«Сўнгги бек». Қисса.
Бешинчи боб.
«Мендан рози бўлинг, ака!»
1.
Эрта баҳорда Сурхон тоғларини кўклам қоплади. Икки-уч минг кишилик Иброҳимбекнинг лашкари тоғда макон қилган. Қишда буларга келиб қўшилган Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари ҳам икки ойдирки, булар билан бирга юришибди.
Лақай уруғининг сардори бўлган, элликни қоралаб қолган, қорувли ва келишган Иброҳимбек каттакон чодирида хос кишилари билан суҳбатлашиб ўтирарди.
– Раҳматуллоҳбек, сизга катта раҳмат, бизнинг сафимизга келиб қўшилиб, кучимизга куч қўшдингиз. Йигитларингиз шердек олишар экан. Музаффарият қўлга кирса, йигитларингиз муносиб тақдирланажак!
– Бизга мукофот шарт эмас, Бек ака, элимиз озод бўлса, юртимиз кофирнинг оёғи остида топталмаса, бизларга энг катта мукофот шу, – деди Раҳматуллоҳбек.
– Баракалла! Ҳаммамизнинг ҳам орзуимиз шу. Эртага Термизга юриш қилмоқчимиз. Хуррамбек билан Қобил қўрбошига одам жўнатдим. Улар ҳам бизга мададга келишмоқчи. Ҳаммамиз муштни бир қилсак, Термизда шўрони ағдарамиз. Термиз шўроси, у ердаги қизил аскарларнинг қўшини бутун Сурхондарё шўроларининг ишонгани. Термизда шўрони ағдарсак, қолгани ин-инига пусиб кетади. Қолганини бир ойда тугатамиз, инша Аллоҳ!
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! – деб такбир айтишди йигитлар.
Эртаси куни тонгда Иброҳимбекнинг қўшини Термиз қалъси сари от қўйди. Бу пайтда уларнинг ҳужум қилиши ҳақида хуфияларидан аниқ маълумот олган, жангга тайёр турган қизил аскарларнинг қўмондонлари безовта бўлиб, душманларини кутишар, қалъа деворларида тўплар ҳам шай турарди.
Узоқдан Иброҳимбекнинг қўшини ёпирилб келаётгани кўринди. Иброҳимбекнинг қўшини қалъага яқин келганда тўплар гумбурлади. Қўшин ичида тўп ўқлари портлаб, чор тараф тутун билан қопланди. Отлар аянчли кишнаб йиқилар, йигитлар ҳавога кўтарилиб тушиб, ҳалок бўларди. Иброҳимбекнинг қўшиини барибир қалъага яқин борди. Қалъа деворидаги душман пулемётлари ишга тушди. Ана шунда Иброҳимбек қўшинининг орқа тарафидан икки мингга яқин отлиқ қизил аскар кутилмаганда уларнинг устига ҳужум қилди.
Раҳматуллоҳбек Иброҳимбекнинг ёнига от чоптириб келди:
– Бек ака, душман режамиздан хабардор экан, пистирмага тушдик! Орқадан қизил аскарлар келаяпти!
– Айтинг, ҳамма орқага қайтсин, – деди ўзини йўқотмаган Иброҳимбек. – Аввал орқадан келаётган кофирларнинг ҳужумини даф қиламиз!
Раҳматуллоҳбек от чоптириб кетди. Лашкар ортга бурилиб, орқадан келаётган қизил аскарлар билан отишишга киришди. Бир-бирларига яқинлашишгач, қиличбозлик бошланиб кетди. Шу пайт Термиз қалъасидан ҳам тахминан икки минг кишилик қизил аскарлар бўлинмаси жанг майдони сари от солди. Энди Иброҳимбекнинг ёнига Хушназар от чоптириб келди:
– Бек ака, қалъадан ҳам қизил аскарлар чиқиб, устимизга келишаяпти.
– Хуррамбек билан Қобил қўрбошидан дарак борми? – сўради Иброҳимбек.
– Улар келишмабди, бек ака! Хуррамбек умуман истамабди. Қўрбоши келаётган экан, Хуррамбекнинг келмаслигини эшитиб, у ҳам йўлдан қайтибди.
– Ўзи мусулмонман дегани бирлашмади, бирлашмади-да, ука! – ўзига яқин келиб қолган қизил аскарни отиб ташлаган Иброҳимбек, Хушназарга ўгирилди: – Ҳаммага айтинг, дарёга қараб чекинамиз!
Хушназар от чоптириб кетди. У йигитларнинг олдига етиб борганида ўн чоғли қизил аскарларнинг ўртасига тушиб қолди. Қилич билан уларнинг ҳамлаларини қайтара бошлади. Хушназарнинг ёнига Акбар етиб келди ва унга ёрдам берди. Акбар шердек олишди. Акбар Хушназарга қилич урмоқчи бўлаётган кофирнинг қиличига ўзини тутиб, Хушназарни ўлимдан сақлаб қолди, аммо ўзи оғир яраланди. Шу пайт уларга ёрдамга Ботир ва Раббим полвон етиб келди. Қизил аскарлар билан қилич солишаётган Хушназар Раббим полвонга бақирди:
– Раббим, Акбарни олиб кет!
Раббим полвон отдан қулай бошлаган Акбарни жанг майдонидан олиб чиқиб кетди. Хушназар ва Ботир қизил аскарларни ўлдиришди, қолган бир-иккитаси қоча бошлади. Хушназар уларнинг кетидан от солар экан, Ботирга буюрди:
– Ботир, йигитларга етказ, дарёга қараб чекинишсин! Бу Иброҳимбекнинг буйруғи!
