O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Суд ҳокимиятининг халқдан панжара кўмагида ажратилишининг боиси нимада?

Суд ҳокимиятининг халқдан панжара кўмагида ажратилишининг боиси нимада?
174 views
14 February 2016 - 5:00

DSCN0919

8 йилдирки Олий судни бошқариб келаётган Бўритош Мустафоевнинг ўрнига унинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шоюнус Аюбжонович Ғозиевнинг мамлакат суд тизимига раҳбар этиб тайинланганига кўп бўлган эмас.

Бироқ, раисликнинг ўтган бир йилу олти ойлик даври Шоюнус Аюбжоновичнинг баъдига теккан кўринади.

Эҳтимол шунданми, Олий суд раиси ҳузурига арз билан келган фуқароларни ё қабул қилишга халқнинг арзларини тинглашга ҳафсала қилмаяпти, ёки қуйи суд тизимидан жабр кўрган жабирдийдаларнинг сони ҳаддан зиёдлиги сабаб барчасини қабул қилишга улгуришнинг мутлақо имкони бўлмаяпти.

Акс ҳолда Олий суд раиси қабулига кириш истагида бир кунда ташриф этганлар сони 350 нафарни ташкил қилмаган бўларди.

Олий суд раҳбариятининг фуқароларни арзини тинглаш тартибига кўра ҳар ойнинг илк жума (муродбахш кунни танлаганини кўринг) куни Шоюнус Аюбжоновичнинг қабул кунлари.

Шу умидда 2016 йилнинг 5 февраль куни Олий суд остонасига раис қабулига кириш истагида келган фуқаролар сони 350 нафардан ошиб кетди.

Қабулга келганлар орасида мамлакатнинг энг чекка ва узоқ ҳудудлари бўлмиш Хоразм, Сурхондарё вилоятларидан ҳам ўнлаб аризачилар ташриф буюрганди.

Энг ачинарлиси, бошига мусибат тушган фуқаролар гарчи кун бўйи тик оёқда кутсалар-да Шоюнус Аюбжонович қабулига кираолмасдан, умидсиз қайтишга мажбур этилди.

Натижада, Ғозиев қабул қилмаганидан ғазабланган аҳоли орасида норозилик кучайди, ғалаён кўтарилди.

Олий суд раиси қабулига кутиб силласи қуриётган, саргардон бўлаётган Чирчиқлик Любовь Александровна Чуракова каби кекса фуқаролар ҳатто ўз талабномаларини матоларга битиб, Олий суд биноси қаршисида норозилик пикети ўтказишга мажбур бўлдилар.

20160208_115903 (1) DSCN0916 350 нафардан ортиқ одамларнинг сабр-косаси тўлиб-тошганига гувоҳ бўлган Олий суд ходимлари Шоюнус Ғозиевнинг қабулини 8 февраль – душанба куни соат 10.00 га кўчирилади дея эълон қилишга мажбур бўлди.

Олий суд ходимлари раиси қабул кунини душанбага белгилашлари ортидан ғазабланган омма аламини оз бўлса-да босишга муваффақ бўлди.

8 февраль куни Олий суд раиси қабулига оид воқеа жараёнларини кузатиш мақсадида “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Е. Урлаева, Ада Ким ва менинг иштирокимда рейд ўтказилди. Олий суд биноси эрта тонгдан қабулга келган халқ билан лиммо-лим бўлгани кузатилди. Олий суд ходимларидан халқни сиз кўриб турган мана бу темир панжаралар ажратиб турарди.

DSCN0911 Қишнинг ёғингарчилик кунларида узоқ вилоятлардан келган фуқаролар раиснинг рухсорини кўриш илинжида кутиш ўриндиқларида эмас, кўчада, совуқ панжараларга суянган ҳолда кун узоқ кутишга маҳкум этилган.

20160208_114859 Кекса фуқароларнинг ўтириб кутишлари, ҳордиқ чиқаришлари учун ҳатто ўриндиқлар ҳам қўйилмаган, халққа шарт-шароит мутлақо яратилмаган.

