Тўртинчи боб.
«Маконинг бўлибдир тоғлар ораси».
1.
Қоронғу тун. Томида қизил байроқ ҳилпираб турган Хушназарларнинг уйи олдида қизил аскарлар соқчиликда айланиб юришибди. Шу пайт Раҳматуллоҳбекнинг отлиқлари «қий-чув» билан қуюндай бостириб келишди. Қизил аскарлар ваҳимада ҳар тарафга ўқ ота бошлашди. Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари қизил аскарларни битта қолдирмай отиб ташлашди. Бир йигит томга тирмашиб чиқиб, қизил байроқни ерга ташлади. Йигитлар байроқни ёқиб юборишди.
Ичкарига кирган Хушназар ўз уйларига стол-стул киритилиб, бошқача бўлиб кетганини кўриб, ажабланди. Аммо ҳеч ким йўқлигидан фиғони чиқди. Чиқиб, Ботирга буюрди:
– Ботир, шўросининг раисини топинглар!
– Идорасида йўқ, уйида бекиниб ўтиргандир? – деди Ботир.
Хушназар сакраб отига минди:
– Уйига кетдик!
Ҳаммалари от қўйиб кетишди.
Бу пайтда қишлоқда бўлган ола-тасирни эшитган қишлоқ шўроси раиси Деҳқонов ўз уйида қўрқувдан қалтираб ўтирар, унинг қалтираши ёнидаги хотини ва болаларига ҳам ўтганди.
– Уйинг куйди, хотин! Хушназар идорага ўт қўйибди, – деди Деҳқонов. – Ҳозир мени қидириб келади!
– Сизга тегмас, бек деганлари ўрисларни ўлдирар эмиш-ку? – деди Деҳқоновнинг хотини ўзи ҳам ишонқирамай.
– Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари нечта шўро идорасига ҳужум қилган бўлса, ҳамма шўро раисларини осиб кетаяпти эмиш!
Шу пайт дарвоза таққиллади.
– Раис бобо, ҳов, раис!
Деҳқонов тахмон ортига бекинди. Хотини унинг устига кўрпа-тўшакларни йиғиб ташлади. Кейин икки боласини эргаштириб бориб, дарвозани очди.
– Раис бобода озгина ишимиз бор эди, янга! – деди унга Ботир.
– Ургутга кетувдилар, – деди ерга қараб Деҳқоновнинг хотини. – Йиғилишлари бор экан.
Унинг ёлғон гапираётганини сезган Хушназар отдан тушиб, аёлга яқин келди ва паст, аммо ўктамона оҳангда деди:
– Уйингга кирсак, эрингни бузоқдек судраб чиқаман, аёл. Биз мусулмонмиз, уйингга кирмаймиз, аммо эрингга айтиб қўй, шўроларга хизмат қилишни бас қилсин! Айтганимни қилмаса, кейинги келишимда эрингни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, дарвозангга осиб кетаман! Тушундингми?
Аёл «тушундим» ишорасини қилиб, бош силкиди.
Хушназар отига минди:
– Кетдик!
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари қандай тез келган бўлса, шундай тез ғойиб бўлишди.
2.
Қизил аскарлар Раҳматуллоҳбекни қувиб, Раҳматуллоҳбек қизил аскарларни қувиб, орадан бир йил ўтди. Бу пайтга келиб Раҳматуллоҳбекка ўхшаган йигитларнинг исмига босмачи деган ёрлиқ тиркалган, шўро деб ном олган янги ҳукумат раҳбарлари бу йигитларнинг ўзларини тополмагач, уларнинг ота-оналари, қариндош-уруғларини сиқувга олиб, шу йўл билан айрим қўрбошиларнинг бош эгиб келишига умид тутган эди.
Ургут мелисасига бошлиқ қилиб тайинланган Мардон ўрис ўз мелисалари билан Раҳматуллоҳбекнинг қишлоғига кириб келди. Қишлоқ одамларини гўзарга йиғди. Аёлу эркак, ёшу қари қўрқув билан тизилиб туришди. Қизил аскарлар атрофни ўраб олишди.
