорида қилган ҳаракатимиз бўйича, тушунтириш хати ёзишни талаб қилдилар. Биз бу талабларини рад қилдик. Тушунтириш хати ёзишдан бош тортдик. Бизнинг қўлларимиздаги мобил телефонларимизни тортиб олишди.
“Бахти” бошчилигидаги ҳокимият вакиллари, бизлар билан жуда қўпол муомалада гаплаша бошладилар. Яъни “Сизларга нима етишмайди?”, “Нон, ошларингни еб, уйларингда ўтираверсанглар бўлмайдими?” , “Халқни чалғитаяпсизлар!”, “Уларга нима ҳам қилиб бера олардиларинг?!” ва ҳ.к.
Кутилмаганда, бизларни алоҳида-алоҳида кабинетларга ўтқизиб сўроқ қилишни бошладилар.
“Бахти” мен билан шахсиятимга тегадиган тонда гаплаша бошлади. Яни, “Охирги марта сиз билан учрашганимизда, (Тошкент шаҳар ИИБош Бошқармасида) мен сизга нима деб эдим? Мен сизни, яна бир марта, мардикорларни бугунгидай йўлдан уриб, ёлғон-яшиқ гаплар билан, ҳукуматимизга қарши қўйиб, халқнинг бошини айлантираётганингизни кўрсам, узоқ муддатга қаматиб юбораман демабмидим? Мана, энди мен шу ваъдамни амалга ошираман! деди. Ва яна бошқа, ҳақоратли галарни ҳам айта бошлади.
Мен, “Бахти” ва ИИВ вакили кабинетда ўтирар эдик. Бир пайт коридорда, бозордаги мардикорлар пайдо бўла бошлади. Уларни транспортга ўтқизиб, бизга “қарши” кўрсатмалар бердириш учун олиб келинганлиги маълум бўлди. Мардикорларнинг уч-тўрт нафарини милиционерлар етакчилигида, тушунтириш хатини ёзишга мажбурлаб бошладилар. Мардикорларнинг қолган қисмини, милиция ходимлари коридор девори бўлаб, авайлаб саф торттириб бошладилар. Мен англадимки, иккаламизнинг устимиздан ҳукумат вакиллари нимадир уюштираяпти. Шунда мен коридорда турган 30 дан ошиқ мардикорлар гуруҳига мурожаат қилдим.
– Мени танийсизлами? – дедим.
– Таниймиз, – дедилар улар бир овоздан.
– Жуда яхши, – дедим. – Мана булар, ҳукумат вакиллари. Сизлардан менга қарши кўсатмалар олмоқчи. Мен сизларга нима деб ва нимага тарғиб қилган бўлсам, шуларни тўғри ёзинглар. Шунда менга ҳам, сизларга ҳам яхши бўлади. Акс ҳолда, булар алдоқчи. Булардан ҳар нарсани кутса бўлади, – дедим.
– Биласизми, булар сизнинг айбингиз билан бу ерда турибдилар, – деди “Бахти”
– Буларни мен эмас, сиз олиб келгансиз, буларни тезда бозорига элтинг. Булар бугун ҳам оиласи учун пул ишласинлар, дедим.
Шу пайт, ички ишлар вазирлиги вакили, чидаб туролмади шекилли, мардикорларга қарата гап бошлади.
– Биласизларми! Мустақиллигимиз арафасида, Муҳаммад Солиҳ деган шахс бор эди. У шу пайтларда ёшларнинг ва студентларнинг миясини айлантириб давлатимизга қарши тарғиботлар қилган. Студентлар билан кўп ёмон ишлар қилган. Ҳозир эса у чет давлатда юрибди. У, бугун ҳам мамлакатимиз шаънига мағзава сепаяпти. Чет элларнинг нопок кучлари билан тил бириктираяпти. Мамлакатимизга қарши ҳийла найранглар қилаяпти. У, мамлакатимизни, халқимизни кўра олмайдиган одамлардан. Ман бу шахс эса, Мухаммад Солиҳнинг пайтаваси.
“Бахти” ҳам “бўш” келмади:
– Мана бу киши, сизлар туғрингизда маълумот йиғиб, уларни чет элларга юбориб, пул ишлаяпти. Бунинг мақсади пул ишлаш. Бу кишидан узоқ юринглар, бу киши алдақчи. Аризаларингни олиб, ҳеч нарса қилмайди. Бу ишлар сизларни, ҳукуматни ёмон кўрстиш учун қилинаётган нарсадир. Мана сизлар берган аризалардан бири. Бу қоғоз, бу жанобнинг чўнтагида юрибди. Бу киши бу ариза билан ҳеч нарса қилаётгани йўқ.
– Ўртоғлар, – дедим мен. – Бу Сюунов Эркиннинг менга берган аризаси. Булар бу қоғозни эрталаб қўлимдан тортиб олдилар. Унинг бу аризаси бўйича, Республика Прокротурасини, Олий Судни ишга солиб, иш берувчидан, ишлаган ҳақини ундириб берганмиз. Ишонмасанглар, эртага бозорда Суюнов Эркиндан бу тўғрида сўранглар.
– Мамлакатдаги ишсизликнинг сабаби мамлакатдан ташқарида юрган Муҳаммад Солиҳ эмас, мамлакатни бошқаришни билмаётган расмий ҳукуматдир, демоқчи бўлаётганимда, “Бахти” коридор эшигини секин бекитиб қўйди. Кабинетда яна учаламиз қолдик. Суддан олдин қилинган бу фавқулодда митингнинг хосияти, ёмонликка эканини тушундим. Бу митингда негадир Абдулла Тожибой ўғлини таклиф қилмаган эдилар.
