O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сурат Икромов: ЎзА агентлиги томонидан ёзилган хабар очиқ туҳмат ва буюртма

Сурат Икромов: ЎзА агентлиги томонидан ёзилган хабар очиқ туҳмат ва буюртма
200 views
28 November 2017 - 10:27

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ҳуқуқбон Сурат Икромов ЎзА агентлиги томонидан ёзилган Гулбозор маҳалласида “экстремист” ушланди деган хабар очиқ туҳмат ва буюртма эканлигини айтмоқда. Би-би-си Ўзбек хизмати олиб борган кичик тадқиқот давомида ахборот агентлиги томонидан чиқарилган хабардаги фактларни тасдиқловчи бирор гувоҳ ёки масъулни тополмади.

24 ноябр куни “Шайхонтоҳурда экстремист аёл қўлга олинди”, деб номланган мақолада “Гулбозор” маҳалласидаги жоме масжидида У. Узоқова томонидан “Ҳизбут таҳрир” ташкилоти варақалари тарқатилгани ҳақида гап боради.

Варақаларнинг қайси масжид ва қачон тарқатилгани борасида муаллиф ҳеч нарса ёзмаган.

Би-би-си мақола муаллифи ЎзАнинг республика ахборот таҳририяти бўлим мудири Норгул Абдураимова билан боғланди. Ундан хабарда келтирилган фактлар нақадар текширилгани ва ҳодиса қайси масжидда, қачон бўлгани ҳақида савол берди.

“Батафсил органларга мурожаат қилиб сўранг, ўртоқ. Мен билган нарсамни ёзганман. Ёзиб ҳам айбдор бўласан одамларга. Албатта, текширилган. ГУВДга мурожаат қилинг топиб беришади. Мен сизга ҳисобот беришга мажбурмасман, ўртоқ”, дейди Норгул Абдураимова.

Би-би-си ЎзА журналистидан маҳкама қарорисиз бир аёлни экстремист дейишга нима асос бўлгани борасида сўраганда Норгул Абдураимова “Сизнинг саволингизга жавоб беришга мажбурмасман. Ман ўша профилактикага бориб, бир айланиб анақа қилганман ўшетларда. Манга машинақа маълумотларни тақдим қилишган”, деб жавоб берди.

ЎзА масъулларидан бирининг Би-би-сига айтишича, бу каби мақолаларни Тошкент шаҳар ИИББ ҳар пайшанба куни ўтказадиган брифингларида беради.

“Биз улардан қўшимча маълумот сўрасак, йўқ дейишади. Ҳаммаси текширилган, дейишгани учун уларни одатда тешириб ўтиришга ҳожат бўлмайди”, дейди у.

Мақолани Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасининг muslim,uz сайти “Гулбозордаги масжидда “варақа” тарқатган аёл қўлга олинди”, деган сарлавҳа билан кўчириб босди.

Диний идоранинг матбуот котибиман деб таништирган Комилжон исмли ходим мақола ЎзАдан кўчириб босилгани учун варақа қайси масжидда ва қачон тарқатилгани борасида маълумоти йўқлигини билдирди.

Масжидлар билан ишлаш бўлимидан Музаффар ҳам варақалар қаерда тарқатилганидан хабари йўқлигини айтди.

“Тошкент шаҳрида эмас бу. Республиканинг бошқа ерида бўлиши мумкин. Бошқа давлатда”, дейди у.

Би-би-си Шойхонтоҳур туман “Гулбозор” маҳалла фуқаролар йиғини билан боғланиб бу ҳодиса қачон бўлгани ҳақида сўради. Гўшакни кўтарган Дилором опа исмли маҳалла мутасаддиси бу маҳаллада яқин ўртада варақа тарқатилмаганини билдирди.

“Бу точно бизнинг маҳаллада бўлмаган. Гулободда бўлса керак. Бизда тарқатилса хабаримиз бўларди. Маҳаллада битта “Ҳожа Ахрор Валий” жоме масжиди бор. Тарқатилса биз билган бўлардик”, дейди “Гулбозор” маҳалла фуқаролар йиғини масъули.

Биз “Ҳожа Ахрор Валий” масжиди билан боғландик. Гўшакни кўтарган киши ўзини масжид қоровули эканлигини айтди.

Қоровулнинг айтишича, масжидда бунақа ҳолат яқин ўртада бўлмаган.

Би-би-си хабарнинг бош манбаси бўлган Тошкент шаҳар ИИББга боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ ходим Би-би-сидан эканлигимизни эшитиши билан гўшакни қўйиб қўйди.

