(Суратда: Абдусалом Эргаш)
Ҳозиргина, шу муқаддас рамазон куни бир”хушхабар” етиб келди. Фарғонадаги айрим маҳалла комитетлари раислари ҳузурига менинг аёлларимни таклиф қилишяпти экан. Маҳалла раиси ҳузурида эса улар билан ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари деб, ҳарбий ёки милиция формасида сурати бор қизил гувоҳнома кўрсатиб исми-шарифини Одил Юсупов деб таништирипти ва +998905654535 рақамли телефон соҳиби эканлигини айтибди. Танишувдан сўнг уларга О.Юсупов: Сиз Абдусалом аканинг нечанчи хотинисиз, нечта фарзандингиз бор, оила шароитингиз қандай, қабилидаги саволларга жавоб сўрабди.
Саволдан мақсад нима эканлигини сўрашса: “Биз Абдусалом акага бир сюрприз тайёрлаяпмиз, унгача ўзи билмай турсин, деб илтимос қилибди ва бир неча менга ҳам оилаларимга ҳам нотаниш бўлган аёллар исмини айтиб булар ҳам Абдусалом аканинг хотинлари”, дебди.
Одилжон Юсуповни мен 1989 йилдан яхши биламан. “Бирлик”нинг дастлабки кунларида юрист сифатида ўзини тақдим қилиб, ўша даврдаги Қўқонда бўлиб ўтган қатор митингларда дабдабали нутқлари билан кўпчиликни эсида қолган. Ундан ташқари бундан 5-6 йил бурун у бошига тушган бир мусибат туфайли хонадонимга келиб ёрдам сўраганда, бу мусибатдан халос бўлишида баҳоли кудрат ёрдамимни аямагандим. Кейин адвокатлик лицензиясини олишда ёрдам беришимни илтимос қилганида ҳам ёрдамимни аямагандим. Миннат қилишдан Худонинг ўзи асрасин, буларни мен фақат ўртамиздаги боғлиқлик нуқталари сифатида тилга олдим.
Бу хабар тим қаро булутли осмонан кутаётган чақмоқдек туюлгани боис мен босиқлик билан “Бирлик”нинг асл жонбозларидан бири, мен ва О.Юсуповларга умумий яқин таниш бўлган мўтабар устозлардан бирига телефон қилиб воқеани тушунтирсам, у киши ҳайратланиб, уч кунлар чамаси олдин О.Юсупов телефон қилиб мен ҳақимда суриштирганини, “Озодлик”ка нима учун тез-тез интервью бераётганим ҳақида сўраб-суриштирганини айтди.
Шундан сўнг мен О.Юсуповни ўзига телефон қилиб мен ҳақимда нима мақсадда маълумот тўплаб юргани, қандай сюрприз тайёрлаётгани ҳақида сўрасам, аввалига у ҳозир Қўқонда эканлиги ҳақида важ қилиб (Қўқон-Фарғона масофаси 90 км.) тонмоқчи бўлди.
Унда сизнинг номингиздан гувоҳнома кўрсатиб мана шу телефон рақамингизни берган шахс ким, десам, ўзи эканлигини тан олиб, эртага юбилейим, ифторлик қилиб яқин дўстларимни йиғмоқчи эдим, деб дудуқланиб зўрға гаплашди ва йўлда эканлиги, алоқа сифати ёмонлиги, бир манзилга етгач машина ташқарисидан бемалол телефон қилиб гаплашиши ҳақида ваъда қилиб алоқани узди.
Энди мен учун кейинги алоқанинг аҳамияти йўқ. Сюрпризимни олиб бўлдим. Фақат юбилейга кетадиган ҳаражат пулининг қайтарилиш эҳтимолини юзага келтириб, рамазон кунларида бир бандага зулм қилиб қўйдимми, деган гумонда истиғфор айтишни бошладим. Оллох барча гуноҳкорларга ўзи раҳм қилсин!
Абдусалом Эргаш