Эсингизда бўлса, бир муддат илгари ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таҳлил ва кузатувлари асосида мамлакат таҳририятларида таъмагирлик ва порахўрлик ҳамон учраётгани, соғлом ва холис танқиднинг камлиги, матбуотда коррупция ва маҳаллийчилик иллатларининг мавжудлиги, айрим давлат мансабдорларининг таҳририят фаолиятига асоссиз аралашуви матбуотнинг асосий муаммолари сифатида қайд этилган эди. Таҳлиллар натижасида аҳолининг оммавий ахборот воситаларига ишончи қониқарсиз деб белгиланган.
Ўзбекистон Президентининг ўтган йил матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табриги шу соҳа вакилларини руҳлантириб юборган эди. Бунинг самараси ўлароқ айрим жанрларни қарийб унутаёзган даврий нашрлар тағин битта-яримта танқидий, таҳлилий материаллар чоп этадиган бўлди. Президент ҳам айнан шу жиҳатга аҳамият қаратиш ўринли экани, ўртага қўйилган муаммоларни ечиш учун жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ҳам муҳимлигини таъкидлайди.
Шунингдек, давлат ва ҳокимият вазифаларида ўтирганлар, жамоатчилик вакиллари томонидан долзарб мавзуларга етарлича аҳамият берилмаслиги, масала ва муаммонинг ўзгармасдан қолиши иқтисодиётимиз ва ҳаётимизга катта зарар етказиши муқаррарлиги эътироф этилган.
«Шу йўлда доимо интилиб, изланиб яшайдиган журналистларни мен ҳамиша қўллаб-қувватлашга, керак бўлса, ёрдам ва кўмак беришга тайёр эканимни, уларни ўзимнинг энг яқин ҳамфикр ва маслакдошларим, деб билишимни изҳор этмоқчиман», дейди Президент.
Шундай экан, матбуотчилар нега орамиздаги муаммони ўртоқлашиш, унинг ечимини биргаликда излаш учун тегишли ҳудуд нашрларида чоп этишдан чўчияпти? Таҳлиллар натижасида Сурхондарё матбуоти танқидий-таҳлилий материаллар чоп этиш бўйича республикада энг қолоқ эканлиги аён бўлди. Бунга сабаб нима? Келинг, мазкур саволга вилоятнинг биргина Бойсун тумани мисолида жавоб излаб кўрамиз.
«Бойсун» газетаси туман ҳокимлиги муассислигида чоп этиладиган ижтимоий-сиёсий нашрдир.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 11-3 моддасига биноан муассис таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашишга ҳақли эмас! Аммо мазкур газета мунтазам босим остида фаолият кўрсатиб келмоқда. Битта танқидий-таҳлилий мақолани чоп этиш учун муҳарририят раҳбарлари билан бир неча бор баҳслашишга, асаббузарликларга дуч келасиз. Баҳонани қаранг: «тегишли жой» тақиқлаган эмиш!
Ўша «тегишли жой» бирор идорами ёки шахс, ё мутлақо бўлмаган гапми – бу хусусда газета муҳаррири Х.Қараев ва ўринбосари П.Назаровдан бошқа биров ҳеч нарса билмайди. Худо уриб жиндек танқид газетага чиқиб кетса борми, дарҳол туман ҳокими бутун таҳририят аъзоларини хонасига чақириб, рухсатсиз тарзда танқидий руҳдаги материал чоп этганлари учун огоҳлантиради, келишув асосида иш олиб бориш лозимлиги, газета материаллари ҳоким ва унинг муовинлари билан маслаҳатлашмасдан чоп этилмаслигини уқтиради. Хуллас, муаллифни сўроқ қилиш, тақиқлаш, таҳрир қилиш, нашрдан қолдириш, сунъий цензура яратиш… Бир эмас, учта қонунга зид ҳаракатлар, Президент фармонини менсимаслик!
«Бойсун» газетаси муҳарририятининг маълум қилишича, ўша «тегишли жой» электр ва табиий газ таъминотидаги масалаларга бағишланган материаллар чоп этишни бутунлай ман қилган эмиш! Англаганингиздек, давлат манфаатлари кўзда тутилган, истеъмолчилар ноинсофлиги баён этилган бўлишига қарамай, бу мавзудаги мақолалар асоссиз равишда нашрдан қолдирилади. Чунки туман раҳбарлари, мансабдор шахслар ҳоким жаноблари бошчилигида меъёридан катта ҳажмдаги қувурлар орқали хонадонига табиий газ тортган. Халқ кўр эмас!
Қолаверса, 10-31 тартиб асосида давлатга ишловчи ва нафақахўрлар ҳисобидан тинимсиз тўлов пуллари ушлаб қолинаётган бўлса-да, ҳар икки тур (электр ва табиий газ) коммунал тўловда ҳам катта суммада қарздорлик мавжуд. «Бойсунтумангаз» филиали томонидан яқинда 500 миллион сўмлик қарздорлик иши фуқаролик судига оширилган. Бу «ботқоқ»қа ботиб қолиш «сири»ни ўша идора раҳбарлари билмайдими?
Уларни мулоҳазага, мунозарага чорлаш ўрнига юқоридаги каби тақиқлар «яратиш» корхона ва ташкилот раҳбарларини бир бўй ўстириб, оддий халқнинг тўртинчи ҳокимиятга нисбатан ишончсизлигини кучайтиради. Бунинг оқибатида айрим раҳбарлар давлат қонунларини четлаб, кимнинг кўрсатмасига биноан иш тутмоқда, ўзларига тегишли юмушларни ҳам баъзан маҳаллаларга юклаб қўяётган ҳокимликнингми?..
Кўриниб турибди, «қадимий ва ҳамиша навқирон» Бойсун туманида «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар ижроси у қадар таъминланмаган. Танқидни тўғри қабул қилиш ва тўғри хулоса чиқариш, муаммони ҳудуддан ташқарига маълум қилмасдан бартараф этиш борасидаги тушунчанинг ўзи йўқ.
Бу учун аввало матбуот эркинлигини, сўз эркинлигини таъминлаш шарт! Тўртинчи ҳокимият амалдаги қонунчиликка мувофиқ мустақил фаолият олиб борадиган тармоқ эканлигини жойлардаги раҳбарлар тўғри англамоғи зарур. «Юқори»дан гап эшитмаслик мақсадида мақолани нашрдан олиб қолиш, маълумотларда қўшиб ёзиш ҳолатлари, Конституция ва давлат бошқарувига зид бўлмаган мавзулардан «сакраб» ўтиш кимга наф беради?
Хуллас, матбуотчилар ўз қонунларини бузиб, жойлардаги раҳбарлар билан «келишиб» ишлар экан, улар орасидан ҳеч қачон халқ ва Президент кутган кадрлар етишиб чиқмайди!
Зар СОБИРОВ