“Мақола бошдан оёқ туҳмат ва буюртма”

Мақолада 13 ноябр куни Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиши бошқармаси томонидан ҳибсга олинган Умида Узоқова ҳақида гап боради. Шайхонтоҳур тумани Гулобод маҳалласида доимий пропискада турган 29 ёшли Умида Гулбозор маҳалласида эркаклар намоз ўқишга йиғилганда “Ҳизбут таҳрир” варақаларини конвертга солиб келиб тарқатгани айтилади.

Ушбу ҳодисани яқиндан ўрганаётган ҳамда Умида билан бирга ҳибсда қолаётган 6 кишининг яқинларига ҳуқуқий маслаҳатлар бераётган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов ушбу мақола буюртма эканлигини айтади.

“Бу ахборот мутлоқо буюртма мақола деб ҳисоблайман. Умида Узоқованинг варақа тарқатган бўлиши мумкин эмас. Узоқова 13 ноябрда ички ишлар органи ходимлари томонидан олиб кетилган. Бу ерда 22 да деб гапириляпти. Иккинчидан мен унинг яқин қариндошлари билан гаплашдим. Улар айтаяптики, Умида Узоқова касалванд экан, доим иситмаси чиқиб юраркан”, дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидлашича, милиция диндорларни ноқонуний ушлаб, ноқонуний судлар қилиб 15 суткага қамаган.

“Энди бу нарса ошкора бўлиб Президент аппарати ва Президентгача етиб келганидан кейин текшира бошлаган. Қарашсаки, аҳволи чатоқ, сувдан қуруқ чиқиш мақсадида мақолани уюштиришган”.

Сурат Икромовнинг айтишича, куч тизимлари ўз иш ўрнини сақлаб қолиш, мукофот олиш ва юқори лавозимларга кўтарилиш учун бу каби жиноятларни уюштиради.

“Жиноий ишларни очиб уларни қийноқ орқали бўйнига қўйиш ёки калтаклаб, уриб, қийнаб оппоқ қоғознинг тагига қўл қўйдиришади. Бундай қарасангиз аслида уларнинг ўзи жиноятчи. Милицияларни бугун 50 фоизга қисқартирса жиноятлар икки баробарга эмас, уч баробарга қисқариб кетади. Жиноятни қидириш буларнинг нони. Ҳукумат қаттиқ туриб буларни қисқартирмаса бу тўхтамайди”, дейди у.

Ҳуқуқ фаоли бу каби жиноятларни уюштираётгани учун ҳуқуқ тартибот органи ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш керак дейди.

“Буларни шу нарсани қилгани учун жиноий жавобгарликка тортиш керак. Ўзбекистон Жиноят кодексида модда бор, 230 чи модда. Уюштирганлар 5 йилгача жиноий жавобгарликка тортилиши керак. Мақолани ёзган журналистни ёлғон, дезинформақия тарқатгани учун жиноий жавобгарликка тортиш керак”.

Ҳуқуқбон Сурат Икромов Умида Узоқова ва яна 6 диндор ишида Тошкент шаҳар ИИББ Терроримз ва экстремизмга қарши курашиши бошқармасини биринчи бўлиб жавобгарликка тортиш кераклигини урғулади.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 79 нафар аёл ва эркак диндорлар қўлга олинган.

Уларнинг аксарияти 8 соатлик савол-жавобдан сўнг қўйиб юборилган. 7 киши ҳамон ҳибсхонада қолмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси томонидан 29 ёшли Умида Узоқова, унинг онаси 51 ёшли Насиба Узоқова, 25 яшар Муҳаммадамин Абдураҳмонов ҳамда Умиданинг турмуш ўртоғи Нодирлар 13 ноябр куни ушланган.

Орадан 3 кун ўтиб 16 ноябрда 35 ёшли Оятулла Усмонов, 32 ёшли Муҳаммад Рашидов ва 23 яшар Насрулло Аъзамовлар ушлаб кетилган. Яқинлари уларнинг ҳамон ҳибсда сақланаётганини ва қийноқларга тутилаётганини айтмоқда.

Яқинларининг таъкидлашича, Тошкент милицияси улардан 2009 йил қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаеванинг жойини маълум қилишни талаб қилмоқда.

Унинг ҳибсда сақланаётган турмуш ўртоғи Муҳаммад Рашидовнинг эпилепсия (тутқаноқ) ҳамда юрак пороги (нуқсони) хасталиклари билан оғриши айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда қора рўйхатда турган 17 минг диндордан 16 мингтаси ундан чиқарилганини айтганди.

Президент рўйхатдан чиқарилган диндорларни жамиятга қўшиш, уларни иш билан таъминлашга чақирганди.

Тошкент милицияси томонидан қўлга олинган диндорлар ҳам бир оз муддат рўйхатдан чиқарилган бўлган.

ЎХҲ хабарлар бўлими