Саккизинчи боб.
«Мен ўғлингга ваъда бердим»
1.
Қуролсиз кириб келишаётган Исмоил қори бошлиқ йигитларни қишлоққа кираверишда уларни пойлаб турган Холбеков бошчилигидаги бир гуруҳ қизил аскарлар ўраб олишди. Ҳаммаларини отлардан туширишди. Холбеков олдиндаги Исмоил қори ва Иззатуллога яқин келди.
– Қани, ёт унсурлар, бир қуролларингни топширинглар-чи?
– Бизда қурол йўқ, – деди Иззатулло.
– Жуда яхши, бекларинг қани? Хушназар аканг кўринмайди?
– Раҳматуллоҳбек Афғонга ўтиб кетдилар. Хушназар ва бошқа йигитлар ҳам.
– Сиз нега Афғонга бирга кетмадингиз, Қори ака? Сиз Раҳматуллоҳбекнинг пири эдингиз-ку? Уларга Афғонда намозни ким ўқиб беради энди? Ўлганларига ким жаноза ўқийди?
– Йигитларнинг ҳаммаси намозхон, Аллоҳни танишади, Қуръон ўқишади, – деди Исмоил қори кесатиқ билан. – Улар иймонсиз эмас!
– Тилингизни тийинг, Қори ака. Ҳали терговда кўп нарсани гапириб беришингизга тўғри келади.
– «Қуролсиз келганларни кечирамиз», деган сенинг шўронг, сенинг катталаринг эмасмиди? – деди аччиқ билан Исмоил қори.
– У муҳлат ўтди, Қори ака. Эртароқ ақлни ишлатганингизда шундай бўларди. Энди кеч. Энди ҳаммангизни суд қилишади. Раҳматуллоҳбекнинг диний раҳнамосини менимча, отишга ҳукм қилишса керак.
– Кофирларга ишониб бўлмайди деб бошидан айтувдим-а? – деди Исмоил қори йигитларга қараб. – Йигитлар, сол кофирни!
Исмоил қори маҳсиси қўнжидан пичоғини чиқариб, унга яқин турган қизил аскарнинг кўксига урди. Бошқа йигитлар ҳам қизил аскарларга ташланишди. Иккинчи қизил аскарга ташланган Исмоил қорини Холбеков отиб ташлади. Буни кўрган йигитлар тўхташди. Иззатулло Исмоил қорини қучоқлаб олди.
– Қори ака!
– Худога шукур, шаҳид бўладиганга ўхшайман, – деди Исмоил қори ихраб. – Болам, … қасосимни олинглар!
Исмоил қорининг жони узилди. Иззатулло Исмоил қорининг жасдини кўтариб олди.
– Унга тегманглар, қолганларининг қўлларини боғланглар! Ҳаммасини милицияга топширинглар!
Қизил аскарлар йигитларнинг қўлларини боғлашди. Ҳаммасини ҳайдаб кетишди.
2.
Раҳматуллоҳбекнинг қароргоҳини ҳушёр пойлаб турган йигитлар узоқдан даралар оралаб бир ўсмир йигит от чоптириб келаётганини кўришди. Икки йигит унинг йўлини тўсиб чиқишиб, отини тўхтатишди.
– Тўхта, кимсан? – сўради биринчи йигит. – Қаёққа бораяпсан?
– Хушназар акамни қидириб келаяпман, Жаласойданман, – деди ҳансираётган ўспирин.
– Хушназар акада нима ишинг бор? – деди иккинчи йигит.
– Иззатулло полвоннинг укасиман. Акам ва шерикларини Холбеков тутиб олди. Шуни айтгани келдим.
– Қани, биз билан юр-чи? – деди шошиб биринчи йигит ва йигитлар ўсмирни эргаштириб кетишди.
Иззатуллонинг укаси кўрган-билганларини Раҳматуллоҳбекка гапириб берди:
– Исмоил қорини қишлоғимизнинг одамлари жаноза ўқиб кўмишди. Акамларнинг қўлларини боғлаб, Ургутга олиб кетишди. Отам бориб келди. Мардон ўрис ҳаммасини сўроқ қилибди. Ҳаммалари Қори ака айтган «Бек Афғонга ўтиб кетди», деган гапни айтиб тураверишибди. Пайшанба куни ҳаммаларини Самарқандга жўнатишар экан.
– Демак, индинга экан-да? – деди Раҳматуллоҳбек, сўнг ўйланиб туриб, фикрини айтди: – Эрта кечаси бориб, Жумабозорда Мардон кофирнинг йўлига пистирма қўямиз. Хушназар, сен бугун тунда жўнайсан. Олим пансодни топасан. Менинг саломимни айтиб, режамиздан хабардор қил. Ёрдам бермаса биз, ўн кишининг қўлимиздан келмай қолиши мумкин.
– Хўп! – деди Хушназар.
– Бу болани ҳам ўзинг билан олиб кет!
– Мен сизлар билан қолсам майлими? – деди Иззатуллонинг укаси.
– Йўқ, сен бу ишларга ҳали ёшлик қиласан, – деди Раҳматуллоҳбек. – Хушназар аканг билан кетасан, тамом, вассалом!
Хушназар ўрнидан турди. Ноилож ўрнидан турган Иззатуллонинг укасини эргаштириб, чодирдан чиқиб кетди.
3.
Ярим кечаси бўлишига қарамасдан ички ишлар бўлими бошлиғи Мардон ўрис кабинетида қоғоз титкилаб ўтирибди. У босмачилар унинг режасидан хабар топганларига ишонар, шунинг учун бир ҳийла ишлатмоқчи бўлди. Навбатчи милиционерни чақирди.
– Раҳматуллоҳбекнинг йигитларини қўл-оёқларини боғлаб, иккита аравага чиқаринглар! Улар менинг қўлимда эканини эшитган бўлса, Раҳматуллоҳбек барибир йигитларини озод қилишга уриниб кўради! У мени маҳбусларни кундузи Самарқандга олиб боради, деб ўйлайди. Биз эса ғанимларимизни ғафлатда қолдириб, тонг бўзармасдан жўнаймиз! Ўн киши отланиб, қуролланиб чиқсин, бизга ҳамроҳлик қилиб боришади. Боринг, айтганларимни бажаринг!
– Хўп бўлади, ўртоқ бошлиқ! – деди милиционер.
Машриқ томон эндигина оқариб кела бошлади. Қўл-оёқлари боғлиқ Раҳматуллоҳбекнинг йигитларини аравага ортган милиционерлар эса аллақачон Ургутдан чиқиб, ўн чақиримча йўл босиб қўйишган эди. Мардон ўрис бошчилигидаги бу карвон Дарғомнинг кўпригига етган жойда тўхтаб қолди.
– Кимдир кўприкни бузибди, аравалар ўтолмайди, – деди олдинда бораётган милиционер йигит.
– Кўприкни тузатамиз, – деди Мардон ўрис. – Тез бўлинглар!
Шу пайт Олим пансод бошчилигидаги ўттизтача йигит осмондан тушгандек тўсатдан пайдо бўлди. Ҳатто бирорта милиционер милтиғини елкасидан олишга ё тўппончасини қинидан чиқаришга ҳам улгурмай қолишди. Бирпасда йигитларни озод қилиб, ўрнига милиционерларнинг қўл-оёқларини боғлаб, аравага ётқизишди. Мардон ўриснинг қўлларини боғлаб, тиз чўктиришди. Иккала аравани ҳам Дарғомга итариб юборишди. Дарғомнинг шовуллаб оқаётган сувларида милиционерлар бир-икки кўриниб-кўринмай, чўкиб кетишди. Хушназар Иззатулло ва бошқа йигитлар билан қучоқлашиб кўришди.
– Кечир, дўстим, Қори акамни авайлай олмадим, – деди Иззатулло.
– Ҳаммаси Аллоҳдан, – деди Хушназар. – Сизларни қайтариб юбориб, биз хато қилган эканмиз аслида.
Олим пансод билан Раҳматуллоҳбек Мардон ўриснинг олдига келишди.
– Мени йўқлатибсанми, Мардон ўрис? – деди Раҳматуллоҳбек Мардон ўриснинг иягидан қамчиси билан кўтариб – Бирор гапинг бормиди? Мана, соғинган бўлсанг, қаршингдаман. Гапир!
– Мени ўлдирасан, биламан, – деди Мардон ўрис тишлари орасидан сўзлаб. – Аммо сенларнинг кунинг битди. Кунинг битди, Бек, билдингми?
– Мардон ўрис, Масковда ўқибсан-у, ақлинг кирмапти. Отамни, ака-укаларимни Сибир қилганинг бу менинг куним битди деганимас, ошна. Майли, онам ҳам ўлибди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Хотиним билан ёш болаларимни ўриснинг ерига сургун қилиб чакки қилибсан, энди мен сенинг уруғ-аймоғинг билан қиличдан ўтказаман! Унутма, уруғ-аймоғинг билан! Сенга салгина қариндошчилиги бўлган одам борки, тирик қолдирмайман. Энг охирида отангни сўяман. Шунгача ўлдирмайман. Ҳеч киминг қолмагач, «Кўрдингми, битта мараз ўғлинг туфайли ер юзидан уруғинг қуриди», дейман ва униям калласини оламан. Худди сенинг каллангни олгандек!
Раҳматуллоҳбек қиличини чиқариб, шундай зарб билан урди-ки, Мардон ўрис бирор сўз дейишга улгурмади. Унинг боши пастга қараб ғилдираб кетди. Олим пансод унинг бошсиз танасини ҳам Дарғомга қаратиб тепиб юборди.
Раҳматуллоҳбек бир йигити жиловини тутган отига сакраб минди. Ҳаммалари отларига минишди.
– Ёрдамингиз учун катта раҳмат, Пансод! – деди Раҳматуллоҳбек. – Аллоҳ сиздан рози бўлсин!
– Қолинг, бек, кофирларнинг додини бирга берайлик! – деди Олим пансод.
– Менинг бошқа ишларим бор, – деди Раҳматуллоҳбек. – Мардон ўрисга ваъда бериб қўйдим. Қиёмат куни «Вадангга вафонг қани?» демасин.
– Майли, бек, ўзингиз биласиз. Омон бўлсак, кўришармиз.
– Ўзингизни эҳтиёт қилинг, Пансод!
– Аллоҳ паноҳида асрасин сизларни, Бек!
Раҳматуллоҳбек ва Олим пасоднинг йигитлари иккига ажралиб кетишди.
4.
Ярим кечаси Раҳматуллоҳбек йигитлари билан Салим мингбошиникига кириб келишди. Йигитлар Салим мингбошини ва барча оила аъзоларини ҳовлига ҳайдаб чиқишди.
– Мингбошининг қўлларини боғланглар! – деди Раҳматуллоҳбек.
Йигитлар Салим мингбошининг қўлларини боғлашди.
– Мингбоши, мени алдадингиз, – деди Раҳматуллоҳбек. – Мени кофирларга қарши энг аввал оёқлантирган сиз эмасмидингиз? Йигитларимни бераман, қурол-яроғ бераман, деган сиз эмасмидингиз? Битта ўғлингизни кофирликдан қайтаролмадингизми? Отамни Сибир қилганида «Қўй, болам, саксонга борган бобойга тегма», деёлмадингизми? Ёш болаларимни , аёлимни Сибир қилганида «Болам, кучинг аёл кишига етдими? Кучинг муштдай норасида гўдакка етдими?» демадингизми? «Раҳматуллоҳбек ўлган эмас, бир куни келади, уруғимизни қиличдан ўтказади», демадингизми? Гапиринг, ахир, Мингбоши!
– Замон ўзгарди, Бек, – деди Салим мингбоши. – Замон шўроники бўлди. Шўро халққа ер берди, сув берди. Бошида биз ҳам адашган эканмиз. Шўро… Шўро биз ўйлагандек эмас экан. Сиз ҳам тезроқ шўро томонга ўтинг, Бек!
– Нима дедингиз, Мингбоши? Мени шўрога хизмат қил, дедингизми? Мен ҳам иймонимни сотайми? Мен ҳам Худосиз бўлайми? Уйинг куйибди-ку, мингбоши? – деди Раҳматуллоҳбек мингбошига яқин келиб ва асабий бақирди: – Хушназа-ар!
– Лаббай, Бек ака! – деди Хушназар.
– Чоп! Сўй! Мингбошидан бошқа биттасини ҳам тирик қолдирманглар!
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари Салим мингбошининг барча оила аъзоларини чопиб ташлашди.
– Бек, инсоф қолмапти сизда! – деди Салим Мингбоши йиғлаб. – Лаънат сизга!
– Қўлимга бир мартагина олиб ўйнатмаган қизчамни онасига қўшиб, Сибирга жўнатганида ўғлингга шу гапни нега айтмадинг, мингбоши? Мен ўғлингга ваъда бердим. «Уруғингдан бирор кишини тирик қолдирмайман», дедим. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кўз олдингда сенга қариндошчилиги бўлган каттаю кичигингни қўйдай сўяман, мингбоши! – деди Раҳматуллоҳбек қаҳр билан ва йигитларига буюрди: – Отга ортинглар буни!
Йигитлар Салим мингбошини отга миндириб, отни етаклаб чиқиб кетишди.
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари уйма-уй юриб, қирғин ўтказди. Салим мингбошига қариндошчилиги бўлганларни отиб, чопиб ташлашди. Тонг маҳали қишлоқдан чиқиб кетар эканлар, Раҳматуллоҳбек йигитларини тўхтатди. Раҳматуллоҳбек орқада, отнинг устида эгарга бурни теккудек бўлиб, изтиробда келаётган Салим мингбошининг олдига келди.
– Мингбоши, сени ўлдирмайман! Ўғил-қизларидан, яқинларидан айрилиб яшаш қанақа бўлишини бир кўр! – деди Раҳматуллоҳбек ва йигитларига деди: – Мингбошининг қўлини ечиб, қўйиб юборинглар! Маза қилиб яшайверсин!
Йигитлар Салим мингбошининг қўлларини бўшатиб, отини қишлоққа ўнглаб, қамчи уришди. Салим мингбоши эгарни чангаллаб, қалқиб-қалқиб, йиғлаб-йиғлаб кетаверди.
Раҳматуллоҳбек унинг ортидан бироз қараб тургач, отини тоққа қараб бурди. Раҳматуллоҳбек жаҳл устида унга ачинмади, аммо кейин, уйига қайтиб борган Салим мингбоши ўзини осиб қўйганини эшитганда ачинди. Мусулмон бўлиб, бошқа мусулмонга зулм қилиб қўйганидан афсусланди.
Эртага
Каримберди Тўрамурод
«Сўнгги бек». Қисса.
Тўққизинчи бобдан
– Маълумот ишончлими? Текширдиларингми? – сўради Холбеков.
– Ишончли. Бешкапага қўйган одамимиз хабар қилди. Шахсан ўзим кузатдим, Шомурод тўраникида уни кутиб олишга тайёргарлик бўлаяпти. Тўра қассоб чақиртириб, иккита қўй сўйдирган. Тўрт тандир нон, патир ёптирибди.
