Суриядаги фуқаролар уруши шиддат билан давом этмоқда. Бу урушга диктатор Башар Асаднинг халқ исёнига қарши чиққанлиги сабаб бўлди. Деярли бир ярим йилдан бери давом этиб келаётган ушбу урушда 40 мингга яқин кишининг ҳалок бўлганлиги тахмин қилинмоқда. Маълумки Сурияда нусайрий (шиаликнинг бир шакли) озчиликнинг диктатураси мавжуд бўлиб, бу золим режим Эрон, Русия ва Хитой томонидан қўллаб қувватланиб келинмоқда. Сўнгги кунларда Асад ҳарбийларининг ушбу урушда химиёвий қуролларни ишлатиши эҳтимоли ҳақида маълумотлар тарқалди.
Жумладан, АҚШ Президенти Обама Сурия раҳбариятини бундай қалтис ҳарбий қадам отишга қарши огоҳлантирди. Шу билан бирга Туркиянинг Сурия билан чегара минтақаларига НАТО блокининг Патриот ракета тизимини ўрнатилиш ҳақида шартнома тасдиқланди.
Башар Асад ўз халқига ва қўшни давлатларга қарши химиёвий қуроллар ишлатадими, йўқми, буни ҳозирдан айтиш қийин. Шу кунларда Туркияга расмий сафар билан келган Русия Президенти рус ҳукуматининг Сурия режимининг адвокати эмаслигини айтди. Шунингдек, Русия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров бу масалада Туркиянинг ўзини химоя қилиш ҳуқуқи борлигини айтган.
Қисқаси Сурия мисолида диктатураларнинг тугатилиши осон масала эмаслигини айтишимиз мумкин. Бу масала осон ҳал бўлмасада, эрта индин Сурия режимининг қулаши ҳам ҳеч кимда шубҳа уйғотмайди.
ЎХҲ Ахборот Маркази
5 декабрь 2012 йил.