Ниҳоят, Мардон ўрис олдинга чиқиб, баланд овозда нутқ сўзлади:
– Халойиқ! Ишчи-деҳқон Революцияси шўролар мамлакатида бутунлай ғалаба қозонди. Ҳадемай, у бутун дунёда ғалаба қилажак! Бутун ер, сув оддий халқники бўлди. Ҳокимият бир ҳовуч бойлар, тўралар қўлидан олиниб, сиз, оддий халқнинг қўлига топширилди. Аммо оддий халқ мамлакатни бошқаришига кўнмаган айрим беклар, тўралар ҳали ҳам пана-пастларда ёш Шўролар давлатига душманлик қилиб, тинч халқ устига, маҳаллий ҳукумат идораларига босқинчиликлар қилишда давом этмоқда. Аммо энди уларнинг куни битди. Шонли милициямиз қизил аскарлар бўлинмалари ёрдамида Фарғона вилоятида босмачилик ҳаракатига бутунлай чек қўйди. Самарқандда ҳам босмачилик ҳаракати йўқ бўлди ҳисоби. Аммо айрим босмачи тўдалари ҳали ҳам ўғриларга ўхшаб, эл тинчлигини бузмоқда. Сизларнинг Раҳматуллоҳбегингиз жуда ҳаддидан ошди. У айрим милиция бўлинмаларига ҳам, ҳатто қизил аскарлар гарнизонларига ҳам ҳужум уюштирмоқда. Биз Раҳматуллоҳбекнинг отаси ва ака-укаларини бир неча марта огоҳлантирган бўлишимизга қарамай, улар Раҳматуллоҳбекни тартибга чақиришмади. Ҳатто ака-укаларини гаровга ушлаб турган чоғимизда ҳам Раҳматуллоҳбек кечирим сўраб, менинг олдимга келмади. Энди жиддий чора кўришга мажбурман.
Раҳматуллоҳбекнинг отаси, ака-укалари Сибирга сургун қилинади. Олиб чиқинг уларни!
Беш-олти милиционер, қизил аскарлар билан бирга Раҳматуллоҳбекнинг отасини, ака-укаларини турткилашиб, олдинга олиб чиқишди.
– Мардон ўрис, ўғлим икки дунёда сендан кечирим сўраб келмайди. Келса бошингни олгани келиши мумкин, – деди Раҳматуллоҳбекнинг отаси. – Ўрис, майли, қама, Сибир қил! Хоҳласанг от! Аммо бизнинг наслимиздан сенга ўхшаган ўрисга сотилган маразлар чиқмайди! Лаънат сендай болани туққан онага! Лаънат сендай болани ўстирган отага!
– Олиб кетинг! – бақирди Мардон ўрис.
Раҳматуллоҳбекнинг отаси ва ака-укаларини олиб кетишди. Ҳамма афсус ва надоматлар билан сўзлаб қолди. Кетар экан, Раҳматуллоҳбекнинг отаси ўгирилиб, Мардонни қарғади:
– Илоё уруғинг қирилиб битсин сен, Мардон ўриснинг!
Ҳар-ҳар жойдан овозлар эшитилди:
– Кекса бобойга жавр қилдинг, Мардон ўрис!
– Сен қарғишдан қўрқмайсанми, Мардон ўрис?
– Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман! – деди Мардон ўрис виқор билан. – Менинг кўксимда партбилетим бор, мени партиям ҳимоя қилади, мени ўртоқ Ленин ҳимоя қилади!
3.
Шўро идорасига аҳволни ўргангани Холбековнинг шахсан ўзи келди. Ҳамма ёқдаги тартибсизликни кўриб, аччиғи чиқди. Орқасидан изма-из юрган шўро раиси Деҳқоновга савол берди:
– Нима бўлди, ҳовлиқмай тушунтиринг-чи?