Холбеков аскарларга қараб буюрди:
– Васья! Тревога!
Битта қизил аскар карнай чалди. Қизил аскарлар саф тортди.
– Отларга! – буюрди Холбеков. – Бешкапага жўнаймиз! Раҳматуллоҳбекни шу бугун қўлга оламиз!
Тўққизинчи боб.
«Қарғалар учса қарайлик»
1.
Холбеков Раҳматуллоҳбекнинг фаолиятига чек қўйишга қаттиқ киришди. У деярли ҳар бир қишлоқда хуфиялар тайин қилиб, уларга Раҳматуллоҳбек ёки унинг йигитлари ҳақида ҳар қанақа маълумот бўлса, шошилинч унга етказишларини тайинлади.
Холбеков ҳовлида машқ қилаётган юзтача қизил аскарга кўрсатма бериб турган эди, бир милиционер от чоптириб келди.
– Ўртоқ Холбеков, бизга маълумот тушди, Раҳматуллоҳбек бугун тунда Бешкапага, собиқ бойлардан бўлган ошнаси Шомурод тўраникига келар экан, – деди милиционер отдан туша солиб.
– Маълумот ишончлими? Текширдиларингми? – сўради Холбеков.
– Ишончли. Бешкапага қўйган одамимиз хабар қилди. Шахсан ўзим кузатдим, Шомурод тўраникида уни кутиб олишга тайёргарлик бўлаяпти. Тўра қассоб чақиртириб, иккита қўй сўйдирган. Тўрт тандир нон, патир ёптирибди.
Холбеков аскарларга қараб буюрди:
– Васья! Тревога!
Битта қизил аскар карнай чалди. Қизил аскарлар саф тортди.
– Отларга! – буюрди Холбеков. – Бешкапага жўнаймиз! Раҳматуллоҳбекни шу бугун қўлга оламиз!
2.
Бу вақтда ёзнинг узун кечасида бешкапалик Шомурод тўранинг ҳовлисида зиёфат бошланган эди. Зиёфат тўрида Шомурод тўра, Раҳматуллоҳбек, Хушназар, қишлоқ оқсоқоллари. Дастурхонга шўрвадан кейин тандиркабоб келтирилди. Анчадан бери тўкин дастурхон атрофида ўтириб, роҳат, фароғатда дўсту улфатлар билан суҳбатлашмаган Раҳматуллоҳбек Шомурод тўрага деди:
– Тўрам, ҳофиз чақирганман, дегандингиз, келдими?
– Ҳофиз шу ерда, Бек, – деди Шомурод тўра. – Бошласинми?
– Тоғу тошда юравериб, қўшиқларни ҳам соғиниб кетдик-ку, тўрам, – деди кулиб Раҳматуллоҳбек. – Бирорта биз соғинган қўшиқни айтиб берсин!
Шомурод тўра маҳтал турган ҳофизга имо қилди. Ҳофиз дуторини олиб, аввал ғамгин куй чалди, сўнгра хаста овозда қўшиқ бошлади:
– Оға соғ борсангиз аввал отамларга салом айтинг,
Йўлимда зор бўлган мушфиқ онамларга салом айтинг…
Аввалига паст овозда куйлашни бошлаган ҳофиз секин-аста баланд пардаларда нола қилар экан, қўшиқдаги дард-изтироб йигитларнинг қалбига кўчди. Неча йиллардан бери қизиллар билан олишиб, тоғма-тоғ юрган йигитларнинг қалбларидаги соғинч ҳислари чандон ортди. Ҳамма ғамгин бўлиб, бошлари эгилиб кетди. Раҳматуллоҳбек ҳам хомуш бўлиб қолди. Хотираларга берилди. Унинг кўз ўнгидан отаси, онаси, хотини, ўғил-қизлари ўтди. Қизчасини чақалоқлигида қўлга олгани кўз олдидан ўтиб, кўзларига ёш тўлди. Буни кўрган Шомурод тўра ҳофизга «Тўхтат!» ишорасини қилди. Ҳофиз тўхтади. Ҳамма бир муддат жим қолди. Раҳматуллоҳбек қўшиқ тўхтаганини ҳам билмай, ўйчан ўтираверди. Бир маҳал ўзига келган Раҳматуллоҳбек ҳамма унга қараб турганини кўриб, хижолат бўлди.
– Юракни эзиб юбордингиз-ку, ҳофиз? – деди ўз ҳолидан ўзи хижолат бўлиб. – Э, шўхроғидан олинг-е!
– Хўп бўлди, Бек ака! – деди ҳофиз ва шўх куй чалиб, қўшиқ бошлади:
– Қарғалар учса қарайлик Марғилоннинг йўлига,
Ҳиди келса маст бўлайлик ҳандалакнинг бўйига.
– Ҳа, яшанг! – деди Раҳматуллоҳбек ва йигитларига қаради. – Қани, бир ўйинга тушинглар-чи!
Иккита йигит чиқиб, чопонлари этагини қайириб, белбоғларига қистиришди ва эркакчасига рақсга туша бошлашди. Қолганлар қарсак чалиб, «Яшавор!» «Э, ўлма!» деган ҳайқириқлар билан олқишлаб туришди.
Кейинги қўшиқ айтилаётган маҳал бир йигит келиб, Шомурод тўранинг қулоғига бир нима деди. Шомурод тўра безовта бўлди.
– Тинчликми, тўрам? – сўради буни сезган Раҳматуллоҳбек.
– Қизил аскарлар қишлоқни ўраб олаётганмиш, Бек! – деди Шомурод тўра овозини пастлатиб.
– Биламан, тўрам, парво қилманг! – деди Раҳматуллоҳбек кулиб.
– Биламан, дейсизми, Бек?
– Ўзимиз тайинлаган одамимиз бориб, биз ҳақимизда хабар берган. Бу Холбеков деганлари жуда шошқалоқ-да. Сал барвақтроқ келиб, зиёфатнинг белига тепкани чакки бўлди.
– Энди нима қиламиз, Бек?
– Кабобнинг қолганини хуржунларга солиб беринг, тоғда қолганларга олиб боришади.
– Хуржунларга солиб, тайёрлаб қўйибман, Бек. Отларингизга ем, ўзларингизга озроқ ўқ-дориларни отларга ортиб қўйганман. Ўнта яхши отни инимиз Бердимурод сизларга тортиқ қилиб олиб келибди.
– Яшанг, тўрам! Аллоҳ сиздан ҳам, укангиздан ҳам рози бўлсин! Биз энди турдик, дуо қилинг!
– Аллоҳ сизларни паноҳида асрасин! Аллоҳу акбар!
– Сизлар ўйин-кулгуни тўхтатмайсизлар! – деди Раҳматуллоҳбек Шомурод тўрага. – Холбеков келганда ақиқа қилаётувдик, дерсиз.
– Хўп бўлди, Бек. Яхши боринглар!
Йигитлар зудлик билан отланиб, чиқиб кетишди.
– Дарров қўни-қўшниларни чақиринглар! – деди Шомурод тўра ўғилларига, сўнгра ҳофизга юзланди: – Қани, ҳофиз, шўхидан олинг!
Ҳофиз шўх қўшиқ бошлади. Шомурод тўра бир-икки кишини рақсга чиқарди.
Холбековнинг аскарлари Шомурод тўранинг уйини ўраб келаётган бу вақтда Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари ўнтача аскар қолган қизил аскарларнинг гарнизонига қуюндай бостириб келишди. Қоровулликдаги йигитларни отиб ташлашди. Ичкаридан чопиб чиқаётган қизил аскарларни қилич билан чопиб ташлашди. Эшикларни бузишиб, қурол-яроқ, ўқ-дориларни олишди. Казармага ўт қўйишди ва яна қуюндай тун бағрига сингиб кетишди.
3.
Шомурод тўранинг ҳовлиси яна меҳмон билан тўлди. Қўшиқ, рақс давом этди. Ҳовлига бир гуруҳ қизил аскарлари билан Холбеков кириб келди. Шомурод тўра унга пешвоз чиқди.
– Хуш келибсиз, командир, марҳамат! – илтифот қилди Шомурод тўра.
– Нима бўлаяпти бу ерда? – сўради Холбеков.
– Аллоҳ бизга невара берди, – деди Шомурод тўра. – Шукронасига ақиқа қилаяпмиз. Келинглар, овқатимиз тайёр!
– Биз овқат егани келганимиз йўқ, – деди зарда билан Холбеков. – Ёт унсурларнинг овқатини емаймиз ҳам, тўра.
– Қўйинг, шу гапларни, командир, – деди аччиғини ичига ютган Шомурод тўра. – Қачонгача ёт унсур дейсиз энди?
– Тўғри, бор мол-мулкингизни биринчилардан бўлиб шўрога топширганингиз учун сизни қамамадик, қулоқ ҳам қилмадик, тўра. Аммо қадамингизни билиб босинг. Раҳматуллоҳбек қани? Сизникига келганини биламиз.
– Хафа қилаяпсиз, командир. Биз ўзбекмиз, мусулмонмиз. Эшикдан келган меҳмонни кирма, кет, демаймиз. Дарвозамиз ҳамма учун ҳамиша очиқ. Раҳматуллоҳбек кирсам майлими, деб сўраб ҳам ўтирмайди, командир. Ҳа, Раҳматуллоҳбек келди. Еди, ичди, кетди. Сиз ҳам киринг, ўтиринг, еб-ичинг, командир.
– Ҳаммасини аниқлаймиз, тўра. Бизни лаққиллатаётган бўлсангиз, бу сафар аяб ўтирмайман.
Шу пайт қонига беланган бир қизил аскар кириб келиб, Холбековга маълумот берди:
– Босмачилар! Казармага ҳужум қилишди!
– Отларга! – буюрди шошиб Холбеков. – Тез!
Қизил аскарлар шошилинч чиқиб кетишди.
– Энг шўхини энди олинг-да, ҳофиз! – деди Шомурод тўра Раҳматуллоҳбекнинг нега хотиржам «Биламан, тўрам, парво қилманг», деганида нима қилмоқчи бўлганини энди фаҳмлаб, хурсанд бўлиб.
Шўх қўшиқ бошланди. Қулочини ёйиб, виқор билан, маза қилиб Шомурод тўра рақсга туша бошлади.
4.
Бу вақтда қизил аскарлар казармаларига етиб келишган, аммо казармадан ҳеч вақо қолмаган, ҳамма ёқ тутаб ётар, ҳар жойда чопиб ташланган, отиб ташланган қизил аскарларнинг жасадлари ётарди.
Холбеков аламдан буғриқиб кетди. Кўзида икки томчи ёш кўринди. Аччиқ билан бақирди:
– Энди ўзингдан кўр, Раҳматуллоҳбек!
Холбеков сакраб отига минди ва аскарларга буюрди:
– Кетдик!
Ҳаммалари от чоптириб кетишди.
Бу вақтга келиб душман тугул дўстдан ҳам хавфсираб қолган Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари маконларини тез-тез ўзгартиришар, бир жойда муқим туришмасди. Холбековнинг хуфиялари қанча тезкор ишлашса, Раҳматуллоҳбекнинг хуфиялари ҳам ундан суст ишлашмас, Холбековнинг қачон қаерга бораётгани ҳақидага маълумотлар пешма-пеш етказилиб туриларди. «Сени топмасам қўймайман», деган Холбеков уч кун тоғма-тоғ изғиб, Раҳматуллоҳбекнинг изини ҳам тополмай, қайтиб келди.
Холбековни Республика чекистларининг бошлиғи Иванов пойтахтга чақиртириб олди.
– Суст ишлаяпсиз, ўртоқ Холбеков, суст, – деди Иванов. – Ҳалигача ўша Раҳматуллоҳбекнинг изига тушолмадингиз.
– Олти ойдан бери у билан изма-из юрибман, Иван Иванович, – деди Холбеков айбдорона. – Аммо жуда пихини ёрган экан. Ҳар сафар тутдим деганимда, қўлимдан чиқиб кетаяпти. Тоғу тошларни титиб чиқдим. Кундузи изини ҳам кўрсатмайди. Кечаси қаердан келади, билмайман, аммо раисларимизни, шўро раҳбарларини ўлдириб кетаяпти.
– Биз Самарқандда босмачилик тугатилди, деб ҳисобот берганмиз. Бундан хабарингиз борми?
– Хабарим бор, Иван Иванович. Ўзи ҳақиқатдан ҳам Раҳматуллоҳбекдан бошқа босмачи қолгани йўқ.
– Биттагина бўлса ҳам қолибди-ку, Холбеков? – ўрнидан туриб, хона бўйлаб юра бошлади Иванов. – Тугатинг! Топинг ва қўлини боғлаб, менинг олдимга олиб келинг! Мен шахсан ўзим кўрмоқчиман уни. Қани, қанақа одам экан Раҳматуллоҳбек деганлари. Одамми у девми?
–Тутиб келаман, Иван Иванович, – Холбеков ҳам ўрнидан турди. – Албатта, тутиб келаман.
– Яна элликта қизил аскарни олиб кетинг. Ҳаммаси шахсан Фрунзенинг қўл остида урушган тажрибали рус аскарлари. Боринг!
– Хўп, Иван Иванович!
Холбеков Иванов айтган аскарларни олиб, Ургутга қайтар экан, Раҳматуллоҳбекни энди топмаса бўлмаслигини тушунди. Отда келар экан, Раҳматуллоҳбекнинг изига тушишнинг минг хил йўлини излар эди.
Ўнинчи боб.
«Қўлли-оёқли бола»
1.
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари гоҳ жангу-жадалларда камайиб кетар, гоҳ турли қишлоқлардан келиб қўшилаётган орияти қўзиган йигитлар ҳисобига яна кўпайиб қоларди. Жумабозорлик Олим пансод қўлга тушгач, унинг омон қолган саккиз йигити ҳам келиб, Раҳматуллоҳбекка қўшилди. Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари яна ўттиз бештага етиб қолди.
