O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

«Сўнгги бек». Қисса. (1)

«Сўнгги бек». Қисса. (1)
694 views
05 February 2022 - 16:13

«Сўнгги бек». Қисса.

Биринчи боб.
«Қизил аскар Самарқандга келибди».

1.
Ёзнинг охири. Пишиқчилик даври. Юз-қўлини белбоғига арта-арта боғдан чиқиб келган Хушназар бир зум ўйга ботиб, қибла тарафга термулиб қолди. Уфқ қонталаш эди. Қора булутлар ботаётган қуёш юзини тўсиб келмоқда эди.
Қишлоққа тун парда ташлади. Холмурод калта подадан қайтган молини ҳовлисига ҳайдаб кирди. Жўрақул чорикор елкасида кетмони, даладан қайтди. Икки-уч бола эгарига ўт ортилган эшак миниб ўтишди.
Жаласойнинг йигирма-йигирма беш ёшли полвон йигитлари якка-якка, жуфт-жуфт бўлиб, бирин-кетин Хушназарнинг уйига кириб келаверишди.
Меҳмонхонада ўн беш-йигирма чоғли йигит Шом намозини ўқишди. Имомлик қилган Хушназар дуо қилиб, юзига фотиҳа тортди. Ҳаммалари ўринларидан туришди. Икки йигит жойнамозларни йиғиштириб олди. Ёшроқ йигитлар икки қатор қилиб кўрпачаларни солишди. Бир йигит дастурхон тўшади, нон, чой, мева-чева олиб келинди.
Йигитлар бироз чой ичган бўлишди, аммо ҳеч бирлари бир сўз демасди. Ҳамманинг кўзи Хушназарда, унинг оғзини пойлашди.
Ниҳоят, безовталаниб, бир қўзғалиб олган Ботир сўз бошлади:
– Қизил аскар Самарқандга тушибди. Эрта-индин Ургутга ҳам келармиш. Нима қиламиз?
Хушназар Ботирга бироз ўйчан тикилиб турди. Унинг авзойидан бирор сўз айтишга рағбати йўқ эди. Унинг ёшликдан бирга курашиб ўсган, тенгқурларининг ичида ҳадди сиғиб, кўнглидагини айта ола оладиган ўртоғи Раббим полвон бир Ботирга, бир Хушназарга қараб олиб, секин гапирди:
– Бек бирон чора ўйлагандир?
Хушназар унга ҳам бироз тикилиб туриб, секин, дона-дона қилиб сўзлади:
– Бек кўрган чора шу бўлибди-ки, навкарларини олиб, Китобга суриб юборибди. Бориб, қайноғасининг пинжига суқилибди.
Йигитлар «Ана бўлмаса», дегандек бир-бирларига қараб олишди. Орага яна жимлик чўкди. Бу жимликни бир томоқ қириб олган Иззатулло бузди:
– Ўзимизнинг Раҳматуллоҳбек йигитларни тўплаётган эмиш. Ён-атрофдан уч юзга яқин йигит бекнинг йигитларига қўшилибди.
Хушназар афсус билан бош чайқади:
– Уч юз-тўрт юз йигит билан иш битмайди. Эшитдим, ярмининг милтиғи ҳам йўқ эмиш. Эртага қизил аскар келиб, замбарагини бир гумбурлатса, Раҳматуллоҳбекнинг уч юз йигити уч юз томонга қараб тирақайлаб қочиб кетади. Энди дудама-ю, ўроқ билан урушадиган замон эмас, оғайнилар.
Норбой деган камгап, аммо чўрткесар йигит гапга аралашди:
– Нима қил дейсан, бўлмаса? Сенинг меҳмонхонангда кутиб олмасмиз қизил аскарни?
Хушназар ўйчан гапирди:
– Йўқ. Қизил аскар келса меҳмонхонам ҳам қолмайди, уй-жойим ҳам, боғ-роғим ҳам қолмайди. Барини шўро олади. Ерларимизни олиб, Зиё калга ўхшаган насли-насабини билмайдиган, кети иштонга ёлчимаганларга беради. Ерларимизга ана ўшалар эга бўлармиш. Улар коммуна деган жамоалар тузармиш. Хотинлар ерга чиқиб, эркаклар билан бирга кетмон чопиб, ўроқ ўрармиш. Хотинларимиз номаҳрамдан юзини бекитмас эмиш. Охир замон бўлса шунча бўлар-да?
