2012 йилнинг 6 апрель куни тонгги соати 10-00да Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманига қарашли, “Ҳўжамулк” қишлоғига 13 та ўлик жасадлар ортилган автомашиналар коллонаси Россия давлатининг под Москва шаҳридан келтирилди…
Аввалига фуқаролар орасида “Қумқўрғонга, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримовнинг келиши кутилмоқда…” деган миш-миш тарқалди. Айнан ўша куни кўчалар, ҳиёбонлар, ариқ-зовурлар тозаланди, оқартирув ишлари олиб борилди. Корхона ва ташкилотлар, мактаб хамда коллеж ўқувчилари тозалик-ободонлаштириш ишларига жалб қилинди. Ҳар бир кўчага туман ИИБ ва туман МҲҲ ходимларидан иборат шаҳслар бириктирилди. Енгил ва оғир машиналар кўчалардан олиб ташланди. Бозорлар ва савдо дўконлари ёпилди. Вилоят ИИБга қарашли “ДАН” ходимлари томонидан кўчадан ўтаётган ҳар бир машина ва фуқаролар шаҳси текширилди. Тожикистон билан чегарадош бўлган, Сурхондарё вилоятининг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи туманларининг йўллари беркитилди. Қумқўрғон туманига келиб-кетувчиларнинг шаҳси аниқланиб, фуқароларнинг ҳавфсизлигини тўла таъминлаш, вилоят МҲҲнинг зиммасига юклатилди.
Шу куни Қумқўрғон туманига келтирилган 13 та ўлик жасадлар ортилган машиналар ортидан, етти ёшдан, етмиш ёшгача бўлган фуқаролар “Ҳўжамулк” қишлоғида тўфондай ёғилди.
Айнан шу куни, яъни жума куни “Қиёмат-қойим” содир бўлди, деса ҳам хато бўлмайди… Машиналардан махсус яшикларда 13 жасад туширилди. Майит эгаллари, яъни ота-оналар фарзандарининг жасадларини кўриб, дод-фарёд кўтаришди. Бир хонадон соҳиби Чориевлар оиласига тегишли бўлган, тўртта жасадни кўрган ота-онаси ва қариндошлари ҳушларидан кетиб қолишди. 13 та жасаднинг деярли хаммаси 15-18, 20-25 ёшни ташкил этарди…
Чеккада ИИБи ходимлари орқасида манзарага шоҳид бўлган ҳалқ бу ҳолатни кўриб, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов шаънига лаънатлар айтишди.
“Энди бу оилаларнинг дод-фарёдини ким эшитади? Ўн учта ўликнинг ҳаққини ким тўлайди?! Эй, Аллоҳ! Бу мамлакат раҳбарларига бало-ю, қазойингни юборгин! Аллоҳ! Бу бандаларингни гуноҳларини ўзинг кечиргин!” деб икки қўлларини осмонга кўтаришиб нолаю-фиғон қилдилар.
Ўша куни соати 13-00 да 13 ёш йигитнинг жанозаси ўқилди ва “Ҳўжамулк”даги қабристонга вилоят ва туман ИИБининг ходимларининг назорати остида дафн қилинди…
Мансуржон Фозилов
мустақил журналист