Қуюқ ўрмон ичида дам олиб ётган йигитларни кузатар экан, Раҳматуллоҳбекнинг бошидан минг хил ўй ўтар эди. «Энди шўрога қарши курашиш қийин бўлиб қолди. Бу шўро дегани ҳамма итини менинг изимдан қўяди энди. Олим пансод ҳам, Худойберди қассоб ҳам, мулла Пирмуҳаммад ҳам йўқ бўлиб кетишди. Мусулмон мусулмонга қўшилмади қўшилмади-да. Агар ҳаммамиз бирлашсак, бу ерга келган ўрисни тор-мор этиш тугул, бориб ўриснинг юртини ҳам босиб олишга кучимиз етмасмиди? Ахир тарихда шундай бўлган-ку? Ўша ўрислар уч юз йил Темурийларга ўлпон тўлаб туришган-ку? Бугун ўриснинг озгинаси бу парокандалигимиз туфайли бутун юртимизни эгаллаб олди. Энди бу юрт ўриснинг оёғи остида топталмасмикан? Энди юртдан ислом, иймон кўтарилмасмикан? Энди юртдан хайру барака кўтарилмасмикан? Ислом байроғини кўтариб, жиҳодга чиққанлардан биргина мен қолдим. Бир ўзим нима қила олардим? Амиримиздан ҳам умид йўқ. Неча марта Амударёдан ўтиб, ҳужум қилди, аммо бирортасида ҳам музаффарият ёр бўлмади. Иброҳимбекдан умидим катта эди. Қайтиб келса, бориб унга қўшиламан деб юрган эдим, афсус, унинг уруғини гаровда ушлаб туришганини, келиб таслим бўлмаса, ҳаммасини отиб ташлашларини эшитиб, ўзи келиб, таслим бўлибди. Бекни Сибирга сургун қилишибди. Ҳа, кетадиган жой ҳам қолмади, шекилли? Парвона шам атрофида айлана-айлана, охири ўзини шамга уриб, ёниб кетганидек, шу шўро билан уришиб ўлиш пешонамга ёзилганга ўхшайди. Майли, бандаси пешонасига ёзганидан қочиб қутула олмас экан, пешонада борини ҳам мардона кутиб олиш керак. Бир бошга бир ўлим. Шу юртни деб, Исломни деб бир эмас, юз бора ўлсам арзийди».
Қилган хулосасидан ғайрати жўш урган Раҳматуллоҳбек Раббим полвон, Иззатулло ва Норбойлар билан суҳбатлашиб ўтирган Хушназарнинг ёнига борди. Улар ўринларидан туришмоқчи эди, «ўтираверинглар», ишорасини қилиб, ўзи ҳам уларнинг ёнига чўккаллади. Боя ўйлаганларини йигитларга айтиб бермоқчи бўлган эди, аммо соқчиликдаги йигитлар бир кишини олиб келишиб, бунга имкон бўлмади.
– Бек ака, бу киши Қоратепадан келибди, – деди соқчи йигит. – Сизга гапи бор эмиш.
Раҳматуллоҳбек ўрнидан турди. Бошқа йигитлар ҳам туриб, келган одамга яқин келишди.
– Кимсиз? – сўради Раҳматуллоҳбек. – Бизга нима гапингиз бор?
– Қоратепалик Сафар подачиман, – деди келган киши. – Қишлоққа ўнтача мелиса келган. Ўтган сафар мен билан бирга сизларга озиқ-овқат олиб келган Ойнақул деган укамизни тутиб олишиб, азоб беришаяпти. Мен қочиб, тўғри бу ёққа келдим.
– Ўнта мелиса дедингизми? Қизил аскарлар йўқми?
– Қизил аскарлар йўқ. Бор-йўғи ўнта мелиса.
– Кетдик! – деди Раҳматуллоҳбек Хушназарга қараб. – Йигитларни уйғотинглар!
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари Қоратепага қараб, от қўйиб кетишди.
2.
Ҳовлилари ўртасидаги ёнғоққа қонга беланган Ойнани арқон билан боғлаган милиционерлар уни қамчи билан уришар, унга талпинган Ойнанинг ота-онаси, укаси ва синглисини икки-учта милиционер тўсиб, Ойнага яқин боргани қўймай туришарди. Яна икки-уч милиционер ҳовли атрофида қоровуллик қилиб туришарди.
– Айт, озиқ-овқатларни Раҳматуллоҳбекнинг йигитларига қаерда бердинг? – бақириб сўради милиционерларнинг каттаси.
– Билмайман. Раҳматуллоҳбекни танимайман, – ингради Ойна. – Босмачиларни кўрганим йўқ.
Милиционер Ойнани яна қамчи билан урди. Ойна дод солиб, бақирди:
– А-а! Урманг! Босмачиларни кўрганим йўқ, дедим-ку-у…
Ташқаридан соқчиликдаги милиционерлар ҳовлиқиб киришди:
– Босмачилар келишаяпти!
Милиционерлар отларига миниб, қочиб кетишди.
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари Қоратепага киришлари билан Ойналарнинг ҳовлисидан чиқиб қочиб кетаётган отлиқ милиционерларни кўришди ва Хушназар бошлиқ ўнтача йигит уларни таъқиб эта бошлашди. Ҳадемай, бир-бирларига ўқ уза-уза қочаётганлар ҳам, қуваётганлар ҳам қирнинг орқасига ўтиб, кўздан ғойиб бўлишди. Раҳматуллоҳбек қолган йигитлар билан Сафар подачи кўрсатган ҳовлига, Ойнанинг ҳовлисига кириб келишди.
Икки йигит дарров Ойнани дарахтдан ечиб олишди. Отаси ва укаси бир пақирда сув олиб келиб, Ойнанинг қўл-бетларини ювдиришди. Норбой унинг яраларини боғлаб қўйди.
– Нима бўлди? – ундан сўради Раҳматуллоҳбек. – Нега сени бунча азоблашди мелисалар?
– Йигитларингизга озиқ-овқат, кийим-бош олиб бориб бергандим. Кимдир шуни сотибди, – деди Ойна. – «Раҳматуллоҳбекнинг қаерда яширингани айтасан», деб азоб беришди.
– Қаердалигимизни айтиб қўя қолсанг бўлмасмиди?
– Ростдан билмайман-ку қаердалигингизни? Озиқ-овқатларни эса Терсакка олиб бориб берганман.
Шу пайт милиционерларни қувиб кетган йигитлар қайтиб келишди.
– Нима бўлди, қочиб кетишмадими? – сўради Раҳматуллоҳбек.
– Биласиз-ку, ҳали биронта мелиса қочиб қутулмаган, – жавоб берди Хушназар. – Отлари эшакдан ҳам хароб экан.
Раҳматуллоҳбек отига минди. Қолганлар ҳам отларига минишди.
– Бўпти, йигит, биз туфайли азоб ебсан, узр, – деди Раҳматуллоҳбек Ойнага. – Энди эҳтиёт бўл!
– Мени ўзларингиз билан олиб кетингизлар. Мелисалар барибир мени тинч қўймайди. Мен улардан қасосимни олишим керак, – деди Ойна ялинган овозда. – Бек ака, мени сафингизга қўшиб олинг!
– Бизга фақат сени урган мелисалардан қасос олиш учунгина сафимизга қўшиладиган кишилар керак эмас, – деди Раҳматуллоҳбек. – Қолаверса, қасосинг ҳам олинди, ука.
Ойна Раҳматуллоҳбекнинг узангисига ёпишди:
– Жон, ака, мени олиб кетинг, бирор нафим тегиб қолар. Ўзим тоғларда қўй боқиб ўсганман, ҳар бир сўқмоғини, ғорини, чўққисини беш қўлимдай биламан. Яшириниш учун шундай жойларни биламан-ки, қизил аскарларнинг етти ухлаб, тушигаям кирмайди.
Раҳматуллоҳбек Хушназарга қаради. Хушназар елка қисди.
– Ўзимиз ҳам билиб олмаган бирор дара-ю, сўқмоқ қолмади беш йилдан бери, – деди у.
– Бек ака, ўғлимни олиб кета қолинг! – деди Ойнанинг отаси ҳам Раҳматуллоҳбекка яқин келиб. – Аввалдан сизларга қўшилмоқчи бўлиб юрарди ўзи.
– Майли, ичимизда шу ернинг йигитларидан бўлганиям дуруст, – деди Раҳматуллоҳбек. – Тайлон, отингга миндириб ол!
Бир йигит Ойнани отига мингаштириб олди ва ҳаммалари ҳовлидан чиқиб кетишди.
3.
Ойна чаққон чиқиб қолди. У нима иш бўлса қилиб кетаверар, айниқса, овқат пиширишга уста эди. У ошни ҳам боплар, йигитлар овлаб келадиган қуён, каклик, тустовуқлардан ажойиб димламалар, шўрвалар пиширарди. У ҳаммага ака деб мурожаат қилар, ҳамманинг кўнглини олишга тиришарди.
Бугун ҳам эрталаб Раҳматуллоҳбек йигитлари билан нонушта қилишаётган эди, Ойна бир лаганда буғи чиқиб турган тандир кабобни олиб келди.
– Менинг тандир кабобни яхши кўришимни билиб олибсан-да, Ойна? – деди Раҳматуллоҳбек.
– Касбим шунақа, Бек ака. Улуғларга хизмат қилиб, суягим қотган.
– Баракалла! Қачон қўй топиб, қачон сўйиб, қачон тандир кабоб қилишга улгурдинг, Ойна?
– Узумини енг-у, боғини сўраманг, Бек ака. Тушликка арча кабоб қилиб бераман, – дея Ойна ўчоқ бошига қараб кетди.
– Жуда қўлли-оёқли бола эканми, Хушназар? – деди Раҳматуллоҳбек.
– Ҳа, қўлли-оёқли экан, – деди Хушназар сўнг сал ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: – Тилли-жағли ҳам. Йигитларни ўзига ром қилиб олди.
– Нима иш буюрсанг қилиб кетаверишини айтмайсанми? – деди Раббим полвон.
– Ҳа, ҳамма билан ака-укадек бўлиб кетган бўлса жуда яхши. Аммо Тароқлига борганимизда у ерда пистирма борлигини аниқ билганига қойил қолдим, – деди Раҳматуллоҳбек. – Қизил аскарнинг ҳидини биладиган бола эканми дейман?
– Ровотга борганимизда ҳам у туфайли қизил аскарларнинг пистирмасига тушмай қолдик, – деди Хушназар.
Ойна чой дамлар экан, бу гапларни қулоғи динг бўлиб эшитиб турди.
Нонушта тугагач, дуо қилиб, ҳаммалари туришди.
– Ҳамма дамини олсин! – деди Раҳматуллоҳбек. – Кечқурун Холбековни бир қитиқлагани борамиз.
Ҳаммалари тарқалишди. Хушназар Раббим полвонни чеккага тортди.
– Раббимқул, шу йигитга кўз-қулоқ бўлиб юр! – деди Хушназар овозини пасайтириб. – Қадам олиши бежо шу боланинг.
– Нимаси ёқмаяпти сенга? – деди Раббим полвон. – Дуппа-дуруст хизматимизни қилиб юрибди-ку?
– Ҳид билиши ноёблиги ёқмаяпти. Ўзимиз қатори қароргоҳдан чиқмаса, қаердан билди экан кеча Тегирмонбошига қизил аскар келганини?
– Айтгани яхши бўлди-да, ҳақиқатдан қизиллар келган экан-ку?
– Аммо у қаердан билди, деяпман? Қолаверса, борганимизда қизил аскаринг кетиб бўлган экан. Билган одам улар кетмасдан олдин айтмайдими?
– Ҳа, бу гапингда жон бор, – деди Раббим полвон. – Майли, ўзига сездирмай пойлайман.
4.
Қизил аскарларга у-бу топшириқ бериб турган Холбековнинг олдига подачи Сафар югуриб келди.
– Нима бўлди? – уни кўрибоқ сўради Холбеков.
– Ҳаммаси режадагидек бўлди, – деди Сафар. – Раҳматуллоҳбек Ойнани ўзи билан олиб кетди.
– Яхши, – деди Холбеков. – Милиционерлар нима бўлди?
– Босмачилар ҳаммасини отиб ташлашди.
– Вақтида хабар бермаганмидинг? – қаҳр билан сўради Холбеков.
– Вақтида хабар бердим, аммо қочиб қутулишолмаса мен нима қилай? – деди Сафар бошини қашлаб. – Бекнинг отлари шамолдай учқур демаганмидим?
– Бошлиқларидан балога қоладиган бўлибман-да, – деди Холбеков ва бироз ўйланиб туриб, қўшиб қўйди: – Майли, Ойна билан жуда эҳтиёт бўлиб алоқа боғлаб тур. У Раҳматуллоҳбекнинг ишончига кириб олиши зарур. Боравер! Ҳа, айт, Ойнанинг укаси бир келиб кетсин!
– Хўп! – деб Сафар чиқиб кетди.
Эртаси куни Ойнинг укаси Мурод Холбековни излаб келди.
– Келганингни ҳеч ким сезмадими? – деди Холбеков уни хонасига олиб киргач.
– Йўқ, ҳеч ким билмайди, – деди Мурод.
Холбеков Муродга букланган қоғоз узатди.
– Яхши. Мана буни Ойнага етказгин! Аммо эҳтиёт бўл, бировнинг қўлига тушмасин! Мана буни отангга бер! – деб Холбеков Муродга бир даста пул берди. – Ҳа, Ойнага айтиб қўй, биз эртага пешин вақти Илонлига борамиз.
Мурод чиқиб кетди. Холбеков унинг ортидан тикилиб қолди.
5.
Хушназар тўппончасини тозалаб ўтирган эди, олдига Раббим полвон келди.
– Ойнанинг олдига ўн тўрт-ўн беш ёшли бир бола келиб кетди, – деди Раббим полвон. – Укаси эмиш. У-бу егулик олиб келибди.
– Зотини суриштирдингми бунинг?
– Қулқишлоқлик Эшназар танир экан, тўй-пўйларнинг ошу-овқатини пишириб юрар экан. Йўқсиллардан эмиш. Иш ахтариб, бир-икки йил Самарқандга кетган экан. Олти ойча бўлибди қайтганига.
– Шунақа дегин, – деган Хушназар ўйланиб қолди. – Самарқандга кетган экан, дегин. Икки йил, дегин.
Бу сўзларни худди ўз-ўзига гапиргандек бўлган Хушназар «Ҳм-м», деб қўйди-ю, Раҳматуллоҳбекнинг чодирига кириб кетди.
Раҳматуллоҳбек ёстиқ устига қўйилган Қуръонни ўқиб ўтирган экан, Хушназарни кўриб, китобни ёпди.
– Кел, Хушназар! Тинчликми?
– Ойнага жавоб бериш керак, – деди Хушназар қуруққина қилиб.
– Унинг нимаси ёқмади? – бир қўзғалиб олди Раҳматуллоҳбек. – Яхши хизмат қилаяпти-ку?
– Қадам олиши шубҳали. Менинг йигитларим билмаган гапларни дарадан чиқмай туриб, Ойна қаердан билади? Укаси келган экан. У бу ерни қаердан топиб келди?
– Сен ундан бекорга шубҳа қилма! Укасининг топиб келишигаям шубҳаланма, бир ҳафта олдин Ойна онасидан хабар олгани борувди. Ўшанда укасига керак бўлса қаердан топишлари мумкинлигини айтган чиқар.
– Укаси топиб келибдими, бошқалар ҳам топиб келади. Жойимизни тезда алмаштиришимиз керак.
– Ана бу гапинг жўяли. Майли, йигитларга айт, кўчамиз!
Хушназар чиқиб кетди.