– Кечаси Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари ҳужум қилишди, – деди Деҳқонов. – Ўн иккита қизил аскар ҳалок бўлди. Қизил байроқни ёқиб юборишди.
– Ҳа, Раҳматуллоҳбек ҳаддидан ошаяпти, – деди Холбеков. – Тунов куни «Қизил кетмон» артелига ҳужум қилиб, соқчиликда қолдирилган қизил аскарларни отиб ташлабди. Раис Қулмуродовни идора дарвозасига осиб кетибди.
– Ўтган куни Каттамингга кепти, – деди Деҳқонов. – Қишлоқ шўросининг раиси Гадойқуловни ҳамманинг олдида отиб ташлабди. Қизил аскарларга ёрдам берган кишиларни ҳам чойхонага чиқариб, ўзи ҳукм қилиб, ўзи осдириб кетибди. Мен ҳам ишни ташламоқчиман, ўртоқ Холбеков. Биласиз, мен бир деҳқон одамман, тинчгина деҳқончилигимни қилиб юрай.
– Қўрқдингизми? Юракдан ҳам бор экан-ку? Бу ерга ўтиринг! – Холбеков ўзи ҳам ўтириб, Деҳқоновга ҳам бир стулни кўрсатди. – Қўрқманг, Раҳматуллоҳбекнинг қаерга бекинганини аниқладик. Бир-икки кунда уни яширинган уясида янчиб ташлаймиз. Босмачиликка нуқта қўямиз, ҳадемай. Фақат сиз ўзингизга топширилган вазифани бажаришга ҳаракат қилинг. Одамларга босмачиликнинг умри ўтганини, энди шўро ҳокимияти ҳамма ерда тўлиқ ўрнатилганини тушунтиринг. Келажак албатта шўро ҳокимиятиники эканини халқ тушуниши керак. Одамларнинг босмачилардан юз ўгиришига эришишимиз керак, Деҳқонов. Шундай қилингки, одамлар босмачиларга ёрдам бермасин! Уларга озиқ-овқат, кийим-бош бермасин! Кўрпа-тўшак беришмаса, ҳадемай бошланадиган қишнинг изғиринига чидай олмаган босмачилар мулла минган эшакдай бўлиб, бўйинларини эгиб келишади. Ана шунда битта-биттадан итдек отиб ташлаймиз уларни, тушундингизими?
– Тушундим, ўртоқ Холбеков, тушундим, – деди Деҳқонов. – Ҳаммасини айтганингиздек қиламан!
4.
Тоғларга қалин қор тушди. Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари ҳар-ҳар ерда гулхан ёқишди. Гулхан атрофида суҳбатни бошлашди.
– Ўртақишлоққа борсак, саккизтагина қизил аскар шўронинг идорасини қўриқлаяпти экан, – деди бир йигит. – Ухлаб ётганларида таппа босдик. Аввалига қўл-оёғини боғлаб, отга ўнгариб, олиб келсакмикан, дедик. Аммо бек акамнинг «Бирорта қизил аскар асирга олинмасин, улар билан гаплашилмасин!» деган гапларига амал қилиб, ҳаммасини шўронинг идорасига қамаб, идорасига ўт қўйиб юбордик. Идора-пидораси билан қўшилиб, кулга айланди ҳаммаси.
– Камангаронда нима қилганимизни айтинг, ана шуниси қизиқ, – деди иккинчи йигит.
– Камангаронликларга болшавойлар сайлаб қўйган раислари кўп азоб берар экан, – деб ҳикоя қила бошлади биринчи йигит. – Ўзини энг катта бошлиқ санаб, ҳеч кимга кун бермай қўйибди. Бир йигитнинг ёшгина хотинини тортиб олган экан, келиб, бизга хабар берди. Борсак, ҳақиқатдан камбағал йигитнинг хотинини уйига олиб бориб, қучоқлаб ётган экан. Иштончанг ҳолида судраб чиқдик. Икки оёғидан икки отга боғлаб, қишлоқни айлантириб судрадик. Иймонсизнинг жазоси шундай бўлади.
