СУДЬЯ: “ЖАДИДЛАР ҲАМ, ФИТРАТ, ЧЎЛПОН ҲАМ ҚАМАЛГАН, АКРОМЖОН БОЛАМ, ИРОДАЛИ БЎЛ!”
Зариф Султани (Zarif Sultani)dan : ЭСЛАТМА:
Бугун 2020 йилнинг 13 январ куни, душанба. 2017 йилнинг 13 январида 6 ой давом этган тергов ҳамда судловдан сўнг Акром Малик устидан ҳукм ўқилган эди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судяси Муҳаббат Хўжаева ўзи хоҳламаган ҳолда, кўзида ёш ва қалбида афсус ила ёш навоийшуносни 6 йилга қамади. У Акром Малик иши билан ҳам, маҳбуснинг ўзи билан ҳам танишгач, ёш шоирни ўғлим деб атади. Ҳукм ўқилган мажлисда: “Жадидлар ҳам, Фитрат, Чўлпонлар ҳам қамалган, Акромжон болам, иродали бўл”, – деган. Акром Маликнинг ота-онасига эса: “Сабрли бўлинглар”, – дея олган, холос. Кейин хўрсиниб: “Жуда ақлли бўлсанг ҳам қийин экан…” – деган.
Акром Малик судяга: “Раҳмат Сизга”, – деган. Судя нега деб сўраганда: “Инсонийлик учун. Иқрорингиз учун”, – деган. Ушбу судлов мажлисида адабиётшунослар филология фанлари докторлари Рашид Зоҳид, Абдумурод Тилавов, Олимжон Давлатов, Дилнавоз Юсуповалар иштирок этганлар. Улар Акром Маликни қатъият билан ҳимоя қилиб, у жиноятчи эмас эканига гувоҳлик берганлар. Суд улардан кафиллик сўраганида кафолат берамиз дейишган.
Акром Малик ўша пайтда қамалгани сабабли дарс қолдириб ўқишдан четлатилган магистрант эди.
Шоир Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексидаги 159-модда “Конституцион тузумга тажовуз” ҳамда
244-модда “Жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш” жиноятлари билан айбдор деб топилган.
Акром Маликка берилган қамоқ жазоси 2022 йил 6 август куни тугайди.
________________________________
Акром МАЛИК
ЭЙ ДЎСТ
Эй мен учун қайғурган ҳабиб,
эй қалбимга муҳибу ҳамроз,
тиларсанки, бошимга менинг
эрк қуёши нурини сочиб,
ҳурриятдан юзим порласа.
Эй қалбимга бўлган мусоҳиб,
эй зулмга этган эътироз,
бўлсин Дўстинг Аллоҳим сенинг,
дуоларинг Арш қадар учиб,
қабул бўлгай Роббим хоҳласа!
Озодликка топиб муносиб,
исмим айтсанг, сендан илтимос:
бу қуллардан асло сўрмагин –
эрк беринг деб қуйига тушиб,
ҳурриятни тиланма асло!
Тунда ҳамма ухлаган кезда
фаришталар бўлиб ҳамроҳинг
бошинг қўйиб саждага, эй дўст,
нафсинг этиб Аллоҳга таслим,
қолганингда Роббинг-ла танҳо!
Симоб каби ёшларинг кўзда,
олов каби ёнаркан оҳинг,
тилларингда садоқатли сўз,
айтиб бир бор мен фақир исмин
иймон сўра, сўра сидқ, тақво.
Иймон ила яшасанг токи,
маҳкам тутсанг тақво арқонин
эркин яша, маҳкум бўл ёки,
бўлмас дилда зарра армонинг.
Эй мен учун қайғурган Сизлар
эй номимни айтган дўстларим,
дуо қилинг мусаффо кезлар!
Кўзласам мен, Аршни кўзладим.
Дуоингиз бўлиб ижобат,
Роббим этса шояд марҳамат!
Унутмангки, дуолар узра
дийдоримиз узилмас ҳеч вақт.