Раҳматуллоҳбекнинг ўттиз чоғли йигитлари бир соат ўтмасдан жойларини янгилаш мақсадида довон ошиб кетишди. Улар узоқ йўл босиб, қорли чўққилар орасидаги бир ғорга етиб боришди. Отларни ғорга кирган жойда қолдиришиб, ўттиз қадамча ичкарига машъала ёруғида кириб боришди. Кўм-кўк, тиниқ сувли ҳовузга дуч келишди. Ҳовузни айланиб ўтиб, яна ўн-ўн беш қадам юришди. Каттароқ меҳмонхонадек жойда ғор тугади.
Раҳматуллоҳбек бу ғорнинг топилганидан, унинг қулайлигидан хурсанд бўлиб, ҳайратини ошкор қилди:
– Табиатнинг ўзи бизга шоҳона меҳмонхона тайёрлаб қўйган экан-ку?
– Бу ғор қишнинг чилласида ҳам мана шундай, бир хил ҳароратда туради, – деди уларни бу ерга бошлаб келган Ойна. – Отам биларди, мен билардим бу ғорни. Мана, энди сизлар билдингиз. Ўйлайманки, ҳаммамиз бемалол сиғамиз.
– Сиғамиз, ғам ема, – деди Раҳматуллоҳбек. – Бу ерга думалаб ётгани келганимиз йўқ. Қор эригандан тушиб кетамиз.
Йигитлар кўрпа-тўшакларни олиб келиб, жой ҳозирлашди. Ҳаммалари ўтиришганда Иззатулло гапирди:
– Бек ака, менга жавоб берсангиз, бодим қўзиб қолди. Қишлоққа қайтсам, девдим. Касалим тузалса, баҳорга чиқиб қайтарман. Кўришмасак, рози бўлинг!
– Майли, майли, олдин ҳам айтганман, ҳеч кимни куч билан ушлаб турмайман, – деди Раҳматуллоҳбек. – Яхши боринг, сиз ҳам рози бўлинг!
– Мен бирга борсам майлими? – изн сўради Норбой. – Иззатуллога ҳамроҳ бўлардим, ҳам қишлоқдан бир хабар олиб келардим.
– Жуда яхши. Эҳтиёт бўлинглар! Бу ердалигимизни биров сезмасин!
– Эҳтиёт бўламиз, – деди Иззатулло. – Майли, яхши қолинглар!
– Мен сизларни кузатиб қўяман! – деб Хушназар ҳам уларга эргашди.
6.
Норбой қишлоққа ярим тунда кириб келди. Ота-онаси билан кўришди.
– Ҳамма соғ-саломатми? Яхши ўтирибсизларми?
– Шукур, соғмиз. Ўзларинг яхшимисизлар? – деди Норбойнинг отаси. – Хушназар, Иззатулло, Раббимлар ҳам яхшими?
– Ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Нима янгиликлар бор?
– Э, болам, бу Нурмат кофир дегани ўрисдан ҳам ёмон чиқди. Ўрис лабига битта папирос қистирса, бу иккита қистирди. Ўрис белига битта тўппонча тақса Нурмат кофир иккита тўппонча тақиб юради. Салга тўппонча чиқариб, «Отаман», «Тухумингни қуритаман», деб ўдағайлайди.
– Бизникиларга тегмаяптими?
– Тўра полвонни олиб бориб, ўзларининг молхонаси, ҳозирги калхознинг отхонасига қамабди. «Ўғлингни топиб берасан», деб азоб бераётган эмиш.
Норбой туриб, кетишга чоғланди.
– Бир ўзинг борма, болам. Нурмат кофирнинг қуроли бор. Қоровуллари ҳам бор.
– Мен унга кўрсатиб қўяман, кекса кишига азоб беришни!
Норбой чиқиб кетди. Ота-онаси бош чайқаб қолишди.
– Бекор айтдингиз, отаси, энди бир балони бошлайди бунингиз, – деди онаси.
7.
Ярим тун. Ғордан секин чиқиб келган Хушназар бирор чақирим пастга тушиб келиб, қушларча овоз чиқарди. Болаликларидан таниш бўлган бойўғлиниг «ҳу-ҳу»сидан Хушназар ва Иззатулло бир-бирини тез топишди.
– Сенга овқат, нон олиб келдим, – деди пичирлаб Хушназар. – Қаерга жойлашдинг?
– Анави катта арчанинг остида кузатув жойи қилиб олдим, – деди улкан арча томонга ишора қилган Иззатулло ҳам пичирлаб. – Шох-шабба билан тўсилган, билинмайди.
– Ҳамма кетганингга ишонди. Аммо ҳушёр бўл. Келганлардан ҳушёр бўласан-ку, аммо ғордан ким чиқди, қаерга борди, бунгаям ҳушёр бўл!
– Изимдан топиб келишмасин, деб икки қир айланиб, эски жойимиздан хабар олиб келдим. Яхшиям кўчибмиз. Биз кетибмиз ҳам-ки, жойимизни қизил аскарлар босибди.
– Мен сенга нима дегандим? Бир балоси бор, демаганмидим? Эҳтиёт бўл, кечаси ухлама! Биз сенга ишондик. Кундузи ухлаб оларсан. Кундузи сендан ҳам пастроққа йигитларни соқчиликка қўяман. Аммо кечаси сендан бош¬қа ҳеч кимга ишонмайман. Ўзим ҳам баъзан ухлаб қоламан.
– Кўнглинг тўқ бўлсин, биласан-ку, сичқон шитирласа уйғонаман.
– Майли, яхши қол, мен кетдим, – деб Хушназар ғор сари кетди.
Эртаси куни пешиндан кейин Норбой етиб келди. Ҳамма билан сўрашиб, Хушназарнинг олдида тўхтади.
– Нурмат кофир ҳаддидан ошибди, – деди Норбой. – Отангни олиб келиб, қўл-оёғини боғлаб, молхоналарингга қамабди. «Ўғлингни топиб берасан», дебди. Онанг келган экан, туртиб-суртиб, ҳайдаб юборибди.
– Шунча гапни эшитиб, индамай келавердингми, полвон? – полвон сўзини кесатиб, зарда билан айтди Хушназар.
– Отангни тоғангникига олиб бориб қўйдим. Нурмат кофирнинг шотирлари «миқ» этолмади, – деди Норбой. – Аммо кофирнинг ўзи Самарқандга кетган экан, тополмадим. Топсам, тирик қолмасди.
– Мен топаман! – деди Хушназар аччиқ билан ва ёнидан «Наган»ини олиб, ўқдонидаги ўқларини текшириб кўрди. – Шу бугуноқ топаман!
– Ҳаммамиз борамиз, – деди Раҳматуллоҳбек Хушназарнинг чиқиб кетаётганини кўриб. – Бир қўлларнинг чигалини ёзиб келайлик!
– Ўзим, бир ўзим бораман, – деди Норбойга бир қараб олган Хушназар. – Нурмат менинг отамни қамаган, менинг онамни урган.
– Бўлди-да энди, Хушназар, – ранжиди Норбой. – Мен ҳам бораман. Уни ўзим ўлдираман.
Хушназар кетишга чоғланди. Норбой унга эргашди. Яна уч-тўрт йигит ўрнидан турди. Хушназар уларни қайтарди.
– Кўплашиб юрмайлик! Иккаламиз борсак бас!
Иккаласи ғордан чиқиб кетишди.
– Ота, … кўришолмай қолсак, … рози бўлинг!
Ўғлининг бу гапидан унинг анча улғайиб қолганини англаган Тўра полвоннинг кўнгли бузилди, аммо ўзини тез қўлга олди:
– Дадил бўл, ўғлим! Одамнинг кўнглини буздиган бунақа гапларни айтма! Сендан мингдан-минг розиман! Сен ҳам биздан рози бўл! Мен элини, юртини дейдиган сендай фарзандим борлигидан фахрланаман, болам! Кофирлар билан курашадиган фақат сизлар қолдингизлар, ўрис ва уларга сотилган йўқсиллар мард бекларнинг барини битта-битта тутиб, йўқ қилди. Энди иймон аҳлининг умиди сизлардан, эҳтиёт бўлинглар, болам!
Ўн иккинчи боб.
«Лаънат сендай йигитга!»
1.
Тонгга яқин «Ойнанинг укасини излаб» Ойнанинг «амакиси» − Холбеков ўттиз нафар қизил аскар билан Раҳматуллоҳбекнинг қароргоҳи сари мушукдек пусиб кела бошлади. Иззатулла Холбековнинг йигитларини кўриб, секин пана жойдан чиқди. Иззатулло ортида уни пойлаб турган Ойнани сезмай қолди. Биринчи келаётган қизил аскарни мўлжалга олиб, бешотарнинг тепкисини босмоқчи бўлганда унинг орқасида турган Ойна қўштиғли ханжарин кўтариб, зарб билан Иззатуллонинг орқасидан урди. Иззатулло бирорта ўқ ҳам отолмай, иҳраб, жон берди. Холбеков билан тезгина сўрашиб олган Ойна уларни шошилтириб, ғор сари бошлаб кетди.
Бегона одамлар шарпасидан безовта бўлган отлар оёқларини асабий дукурлатиб, пишқира бошладилар. Отининг кишнаган овозидан уйғониб кетган Хушназар тура солиб, Ойнани қидирди. Уни ўрнидан тополмагач, шошиб отлар томон юрди ва ғор оғзида ичкарига кираётган одам шарпасини кўриб, унга қарата ўқ узди. Ўқ овози, сўнгра ўқ теккан аскарнинг «вой-вой»лаб бақирганидан ғорнинг ичи шовқинга тўлди. Уйғониб кетган йигитлар ҳам милтиқ ва тўппончалардан олатасир ўқ уза бошладилар. Ичкарига киришга улгурган икки-уч қизил аскар ер тишлади. Бир-иккитаси қочиб чиқди. Бир маҳал ташқаридагилар юмалоқ тошга ўхшаган икки-учта нарса ташлашди. Бир неча сония «вишиллаб» турган бу нарсалар шунақа гумбурлаб портлади-ки, қулоқлар батанг битди. Портлаш зарбидан икки-учта от титилиб кетди. Яна икки-учтаси кўтарилиб, шифтга урилди. Портлаш улоқтириб юборган бир от Хушназарнинг олдига келиб тушди. Отларнинг аянчли кишнашлари юракка баттар ваҳима соларди.
Ташқаридан Холбековнинг бақирган овози эшитилди:
– Кейинги бомбаларни сизларнинг устингизга ташлаймиз. Отлардек бурда-бурда бўлиб кетасизлар. Яхшиликча қуролларни ташлаб чиқиб, таслим бўлинглар!
Хушназар Раҳматуллоҳбекнинг ёнига келди.
– Тўрга ўтамиз. У ёққа бомбасиям етиб бормайди, ўқиям.
Улар ғор тўрига чекинишди. Ҳақиқатдан қизил аскарларнинг кейин отган ўқлари ғор деворларига урилиб, турли томонга қараб «чингиллаб» учар, аммо Раҳматуллоҳбекнинг йигитларигача етиб келмасди. Йигитлар бекиниб бориб, ғор оғзига қарата ўқ отишди. Ташқаридагилар «вой-вой»лаб, ўрисчаю ўзбекчалаб сўкиниб қолишди.
Гоҳ улар, гоҳ булар ўқ отиб, тонг ҳам отди.
Қизиллар уч-тўрт бомба, яъни граната отиб кўришди. Ғорни гумбурлатган, зириллатган бу гранаталар ҳам Раҳматуллоҳбекнинг йигитларига зиён етказмади. Яна бир-икки от ўлди.
– Отларга жавр бўлди, Бек ака, нима қиламиз? – деди Хушназар.
– Отларни олиб чиқиб кетинглар! – деб бақирди Раҳматуллоҳбек ташқарига қарата. – Отга ичларинг ачисин! Кириб, соғ қолганларини олиб чиқинглар, шунгача отмаймиз!
– Алдамайсизларми? – сўради Холбеков.
– Алдаш кофирларда бўлади, – Раҳматуллоҳбек аччиқ билан. – Биз, Худога шукур, мусулмонмиз.
– Менам мусулмонман, – деди Холбеков. – Сизга ишондим, Бек.
Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари тирик қолган отларнинг тушовини ечиб, ғор оғзига қараб ҳайдашди. Икки қизил аскар кириб, отларни ҳайдаб чиқди. Раббимқулнинг оти чиқмади. Оёғи бўшагандан ўзини тўрга урди. Келиб, Раббимқулнинг елкаларини ҳидлаб кўриб, кейин тинчланди.
– Энди ўзларингиз ҳам чиқинглар, Бек, – деди Холбеков ғор оғзига яқин келиб. – Бўлмаса, шох-шабба олиб келиб, ўт қўямиз. Тутунга чидолмай чиқасизлар. Аммо тулкини шундай чиқаришади. Сизлар тулки эмассизлар. Иззатингизни билиб, мард йигитлардай чиқинглар. Жонингизни сақлаб қолишга ваъда бераман. Сизлар ваъдангизда турдингизлар, мен ҳам тураман.
Раҳматуллоҳбек йигитларга қаради. Хушназар ночор бош ирғайди.
– Ҳақиқатдан тутундан қочиб чиққан тулкидай бўлиб, шарманда бўлмайлик, чиқиб таслим бўламиз, – деди Раҳматуллоҳбек афсус билан. – Ажалимиз етибди, йигитлар. Униям эркакдек қарши олайлик!
Раҳматуллоҳбек ғор оғзига яқин бориб, гапирди:
– Биз розимиз. Фақат битта шартимиз бор. Ичимизда битта йигитимиз кўринмаяпти. Ташқарига чиққан экан, шекилли. Ўшани қайтариб юборсангизлар. Унда икки оғиз гапимиз бор. Кейин бирга чиқардик.
– Ойна сизнинг йигитингиз эмас, – деди Холбеков Раҳматуллоҳбек ким ҳақида гапираётганини дарров англаб. – У қизил аскар. Болшевиклар партиясининг аъзоси. ЧК ходими. У махсус топшириқ билан сизнинг сафингизга қўшилган эди. Энди у ўз дўстлари сафида. Шарт қўймай, таслим бўлаверинглар! Бошқа иложингиз йўқ.
Шунда Ойна ҳам ғор оғзига яқин келди.
– Ташқарида бир йигитингиз борлиги рост, – деди Ойна. – У «Қишлоғимга кетдим», деб арча остида қоровуллик қилиб ётган Иззат эди. Аммо энди у укамнинг ёнидан жой олди. Ундан укамнинг хунини олдим.
– Ў, ифлос! – Хушназар варанглатиб ўқ узди.
Ойна ўзини четга олишга улгурди.
Шундан сўнг ҳар иккала томондан яна анча ўқлар отилди. Аммо энди бу ўқлар фақатгина тошларнигина яралаётган эдилар.
– Қаршилик кўрсатишингиз бефойда, Бек, – деди Холбеков яна Раҳматуллоҳбекка мурожаат қилиб. – Таслим бўлинглар!
– Бўпти, таслим бўламиз, – деди Раҳматуллоҳбек. Мусулмонлигингга ишонмасам ҳам сўзингга ишондим, Холбеков. Сўз бердинг, йигитларимни отмайсан!