Хушназар ўрнидан туриб, токчада турган чироқнинг пилигини кўтарди, чироқ ёруғида йигирма бешга кирган, тўйларда курашиб улғайган, елкаси ер кўрмаган, юраги қўрқув нималигини билмайдиган жўрабоши йигитнинг тик қараганда ҳар қандай кишини шошириб қўядиган кўзлари чақнаб кетди.
Хушназар йигитларга кескин ўгирилди ва қатъий гапирди:
– Бориб, Бекка қўшиламиз! Раҳматуллоҳбек ўктам йигит. Олдин олишган экан. «Ғирромни билмайди», дейди отам. Палагиям тоза. Амирнинг қўшинида бўлган экан, демак, ҳарбу-зарбдан ҳам хабари бор.
– Йигитларни қачонга йиғай? – деди ғайрати жўш уриб, ўрнидан туриб кетган Раббим полвон.
– Шошма-чи, аввал Нор иккаламиз бекнинг олдига ўтиб келамиз, авзойини билайлик, – деди Хушназар. – Сен ўзимизнинг йигитларга айт, милтиғи йўғи ҳаракатини қилсин! Полвон болаларни айт, майда-чуйдаси қолаверсин, қишлоқдаям кимдир қолиши керак-ку?
– От-анжоми ҳам дурустлари чиқсин! – деди Иззатулло. – Ишкали йўғини айтамиз-да, шундайми, Хушназар?
– Шундай.
Юртга омонлик, ёвга қирон тилаб, дуо қилишди.
Хушназарнинг онаси, полвонбитиш, қорувли кампир Малла момо хуржунга нон, бир тугунда у-бу солди:
– Йўлда еб кетарсизлар, болам.
– Бўлди, йигитлар кутиб қолишди, – деди Хушназар. – Энди чиқайлик!
Малла момо ўғлини бағрига босди:
– Ўзингни эҳтиёт қил, болам!
– Хўп, энажон. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Қизиллар қишлоққа келадиган бўлса, келинингизни олиб, аммамникига кетингизлар. Тоғда ҳар ҳолда бехавотир бўласизлар!
– Майли, болам, айтганингдек қиламиз.
Бир умр курашиб ўтган, бунақа меҳрибончиликлардан энсаси қотадиган, «Айланиб-ўргилишлар эркак кишининг чақмоқлигини ўлдиради, аёлсифат қилиб қўяди», деб ҳисоблайдиган Тўра полвон бобо Хушназарнинг билагидан тортди:
– Энди юра қол, жўраларинг бетоқат бўлаётгандир?
– Эна, дуо қилинг!
Эрининг сўкиб қолишидан қўрққан Малла момо кўзларини рўмолининг учи билан артиб, ўзини тетик тутишга уринди. Овозига ўктамлик бериб, дуо қилди:
– Сени Худога топширдим, болам, душманни енгиб, соғ-саломат қайтгин!
– Яхши ўтиринг, эна!
Хушназар хотинига юзланиб, бор-йўғи икки оғиз гапирди:
– Яхши қол! Қизимизни эҳтиёт қил!
– Эҳтиёт бўлинг, дадаси, – деган Муслима кўз ёшларини кўрсатмаслик учун қайнонаси кўксига юзини босди.
– Болани қўрқитасан! – деди бундай пайтларда эрига тақлид қилиб, салмоқлаб гапирадиган Малла момо. – Ундан кўра, Рўзигулни кўтар, отасига қўл силкисин!
Онаси кўтариб олган Рўзигул ҳеч нарсага тушунаётган бўлмаса-да, момосига ўхшаб, отасига «Хайр, хайр» қилди.
Хушназар ва Тўра полвон бобо отни етаклаб, ҳовлидан чиқиб кетишди.
Ҳали тонг пайти бўлишига қарамасдан гўзарнинг чойхонаси олдида отларининг жиловидан тутган, елкаларига милтиқ таққан ўттизтача йигит тўпланган эди. Атрофда йигитларнинг оталари, укалари, олисроқда юзларини беркитиб оналари, опа-сингиллари туришарди.