– Мана энди нима бўлди? Энди оқибат ёмон бўлади, – деди “Бахти”
– Бу мамлакатнинг сизга нимаси ёқмайди? Тинчлик бўлса, ўқувчиларга шароит қилинган бўлса, нафақахўрлар ўз вақтида нафақаларини олаятган бўлса, фукароларнинг тўй маракаларига ёрдам кўрсатилаётган бўлса, ҳатто солдатлар хизматларидан уйига қайтаётганда, уйланиш пулини олиб кетишаятган бўлса, бу ҳукуматнинг яхшилиги эмасми? – деди ИИВ вакили. Ҳукуматнинг, яна бир қанча бошқа, “афзалликларини” менга пеш қилиб ташлади. Менинг бу чўпчакларга муносабатим бошқачароқ эканини билди шекилли, мақтовни тўхтатди. “Бахти” ҳам мардикорлар ҳам соат 16-00 дан кейин атрофимизда кўринмади.
Менга, туман ички ишлар бошқармаси состави, куни билан батамом бизларнинг “жиноятимиз” билан шуғулланаётгандай туюларди. Бизлар идорага эрталабки соат 10-30да келтирилган бўлсак, кечқурун соат 23 да, судга чақиртирилдик. Судгача биз ва милиция ходимлари тўда бўлиб ўтирдик. Милиция ходиларидан, кимдир егулик кўтариб келди. Қорнимиз ҳам очиққан экан, борига шкур қилиб, иштаҳа билан еб олдик.
Милиция ходимлари билан, эркин мавзуда суҳбат борди. Суҳбаддан маълум бўлдики, улар ҳам мамлакатда кечаётган зулм сиёсатини тушунар экан. “Биз солдатмиз. Нимани буюрса, шуни бажарамиз. Бирор нарса дейишга ожизмиз”, деган гапни кўп гапирдилар. Биз Каримовнинг тахтдан тезда кетишини ҳам айтдик. Улар, бу маълумотимизни оғриқсиз ва жим қабул қилдилар.
Ниҳоят, кечки соат 23 да, судга чақиришди. Суд залига, бир тўда милиция ходимлари назорати остида етказишди. Суд бошланганидан 5 минут ўтар-ўтмас, биров суд залига кириб келди. Судяга, шивирлаб бир нима деди. Нафақат туман ИИБда иш боргани, юқори инстанцияларда ҳам иш боргани маълум бўлди.
Судья 5 минут танаффус эълон қилгач, биз яна соат 23 яримда суд залига кириб келдик. Суд қисқа бўлди. Мендан ва Абдилло Тожибой ўғлидан нима содир бўлганини айтиб беришни сўради. Айтиб бердик. “Яна мардикорларнинг тушунтириш хатлари ҳам бор” деб бир хатни ўқиб берди. Хатнинг мазмуни: “Мен, бу икки шахс, мардикорларни касаб уюшмага аъзо булишни тарғиб қилган эдилар. Уюшмага аъзо бўлган фуқароларни милиция босимидан, иш берувчининг ҳақ бермаслик ҳолатларидан ва бошқа зулмлардан ҳимоя қилажакларини баён қилдилар. Мен аъзо бўлмадим. Имзо”
Бундай хатлардан, делода 25-30 та эди. Мен мардикорларнинг, биз тўғримизда ёмон ва ёлғон ёзмаганларига ишондим. Судья, суд қарорини эълон қилди. Суд қарорида Мен ва Абдилло Тожибой ўғли мамурий кодекснинг 194-, 195-моддаси билан, жорий минимал маошнинг уч барбари миқдорида, жаримага тортилганлигимиз ҳукм қилинган эди. Бу моддаларнинг мазмуни, фуқароларига, ҳокимият вакилларига бўйсунмаганлиги учун бериладиган жазо.
Суд қарори биз ўйлагандек, ҳаддан ошган ва қаттиқ эмас эканидан, андак ҳайрон қолдик. Чунки маъмурий ҳуқуқбузарлик жазосини ўтаб ва йил давомида шу қоидани такрор бузган шахс, албатта янада каттароқ жазога маҳкум қилинади. Бизнинг тасодиф айнан шунинг ўзи эди.
Бунинг сабабларини мен режимнинг халқ вакилларини айблаб, ўзини ўзи оқлаш принципларидан излайман.
– Яъни, бу дегани, юқори бошқарув звено эгалари, Каримов бошқарувнинг буйруқбозлик усулларига ишонмайдилар. Чунки, режим эгасининг, бошқарув усуллари, аллақачон ўз ресурсларини йўқотган. Яъни Каримов, ўзининг “холис” хизматчиларини бўлажак кучли ижтимоий (зилзила) ўзгариш оқибатларидан, жазоларидан қутқара олмайди. Шунинг учун, арбоблар, ёмондан узоқ юрган яхшироқ принципига амал қилаётганга ўхшайди. Чунки, мамлакатда, халқ кутаётган катта ўзгаришлар, албатта амалга ошажак. ИшоАллоҳ.
Нуриддин Жуманиёзов. ЭРК ДП аъзоси.
Мустақил Мардикорлар Ташкилоти (Касаба уюшма) рахбари. 12.03.13.