Болалигим уруш киноларини кўриш билан ўтди. Иккинчи жаҳон уруши мен учун “Сигнал” деб аталган оқ қора телевизор ойнагидан кўринадиган шоу эди.
Бунинг баробарида Валентин Катаевнинг “Полк ўғли” деган китобини ўқиб “Уруш катта бир томошахона” деган фикрда эдим.
Гарчи “Полк ўғли” китобида ҳам урушнинг даҳшатли бир нарса эканига сигналлар бўлсада¸ мен учун бу мухораба “Тўрт танкист ва бир кўппак” киноси каби мафтункор ва жозиб эди.
“Полк ўғли” китобида уруш бир норасиданинг кўзи билан “Солдат отаси” киносида эса гуржи чол Махарашивилининг кўзи билан рўмонтик ранглардаги мафтункор бир манзарани касб қилган эди.
Аммо Совет медиаси маҳсули бўлган бу мафтункорликка ëн-атрофимдаги реал ҳаëт манзаралари зарар етказар эди.
Қўлтиқтаëқлар
Мен олтмишинчи йиллар охирини элас-элас¸ етмишинчи йилларни эса аниқ-тиниқ эслайман.
Ўша йиллари отам билан жамоатчилик ҳаммомига борганимда уруш майиб қилган элдошларим тасвирини ретушсиз кўрган эдим.
Отамнинг яқини бўлган кекса шоир Раҳим Бекниëз уйимизга келиб йўғон овозда шеър ўқиганини эслайман:
Паст кўчадан келар овоз тақир туқир
Рост кўчадан келар овоз тақир туқир
Қўлтиқтаëқлар¸ беҳуда кетган оëқлар…
Шаҳардаги уйимиз ëнидан ўтган Қирғиз канал бўйидаги йўл Урганчдаги қизил майдонга элтар эди.
Биринчи май ва еттинчи ноябрь кунлари бу майдонда парад бўлар эди.
Бу парадга кетаëтган йўл бўйлаб қўл –оëқсиз майиб мажруҳ тиланчиларни кўрар эдим.
Умумий байрам манзарасига путур етказган бу оëқсиз тиланчилар иккинчи жаҳон урушининг иштирокчилари эди.
Уларнинг тушкун қиëфаси плакатлардаги ҳалоскор рус аскарига сира ўҳшамас эди.
Байрам куни бу тиланчилар ҳукуматнинг махсус гуруҳи тарафидан шафқатсизларча йиғиштирилиб олганига бир неча марта гувоҳ бўлганман.
Йўл бўйида ўтирган оëқсиз чолни икки барзанги йигит қўлтиғидан кўтариб машинага отиб юборишгани манзараси даҳшат эди.
Бу амаки миниб юрадиган тўртта подшибник ўрнатилган қўлбола аравани уни орқасидан машинага ирғитишди. Уни ортидан қўлтиқ таëқлар машинага қараб учди.
Юк машинаси кузови эса майиб мажруҳлар билан тўла эди.
Улар “Сволочи” деб бақиришиар¸кайф қилиб олганлари эса кулиб ўрисча қўшиқ айтар эди.
Иккинчи жаҳон урушига мажбуран олиб кетилган ва майиб мажруҳ бўлиб қолган бу кишилар советча байрам манзарасини бузмасликлари учун шаҳар четидаги Обдол банги мавзесига ëки Ботир калнинг майдони деб аталган ерга олиб бориб ташланар эди.
Урушда иккки оëғини йўқотган урганчлик чол расмини чизганимда институтдаги донишманд ўқитувчиларим даҳшатли сукунатга чўкканини ҳануз эслайман.
Тут тагидаги ëйдоқ бир ерда тўртбурчак тахтага тўртта темир ғилдирак ўрнатилган “арава” устида оëқсиз чол ўтирибди. Арава занжир билан яйдоқ саҳндаги темир қозиққа бойланган. Чол қўли билан ерни эшкак каби эшиб қозиқ атрофида доира бўйлаб ҳаракатланади.
Агар тепадан қаралса қозиқ атрофида арава изидан иборат айлана сўқмоқ кўринади.
Эсимдан адашмасам бу чолнинг исми Марим бово эди. Курск ëйида оëғидан айрилган.
1983 йилда мен бу чолнинг бир неча расмларини чизиб семестр якунига оид просмотрга қўйдим.
Расм чизиш маҳорати¸ линия¸ прапорция ҳақида гапириши ва ҳатоларимни кўрсатиши керак бўлган домлалар санъатни унутиб мен чизган ўртамиëна наброскалардаги ҳаëт ҳақиқатидан шокка тушгани эсимда.
Бу расмни чизганим учун ўшанда домлаларим мени койимаган¸ билъакс балли дейишган.
Кейинчалик бу образни мен “Эски машина” деган картинам ичига жойлаштирдим.
Давоми бор
Шухрат Бобожон
“Озодлик” радиосининг ходими