– Ҳеч ким ўқ отмайди, – деди Холбеков. – Қуролларни ташлаб, битта-биттадан чиқинглар!
2.
Раҳматуллоҳбекнинг қуролсиз йигитлари битта-битта чиқа бошлашди. Қизиллар йигитларнинг чиққанини чиққандай дарров қўлларини орқага қилиб боғлайвердилар. Охирида отини етаклаб Раббим полвон, кейин Хушназар ва, ниҳоят, Раҳматуллоҳбек чиқди. Қолганларнинг қўли боғланаётганини кўрган Раҳматуллоҳбек кўзлари билан Холбековни қидириб топди.
– Каттаси сен-а, буларнинг? – деди унга қараб Раҳматуллоҳбек. – Айт, менинг қўлимни боғламасин! Қочиб кетдиган жойим йўқ. Йигитларини қолдириб, қочадиган номард бек эмасман.
Унга бироз синчиклаб тикилиб турган Холбеков аскарларга буюрди:
– Бекка тегманглар!
Раҳматуллоҳбек Холбековга яқин келди.
– Мусулмонман дединг, қаерликсан?
– Тошкентликман, Холбековман. Исмим Ҳабибуллахон.
– Ҳабибуллахон? – Раҳматуллоҳбек ажабланди ва беихтиёр «сиз»лаб давом этди: – Сайидларданмисиз?
– Оталаримиз сайидлардан бўлишган, – деди Холбеков.
– Эссиз, эссиз, аждодларингиз қабрларида қақшайдиган бўлишибди-да? – деди Раҳматуллоҳбек бошини сарак-сарак қилиб. – Исмингиз ҳам гўзал экан, Ҳабибуллахон. Аллоҳнинг дўсти. Сиз ўзингизга кимни дўст тутиб юрибсиз? Ўрисними? Кофирними? Ёки – Раҳматуллоҳбек Ойнага ишора қилди: – Манави элини, юртини, диндошини сотган маразними? Ҳай, аттанг. Сиз ўзингизга дўст тутган бу шўро сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин, албатта, сизниям ейди, унутманг!
Раҳматуллоҳбек қизил аскарларга бир-бир егудек бўлиб қараб чиқди. Нигоҳлари уч-тўрт қадам нарида турган Ойнада тўхтади. Унга қаҳр билан тикилди.
– Лаънат сендай йигитга! Лаънат сендай ўзбекка!
Раҳматуллоҳбек шу сўзларни айтиб, Ойнага қараб икки қадам қўйди ва белбоғининг тугунини ечди. Белбоғ ичидан эгилувчан қилич нозик овоз чиқариб, тўғриланди. Бек зарб билан қилични Ойнанинг бошига солди. Аммо Ойна чаққонлик қилиб, ортига тисарилди. Қиличнинг учи Ойнанинг пешонасидан иягигача чуқур из қолдириб, тилиб ўтди. Ойнанинг орқасида турган аскар эса тез эсини йиғиб олиб, тўппончасидан уч-тўрт марта ўқ узди. Раҳматуллоҳбек мункиб кетди. Кўкраги ва қорнидан қон оқиб, тиззалаб қолди.
Холбеков ўқ узган аскарнинг қўлига уриб, тўппончасини тушириб юборди. Аччиқ билан унга бақирди:
– Ким айтди сенга Раҳматуллоҳбекни от деб, ярамас?!
Қизил аскар довдираб, ортига чеккинди.
Холбеков Раҳматуллоҳбекни суямоқчи бўлди. Раҳматуллоҳбек унга суянишни истамади. Хушназар энгашиб, елкасини Раҳматуллоҳбекка тутди. Раҳматуллоҳбек унинг елкаларини қучди, сўнгра унинг тиззасига бошини қўйди. Раҳматуллоҳбекнинг оғзидан қон сизиб чиқди.
– Бек ака! − ўзини тутолмади Хушназар. – Бек!
– Хушназар, мендан рози бўлинглар! – деди Раҳматуллоҳбек инграб. – Мени кечиринглар! Сизларни жувонмарг қилдим. Қарғаманглар! Ла илоҳа иллаллоҳу…
Раҳматуллоҳбекнинг жони узилди.
Қизиллар ўлган, яраланган аскарларини отларга ортишди.
Хушназар Холбековга мурожаат қилди:
– Холбеков, айтинг, қўлимни ечишсин! Бекнинг жанозасини ўқиб, кўмайлик!
– Сизнинг ишингиз эмас бу, – деди Холбеков. – Бекни кўмадиган одамлар бор.
– Ўрисдай қилибми? – деди Хушназар кесатиб. – Холбеков, мусулмонман дегандингиз, шуми мусулмонлигингиз?
Холбеков пича ўйланиб турди ва аскарларга буюрди:
– Ҳаммасининг қўлларини ечинглар!
Қизиллар барча мусулмон йигитларнинг қўлларини ечишди.
Йигитлар Раҳматуллоҳбек ва Иззатуллонинг жанозасини ўқиб, шаҳид мақомида кўмдилар. Қабр устида тиловат қилиб бўлишгач, қизил аскарлар яна Хушназар ва бошқа йигитларнинг қўлларини орқага қилиб боғладилар.
– Кетдик! – буюрди Холбеков.
Қизил аскарлар Бекнинг йигитларини ҳайдаб, тушиб кета бошладилар. Раббим полвонга эргашган унинг отини ўрислар тутмоқчи бўлдилар. От уларга тутқич бермай қочаверди. У олдидан келганни тишлар, ортидан келганни тепарди. От улардан қочиб, Раббим полвоннинг олдига келиб, унга эргашди.
Ўн учинчи боб.
«Бекорга Сибир дейишмас экан-да»
1.
Қоратепа кўчалари одамга тўлиб кетди. Эркагу аёл, ёшу қари кўчага чиқди. Одамлар тўп-тўп бўлиб, тоғдан ушлаб тушилаётган мужоҳидларни томошалагани чиқишди. Тоғ томондан эшак чоптирган болалар қийқириб келишди:
– Босмачиларни олиб келишаяпти-и!
– Қўрбошини олиб келишаяпти-и!
Қизил аскарлар қўллари боғланган йигитларни олдиларига солиб кела бошлашди. Кўпчилик йигитларга ачинишди. Бир аёлнинг йиғлагани эшитилди:
– Эссиз, шундай полвон йигитлар, жувонмарг бўладиган бўпти.
– Сизларни Аллоҳ паноҳида асрасин! – деди кимдир.
– Оми-ин!
Бир неча кишининг йиғлагани эшитилди.
Элчилик экан-да, кўпнинг ичидан бир-икки ақлсиз ҳам чиқди.
– Мана, қўлга тушибсизлар-ку? – деди ана шундайлардан биттаси.
– Энди тинчийдиган бўлибмиз, хайрият! – деди бошқаси.
– Баттар бўлинглар, босмачилар! – деди яна бир киши.
Шу гапни айтган кишининг олдига паранжили бир аёл яқин келди.
– Сиз ҳам эркакмисиз? Сиз ҳам мусулмонмисиз? – деди аёл ҳалиги эркакка. – Ҳайф сиздай малъунга!
Эркак аёлга қўл кўтармоқчи бўлганда унинг йўлини бир отахон тўсди. Унга эмас, аёлга гапирди:
– Элчилик-да, синглим, ранжиманг. Айтишади-ку, «Бир подани битта ширроқ тана бузади», деб.
Аёл бурилиб кетди. Сўкинган эркак мулзам бўлиб қолди.
– Босмачиларни қаерга олиб кетаяпсизлар? – бақирди кимдир.
– Уларни Самарқандга олиб борамиз, – деди Холбеков. – Уларни халқ суд қилади.
Қизил аскарлар Раҳматуллоҳбекнинг йигитларини ҳайдаб ўтиб кетишди.
Кўпчилик уларнинг ортидан Тешиктошгача эргашиб боришди. Эшак минган болалар эса томошага чиққан Кенагас қишлоғининг болаларига келиб қўшилишди.
2.
Икки ой тергов қилинган Раҳматуллоҳбекнинг йигитларини Самарқандда суд қилишди. Ўрис судья айбловларни узоқ санагач, ниҳоят, суд ҳукмини ўқиди:
– Суд юқоридагиларга асосан, ҳибсга олинганларнинг барчасини айбдор деб эълон қилади ва уларга узоқ муддатли қамоқ жазоларини тайин қилади. Тўраев Хушназарни йигирма йилга, Нуримов Раббимқулни ўн саккиз йилга, Қобилов Норбойни ўн саккиз йилга, Ўтанов Фармонни ўн саккиз йилга…
– Раҳматуллоҳбекнинг “Ажалимизниям эркакдек қарши олайлик!» деганини унутманглар! – деди Хушназар йигитларга. – Биронтанг бутингга қараб, мунғайиб ўтирма!
Йигитлар тик туриб, ҳукмни мағрур эшитишди.
– … ўн саккиз йилга қамоқ жазосига ҳукм қилади. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ! Барчалари жазони Сибирда, кучайтирилган режимдаги жазо колонияларда ўташади.
3.
Юк поезди ўриснинг бепоён ўрмонларидан тўхтовсиз ўтиб бормоқда. Бу поездда ҳақоратлар билан «сийланиб», тепки билан «мукофотланиб», Хушназар ва бошқа йигитлар уларнинг тушларига ҳам кирмаган совуқлар, изғиринлар, аёзлар юртига олиб кетилаяпти.
Қайсидир шаҳарда уларни уриб-туртиб, поезддан туширишиб, кемага, кейин юк машиналарига чиқаришди. Машинада чайқалиб кетиб боришаркан, Хушназар йигитларга гапирди:
– Пешонада бор экан, поездни ҳам, кемани ҳам кўрдик. Икки ойдан бери йўл юрамиз, етолмаймиз-а? Дунёнинг чеккасига борамиз, шекилли?
– Бекорга Сибир дейишмас экан-да, қорни қара, – деди Раббим полвон. – Ўзимизда Наврўз келиб, ҳамма ёқ кўм-кўк бўлиб кетгандир?
– Энди Наврўзни тушингда кўр, Раббим полвон! – деди Норбой.
– Ниятни яхши қилинглар! – деди Хушназар. – Қирқ йил қирғин келса, ажали етган ўлади. Йигирма йил, ўн саккиз йил нима деган гап, ўтади-кетади. Насиб бўлса, ҳаммамиз соғ-саломат юртга қайтамиз!
– Аммо отим бечоранинг мендан айрилиб, ҳоли нима бўлди экан? – деди Раббим полвон. – Туғилганидан бери мендан айрилмаган эди.
– Битта отнинг азасини тутиб ўтирма-да энди, полвон, – деди Норбой. – Қизил аскарлар минади энди уни маза қилиб. Нима қила олардик?
– Ҳа, қайтганимизда от топармиз-у, кўпкари чополмаймиз-да, Раббим полвон. – Бобой бўлиб борамиз-да баримиз.
– Насиб бўлса, отларимизни ҳам қайтариб оламиз, кўпкариниям чопамиз, – деди Хушназар кўзлари ёниб.
4.
Тиконли сим билан ўралган лагерда маҳбуслар саф тортишди. Лагерь бошлиғи ит етаклаган солдатлар кузатувида маҳбусларнинг сафларини айланди.
– Қани, янги келганлар бир қадам олдинга чиқсин!
“Шоҳона либос” кийган Хушназар ва бошқа йигитлар олдинга чиқишди.
– Жаноб босмачилар, сизларни Магадан диёрида, унча қулайликларга эга бўлмаган 974-сонли лагеримизда хуш кўрдик, – деди лагерь бошлиғи истеҳзо билан. – «Дальний» олтин конида олтин кавлаш билан машғул бўласизлар. Ўн олти соат ишлайсизлар, саккиз соат дам оласизлар. Яхши ишлаганларга бир ойда бир кун дам берилди. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва намунали хулқини ҳам кўрсата олган, тишини кўрсатмаган маҳбуслар эса икки ҳафтада бир кун дам олиши ҳам мумкин бўлади. Марҳамат, энди ишга!
Бир қанча қуролли соқчилар итлар ҳамроҳлигида маҳбусларни саф қилиб, олиб чиқиб кетишди.
Маҳбусларни оғир ишларга қўйишди. Уларнинг бир қисми ер кавласа, бошқалари бу тупроқларни замбил-ғалтаклар билан ташқарига ташир, айримлар орқалаб кўтариб ҳам чиқишарди.
Норбой билан Хушназар тупроқ ортилган замбилни ташқарига чиқариб боришаркан, Норбой сўзлаб қолди:
– Хушназар, олтин кавлаб олиндиган бир оролга кемада беш юз ўзбекни олиб келишди. Ҳаммамизнинг тамғамиз бир хил – «Басмач». Бир оролга беш юз босмачи сургун қилинган бўлса-ю, бунақа оролдан қанча-ю, Магаданга ўхшаган вилоят қанчалигини ҳисоб-китоб қилсанг, босмачи ҳам роса кўп бўлган эканда-а?
– Яна «қама-қама»лар неча йил давом этганини ҳам қўшсанг, ҳисобдан адашасан, Норбой. Демак, Ўзбекистон деганинг босмачига тўлиб кетган экан.
– Анови турма бошлиғи айтди-ку, Ўзбекистонликнинг ҳаммаси басмач, деб.
– Ўша «басмач»лар бирикмади-да, Норбой. Бирикканда бизлар юмронқозиққа ўхшаб тупроқ кавламасдик, аттанг-аттанг.
– Кетдик, назоратчи биз томонга келаяпти.
Ит етаклаган назоратчи буларга яқин келди. Улар назортачидан узоқлашишди.
5.
Ўзбек ишдан ўлмайди. Турмадаги ҳар қандай ишга, ҳар қандай азобли меҳнатга чидашлари мумкин эди ўзбек йигитлари. Аммо турма деганлари фақат оғир меҳнатдангина иборат эмас эди. Ўн олти соатлик оғир меҳнатдан кейин ундан ҳам оғир, ундан ҳам таҳликали саккиз соатлик «дам олиш соатлари», яъни тун бор-ки, бу тундан кўплар кейинги кунга етмайди, «дам олиш»и абадий уйқуга айланади. Турмадагилар «Барак» деб атайдиган бу «хобхона»да кечаси ҳаёт қайнайди. Кечаси турманинг ичидаги «ҳокимият» раҳбарлари йиғилиш ўтказади, айримларнинг масаласи кўрилади. Айримлар жазога ҳукм қилинади, айримларнинг жазоси ижро қилинади. Аксарият ҳолларда турма бошлиқларининг хоҳиши билан бундай «ички раҳбарлик» ҳам ўрисларга насиб қилган. Улар хоҳласа, ишга ҳам чиқмайди. Улар овқатнинг аввалини ейди. Улар бошқаларнинг овқатини ҳам ейди. Улар кийимини ўзлари тикишмайди, ўзлари ювишмайди, бу ишларни бошқаларга қилдиришади. «Нима учун?» деб қўйганлар тунги муҳокамага чақирилади. Ана шундайларнинг кўпчилиги муҳокамадан қайтиб келмайди.