20160208_115735 Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева қачонки узоқ вилоятдан келган фуқаролар, қабулга келган кекса кишиларга кутишлари учун шароит яратиб беришларини талаб қилиб туриб олгачгина, милиция ходимлари ичкаридан икки-учта ёғоч ўриндиқлар олиб чиқиб қўйишга зўр-баъзур мажбур бўлишди….

Афсусланарли жиҳати, 8 февраль куни ҳам қош қорайгунга қадар қадалиб турган фуқароларнинг аксарияти раис қабулига кираолмай, умидсиз қайтишга мажбур бўлди.

Негаки, биргина Ғозиев бир кунда 350 нафардан ортиқ одамларнинг муаммоларини тинглашга улгуриши хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Шу ўринда савол туғилади: Олий суд раиси қабулига кирувчилар сони кундан-кунга ортишининг боиси нимада?

Шоюнус Ғозиевнинг ҳар ойнинг илк жума куни узоқ вилоятлардан келган фуқароларни қабул қилмасдан ноумид қилиб қайтаришими?

Ёки қуйи суд тизимидаги судьяларнинг ғайриқонуний ҳукмлари, ноқонуний қарорлари аризачилар сонининг ортишига сабаб бўлмоқдами?

Маълумки, Сурхон воҳаси Тошкнетдан 1000 км. масофа олисда.

Шундай бўлсада қуйи суд ва қонун идораларидан излаган ҳақиқатини топа олмаган 60 ёшли тадбиркор Каромат опа Қодирова раис ҳузурига кириш истагида ҳар ойнинг жума куни кун узоқ Олий суд биноси эшигида қоровуллик қилади. Ҳар гал умидсиз қайтади.

Бўритош Мустафоев даврида ҳам шу аҳвол эди, Ғозиев раислигида ҳам ҳамон шу ҳолат ҳукмрон.

Бунингдек ўзибўларчиликдан азият чеккан Каромат Қодирова умид билан Олий суд раиси Шоюнус Ғозиевга матуб битади: “Олий суд қабулига кириш учун Сурхондарёдек жойдан 60 ёшимда Тошкентга 1000 км. масофа босиб ўн бор келишга мажбур бўлдим. Келмоқнинг кетмоғи ҳам бор. Бу дегани шаҳар ичидаги ҳаракатларим билан қўшиб ҳисоблаганда 20 000 км.дан ортиқ масофани босиб ўтдим деган гап. Аҳвол шу зайилда давом этаверса, бутун ер куррасини айланиб чиқишга етгулик масофани босиб ўтиб, Генниснинг Рекрордлар китобига кирмасам деб қўрқаман”.

Бундай мазмундаги мактубни ҳар куни юзлаб фуқаролар битишига шубҳа йўқ.

Наҳотки Олий суд раиси қабулга келган фуқаролар сонини меъёрида ушлаб туриш, халқни ортиқча оворагарчиликлар, йўл харажатларидан асраш, оммада норозилик кайфиятини уйғотмасликнинг йўли бўлмаса? Бор албатта.

Бунингдек кўнгилсизликларга барҳам бериш юзасидан таклифимиз: Нега энди Олий суд раиси Шоюнус Аюбжоновичнинг қабул кунини бир ойда бир маротаба эмас, икки ва ё уч кун деб белгилаш мумкин эмас? Бу қонунда таъқиқланганми? Ёхуд Ғозиев бир ойда фуқаролар учун уч кун қабул куни қилиб белгиласа толиқиб қоладими?

Модомики, қуйи суд идоралари ноҳақликка йўл қўяр экан, ноқонуний қарорларни имзолар экан, модомики, туман, шаҳар, вилоят суд тизимида адолат устивор бўлмас экан, модомики, Олий суд раиси қабулига эҳтиёж сезаётганлар сони кундан кунга ортиб борар экан Шоюнус Аюбжонович Ғозиев аҳоли арзини ойда бир эмас, ўн бора тинглашга мажбур.

Бизнингча шундай.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли