O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Суймаганга суйкан…

Суймаганга суйкан…
43 views
10 April 2017 - 9:00

Яқинда Буюк Британия Ўзбекистондаги мухтор элчиси Крэг Мюррейни Тошкентдан ватанига чарқириб олди. Буюк Британия Ташки Ишлар вазирлиги элчининг чақириб олинишига унинг Ўзбекистондаги сиёсий режимни танқид қилгани эмас, балки элчининг шахсий хато ва қусурлари сабаб бўлди, деб баёнот берди.

Эҳтимол бу тўғридир. Аммо элчи Ўзбек ҳукуматини танқид қилмасайди, ўша «шахсий қусурлари» сабаблигина ишдан олинмаган бўларди, ҳар ҳолда.

Крэг Мюррей Ўзбекистонда демократия тарафдорлари учун оддий элчи эмас, элчидан каттароқ шахс эди. Крэг Мюррей – Ўзбекистон режими қилаётган жиноятларининг ғарблик гувоҳи эди.

Инглиз элчиси сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон ҳукуматини режим мухолифларига қарши қўллаётган аксилинсоний қийноқлар ва фуқароларнинг инсон ҳақларининг шафқатсиз топталишини муросасиз танқид қилди. Мухтор элчи режим жаллодлари тарафидан гавдаси пажмурда қилинган инсонларни ўз кўзи билан кўрди, бу мазлумлар элчидан ёрдам сўраб унинг эшигини қоқдилар. Ва элчи бир софдил ва тўғрисўз инсон сифатида, бу даҳшатлар ҳақида гапирмасликни ўзига эп кўрмади. Ишидан айрилиш эвазига бўлса ҳам, бу қийноқлар диёри ҳақида кўрган ҳақиқатини айтишда давом этди.

Мухтор элчи Крэг Мюррейнинг ватанига чақириб олинишида террорга қарши кураш ниқоб орқасига яшириниб олган ўзбек диктаторининг турганлигига бизнинг шубҳамиз йўқ. Афсуски, террорга қарши курашда бизнинг қозончларимиздан талофатимиз каттароқдир.

Постсовет давлатлари мисолида сўнгги сиёсий-ижтимоий ўзгаришларни шартли равишда «Террор оқибатида» ва «Террор ёрдамида», дея икки гуруҳга бўлиш мумкин. Террор оқибатида: СССРнинг йиқилиши ва совуқ уруш даври тамомланиши билан жамиятда бошланган демократиклашувга майл ўз динамизмини йўқотди.

Террорга қарши ва ёки ундан ҳимояланиш учун жуда катта моддий ва интеллектуал ресурслар сафарбар қилинди ва бу ўз навбатида шундоқ ҳам рамақижон иқтисодиётни янада заифлаштирди.

Жазо органлари контингенти фожеали даражада каттайди, ҳар беш фуқарога биттадан миршаб пайдo бўлди. Товар, ахборот ва инсоннинг ҳаракат майдони кескин торайди, ҳар жабҳада маҳдудлик (изоляция) кучайди. Булар ҳаммаси одамлар орасида бир-бирига ғазаб ва нафратни қўриқлайдиган факторларга айланди, бу ўз навбатида ижтимоий истиқрорни давомли таҳлика остида тутабошлади. Бу орада, Каримовнинг мустабид режимини қўллаётган Ғарб давлатлари бизга ўргатиб келаётган инсон ҳақлари ва демократия соҳасидаги иззат-эътиборини анчагина задалади.

Энди «террор ёрдамида» нима бўлганига кўз ташлайлик: террор ёрдамида Марказий Осиёдаги тоталитар режимлар шубҳасиз мустаҳкамланди. Террор ёрдамида бу режимлар инсон ҳақлари ва сўз эркинлигига очиқ ва аввалгидан дадилроқ хуруж қила бошлади. Террор ёрдамида диктаторлар ҳокимият тизимларига сайловларни тўла назорат остига олишга муваффақ бўлдилар. Ўзбекистон декабр ойида Парламент сайловларини яна – учинчи марта! – мухолифатсиз ўтказмоқчи. Бу ҳам террор ёрдамида бўлаяпти, террор Олабўжиси психози ёрдамида қилинаяпти.

90-йиллар бошларида Каримов режими Ғарб давлатлари тарафидан бугунгидай собит рағбат кўрмаган эди. 1991 йил ўтган Президентлик сайловларини кузатган ғарблик кузатувчилар ўзбек ҳукуматининг машруъиятини (легитимлигини) очиқ шубҳа остига олгандилар.

Масалан, 90-йиллар бошида Каримов ўзининг Бундестагда қабул қилинишини орзу ҳам қилолмасди.

Ғарб илк босқичда Совет Иттифоқи йиқилгандан кейин пайдо бўлган янги давлатлар лидерларининг кўнглини олиш учун уларнинг яхши-ёмон бутун ташаббусларини қўллашга интилди. Бу кўнгил олиш эҳтироси керагидан ортиқ теранлашиб, озгина сас чиқарган мухолифатга ҳам ғарблик ҳомийлар қулоғини динг қилиб, ташвишлана бошладилар. Уларнинг андишаси «Марказий Осиё давлатлари яна Русия қучоғига тушмасин», қабилда эди. Ва кутилганидек бу иккиюзли сиёсат қурбони икки ўт орасида қолган демократик ҳаракат бўлди. Ўзбекистонда шафқатсиз репрессиялар оқибатида демократик ҳаракат иллегал ҳолатга тушди, унинг бўшатган ўрнига бугун «исломий» деб аталаётган радикаллар пайдо бўлди. Бу радикал ҳаракатлар бевосита Каримов режимининг меваларидир. Давлат террори воситасида яратилган яратиқлардир. Ҳеч шубҳа йўқки, давлат террорини минтақада илк бошлаб берган одам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир.

Ҳеч шубҳа йўқки, Марказий Осиёнинг биринчи ҳаваскор диктатори Коммунистик Партиянинг собиқ котиби Ислом Каримовдир.

У Совет даври Қайта қуриш йилларида пайдо бўлган демократиянинг, базўр ниш урган озодликнинг гўрковидир. Бугун унинг мустабид идора услубидан, унинг мудҳиш тажрибасидан бутун собиқ совет жумҳуриятларидаги катта кичик диктаторлар – Лукашенко дохил – унумли фойдаланмоқдалар.

Каримов минтақа лидерларини дунё жамоатчилигига қарши майдон ўқишга муттасил илҳомлантириб келди. У «суймаганга суйканма» мақолини ўз тажрибаси билан «суймаганга суйкан», деб ўзгартирди. Ва суймаганга суйканиб ҳам иззат-эътибор кўриш мумкинлигини амалда исбот қилди. Унинг Вашингтон зиёратида Жорж Буш билан саломлашаётгандаги ғурурли боқиши юқоридаги мақолнинг нақадар нисбий эканлигининг исботи эмасми?!

Ҳа, Каримовнинг минтақага таъсири мукаммалдир. Ҳатто демократия малаги саналган Асқар Ақаев ҳам бу таъсир остида ўзининг Президентлик ваколатини референдум билан узатса ва ёки умуман сайловларни бекор қилиб қолса, ажабланманг. Каримов гумашталари тили билан айтганда «Каримов бир феномен». Масалан, ички сиёсатдаги давомли хатоларига қарамай, ой сайин чуқурлашаётган иқтисодий бўҳронга ва фуқароларнинг яшаш стандартлари дунёда энг тубан кўрсаткичга инишига қарамай, бу одам қандай қилиб ҳокимиятда бу қадар узоқ қолабилди?

Не синоат бор бу «феномен»да? Менимча, бу ерда қадриятларнинг терс ҳисобланиши воқеаси мавжуд. Масалан, Ўзбекистон Президентининг демократиядан қўрқоқлиги унинг истиқрорни сақлашда кўрсатган жасорати сифатида такдим қилинди. Унинг бўғувчи, ўлдирувчи иқтисодий сиёсати «ислоҳотларга аста-секин ўтиш» шаклида тақдим этилди. Унинг коррупция ва порахўрликка рағбати «социализм сарқитларидан аста-секин қутилиш», деб изоҳланди. Каримов «мафияни йўқотдик», деб эьлон қилди, аслида эса ҳукумат мафияни ўз бағрига олди, у билан расман бирлашди.

Мафия Каримов туфайли ўз тарихида илк бор легал кучга айланди. Энди у ўлканинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида очиқ ва эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Давлат ТВ-си ҳар хил баҳоналар билан мафия «ота»ларини «янги бизнесмен» шамойилида ташвиқ ва тарғиб этиб, ёшларга янги инсон идеали сифатида тавсия этмоқда. Мафия Халқаро Спорт мусобақаларини ташкил қилмоқда. Ҳар йили теннис буйича Президент Кубоги мусобақаларини уюштириб, мусобақа ғолибининг пулини «обшак»дан тўлаяпти. Янада муҳими, мафия Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Хизмати билан биргаликда Учинчи Қувват тизимига айланди. Энди режим мухолифлари ва ёки ўзига ёқмай қолган ҳар қандай бир шахсни Ўзбекистон Президенти мафия қўли билан йўқ қилиш тажрибасини қўллай бошади. Мафия бажарилган иш ҳақида рапортларни Ички Ишлар Вазири воситасида ҳукумат бошлиғига етказиб туриши ҳам бизга сир эмас.

Ўзбекистон Президенти лоббистлари уни «мамлакат истиқрори (барқарорлиги) нинг кафолати», деб таъриф қилишади. Камина, бу истиқрорни «қабристон истиқрори»га қиёсганимда, бу қиёс баъзи ғарблик дўстларимга муболаға бўлиб кўринган эди. Аммо мен аминманки, бу ғарблик дўстларим бундай бир истиқрор ичида яшашни зинҳор-базинҳор истамаган бўлардилар. Улар қўрқув ва зулм остидаги бундай истиқрордан қутилиш учун ҳатто ҳарбий тўнтариш, ҳатто фуқаролар урушини афзал кўрган бўлардилар.

Бу мустабид режим ҳукмронлигида кечган 15 йил ичида Ўзбекистонда яхши тарафга ўзгарган бирор нарса йўк. Воқеалар ҳалокатли даражада секин, худди секинлаштириб олинган кинокадрлар мисоли, худди даҳшатли туш каби зил-замбил оғир – бир-бирини алмаштирмоқда. Бу қўрқинчли уйқудан уйғонмоқ пайти келди. Дунё бу қўрқув диёрининг бошқарувчиси ҳақида ҳақиқатни очиқ айтиши керак: Марказий Осиё турғунлигини асос фактори – Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир.

2004 йил, ноябрь

(105)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (312-316-саҳифалар.)

(давоми бор)