Ана шундай раҳбарлардан бири бўлган каттакон бир ўрис кўйлагини ямаб ўтирган Хушназарнинг олдига келди. Унинг олдига ўз ботинкасини ташлади.
– Басмач, ботинкамни тозалаб қўй, – деди ўрис ўрисчалаб. – Фақат тезроқ!
– Тилингни тушунмайман! – деди Хушназар келганидан бери ўриснинг тилини анча-мунча ўрганиб олган бўлса-да, ўзини билмасликка солиб.
Ўрис Хушназарнинг қўлидаги куйлагини олиб, ботинкасини артиб кўрсатди.
– Тозала! Ботинка, тозала!
– Энди тушундим, – деди Хушназар. – Понимай.
Хушназар индамай туриб, кўйлагини кийди ва ботинкани олиб, ўриснинг калласига солди. Буни кутмаган ўрис бироз каловланиб турди, кейин аламидан бақириб, сўкинганича Хушназарга ташланди. Аммо Хушназарга кучи етмади. Ҳар ғазаб билан ташланганида Хушназардан бир муштни еб ағдарилаверди.
Бирпасда ўрислар кўпайишди. Улар Хушназарни ўртага олишди. Буни кўрган Раббим полвон ҳайқириб, уларнинг халқасини ёриб кирди ва икковлари бўлиб, беш-олти ўриснинг дабдаласини чиқариб уришди.
Инқиллаб ўрнидан турган жанжални бошлаган ўрис «Ҳали кўрасизлар», деб тўнғиллаганини эшитган Раббим полвон бориб, унинг орқасига келиштириб тепди. Ўрислар минғирлаб-минғирлаб, инқиллаб-синқиллаб, бир-бирларини суяб, нари кетишди.
Кечаси ҳамма ухлаб ётганида Раббим полвонни «Хўжайин» чақиртирди.
Хушназарнинг ёнига Норбой келди:
– Хушназар, Раббимқулни «Хўжайин»нинг олдига чақириб кетишди.
– Кўрдим, аммо нима қила оламиз? Ўзбеклар шу ерда ҳам бирлашмаяпти. «Хўжайин»нинг одамлари кўп. Ҳатто турма бошлиғи ҳам ундан ҳайиқар экан.
– Ҳа, кутишдан бошқа иложимиз йўқ.
Уларнинг кўзлари эшикда бўлиб, хавотир олиб ўтиришди.
Анча кейин қонга ботган Раббим полвонни беҳуш ҳолда олиб келиб ташлашди.
– Раббимқул, кўзингни оч! – унинг бошини бағрига олди Хушназар. – Аблаҳлар нима қилишди сени?!
Норбой Раббим полвоннинг юз-кўзидан қонларини артар экан, кўзлари ёшга тўлди:
– Ҳайвонлар, бир кишига шунча азоб бериш мумкинми, ахир?
6.
Эрталаб иккита солдат билан машинада келган врач Раббим полвоннинг кўзларини очиб кўрди ва солдатларга ишора қилди:
– Олиб кетаверинглар, тамом бўлибди.
Солдатлар Раббим полвоннинг атрофида парвона бўлаётган Хушназар ва Норбойларни «Мумкин эмас!» дея ҳайдаб юборишди ва Раббим полвонни машинага ортишди. Машина Раббим полвон, врач ва солдатларни олиб, чиқиб кетди.
Хушназар ва Норбой машина ортидан термилиб қолишди.
– Норбой, қишлоқдошлардан энди фақат иккаламиз қолдик, – деди Хушназар. – Энди жуда эҳтиёт бўл, дўстим!
Ўн тўртинчи боб.
«Қарғанинг кўзини ўйган қарғалар»
1.
ЧК бошлиғи Иван Иванов Холбеков ва Ойнани ўз ҳузурига чақиртирди.
– Холбеков, Раҳматуллоҳбекнинг йигитларини отиш керак, деганимда унамаган эдинг. Ўн саккиз-йигирма йил ҳам барибир ўлим дегани. Улар бунча йил бизнинг Рус совуғига, турма ҳаётига бардош бера олишмайди, – деди Иванов. – Мана, биттаси бир йилга ҳам бормапти.
Иванов қўлидаги қоғозни Холбековга узатди. Холбеков уни ўқиди:
– «Ўпкаси шамоллаб вафот этди». Ишониш қийин.
– Ҳа, Раббимқул деганлари жуда чиниққан полвон эди, – деди Ойна ҳам Холбековнинг гапини маъқуллаб. – У шамоллаб ўладиган йигит эмас эди.
– «Турмада уриб ўлдиришди», деб ёзишмайди-ку, Холбеков? – кулди Иванов. – Бўйсунмасингиз ўша ёқда ҳам бўйсунмагандир, кучини кўрсатгандир?
– Балки, аммо нега у меники бўларкан? Нега бўйсунмасингиз, деяпсиз?
– Энди, у ўзбек бўлгани учун шундай деяпман-да, Холбеков, – айёрона кулди Иванов. – Ёки сиз ўзбек эмасмисиз?
– Мен ўзбеклигимдан тонаётганим йўқ, аммо босмачиларни сизники деманг-да, Иван Иванович.
– Майли, хафа бўлманг, бу хатни босмачининг уйидагиларга юборишни ташкиллаштиринг. Уни кўпчиликнинг ўртасида беришсин! Токи босмачиларнинг ота-оналари ўзларининг бебош ўғилларини бекорга кутиб юрмасин! Ҳаммасидан эртами кечми ана шундай мазмундаги хатлар келади.
– Менга беринг, Иван Иванович! – деди Ойна ғайрати жўшиб. – Ўзим ташкиллаштираман ҳаммасини.
– Майли, ола қол!
Ойна хатни олди ва улар Холбеков билан бирга Ивановнинг хонасидан чиқиб кетишди.
2.
Ойна ўша куниёқ Жаласойга шошилди. Қишлоқ аҳлини қизил алвонларга ёзилган шиорлар билан ясатилган гўзарга йиғди. Қишлоқнинг каттасию кичиги йиғилиб бўлгач, оташин бир нутқ ирод қилди:
– Ўртоқ колхозчи, ишчи-деҳқонлар! Коммунистик партиямиз ва шонли Совет давлатимиз раҳнамоси, буюк йўлбошчимиз Иосиф Виссарионович Сталин бошчилигида синфий душманларимиздан батамомом қутулдик. Компартиямиз ўз олдига қўйган программа минимумни шараф билан уддалади. Ишчи-деҳқон ҳукумати, Совет Социалистик Республикалири Иттифоқи бунёд бўлди. Энди навбат программа максимумга, яъни коммунизм қуришга. Албатта, яқин йиллар ичида отамиз Сталин бошчилигида коммунизмни ҳам қурамиз. Бизга энди ҳеч қандай ички ва ташқи душманлар тўсқинлик қилолмайди. Душманларимиз маҳв бўлди. Мана, қўлимда Сибирнинг Магадан областидан келган иккита хат турибди. Унда иккита синфий душманимизнинг, халқ душмани, яъни сизларнинг душманингиз бўлган Тўраев Хушназар ва Нуримов Раббимқулларнинг Сибирдаги совуққа чидай олмай, шамоллаб ўлганлиги ёзилган. Бошқа халқ душманлари ҳам шу каби, итдай ўлиб кетишади. Қолган босмачиларнинг ота-оналари ҳам уларни кутиб, хомтама бўлмасинлар! Мана, бу хатларни эгаларига беринглар!
Ойна хатларни колхоз раисига бериб, ўзи нарироқда турган машинага чиқиб, жўнаб кетди. Колхоз раиси хатларни олиб, хомуш туриб қолди. Бир хатни олиб, Тўра полвоннинг олдига борди:
– Полвон бова! Бандачилик-да.
Тўра полвон хатни олиб, кўзи ёшланиб, бир-бир, ҳорғин қадам босиб, йиғиндан чиқиб кетди. Колхоз раиси иккинчи хатни Раббим полвоннинг отасига олиб бориб берди.
– Нурим бова, бандачилик! Аллоҳ сабр берсин!
Раббим полвоннинг отаси «Вой болам!» деб оҳ тортганча нари кетди.
– Ҳов, биродарлар! – халққа юзланди раис. – Бу катталар ҳар нима деб кетаверади. Хушназар ҳам, Раббим полвон ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Биров келиб, босмачи деса, босмачи бўлиб кетавермайди. Қишлоғимизнинг ор-номус эди улар. Одамларни айтинглар, Пешин намозидан кейин Хушназарга ҳам, Раббим полвонга ҳам жаноза ўқиймиз.
– Яшанг, раис! Отангизга раҳмат! – деди кимдир оломон орасидан.
– Раис дегани бундай бўпти-да! – деди бошқа биров. – Барака топинг!
Одамлар тарқала бошлашди.
3.
Супада Малла момо ўндан ошиб қолган невараси Рўзигулга гилам тўқишни ўргатиб ўтирган эди, Тўра полвон қўлида хат билан ҳовлига кириб келди. Келиб, момонинг ёнига ҳорғин ўтирди.
– Ҳа, бова, машқингиз паст? – деди бобойининг қадам олишиданоқ кайфиятини биладиган Малла момо. – Нима бўлди, тинчликми?
– Тинчлик эмас-да, кампир, тинчлик эмас, – деди Тўра полвон кўзлари ёшланиб. – Хушназардан… ўғлингдан хат кепти, кампир.
– Хушназардан? – Малла момо бобойнинг қўлидан хатни шошиб олди. У ёқ-бу ёғини ағдариб кўрди. Кошки уни тушунса. – Бу нима, бова, тушунтириб гапиринг, мундай!
– Сибирда шамоллаб… ўлибди ўғлимиз, энаси?
– Вой болам! Энди мен нима қиламан?
Малла момо ўрнидан туриб, уйга кирди. Бир зумда ташқарига чиқди. Бобойининг олдига келди.
– Энди нима қиламиз, отаси?
– Пешонамизда борини кўрамиз-да, кампир. Ўғлингнинг жасади ҳам Сибирда қоладиган бўлди. Майли, ўзингни кўп юлиб ема! Аллоҳнинг иродаси шу экан, нима қила олардик? Тоғамнинг олдига борай-чи?
Тўра полвон маҳзун бўлиб, ҳовлидан чиқиб кетди. Малла момо уйга кирди. Сандиғини очиб, Хушназарнинг чопонини, дўпписини олиб сийпалади, уларни ҳидлади. Момосига эргашиб кирган Рўзигул ҳеч нарсага тушунмай анграйиб тураверди. Малла момо ўғлининг нарсаларини атрофига ёйиб қўйди ва доирасини олиб, айтиб-айтиб, йиғлай бошлади:
Қандай ўғлим бор эди-ей, бор эди,
Қаторларда нор эди-ей, нор эди.
Энасининг кўзларига нур эди,
Отасига номус эди-ей, ор эди.
Элу юрт деб босмачи бўлган болам,
Босқинчининг қўлида ўлган болам.
Кўзларимга суртай десам ҳоки йўқ,
Босқинчининг юртида қолган болам.
Ўғлим эди йигитларнинг султони,
Ўғлим эди йигитларнинг полвони.
Ўлгунимча отин айтиб йиғлайман,
Айтган билан тугармиди армони?
Йўлга чиқсам келмасмиди Хушназар,
Соғинганим билмасмиди Хушназар?
Ёлғиз ўғлим, кўрар кўзим ўлгунча
Энанг ўлса бўлмасмиди, Хушназар?
4.
Ота-онаси ўзларининг маракаларини ўтказгани, оналари кўк кийганидан бехабар Хушназар ва Норбой қамоқ муддатининг ҳам тўрт йилини ўтказиб қўйишди.
Бир мингу тўққиз юз қирқ биринчи йилнинг йигирма учинчи июни тонгида турма бошлиғи маҳбусларни одатдагидан барвақтроқ сафга тизди. Уларнинг олдига чиқиб, нутқ сўзлади:
– Ярамас Гитлер доно йўлбошчимиз ўртоқ Сталин билан тузган ҳужум қилмаслик тўғрисидаги аҳдини номардларча бузди. Фашистлар Германияси куни кеча СССР чегараларини бузиб кирди. Уруш бошланди. Ёш Совет давлатига энди кўплаб танклар, самолётлар, қурол-яроқ, ўқ-дори керак. Буларнинг ҳаммаси пулга келади. Демак, янада кўпроқ олтин кавлаб олишимиз керак. Бугундан бошлаб, уруш тугагунча суткасига ўн олти эмас, ўн саккиз соатдан ишлайсизлар. Дам олиш кунлари, байрамлар бекор қилинади. Ким норози бўлса, шу бугуноқ урушга жўнатаман. Ҳамма ишга!
Маҳбуслар саф бўлиб, ишга чиқиб кетишди.
Ўша куни кечки пайт назортчилар қонига ботган бир маҳбусни судраб келиб, эшикдан кирган жойга ташлаб кетишди.
– Қабул қилиб олинглар, яна битта басмач! – деди назоратчи.
«Басмач» сўзини эшитган ўзбеклар маҳбусга яқин боришди. Уни бир жойга олиб бориб, ётқизишди.
Норбой Хушназарнинг олдига келди.
– Хушназар, айтсам ишонмайсан, – деди Норбой. – Олиб келинган маҳбус Холбеков.
– Опқоч-е, баччағар, – деди кулиб Хушназар. – Сталин бовани опкелишипти демадинг ҳалиям.
– Ўлай агар, Холбеков у, – қасам ичди Норбой. – Унинг турқини яхши эслаб қолганман.
– Юр-чи?
Улар янги келган маҳбуснинг ёнига боришди. Хушназар маҳбуснинг юзига бироз тикилиб турди.
– Бу ўша, – деди Хушназар ва баланд овозда эълон қилди: – Бу қизиласкарларнинг бошлиғи Холбеков! Унга ҳеч ким қарамасин! Ҳеч ким унга ёрдам бермасин!
– Бирданига ўлдириб қўя қолсак-чи, Хушназар? – деди Норбой.
– Ўзини Худо уриб қўйибди-ку? – деди Хушназар. – Нима қиласан қўлингни булғаб? Қўй, тегма! Ҳеч ким тегмасин!
Холбеков зўрға кўзини очиб, Хушназарга қаради. Унга нимадир демоқчи бўлди, аммо Хушназар нари кетди.
5.
Вилоят халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинланаётгани муносабати билан бошқарма ходимлари ва туманларнинг халқ таълими бўлимлари бошлиқларини мажлислар залига йиғишди. Обкомнинг масъул котиби Ойна билан бирга залга кириб келишди. Ҳамма ўрнидан туриб, уларни қарсаклар билан кутиб олишди.
– Ҳурматли халқ таълими ходимлари, сизларга янги раҳбар тайинланди, – деди масъул котиб гапни индаллосидан бошлаб. – Танишиб олинглар, Ойна Аннақулов! Ойна Аннақулович партия фаолларидан ва, энг муҳими, синалган чекистларимиздан. Илмли йигит.