Хушназар сафларни кўздан кечириб, еттита ўсмирни ажратди.
– Сизлар еттовингиз қишлоқда қоласизлар!
– Нега? Биз ҳам бирга борамиз, – деди бир ўспирин. – Нима, биз милтиқ отолмаймизми? Ёки отда ўтиролмаймизми?
– Хушназар ака, мени ёш бола деманг, шарманда қилиб ташлаб кетманг! – деди бошқа бири йиғламоқдан бери бўлиб. – Мен милтиқни ҳаммадан яхши отаман!
Хушназар унинг елкасидан қучди:
– Ана шунинг учун ҳам сизларни қолдираман-да. Жаласойдаям эркак зоти қолиши керак-ку, ахир?
Ўсмирлар хушламайгина бошқалардан ажралиб, четга ўтишди. «Шарманда қилиб ташлаб кетманг!» деган Акбар исмли йигитча ажралмади. Раббим полвон бориб, унинг елкасини силаб, отининг жиловидан етаклаб, тенгдошларига қўшиб қўйди.
– Барибир қочиб кетаман! – деб бақирди Акбар. – Мен қишлоқда қолмайман!
Йигирма уч йигит саф тортди.
Хушназар йигитларни яна бир бора кўздан кечиргач, қишлоқнинг оқсоқолларига юзланди:
– Қани, оталар, бир дуо беринглар!
Ҳамма Тўра полвонга тикилди. Тўра бобо бир томоқ қириб олгач, дуо қилди:
– Илоё ой бориб, омон қайтинглар! Юртимиз кофирларнинг қўлига ўтиб кетмасин! Унутманглар, болаларим, бу жангда ғолиб бўлсангизлар абадий шон-шарафга эга бўласизлар, ким душман ўқига учса, шаҳид мақомини олади! Қўрқоқлик қилиб, қочганлар эса авлодларимизнинг қарғишига қолади! Ундайлар қишлоққа қайтмайди! Ё ғолиб бўлиб ё шаҳид бўлиб, юзимизни ёруғ қилинглар! Аллоҳу акбар!
Ҳамма дуога қўшилди:
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Йигитлар йўлга тушишди. Бир қирдан ўтганларида уларнинг ортидан от чоптириб, Акбар етиб олди. Тўғри Хушназарнинг олдига келди. Уни кўриб, Хушназарнинг қовоғини уйилди:
– Нега келдинг? Мен сенга нима деган эдим?
– Хушназар ака, мен барибир қолмайман. Майли, сўкинг, майли, уринг. Ўлдирсангиз ҳам қолмайман.
– Ураман ҳам!
Хушназар қамчисини ўқталган эди, Раббим полвон келиб орага тушди:
– Хушназар, майли, индама! Бораверсин, илиги тўла полвон бола. Уялтириб қўймайди.
Хушназар Ботирга қаради. Хушназарнинг аввалдан одати шу, бирор масалада иккиланса, кам гапирадиган, аммо доимо энг ақлли гапни айтадиган Ботирга қараб, унинг фикр билдиришини кутади. Йигитлар ўзларининг жўрабошисига бир ишни маъқуллаттиргилари келса, олдиндан Ботирга тайинлаб қўйган пайтлари ҳам бўлган.

Каримберди Тўрамурод

КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Нейзен Тевфиқ ҳақида
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (8-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (7-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (6-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (5-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (4-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (3-qism)
КУН ЯНГИЛИКЛАРИ
Gulnor (2-qism)