O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Судлар ОАВлар билан яқинлашмоқда

Судлар ОАВлар билан яқинлашмоқда
756 views
20 January 2022 - 15:00

Судлар ОАВлар билан яқинлашмоқда

Унча-бунча ҳам яқинлашаётгани йўқ, қариндошдек бўлиб қолдик ўзи. Замонадан айланай, судларнинг эшигига яқин бора олмас эдик, бугун ўзлари чақириб, сўрайдиганимиз тугул, сўрамаганимизни ҳам ўзлари айтиб, яшириб ўтирамизми, бир пиёла чой ҳам қилиб, “Яна келингизлар”, деб кузатмоқда.

Бугун “Самарқанд вилоят судининг 2021 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти” мавзусида матбуот анжуманига таклиф қилишди. Суд биносига!

Суд биносидаги анжуманлар хонаси

“Зарафшон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасанов олиб борган матбуот анжуманида Вилоят суди раиси Олимжон Ҳайитов, вилоят судининг уринбосари, жиноят судлов хайъати раиси Толиб Бойзоқов, фуқаролик судлов ҳайъати раиси Зафар Аллабаев, иқктисодий судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Мамадияров, маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Т. Файзиев ва бир қанча масъул кишилар ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Вилоят суди раиси Олимжон Ҳайитов суд маҳкамаларида 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Олимжон Ҳайитов қилинган ишлар сарҳисобини қилмоқда…

Бир неча кун аввал ИИБ матбуот анжуманида 2021 йилда жиноятлар сони ўтган йилдагидан 41% кўпайгани айтилган эди, ўз-ўзида бу нарса судлар ишида ҳам ўз аксини топган ва суд ишлари ҳам кўпайган.
4966 нафар шахсга нисбатан 3909 та жиноят ишлари кўрилиб, 3794 нафар шахсга ҳукм чиқарилган, 1156 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилган.

Судланган шахсларнинг 421 нафари аёл (49 таси муқаддам судланган), 3192 нафари эркак (шундан 721 таси муқаддам судланган). 1358 нафари ёшлар, 60 нафари вояга етмаганлар ва 155 нафари 60 ёшдан ошганлар.

3613 нафар судланганларнинг 932 нафарига ига озодликдан маҳрум қилиш, 1285 нафарига озодликни чеклаш, 1007 нафарига ига ахлоқ тузатиш ишлари, 336 нафарига жарима, 26 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 2 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳамда 25 нафар шахсга шартли ҳукм тайинланган.

2021 йил давомида судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 489 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Вилоятда 29 та жиноят иши бўйича 49 нафар шахслар оқланган.

964 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 1091 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Жиноят ишларининг 51,5 фоизи ёки 2015 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Манзил колонияларидан 524 нафар шахслар муддатидан илгари қамоқдан озод қилинган.

Энди бизни ташвишлантирган статистика. Ўтган йилга қараганда:

Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жинояти билан судланганлар 80 тага, қасддан баданга енгил шикаст етказиш 78 тага, ҳақорат қилиш 57 тага, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйинЬ товлаш) 149 тага, фирибгарлик 289 тага, ўғрилик(Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш), 212 тага, мансаб сохтакорлиги 62 тага, пора бериш 69 тага, ҳужжатларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш 145 тага, меҳнат муҳофазаси қоидаларини бузиш 28 тага ҳамда транспорт билан боғлиқ жиноятлар 183 тага кўпайган.

Салгина кўнгилга таскин берадиган статистика. Ўтган йилдагига қараганда:

  2001 йилда касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик 9 тага, хавф остида қолдириш 7 тага, валюта билан боғлиқ жиноят ишлари 6 тага, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш 8 тага, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш 8 тага, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш 13 тага ва гиёвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар 7 тага камайган.

Журналистлар фактлар кўплигидан шошиб қолишди…

Судларда жамоатчиликнинг роли борасида:

  Жиноят ишларини судда кўришда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар кенгаши вакилларининг жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 168 нафар шахс, Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 11 нафар шахс ва Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида 4 нафар шахс, жами 183 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раиси Тоҳир Файзиев ҳисоботидан:

Самарқанд вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йил давомида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 1148 та маъмурий иш кўрилган, 360 таси қаноатлантирилган, 585 таси рад қилинган, 108 таси иш юритишдан тугатилган, 95 таси кўрмасдан қолдирилган. Шундан:

418 таси ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан;

269 таси ҳхокимликларга мажбурият юклатиш билан;

12 таси ФХДЁ бўлимлари раҳбарларининг фаолияти билан;

69 таси пенсия масалалари билан;

35 таси солиқ идоралари билан;

60 таси Кадастр агентлиги билан;

39 таси Мажбурий ижро бюроси билан;

13 таси Қурилиш вазирлиги билан;

21 таси Давлат хизматлари кўрсатиш агентлиги билан;

212 таси бошқа сабаблар билан боғлиқ.

Маъмурий судлар томонидан 2021йилда 411.306.800 сўм давлат божи ундириш бўйича ижро варақалари мажбурий ижро бюросига юборилган.

Тоҳир Файзиев

Фуқаролик ишлари бўйича:

  Вилоятда 38.236 та фуқаролик ишлари кўрилган. 29.745 та даъво қаноатлантирилган, 4.371 та даъво рад қилингани, 2.840 та ариза кўрмасдан қолдирилган, 1.280 та иш юритишдан тугатилган.