Масъул котиб Ойнанинг қўлини сиқди ва «Ишингизга омад!» деб чиқиб кетди. Ойна йиғилганларни бироз кузатиб турди ва улар унинг нимадир дейишини кутиб туришганини англаб, ўзини таништирган бўлди:
– Салом ўртоқлар! Мен асли ўқитувчи бўлишни орзу қилганман, аммо ёшлигимиз шиддатли даврга тўғри келиб қолиб, вақтида ўқий олмадик, синфий душманлар билан курашда улғайдик. Умид қиламанки, бир-биримизни тушуниб, ҳамжиҳатликда ишлаймиз. Билмаганимизни ўргатасизлар.
6.
Кечқурун ишдан келган Хушназар Холбековни ўрнида кўрмади. «Бошқа жойга олиб кетишибди, шекилли?» деб қўя қолди. Холбековни бошқа жойга олиб кетишмаган, яна сўроққа чақиришган эди. Сал ўтиб, назоратчилар қонига ботган Холбековни судраб келиб, ташлаб кетишди. Унга ҳеч ким қарамади ҳам, яқинига ҳам бормади. Холбековнинг ўзи зўрға судралиб, Хушназар ва Норбой ётган ерга келди. Улар тескари қарашди.
– Хушназар, илтимос, менга бунақа муомала қилманглар! – деди Холбеков. – Сизга икки оғиз гапим бор.
– Менинг сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, – деди Хушназар у томонга сал ўгирилиб.
– Майли, – деб кетишга чоғланди Холбеков, кейин пича ўйланиб туриб, зўрға сўзлади: – Аммо Раҳматуллоҳбек авлиё экан. «Сиз ўзингизга дўст тутган бу шўро сизнинг қўлингиз билан бизни ейди. Кейин сизниям ейди, унутманг!» деган эди, худди айтганидек бўлди. Босмачиликни тугатамиз, деб асл ўзбек йигитларни биз тутиб бердик. Кейин битта-битта бизга ўхшаган адашганларни ҳам «Халқ душмани» деб турмаларга тиқишди. Биз қаттиқ адашибмиз. Энди буни тўғрилаб бўлармикан? Миллат бизларни кечирармикан? Ҳай, аттанг! Мени кечиринглар, йигитлар!
– Бандаси кечирган билан бўлармикан? – деди аччиқ билан Хушназар. – Аллоҳ таолога тавба қилинг, Ҳабибуллахон!
Холбеков бир-бир босиб, жойига кетар экан, ўгирилиб деди:
– Ҳа, айтганча, мени Ойнанинг кўрсатмаси билан қамашди, афсус, қўйнимда чаён сақлаган эканман…
Эрталаб ҳамма баракдан чиқаётиб, Холбековнинг қимирламётгани кўришди. Ҳамма ҳовлида саф тортиб турганда икки назоратчи Холбековнинг жасадини оёғидан судраб олиб бориб, юк машинасига ортишди. Хушназар «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб дуо ўқиб, юзига фотиҳа тортди. Қолган ўзбеклар ҳам юзларига фотиҳа тортишди.
Ўн бешинчи боб.
«Хоинга жаноза ўқилмайди»
1.
Ўша машъум уруш йилларининг, урушдан кейинги очарчилик, қимматчилик, йўқчилик йилларининг азобларини, халқимизнинг бу йилларда қандай қийналганликларини таъриф қилсак, бу алоҳида бир китоб, бир эмас, бир неча китоб бўлади. Бу йилларда ёшлиги ўриснинг аёзли ўлкаларида, минглаб эмас, миллионлаб одамнинг умрига зомин бўлган биз юмшоқ қилиб турмахона деб атаётган ўлимхоналарида ўтган Хушназар ва Норбойларнинг, улар билан бирга қамалган бошқа ўзбекларнинг тортган азобларини тавсиф қилсак, бу ҳам алоҳида бир китоб, бир эмас, бир неча китоб бўлади. Шунинг учун ҳикоямизни ўн беш-йигирма йил беридан, олтмишинчи йилларнинг воқеаларидан давом эттирамиз.
Бу даврга келиб қаҳрамонларимиздан бири, биз айтган қийинчилик йилларини қийинчиликсиз, мансаб ва лавозимларда ўтказган, доимо от устида бўлган, эллик ёшларга бориб қолган, кўкси орден, медалларга тўлган, қорин солиб, семирган киши энди Ойна эмас, Ойна Аннақулович эди. Ойна Аннақулович ёғ босган юзидан ҳали ҳам кетмаган Раҳматуллоҳбекнинг қиличидан қолган из – пешонасидан иягигача ўтган чуқур чандиқни сийпалаб, ҳашаматли кабинетида чой ҳўплаб ўтираркан, нимадир эсига тушгандек бўлиб, стол четидаги тугмани босди. Дарров котиба қиз кирди:
– Лаббай, Ойна Аннақулович?
– Ёрдамчим, Музаффар Усмоновни чақиринг!
– Хўп бўлди, Ойна Аннақулович!
Котиба чиқиб кетди. Бироз вақт ўтиб, хонага салом бериб, қўли кўксида Музаффар кириб келди.
– Келинг, Музаффарбек! – қўл тутиб кўришди Ойна Аннақулович. – Ишларимиз яхшими?
Музаффар Ойна имлаган курсига ўтирди. Ойна узатган чойни олиб, жавоб берди:
– Ишларимиз яхши, акажон. Ҳаммаси ўзингиз кўрсатма берганингиздек кетаяпти.
– Яшанг! Бугун янгангиз ош қилмоқчи экан. Хўп десангиз, эртароқ ишни тугатиб, бизникига бирга ўтсак, ошни водийча қилиб, ўзингиз дамлаб берсангиз, дегандим.
– Ў, зўр-ку, акажон! – деди Музаффар қўлларини бир-бирига ишқалаб. – Гап бўлиши мумкин эмас. Икки килогина девзирани уйга бориб келганимдан бери асраб-авайлаб юрган эдим, хонамда турибди. Қачон акам ош қилиб бер, дер эканлар деб, кутиб юрибман, акажон. Ўша гуручни олволаман-а?
– Э, қойил, укам. Кўнглимдагини айтмасимдан биласиз-а? – деди Ойна яйраб. – Шунинг учун яхши кўраман-да сизни.
– Акажон, бўлмаса ишнинг тугашини кутиб ўтирмайлик, кетдик. Котибангизга биз мажлисга кетдик, деб қўя қоламиз.
– Э, яшанг, ука! Калласи бутун йигитсиз-да. Кетдик!
2.
Ойнанинг ҳовлисига келгандан Музаффар ошга уннади. Дарров ўчоққа ўт ёқиб, қозонни қиздирди. Думба ёғни майдалаб, қозонга солди. Бирпасда ялпайиб ўтириб, чой ичаётган Ойнанинг олдига бир товоқда жизза олиб келди.
– Қани, акажон, жиззадан олинг! – деди Музаффар унга ва дастурхон безатаётган Ойнанинг хотинини ҳам таклиф қилди: – Кеннойи, сиз ҳам олинг! – Ўзи ҳам икки дона жиззани олиб, оғзига солди. – Оҳ, оҳ, оҳ!
Музаффар яна ўчоқ тарафга кетди.
– Шу болани жуда яхши кўраман-да, хотин, – деди Ойна унинг ортидан ҳавас билан тикилиб. – Худди укамдай бўлиб қолди.
– Тили ҳам ширин-да, қаерлик дегандингиз? – сўради хотини.
– Асли Марғилонда туғилган. Тошкентда ўқиган. Бултур менга ёрдамчи қилиб юборишувди. Бирор йил ишлаб кетаман, деганди. Мен қўймадим. Олиб қолдим. Жонимнинг роҳати-ку, бу бола. Мен қилишим керак бўлган ҳамма ишларни ҳам ўзи қилиб қўяди. Ишларни айтиб ҳам ўтирмайман, имо қилсам бўлди, кўнглимдагидай қилиб бажаради.
– Ўзиям ўл десангиз ўлади, тирил десангиз тирилади-я? Ошниям роса боплайди-да.
– Ўрган-да, хотин, ўрган! – деди Ойна оғзига жизза солиб. – Ҳали Музаффарнинг ошидай ошни бошқа ерда емадим.
Ош пишди. Музаффар ошни сузиб келди. Бирга ош ейишди. Ойнанинг хотини ширинликлар олиб келди.
– Э, ўлманг, ука! – Музаффарнинг елкасига қоқди Ойна. – Роса маза қилдик-да.
– Ош бўлсин, акажон! – деди Музаффар. – Аммо Марғилонга борсангиз, ошнинг бошқачасини ейсиз. Мен тоғамдан ўрганганман ош қилишни, аммо ҳалигача тоғамдай пиширолмайман. Борсангиз, тоғамга ош дамлатамиз.
– Борамиз, ука, борамиз. Албатта борамиз, энди сиз билан ака-укамиз, албатта борди-келди қиламиз! Тоғангиз билан ҳам танишамиз ҳали.
– Укангизни Ургутга, ўзимизнинг Омонқўтонга олиб чиқинг! – деди Ойнанинг хотини. – Тоғларимизни кўриб келсинлар!
– Э, яшанг, кеннойи, бормисиз? – деди Музаффар хурсанд бўлиб. – Тоғлар жону дилим. Баланд-баланд чўққиларни яхши кўраман. Қори эримайдиган чўққиларга чиқишни орзу қиламан.
– Ана шундай чўққилар бизда-да, ука, – керилди Ойна. – Бирор кун сизни Ургутга олиб бораман. Ўша, сиз айтган қори эримайдиган чўққиларга чиқамиз. Шу йил баҳорда олиб бораман. Лолалар терасиз, равочлар терасиз.
– Бир ғор ҳам бор дегандингиз-а, ака? – сўради Музаффар. – Ўша ғор ҳақида ҳам озгина гапириб беринг!
– У ғорнинг тарихи узун, укам, – ёстиққа ёнбошлади Ойна. – Ўша ғорда Ойна акангиз босмачилик ҳаракатига чек қўйган. Ўша ғорда сўнгги қўрбоши Раҳматуллоҳбекни ер тишлатганман.
Ойнанинг оғзи қизиб кетди. Барча кўрган-билганига қўшиб-чатиб, узоқ гапирди. Унинг ҳикоясини ҳайрат ва ажабланиш билан тинглаётган Музаффар шундай одамга, халқ қаҳрамонига ёрдамчи бўлиб ишлаётганидан фахрланиб ўтирди.
– Ака, қойил, худди ёзувчилардай батафсил ва равон сўзлаб бердингиз, – деди Музаффар Ойна ҳикоясини тугатганидан сўнг. – Ўзи бошингиздан ўтганларни бир китоб қилиб ёзсангиз бўлар экан, акажон.
– Ёзамиз, укам, ёзамиз, ҳадемай, нафақага чиқиб олайин, ўтириб, мемуар ёзаман, деган ниятим бор ўзи. Михаил Васильевич Фрунзе билан шахсан кўришганларимни ёзаман, босмачиларни қандай йўқ қилганларимизни ёзаман. Устоз деб юрганим – Холбековнинг ичимиздаги душманимиз эканини ҳам, уни қандай маҳв этганимни ҳам ёзаман. Сиз айтган ғор ҳақида эса алоҳида ёзаман.
– Акажон, шундай таърифлаб бердингиз-ки, ўша ғорни кўрмасам, туролмайдиган бўлиб қолдим. Қани, имкон бўлса-ю, ҳозироқ ўша ғорга қараб жўнасам.
– Бўлди, ука, ҳадемай, май байрами. Биринчи майни шаҳарда ўтказиб, учинчи май куни сизни Ургутга олиб бораман, ўша ғорни ҳам кўрсатаман.
– Ваъда берасиз-а, акажон?
– Бўпти, ваъда бераман!
2.
Ниҳоят, Музаффар орзиқиб кутган биринчи май байрами ҳам етиб келди. Шаҳар қизил алвонларга тўлиб кетди. Ҳамма ёққа «Май, тинчлик, меҳнат», «Ленин тирик, у биз билан», «КПССга шон-шарафлар», деган ва яна шунга ўхшаш кўплаб шиорлар, Карл Маркс, Фридрих Энгельс, Владимир Ильич Лениннинг, КПСС Бош котиби ва марказий комитет аъзоларининг улкан портретлари осиб чиқилди. Бир ой тайёргарлик кўрилган меҳнаткашларнинг паради бошланди. Ҳар бир корхона ва ташкилот ишчи-хизматчилари, илғор колхозчи деҳқонлар қўлларида қизил байроқчалар ва алвон гуллар билан Ленин ҳайкали остида турган обком бобога ва у кишининг сафдошларига салом бериб ўтаверди. Бизнинг Ойна Аннақулович ҳам ана шу ерда турди. Бизнинг Ойна Аннақулович ҳам халқнинг саломига алик олиб турди.
– Яшасин Совет Иттифоқи коммунистик партияси! – деди микрофонга обком бобо.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деб ҳайқирди оломон.
– Яшасин Ленин! – деди обком бобо яна.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деди оломон яна.
– Яшасин доно отамиз Леонид Ильич Брежнев! – деди обком бобо яна.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деди оломон яна.
Меҳнаткашлар параддан ўтиб бўлгач, майдонга ҳарбийлар кириб келди. Еру-кўкни титратиб танклар, самолётлар, ракеталар ва уларнинг ортидан саф-саф бўлиб, обком бобога ва унинг ёнидаги генерал бобога салом бериб, солдатлар ўтишди. Генерал бобо обком бобо халққа айтган гапларнинг ўрисчасини айтиб турди.
– Урра-а! Урра-а! Урра-а! – деб ўтаверди ҳарбийлар ҳам.
Байрамдан сўнг хотини, болалари ва Музаффарни ресторанда зиёфат қилган Ойна парад тепадан, катталар турган жойдан зўр кўринишини анча вақт гапиргач, болаларидан сўради:
– Байрам зўр бўлди-я, болалар?
– Зўр бўлди, маза қилдик! – чувиллашди болалари.
– Акажон, ваъдангиз эсингизда-я? – деди Музаффар Ойнанинг май байрамидан кейин Ургутга олиб боришга ваъда берганини эслатиб.
– Ойна акангиз битта гапиради, Музаффаржон! – деди Ойна. – Эртагаёқ Ургутга жўнаймиз!
– Ур-ре, тоққа чиқамиз! – қийқиришди болалари.
3.
Эртасига Ойна ваъдасини бажариб, Музаффарни ва болаларини Ургутга, Қоратепага олиб борди. Музаффар кўришга ошиқаётган ғорга анча юриш керак бўлганидан ўша куни Ойнанинг ҳовлисида ётиб қолишди. Кейинги куни тонг саҳардан ўша ғорни мўлжаллаб, йўлга чиқишди.
– Тоғ ҳавоси салқин бўлади, – деди йўл бошлаб кетаётган Ойна. – Кечаси совқотмадингизми?
