Иккинчи боб.
«Қизил аскар деганини ҳам кўрдик».
1.
Икки юзтача келадиган қизил аскарларнинг кичик қўшини сойга тушиб бўлганда, уларга сойнинг ўнг тарафидан ўқлар отила бошланди. Қизил аскарлар дарҳол олдинга тўпларини олиб ўтишди ва «Тачанка» деб аталувчи араваларида ўрнатилган пулемётларни Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари томонга тўғрилаб, отишга шайлашди.
Душманнинг ўзларидан анчагина кам эканидан руҳланган Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!» деб ҳайқирганларича сойга ёпирилдилар. Улар қизил аскарларга яқин келганда уларнинг тўпи бир гумбурлаши билан бунақа овозни ҳали эшитмаган юздан зиёд от қўрқиб, устидаги одамини йиқитиб, ҳар ёққа қоча бошлади. Ўзини ўнглаб олиб, душман сари от солган бир гуруҳ йигитни эса қизил аскарлар «Максимка» деб атайдиган пулемётдан тариллаб отилган саноқсиз ўқлар буғдойни чалғи ўргандай қириб ташлади.
Икки юз шўро аскарига беш юз кишилик Раҳматуллоҳбекнинг «қўшини» дош беролмай, тутдек тўкилди. Сойликдаги майдонни «вой-вой»лаган-у, сўкинган аянчли овозлар тутиб кетди. Раҳматуллоҳбек йигитларга тоққа қараб чекинишни буюрди. Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари чекина бошлади. Қизил аскарлар бир-икки чақирим қувиб келишди-ю, ортларига қайтишди. Шу бир-икки чақиримда ҳам беш-ўн йигит ўққа учди.
Қоратепада Раҳматуллоҳбек йигитларнинг орқа-олдини йиғди. Йигитларнинг тенг ярми сафда кўринмади. Икки юз қирқ-икки юз элликтача йигит тирик қолган эди.
Раҳматуллоҳбек руҳсиз бўлиб қайтган, «Энди нима бўлади?» дегандек ўзига беун тикилиб турган йигитларга қараб, юрак-бағри эзилди. Йигитларига қараб туриб, «Мана, қизил аскар деганини ҳам кўрдик», деб ўйлади. Бир кўнгли «Урушишнинг уддасидан чиқолмас эканман, йиғиштирсаммикан?» ҳам деди. Аммо томирида полвонлик қони гупурди. Орияти қўзиди. «Бир йиқилиш билан майдондан қочадиган полвон полвонми? Юрт эрки учун жонимни тикканман, ё уларни даф қиламан ё шу йўлда ҳалок бўламан». Шу ўйлар билан йигитларига юзланди:
– Биз қизил аскарлар билан юзма-юз уриша олмас эканмиз. Тажрибасизлик қилдик. Кўп йигитлар жувонмарг бўлди. Йигитларимизнинг тенг ярми нобуд бўлди. Аммо улар шаҳидлик мақомига эришдилар. Қори ака, шаҳид кетган ўғлонларимиз ҳақига Қуръон тиловат қилинг!
Исмоил қори «Таборак» сурасини ўқиди. Шаҳид бўлган йигитларнинг ҳаққига узоқ дуо қилди.
Юзига фотиҳа тортган Раҳматуллоҳбек ўрнидан турди:
– Томчи қоним қолгунча йигитларнинг қасосини олишга қасам ичаман! Энди бирпас дам олинглар! Хушназар, сен йигитларинг билан бориб, қизил аскарлар кечаси қаерда тўхташини билиб кел! Оқшом босамиз!
– Хўп бўлади! – деган Хушназар ўзининг йигитлари тўпланиб турган ерга келди. – Иззатулло, ҳамма борми?
Иззатуллонинг ўрнига Норбой жавоб берди:
– Бешта йигитимиз шаҳид бўлди.
– Кимлар?
Раббим полвон Хушназарга яқин келиб, йигитларнинг исмларини айтди:
– Искандар, Ўктам, Исмат полвон, Турди. Яна Ашурнинг укаси Холмамат.
Хушназар бирпас жим қолди. Кўзларида икки томчи ёш кўринди.
– Бари зўр йигитлар эди. Исмат полвон шерюрак эди. Сойда ҳам қизил аскарларнинг ичига ёриб кириб, бир-иккитасини қилич билан чопиб ташлади. Шаҳидларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин! Уларнинг қасосини оламиз! Раббимқул, сен мен билан борасан. Қолганинг дамингни олавер. Норбой, Ботирнинг оёғига ўқ тегибди, қаранглар!
Хушназар Раббимқул билан пастга тушиб кетишди.
2.
Раҳматуллоҳбек Хушназардан хабар кутиб, ўз чодирида икки йигити билан ўйчан ўтирган эди, пойлоқда турган йигитлардан бири кирди.
– Бек ака, Хушназар келди!
– Тез кирсин!
Хушназар Раббим полвон билан кириб келди.
– Қизил аскарлар Каттақишлоққа тушишибди. Салим мингбоши уларни нон-туз билан кутиб олибди. Масковда ўқиб, болшавой бўлган ўғли ўшаларга қўшилган экан. Ўша бошлаб кепти қизилларни. Оти Мардон ўрис эмиш.
Раҳматуллоҳбек ўрнидан туриб кетди.
– Капасига ўт қўяман Салимнинг. Ургутда, Жума намозида «Бек, ҳаракатингизни қилаверинг, биз ҳам ёрдамга тайёрмиз», деган эди. Йигитларини юбормоқчи эди. Шуми итнинг ёрдами?
– Қизил аскарларга ҳужум қилганимиз Самарқандга маълум бўлиб, қишлоққа элликтача қизил аскар юборишибди. Қишлоқни аскарлар ўраб олишган. Сенинг уйингни алоҳида қўриқлашаяпти. Яна бир гуруҳ отлиқ аскарни Бешкапага юборишибди. Ургутга кираверишларида Мирзаполвоннинг йигитлари қизилларнинг ўндан ортиқ йигитини отиб ўлдиришган экан. Қўрбошининг қариндошларини гаровга олиб, «Мирзаполвонни топиб берасизлар», деб ўтиришганмиш.
– Қизил аскарлар ҳақида яна нима гаплар бор? – сўради Хушназар.
– Тошкентдан ёрдам сўрашибди, Прунза деган саркарданинг ўзи бош бўлиб келаётган эмиш.
– Хушназар, йигитларга айт, балодан ҳазар, деганлар, тоққа чиқиб кетамиз, – деди Раҳматуллоҳбек. – Қизил аскарлар чиқолмайдиган жойларни макон қиламиз. Кечалари ҳужум қиламиз уларга.
Орадан бироз вақт ўтиб, Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари тизилишиб, тоққа чиқиб кетишди.
Каримберди Тўрамурод



Нега бутун дунё давлат тилини талаб қилади, Ўзбекистонда эса бу “миллатчилик” ҳисобланади?
«Халқ дарди» талаби билан Элтузнинг яна бир канали ёпилди
Gulnor (8-qism)
Gulnor (7-qism)
Gulnor (6-qism)