O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

СЎНГГИ БЕК (1-қисм)

СЎНГГИ БЕК (1-қисм)
523 views
04 February 2022 - 17:26

Сўзбоши ўрнида
Ожиз қаламим ва ноқис иқтидорим, аммо буюк муҳаббатим билан битилган ушбу камтарона қиссамни руҳлари шод бўлсин, деган умидда ҳурмат ва чуқур эҳтиром билан юртимизни озод ва мустаққил кўришни орзу қилган, аммо бу кунларни кўролмаган, «Босмачи» номини олиб, отилиб кетган, қамалиб кетган, сургун бўлиб кетган асл ўзбек йигитларига, хусусан, отам Хушвақт Тўрамурод ўғлига ва қишлоғимизнинг полвон йигитларига бағишлайман.
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан “босмачи”лар!
Элим дея элда номи қаро бўлган,
Маконлари тоғу тошлар аро бўлган,
Эл дардидан юраклари яро бўлган,
Дардга малҳам бериб чиққан “босмачи”лар!
Улар боис кофир паймонаси тўлган,
Бошларига ёвлар тилло ваъда қилган,
Ҳар бирининг боши бугун тилло бўлган,
Тарихга дур териб чиққан “босмачи”лар!
Мустақиллик шиори-ю, ори бўлган,
Озодлик деб бошларида дори бўлган,
Чин ҳуррият йўғи бўлган, бори бўлган,
Эрк деб гўрда юриб чиққан “босмачи”лар!
Ёв оёғи юртимизга етмасин деб,
Юртимизни кофир талаб кетмасин деб,
Динимизни оёқ ости этмасин деб,
Кўкрагини кериб чиққан “босмачи”лар!
Босмачи ким?
Бир-икки қисса, бир-икки китобда бу саволга батафсил жавоб бериб бўлмайди. Аммо ўқувчимиз қисса воқеалари қайси замон, қайси маконда бўлиб ўтганини англашлари учун юртимизнинг кўп тилга олинмай турган ўша даври ҳақида мухтасаргина ҳикоя қилишни лозим топдим.
Бугунги ёшлар юрт деганда шоир айтганидек, “Икки дарё ораси”, яъни Сирдарё билан Амударё оралиғини, бугун Ўзбекистон деб аталадиган давлат ҳудудинигина тушунишади. Аслида ўзбеклар юрти, ўзбеклар бошқарган Туркистон отли мамлакат ерлари Хитойдан Ҳиндистонгача, Помир тоғларидан Каспий денгизигача чўзилган эди. Бу юртнинг бойлигига ҳавас қилиб, не-не босқинчилар унинг гоҳ у бурчига, гоҳ бу бурчига чанг солмадилар. 19-асрнинг иккинчи ярмида эса Чор Россияси Туркистонни бутунлай босиб олди. Туркистон заминида Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил қилиб, уни ўз генераллари ёрдамида бошқарди.
1917 йилда Россияда давлат тўнтаришини амалга оширган Ленин бошчилигидаги ўзини “большевиклар” деб атаган шўролар Россия мумстамлакаси бўлиб турган Туркистонни қўлдан чиқаргилари келмади ва шошилинч тарзда ўлкамизга “қизил армия” деб ном олган аскарларини юбориб, куч билан, қон тўкиб, Туркистонни ўз тасарруфларига ўтказдилар. “Оқ ўрис”дан фарқли ўлароқ “қизил ўрис” яхлит Туркистонни шўро республикалари деб ном олган Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон отли беш давлатга ажратиб ташлади ва бир тан, бир жон бўлган буюк халқни абадий бирлашмайдиган қилиб, ораларига чегара қўйди.
Россияда тўнтариш бўлиб, ўрислар ўзи билан ўзи бўлиб қолганда Туркистон зиёлилари 1917 йил ноябрда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка мусулмонларининг қурултойида “Туркистон мухторияти” отли ҳукумат туздилар ва юртни мусулмонлар бошқаришини эълон қилдилар. Албатта, бу Ленинга, худосиз шўроларга ёқмади, мусулмон ҳукумати Туркистонни бошқарадиган бўлса, у шўроларнинг тасарруфидан чиқиб кетишидан қўрқишди ва Қўқон мухториятини йўқ қилиш учун қўшин юборди.
Асосий қисми арман дашноқларидан иборат бўлган бу каллакесарлар қўшини ҳукумат аъзолари этиб сайланган зиёлиларга қўшиб, тинч аҳолини ҳам қиришга, талашга, қиз-жувонларнинг номусини булғашга тушди. 1918 йил давомида дашноқлар Марғилонда етти минг, Андижонда олти минг, Наманганда икки минг, Қўқон атрофидаги қишлоқларда беш мингга яқин аҳолини қилич билан чопди, азоблади, мол-мулкини талади.
Мана шулар БОСМАЧИЛАР эди! Босмачилар − ШЎРОЛАР эди.
Бу босқинга, аёлларимиз, қизларимиз номуси булғанишига чидай олмаган мард йигитлар майдонга чиқди. Уларнинг ҳаракати босмачилик эмас, МИЛЛИЙ ОЗОДЛИК ҲАРАКАТИ эди!

(Давоми бор)

Каримберди Тўрамурод