– Салгина совқотдим, акажон, – деди Музаффар. – Аммо қалбимдан кечаётган ҳаяжонлар совуқни босиб кетди.
– Ҳа, бизнинг табиатимиз ана шунақа гўзал, одамни ром қилди.
– Вой, ака, ҳавони қаранг, ҳавони! Ўпкам бу тоза ҳаводан ёрилиб кетай деяпти-я? Тоғларнинг гўзаллигини қаранг! – деди Музаффар ҳаяжон билан чор тарафга қараб. – Ўт-ўланларнинг ҳидини қаранг, жаннат-ку бу жойлар-а, ака, жаннат-ку?
– Ҳали тепага чиқаверайлик, гўзалликни кўрасиз! – деди Ойна.
Музаффар қушларнинг «вижир-вижир» сайрашига тўхтаб-тўхтаб қулоқ солар, ўқтин-ўқтин «Ака, мана бу овоз қайси қушники?» деб сўраб қоларди. Бир маҳал каклик сайраб қолди.
– Бу каклик, – деди унинг сайрашига бироз қулоқ тутган Ойна. – Бизнинг тоғларда каклик сероб. Ҳозир роса буларнинг маст бўлган пайти-да. Хавф-хатарни ҳам унутиб, ҳеч нарсага қулоқ солмай «какар-какар» қилгани-қилган.
– Қойил, ака, булбулларнинг сайрашига кечаси билан маза қилувдим, какликнинг овози ҳам зўр экан! Аммо мастликдан хавф-хатарни ҳам унутиб сайраши қизиқ экан, одамзот ҳам шунақа, ака, ўзини кутиб турган хавфни кўпда сезмайди.
Пешиндан ўтиб, ғор пойига етиб боришди. Ойна Музаффарни аввал қари ёнғоқ остига олиб борди.
– Шу ерда босмачилар билан мардона курашиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган укам ётибди, – деди Ойна бош кийимини олиб. – Зўр чекист бўларди. Ёш бўлишига қарамай кечалари мана шу ерларга бир ўзи келарди. Менинг босмачилар ҳақидаги маълумотларимни ЧКга етказарди. Афсус, ёш кетди. Босмачилар бошига етди.
– Қасос олдингизми? – деди Музаффар ғазабланиб.
– Ҳа, ҳов анави қари арчанинг остида ётибди укамни ўлдирган босмачи. Ўзим ўлдирганман. Ҳа, айтганча, мен сизга айтган Раҳматуллоҳбек қўрбоши ҳам шу арчанинг остида ётибди.
Музаффар юзига фотиҳа тортиб қўйди.
– Юринг, энди мен сизни ўша, сиз кўп сўраган ғорга олиб кираман, – деб Ойна Музаффарни ғорга бошлади.
Ғорга киришаркан, Музаффар у ердаги ҳар бир тошга, ғор деворларига ҳайрат билан тикиларди. Ғор ҳали ҳам ўша-ўша, сокин ва залворли эди.
– Ўша воқеалардан кейин бу ерларга одамлар деярли қадам босмайдилар, – деди Ойна. – Мол боқиб келиб қолган болалар ҳам ғорнинг олд қисмида ётган отларнинг суякларини кўрибоқ, ундан уёғига ўтишга юраклари бетламайди.
Ойна Музаффарни ғор тўрига олиб ўтди. Моғорлаган бўлса-да, от эгарлари, бир замонлар Раҳматуллоҳбекнинг йигитларига асқотган кўрпа-тўшакларнинг ҳали ҳам сочилиб ётиши Ойнани ҳам ажаблантирди.
– Манави ерда мен ётардим, – деди Ойна ўз ўрнини таниб. – Ёнимда Раббим полвон дегани ётарди. Бошига отининг эгарини қўйиб ётишни яхши кўрарди. Кечалари туриб, отидан хабар оларди. Ўзиям хотинидан кўра, отини кўпроқ яхши кўрарди. Чавандоз йигит эди. Отиям қувса етмай қўймайдиган, қочса етказмайдиган от эди. Раббимқул қамалгач, бизникилар минмоқчи бўлишди. Аммо отни ҳар қанча мажбур қилмайлик, инсоннинг боласини устига миндирмади. Оч қолдириб ҳам кўрдик, буйсунмади. Кейин Ивановнинг буйруғи билан отиб ташлагандик.
Ойна ғорнинг энг охирига борди.
– Мана бу ерда Хушназар ётарди. Раҳматуллоҳбекнинг ўнг қўли, ишонган одами эди. Раҳматуллоҳбек отасига ишонмаслиги мумкин эди, аммо Хушназарга ишонарди. Уни қаттиқ яхши кўрарди.
– Турмада ўлган экан-а, Хушназар деганлариям, Ойна ака? Шунақа хабар келган экан.
– Ким билади, ўлиб кетгандир? Барибир ўлиб кетади, деб хатни мен ёзувдим. Аммо шу хатдан кейин Хушназарнинг отаси Тўра полвон деган собиқ бой икки ойга етмай, ғамдан адо бўлиб, ўлиб кетувди.
– Раҳматуллоҳбек қаерда ётарди? – қизиқди Музаффар.
– Энг тўрда, шу ерда, манави бахмал кўрпада қўрбоши ётарди. Уям бошига отининг эгарини қўйиб ётарди.
Ойна шу гапларни айтди-ю, худди тўшаклар орасидан Раҳматуллоҳбек чиқиб келадигандай ғордан чиқиб кетишга шошилиб қолди.
– Юринг, ташқарига чиқайлик, – деди ёқасининг тугмаларини ечиб. – Негадир нафасим сиқилди.
Ташқарига чиқишди.
4.
Ойна билан Музаффар ташқарига чиқиб, ғор оғзидаги майдончада бироз туришди. Ойна бир тошга бориб ўтирди.
– Худди мана шу ерда Ургутдаги босмачилик ҳаракатига нуқта қўйганмиз. Ўзим ҳам шу ерда ўлишимга сал қолган. Қўрбошининг белбоғида белбоққа ўхшаб тақиладиган қиличи бор экан. Шу қиличини олиб, чопиб ташлашига озгина қолган. Тисарилиб қолганман, қиличи юзимни яралаган, – деди Ойна юзидаги қилич изини сийпалаб кўрсатиб. – Қўрбоши мўлжални сал аниқ олса, бошимни нақд икки бўлакка бўлиб ташларди.
Шу пайт унинг орқасидан овоз эшитилди:
– Раҳматуллоҳбекнинг ўша салгина хатосини бугун тўғрилаймиз-да, Ойна.
Ойна шартта ўгирилиб орқасига қаради. Овоз эгасини бирданига таний олмади. Унинг ортида ёши олтмишга бориб қолган, соқол қўйган Хушназар турарди.
– Ҳа, сотқин, юртфуруш, танимадингми? – деди Хушназар қаҳр билан.
Ойна энди уни овозидан таниди. Овози титраб, сўрашган бўлди:
– Танидим, танидим… Ас-ассалому алайкум, Хушназар ака.
Бошқа тарафдан Норбой чиқиб келди. Унинг ҳам соқоли оқарган, кексайган эди.
– Сенга алик ҳайф! – деди Норбой.
– Сиз, сиз… – Ойна унга қараб бақрайиб қолди.
– Ҳа, мен, Норбой акангман, Ойна. Ичинг ўтиб кетдими? Шу ерда ҳаммамизнинг қўлимизни боғлаганингда овозинг ўктам эди, ботир эдинг-а? Бекнинг бошини еганингда зўр эдинг-а? Энди нимага бунча қилпиллайсан? Нимага овозинг бунча палағда?
– Раҳматуллоҳбекни-ку жаноза ўқиб кўмган эдик-а, сен хоинга жанозаям ўқилмайдиган бўлди-да, Ойна, – деди Хушназар.
Ойна ерга ўтириб қолди. Қуролсиз чиққани учун ўзини сўкиб, ерни муштлай бошлади. Бирдан тўхтаб, Хушназарга савол берди:
– Менинг бу ерда эканимни қаердан билдингиз?
– Сени бу ерга биз олиб келдик. Сенинг айнан шу ерда итдай ўлишингни, Бек шаҳид бўлган жойда ўлишингни истадик. Сени бу ерга олиб келиш учун озмунча ҳаракат қилдикми? Музаффарбек озмунча тиришдими? Бечора ҳар қанча ёмон кўрсаям сени ака деди, акажон деди. Хизматингни қилди, кўнглингни олди. Бу ёққа олиб келишга кўндирди. Сен ўзингни жуда уста чекист дейсан. Аммо бир жойда хато қилдинг. Ёрдамчинг биз билан йигирма йил бирга турмада ўтириб чиққан, Муҳаммад Амин Бекнинг ўнг қўли бўлган Ҳожи Махсумнинг жияни эканини билмай қолдинг.
Ойна Хушназарнинг гапини тинглаш баробарида сездирмай қўлига каттагина бир тошни олди. Тош билан Хушназарнинг бошига уришни мўлжаллаб, сакраб туриб, қўлини кўтарди. Аммо Ойнанинг қўли ҳавода муаллақ қолди. Хушназар қўлидаги тўппончасини чопони бари билан беркитиб турган эди. Хушназар шошиб ҳам қолмади. Совуққонлик билан Ойнага қаратиб икки-уч марта ўқ узди. Ойна «шилқ» этиб, ерга қулади. Жон аччиғида гиёҳларни ғажий бошлади. Энди Норбой ҳам тўппончасини чиқариб, ўқ узди. Ойна бутунлай тинчиди.
– Ўтларга ичим ачиди, – деди Норбой. – Қараб турсам, анча-мунча ўтни ғажиб ташлайдиган.
Хушназар, кейин Норбой Музаффарни бағрларига босиб, миннатдорчилик билдиришди. Кейин учовлари пастга, азим арча дарахти тарафга, Раҳматуллоҳбек ва Иззатуллоларнинг қабри тарафга қараб кетишди.
Сал ўтиб ўша тарафдан Қуръон тиловат қилаётган Музаффарнинг ёқимли овози эшитила бошлади…
Сўнгсўз ўрнида
Қиссамизни мухтасар қилдик. Агар у сизга озгина манзур бўлган бўлса, уни ўқиб, томирларингизда мард ва жасур оталаримизнинг қони салгина жунбушга келган бўлса, ҳокимият талашмаган, мансаб, лавозим учун курашмаган, бойлик деб урушга кирмаган, юрт кофирнинг оёғи остида топталмасин деган, эрк деб, мустақиллик деб жон берган, озодликни умридан азиз билган, «босмачи»номи билан тарихларда қолган азиз оталаримизнинг пок руҳларига атаб, уч оятгина Қуръон тиловат қилиб қўйишингизни ўтинаман.
Беклар иқрори
Бизни кечирманглар, эсламанг ҳатто,
Бунга арзийдиган иш қилолмадик.
Бўйнимизда қолди минг битта хато,
Эл дардига дармон бўла олмадик.
Дашноқ қўйдек сўйган кекса чолларнинг
Қасосин олмадик, қолди гарданда.
Кофирлар зўрлаган қиз, аёлларнинг
Қасдин ололмадик, бўлдик шарманда.
Отишдик, чопишдик ўн йилдан ортиқ,
Аммо бир натижа чиқмади бундан.
Аллоҳ фатҳни қилди кофирга тортиқ,
Юртни берди унга, олиб мўминдан.
Босмачи деган от бизга қўйилди,
Ёмон кўрсатилдик элнинг кўзига.
Босмачи отилди ёки сўйилди,
Ўз юрти тор келди унинг ўзига.
Маконимиз бўлди тоғлар, даралар,
Тоққа ҳам сиғмадик, ошдик довонлар.
Не-не бек йигитлар, пансод, тўралар,
Ёт эларда бўлди хор, қўйчивонлар.
Бизларга ачинманг асло, ҳеч қачон,
Ҳеч кимга ачинган эмасмиз биз ҳам.
Бошқатдан берилса бизларга имкон,
Шу йўлни танлардик, ўйланмай бир дам.
Аллоҳнинг олдида юзимиз равшан,
Дин учун, юрт учун оқди қонимиз.
Орни йўқотмадик, йўқолмади шаън,
Мардона олишиб, бердик жонимиз.
Афсуски, урушда биз мағлуб бўлдик,
Кофирлар қўлига берилди Ватан.
Шу Ватан, эрк учун мардона ўлдик,
Кўпимизга насиб бўлмади кафан.
Ўриснинг шумлиги, қув, айёрлиги
Панд берди улусга, алданди авом.
Унинг устамонлик ҳам ғаддорлиги
Азалдан то абад этади давом.
Бизни кечирманглар, эсламанг ҳатто,
Бунга арзийдиган иш қилолмадик.
Бўйнимизда қолди минг битта хато,
Эл дардига дармон бўла олмадик…
Тамом
Азиз ўқувчим, сиз ўз отам, қишлоқдошларим бўлган отамнинг узангидошлари, полвон йигитлар ва барча Бек йигитларга бағишлаб ёзган “Сўнгги бек” номли қиссамни ўқидингиз. Қиссадаги Хушназар – менинг отам Хушвақт Тўрамурод ўғли. Норбой – Сибирдан тирик қайтган иккитагина бек йигитнинг бири Норбой тоғамиз. Қолган барча қаҳрамонларим ҳаётда бор бўлган кишилар, айримларининг исмларини ўзгартирганман, холос. Хоин Ойнанинг исмини ўзгартирмадим. Хоинларни лаънатлаганингизда аниқ эгасига етиб борсин, дедим. Мирзаполвон Бек бобомизнинг ҳам, у кишини сотганларнинг ҳам исмларини ўзгартирмадим. Сабабини англадингиз.
Сиздан илтимосим, дуоларингизда менинг отамни ҳам эсланг! Аллоҳ отамни раҳматига олган бўлсин! Аллоҳ отамнинг гуноҳларини кечирсин! Барча дўстларини ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин! Амин!
Яна битта гап: таниш режессёрларингиз бўлса, айтинг, бу қиссанинг киносценарийсини ёзиб, тайёрлаб қўйганман. Қайси режессёр оламан, деса, олти ой ўзини ҳам, актёрларини ҳам боқадиган ҳомий мендан. 500 та от, 500 та “босмачи” мендан. Майли, 20-30 та “қизил аскар” ҳам топиб бераман. Исмоил қоринининг ролини ўзим ўйнаб бераман. Фақат “Қизил аскар”нинг кийими, “Бешотар” милтиқ, бир-иккита “Максимка” пулемёти билан битта майдароқ замбарак топиб келса бўлди. Бош ролларни ўйнайдиган 5-6 та актёр олиб келса бас.
Бу қиссани кино қилиш шарт! Буни ёшлар кўриши керак!
Ким бу ишга бош қўшса, Аллоҳ ёрдамчиси бўлсин! Амин!
Сизларга ҳурмат ва эҳтиром билан Каримберди Тўрамурод Хушвақт ўғли.