Меҳнат низолари билан боғлиқ ишлар 537 та, оила низолари 11.916 та, уй-жой низолари 1.192 та, мулк ҳуқуқи 5.168 та, коммунал хизматлар бўйича қарздорлик 573 та, битим билан боғлиқ низолар 14.072 та, ер низолари 1.226 та, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 7 та, зарар билан боғлиқ 592 та ва бошқа тоифадаги 2.953 та бўлган.

Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича ҳисобот даврида жами 6.942 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, шундан 3.616 таси қаноатлантирилган, 2.617 та даъво рад этилган, 334 та (шундан 278 таси яраштирилган) фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган, 375 таси қонунчиликда кўрсатилган асосларга кўра кўрмасдан қолдирилган.

Иқтисодий ишлар бўйича:

 Жами 13 692 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган. Шундан 12 033 та даъво қаноатлантирилган, 1 341 та даъво рад қилинган, 184 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган, 134 та иш юритишдан тугатилган.

Иқтисодий жиноятлар ўтган йилдагидан 5942 та ёки 56,6 фоизга кўпайган.

Иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилиб, даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 637 млрд. 209 млн. 600 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган. Иқтисодий судлар кўрган 1180 та иш бўйича Республика бюджетига 20 млрд. 9 млн. 593 минг сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Иқтисодий судлар бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳратжон Мамадиёров

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар:

  Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар 6.942 та ёки 2020 йилга қараганда 1.839 тага кўпайган 6.233 та қарор чиқарилган, 3.616 никоҳ бекор қилинган!

2.617 даъво рад этилган. 334 иш тугатилган, 375 иш кўрмасдан қолдирилган.

Шу даврда никоҳдан ажратилган 3.616 та оилалар таҳлил қилинганда, никоҳдан ажралиш сабаблари қуйидагилардан иборат:

Никоҳланувчиларнинг оилага ахлоқан, руҳан, жисмоний жиҳатдан ва маънавий жиҳатдан тайёр эмаслиги сабабли 125 та;

фарзандсизлик ёки тарафлардан бирининг фарзанд хоҳламаслиги сабабли 469 та;

хиёнат сабабли 105 та;

ёлғон, туҳмат, ғайриахлоқий ҳаракатлари сабабли 12 та;

ароқхўрлик ва гиёҳвандлик сабабли 57 та;

эр ёки хотиннинг хорижга ишлаш учун кетиши сабабли 69 та;

юқумли оғир касалликка чалиниш сабабли 4 та;

характери тўғри келмаганлиги сабабли 2.422 та;

катталарнинг аралашуви сабабли 66 та;

турли бошқа сабабларга кўра ажрашишлар 287 тани ташкил этган.

Никоҳдан ажратилганларнинг 2.256 таси эрлар ва 1.360 таси аёллар томонидан ариза киритган.

Ярашганлар ҳам бор: 278 та оила!

Ажралганларнинг ёшлари:

18 ёшдан 28 ёшгача бўлганлар 570 та;

28 ёшдан 36 ёшгача 1.669 та;

36 ёшдан юқори 1.377 та шахсларни ташкил этган.

Ўқувучиларимизни бир рақмга яна бир бор диққат билан қарашларини сўрардим: 2021 йилда вилоятда 3.616 никоҳ бекор қилинган!

3.616 оилада фарзандлар ота ё она меҳридан мосуво бўлган!

Бу камида 10.000 боланинг тарбияси энди рисоладагидек бўлмайди, дегани!

Бу камида уч минг бола “Болалар уйи”га топширилади, дегани!

Азизлар, бу бир йилда! Битта вилоятда!

Ўнгдан биринчи: Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Зафар Аллабоев

Хулосамиз:

  Албатта, суд ишлари кўпайгани судлар кўпроқ ишлаётганидан дарак беради, аммо кўпайган шунча ишнинг ортида янада кўпроқ одамларнинг тақдири турибди. Энг одил суд ҳам яраштиришдан бошқа ҳолатларда иккала томонни ҳам баробар рози қилолмайди, демак, суд ишидан норози инсонлар ҳам оз эмас! Жазо тайинланган, қамалганлар ҳам оз эмас!

Аммо судлар ҳам қараб туришгани йўқ, вилоят суди раиси Олимжон Ҳайитовнинг айтишича, ҳар ойда иккита сайёр қабуллар ўтказилмоқда, жойларда тарғибот, ташвиқот ишлари олиб боришмоқда. Судларнинг ярмидан кўпроғи сайёр суд кўринишида ташкил этилмоқда, буларнинг ҳаммаси натижа бериши керак.

Афсуски, судларнинг, ички ишлар идораларининг, ҳатто ОАВ вакиллари, телевидение, радионинг саъй-ҳаракатлари жиноятнинг олдини олишда камлик қилмоқда. Юртдошларимизда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қонунларни кўроқ ўрганишлари лозимлиги кўриниб қолмоқда. Одамларимизнинг ҳуқуқий маданияти ошмас экан, жиноятлар камаймайди.

Юртимиз тинч бўлсин, юртдошларимиз бой бўлсин, одамларимиз бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлсин ва судьяларга иш қолмасин!

Устоз Тошпўлат Раҳматуллаев олган суратлардан фойдаландим…

Каримберди Тўрамурод

Манба: telegra.ph