O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сурия режимининг қисқа тарихи ва таърифи

Русия ва Хитойнинг Асад режимини қўллаб қувватлашларининг сири эса янада соддароқдир. Бу икки давлат “Араб баҳорининг” шарққа қараб ёйилишидан ўлгудек қўрқадилар.

Сурия режимининг қисқа тарихи ва таърифи
185 views
20 July 2012 - 7:25

Суриянинг яна бир исми Шом (яъни Дамашқ) диёридир. Шом эса Ислом маданиятининг марказларидан бири, кўплаб саҳоба, тобеинлар ва Ислом олимларига ватан ҳисобланади. Бу диёр 16 асрдан то 20 асрларнинг бошларига қадар, яъни 400 йилга яқин Усмонли давлати таркибида эди. Сурия биринчи дунё уруши йилларида ғарбликлар томонидан Усмонли халифалигидан ажратилди. 1920 йилдан 1946 йилгача Франция мустамлакаси эди. (http://tr.wikipedia.org/wiki/Suriye). 1946 йилда мустақилликка эришди. 1958 йилда Миср ва Сурия Араб Жумҳуриятлари Иттифоқни қурдилар, аммо бу иттифоқнинг умри фақат 3 йил давом этди.

Сурияда 1963 йилдан эътиборан БААС, яъни араб социалист миллатчилар партияси ҳукуматни қўлга киритди. Бу партия ўз ғоясининг Ислом динига зидлиги билан машҳурдир. 1970 йилда Асад оиласи партиянинг хўжайини бўлди ва диктатор Ҳофиз Асад 2000 йилгача Суриянинг раҳбари бўлиб келди. У ўлгандан кейин ўғли Башшар Асад тахтга ўтирди…

Асад режимининг моҳияти фақатгина БААС партиясининг ғояларидан иборат эмас. Диктатор Асадлар Сурияда озчиликни (тахминан 12%) ташкил қиладиган Нусайрийлар тофидасидандир. Бу диний секта Исломдан ажралиб чиққан, шиаликка яқин, Исломнинг ва Насронийликнинг баъзи жиҳатлари ва маҳаллий халқнинг баъзи урф одатларидан ўзига сохта “дин” ясаб олган тоифадир. Шунинг учун ҳам Нусайрийлар шиалар каби сунний мусулмонларнинг энг ашаддий мухолифлари ҳисобландилар. Сурия аҳолисининг асосий қисми (80% га яқини) сунний мусулмонлардан иборат бўлгани учун ҳам Асад режими доимо сунний мусулмонларни ўзларига рақиб кўрган ва давлатнинг бутун имкониятларини суннийларни назорат остида тутиш учун ишлатиб келган. Ушбу сабаб билан сўнгги 40 йилда Суриядаги диктатура режими фавқулодда ҳолат шартлари билан мамлакатни бошқарган. Сунний мусулмонларга ўзлари истаган шаклда жамоатлар тузишга ҳеч қачон рухсат бермаган Асад режими минтақада асосий исломий ташкилот бўлган “Иҳвони муслимин” ташкилотига аъзо бўлганларни ўлим жазоси билан жазолантирган. 1982 йилда сунний мусулмонларнинг эркинлик талабларига диктатор Ҳофиз Асад ваҳшийлик билан жавоб берган ва 30 мингга яқин, баъзи манбаларга кўра эса 50 мингга яқин кишини қатл қилганди.

Бугунги кунда ҳам Суриядаги қонли воқеаларнинг асосий сабаби ботил эътиқодли Нусайрийлар тоифасининг сунний мусулмонларга қарши душманлигидан иборатдир. Диктатор Башшар Асад ўлкасида бўлаётган воқеаларни ғарбликларнинг ўйини, дея кўрсатишга уринаётган бўлсада, аслида “Араб баҳоридан” илҳомланган сунний мусулмонлар Нусайрийлар диктатурасига қарши оммавий норозилик намойишларини бошлатгандан кейинги воқеалар ҳозирги кунда фуқаролар уруши ҳолини олди. Албатта диктатор Асад режими ташқаридан ёрдам олмаганида ёлғиз ўзи адолат талаб қилиб чиққан мусулмон халққа қарши тура олмас эди. Аммо Эрон, Русия ва Хитойнинг моддий ва сиёсий қўллаб қувватлаши натижасида Асад режими Суриялик мусулмонларни ваҳшийларча қатл қилишда давом этмоқда. “Араб баҳори” Сурияга етиб келгандан кейин, 20 мингга яқин мусулмонлар диктатор Асаднинг қурбони бўлдилар.

Хўш, нега юқорида номи зикр қилинган давлатлар Башар режимининг дўстига айланганлар? Эрон режими Асад режими билан ақидавий ва жуғрофик сиёсий жиҳатдан “биродар”дир. Юқорида айтилгани каби нусайрийлар тоифаси шиадан ажралиб чиққан ва Ислом динининг тамалларидан узоқлашиб кетган бўлса ҳам, нусайрийлар сунний мусулмонларга мухолиф бўлган шиаларга ўзларини яқин ҳисоблайдилар. Шунинг учун ҳам Асад режими билан Ливандаги шиалар орасида жуда яқин ҳамкорлик мавжуддир. Яъни, Асад режимининг даф бўлиши билан Эрон минтақадаги таъсирини жиддий равишда йўқотиши муҳтамалдир. Эроннинг Суриядаги диктаторликни қўллаб қувватлашининг сабабларидан бири, шиалар кутаётган имом Маҳдийнинг Шом диёридан чиқишидир. Шиа эътиқодига кўра Имом Маҳдий 4 ёшида йўқолиб қолган ва у қайтиб чиққанда шиаликни дунёга устун қилади…

Русия ва Хитойнинг Асад режимини қўллаб қувватлашларининг сири эса янада соддароқдир. Бу икки давлат “Араб баҳорининг” шарққа қараб ёйилишидан ўлгудек қўрқадилар. Чунки бу инқилобларнинг дейлик, Кавказ ва Ўрта Осиё минтақаларига тарқалиши Русия, Хитой ва Ўрта Осиё даги юз миллионларча мусулмонларни ҳаракатга кечириши мумкин…

Абдурраҳмон Муҳаммад
20 июль 2012 йил.