Гўшти бурда-бурда бўлиб кетгунча отларга судратдик ўзиям. Бекафан, бежаназа кетди, гўрингда тўнғиз қўпгур.
Шу пайт чодирдан Раҳматуллоҳбек Хушназар, Раббим полвон ва яна икки йигит билан чиқиб келди. Ҳамма йигитлар сафга тизилишди. Раҳматуллоҳбек ҳамма йигитларга бирма-бир тикилиб чиқди. Ниҳоят, оғир сўз бошлади:
– Деҳнавга кетамиз. Баҳорда қайтамиз. Қишда қизил аскарлар билан урушолмаймиз. Ўрислар қорда уришишга уста. Отларимиз ҳам тоғда қор кўплигидан азоб еяпти. Кимга кетиш малол келса, қишлоғига қайтсин! Маломат қилиш йўқ. Ҳаммаларингдан розиман.
– Бек ака, бирга кетамиз. Биз сиз билан охиригача бирга бўлишга қасам ичганмиз, – деди ҳали йигитларга гапириб турган йигит.
Раҳматуллоҳбек бир сўз демай, хийла вақт турди. Кейин ўша йигитнинг олдига бориб гапирди:
– Мен ҳам қасам ичганман, йигит. Аммо кўра-била туриб, сизларга азоб беришга ҳам ҳаққим йўқ.
Раҳматуллоҳбек ўгирилиб, беш-олти қадам юриб, тўхтади. Йигитларга қараб, ўктам овозда деди:
– Эрталаб Қори акамга жавоб берамиз. Деҳнавга кетишга иккиланган, урушдан чарчаган йигитлар Қори акам билан пастга, қишлоққа қайтиб кетишсин! Ҳеч кимдан хафа бўлмаймиз. Баҳоргача дам олишади. Баҳорда келсак, насиб қилган бўлса, яна сафимизга келиб қўшилаверишади.
Эртасига тонг маҳали, қуёш энди чиққанда Исмоил қори бошлиқ йигирма чоғли йигит Раҳматуллоҳбек ва бошқа йигитлар билан хайрлашиб, қурол-аслаҳасиз қишлоққа қараб йўл олишди. Раҳматуллоҳбекнинг юз эллик йигити эса қорлари кўзни қамаштирган Тахтиқорача довонидан ошиб, Деҳнав сари йўл олди.
5.
Йигирманчи йилларнинг ўрталарига келиб, ҳақиқатдан ҳам бутун юртда шўроларнинг айтгани-айтган бўлиб қолди. Бойларнинг ерлари тортиб олиниб, олдинига коммуна, артель отлари билан, охирида колхоз оти билан жамоаа хўжаликлари ташкил қилинди. Бу колхозларга бир умр кети иштонга ёлчимаган йўқсиллар, шўрога қўшилиб олиб, тўрт-беш кун уларнинг хизматини қилган, босмачиларни сотиб, ўзини яхши кўрсатиб олган авбошлар раис қилиб қўйилган эди. Бу раисларда на савод, на раҳбарлик лаёқати, на дину диёнат бор эди. Болшавой дегани нима кўрсатма берса, сўзсиз бажарадиган бир манқурт эди улар. Ҳатто ҳукумат тепасига қўйилган қўғирчоқ раҳбар ҳам бир вақтнинг ўзида қўрбошиларга ҳам, қизилларга ҳам хизмат қилган, аслида, миллат ўғлонларини шўроларга сотиб, мартабага эришган саводсиз бир киши эди.
