Дунё давлатларини икки қутбга ажратган Суриядаги уруш бобида ўзбек расмий матбуоти ҳар доигидек сукут сақламоқда, дея хабар беради Озодлик радиоси.
Ўзбекистон давлат телевидениесида узоқ йиллардан бери ишлаган журналистнинг айтишича, айни кунларда Сурия низоси фақат давлат теле ва радиоканалларида ўта қисқа форматларда ёритилмоқда.
“Шу, асосан, Россия расмий матуботи ёндошуви остида, ўта қисқа ва умумий тарздаги хабарлар берилаяпти”, дейди маҳаллий журналист.
Ўзбек журналистларидан олинаётган маълумотларга кўра, Яқин Шарқ давлатларида норозиликлар тўлқини бошланганидан буён расмий ахборот воситаларидаги халқаро сиёсатга оид махсус кўрсатувлар ҳам тугатилган.
Ўзбекистонлик журналистлардан олинган маълумотга кўра, ҳозир Сурия ва умуман Яқин Шарқ минтақасида бораётган бошқа можаролар ҳақида чекланган доирадаги журналистларга ёзиш ва гапириш имкони берилган.
“Ҳозир халқаро сиёсат фақат “Ахборот” ва “Давр” информацион дастурларида ёритилаяпти. Катта-катта сиёсий шарҳловчиларимиз ҳам ҳозир дунё давлатлари табиати, маданияти, ўсмлик ва ҳайвонот дунёсига оид кўнгилочар дастурларни қилиб юришибди”, деди Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясида ишлаётган журналист Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.
Яъни, нафақат “араб баҳор”и қамраган Яқин Шарқ давлатлари, балки бутун дунё сиёсати ҳақида ёзиш имкони ҳозир Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясидаги махсус информацион дастурларда ишлаётган журналистлар ҳамда Ўзбекистон давлат ахборот агентликлари таҳририятларига берилган.
Дунё давлатларида содир бўлаётган воқеаларга у ёки бу тарзда муносабат билдириш ваколатига эга энг катта “катта” эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир. Ҳар доимгидек Каримов яна халқни сиёсатга аралашмаслик учун бу каби дастурларни ишга солади. Яъни, фақат кўнгилочар қўшиқлар ва ҳайвонот дунёси билангина чеклаб, ТВларни ҳам “ўз сиёсатига буриб юборган”. Гўёки, Ўзбекистондаги аҳоли дунё воқеалари билан ҳам “отаси”нинг рухсати билан танишиши керак.
ЎХҲ хабар маркази