Жаласой аҳли ҳам бир колхозга жамланиб, уларга бир умр масжид нималигини, намоз, рўза нималигини билмаган Нурмат кофир деган қирқдан сал ошган кишини раис қилиб қўйишди. Китель, галифе шим кийиб, камарига бир эмас, иккита туппонча тақиб юрдиган бу одам раис бўлиб, кўпларнинг бошида тегирмон тошини юргизди. Айтганини қилмаганларга дарров тўппонча чиқариб, «Нақд отиб ташлайман!» деб дағдаға қиладиган бўлди. Ўрисларга тақлид қилиб, папирос чекишни одат қилган Нурмат кофир папирос чекишда ҳам ўрисдан ўтди, ўрис лабига битта папирос қистирса, Нурмат кофир иккитадан папирос қистириб юришни одат қилди. Ана шу раис Нурмат кофир Хушназарнинг тоғаси Ҳамроқул бобонинг ҳовлисига кириб келибоқ, бақирди:
– Тирик жон борми?
Ҳамроқул бобо ичкаридан чиқиб келди.
– Нимага бақирасан, Нурмат? Бу ердагиларни битта-яримта кар дедими сенга?
– Жиянингдан хабар борми йўқми?
– Хушназардан хабар бўлса, мендан олдин сен билардинг, Нурмат.
– Отасини чақир бу ёққа!
Ичкаридан Тўра полвоннинг ўзи чиқиб келди.
– Нурмат, исминг энди жисмингга мос бўпти, – деди Тўра полвон. – Ўриснинг оғзида битта папирос кўрувдик, сен иккита қистирибсан. Кофирликда ўрисдан ўтибсан, Нурмат кофир!
Нурмат кофир папиросларини туфлаб ташлаб, шартта ғилофидан «Наган»ини чиқарди.
– Отиб ташлайман, итдай отиб ташлайман лекин, босмачининг отаси!
– Ўғлимга кучинг етмагандан кейин мени отасан-да, кофир, – деди Тўра полвон бепарво. – Қўлингдан яна нима келади?
– Қўлимдан нима келишини ҳадемай кўрасан, – деди барибир Тўра полвондан ҳайиққан Нурмат кофир тўппончасини ғилофига соларкан. – Шундай қиламанки, ўғлинг ўзи мени излаб келади.
– Ҳаддингдан ошма, Нурмат кофир, – деди Ҳамроқул бобо. – Буларнинг уйини тортиб олиб, идора қилиб ўтирганинг етмаяптими? Ўрисларинг келинни отиб ташлади. Яна нима каминг қолди?
Тўра полвон «Сиз шошманг», дегандек Ҳамроқул бобонинг енгидан тортиб, уни тўхтатди ва ўзи бир қадам Нурмат кофир томонга юриб, унга гапирди:
– Отанг менинг эшигимда хизмат қилиб, сен итваччаларининг қорнини тўйғизган эди. Ит семириб эгасини тишлаши шу экан-да, Нурмат кофир?
Нурмат кофир яна тўппонча суғурди:
– Отаман! Ўлай агар отиб ташлайман, Тўра карвон! Отам эшикларингда ишлаб, кун кўрмай ўтиб кетди. Сен бойларнинг кунинг тугади. Энди Тўра бойлар бир ҳовуч ун сўраб идорамга боришади, кўрасан ҳамманг!
– Қўлингдан келганини қил, Нурмат кофир! Аммо билиб қўй, икки дунёда сендан нон сўрамайман. Менга сенларнинг бердиган нонинг ҳаром!
Тўра полвон ўгирилиб, ичкарига кириб кетди.
Нурмат кофир бироз тўппончаси билан чаккасини қашлаб турди. Сўнг яна тўппончасини ғилофига жойлаб, иккита папиросни тутатиб, лабига қистирганча ташқарига йўл олди. Дарвоза олдига етганда ўгирилиб, ўдағайлади:
– Ҳадемай, ҳамманг тавбангга таянасан! Сенларга Нурмат раис кимлигини кўрсатиб қўяман!
Каримберди Турамурод



Нега бутун дунё давлат тилини талаб қилади, Ўзбекистонда эса бу “миллатчилик” ҳисобланади?
«Халқ дарди» талаби билан Элтузнинг яна бир канали ёпилди
Gulnor (8-qism)
Gulnor (7-qism)
Gulnor (6-qism)