Ботир от чоптириб кетди. Хушназар қочаётган кофирларнинг ортидан от қўйди.
Иброҳимбекнинг лашкари жанг майдонини катта талофатлар билан ташлаб чиқиб, Амударё тарафга чекинди. Қизиллар уларнинг ортидан анча қувиб келишиб, ниҳоят, таъқибни тўхтатишди.
Раббим полвон ва Ботирлар яраланган Акбарни арчазор ичига, панароқ жойга олиб киришди. Сал ўтгач, Хушназар уларнинг олдига етиб келди. Дарров Акбарнинг бошини тиззасига олди. Акбар зўрға кўзини очди. Хушназарни таниб, сўради:
– Хушназар ака, келдингизми? Шукур, омон экансиз!
– Сен туфайли омон қолдим, ука! Раҳмат сенга!
– Кофирлар даф бўлдими? – деди қийналиб гапираётган Акбар.
– Уларни албатта даф қиламиз, Акбар! – деди Хушназар.
– Кейин қишлоғимизга қайтамиз-а, Хушназар ака?
– Албатта қайтамиз, Акбар, сен… сен дадил бўл, ука!
Акбар атрофидаги йигитларга бирма-бир қараб чиқди:
– Мени олиб кетганингиздан хафа эмасмисизлар, акалар?
– Сен ҳақиқий йигитсан, Акбар! – деди Ботир. – Сен мардона олишдинг!
– Хушназар ака, мени кечиринг, сизга кўп ёрдам беролмадим! – деди ҳолсизланиб қолган Акбар.
– Ундай дема, йигит, – деди Хушназар. – Биз сен билан фахрланамиз.
– Мендан рози бўлинг, ака! – деди сўнгги нафасларини олаётган Акбар.
– Розиман, ука. Сен ҳам рози бўл!
Хушназар Акбарни маҳкам қучоқлаб олди. Унинг кўзларидан ёш сизиб чиқди.
– Онажон, мени кечиринг!
Бу Акбарнинг охирги сўзлари бўлди.
– Ботир, Иззатуллони, Норбойни, қолган йигитларимизни чақиринглар! – деди Хушназар. – Акбарни шаҳид мақомида дафн этамиз!
Ботир ва Раббим полвон кўзларида ёш билан йигитларни қидириб кетишди.
2.
Иброҳимбекнинг қўшини дарё бўйида йиғилди. Қўшин сафи анча камайган эди.
– Кофирларга кучимиз етмай қолди, – деди Иброҳимбек. – Фақат ўрис бўлса, кучимиз етарди, ўрисга ўзимизнинг одамларимиз ёрдам бераяпти. Уларнинг тарафдорлари кўпайди. Алданган ўзбекларнинг ҳисобига уларнинг қўшини ортди. Хуррамбек билан Қобил қўрбошига ўхшаганлар хиёнат қилди. Оғир дамда келиб, бизга қўшилишмади. Энди битта йўли қолди, Афғонга кетамиз. Куч тўплаб, қурол-аслаҳамизни янгилаб, катта қўшин билан қайтиб келамиз.
Иброҳимбек билан ёлғиз қолишгач, Раҳматуллоҳбек ўз узрини изҳор қилди:
– Бек ака, узр, бизнинг ўз еримизда қиладиган ишимиз бор эди. Хўп десангиз, биз шу ердан қайтсак.
Иброҳимбек пича ўйланиб турди. Бир кўнгли Раҳматуллоҳбекни ўзи билан кетишга кўндирмоқчи ҳам бўлди. Аммо «Уям бек, ўзининг режалари бордир», деб рози бўлди:
– Майли, бек, хизматларингизга рози бўлинг! Биз сиздан розимиз! Омон бўлсак, кўришамиз.
– Хайр, Бек ака, ўзларингизни эҳтиёт қилингизлар!
– Хайр, Раҳматуллоҳбек, сиз ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг, йигитларингизни ҳам.
Иброҳимбек Раҳматуллоҳбек билан қучоқлашиб хайрлашди.
Иброҳимбекнинг йигитлари тизилиб, дарёдан ўтиб кета бошлашди. Раҳматуллоҳбекнинг йигитлари эса ортга қайрилиб кета бошлашди.
Энди уларнинг сафи юзга ҳам етмас эди.
Олтинчи боб.
«Кунимиз битди, шекилли?»
1.
Ургутнинг таниқли бекларидан бўлган Мирзаполвон ёши элликларга борган, ўн пуд тош босадиган, ҳозирги ҳисоб билан айтсак, оғирлиги бир юзу олтмиш кило келадиган, улкан гавдали, ҳақиқий полвон киши эди. Бошқа отлардан иккита келдиган улкан қорабайир оти билан кўпкарига кирса, ундан улоқни оладиган полвон топилмас эди. Қорабайири ҳам шундай улкан одамни устига олиб, қуюндай учар эди.
Мирзаполвон уч-тўрт йигити билан гаплашиб турганди, уларнинг олдига бир йигити от чоптириб келди.
– Полвон ака, Раҳматуллоҳбекнинг олдидан иккита йигит кепти. Сиз билан кўришмоқчи.
– Раҳматуллоҳбекнинг йигитларидан бўлса, бирданига бошлаб келавермайсанми, барака топгур? Чақир!
Йигит кетди ва сал ўтиб, Хушназар ва Ботирларни бошлаб келди. Улар отдан тушиб, салом беришди. Мирзаполвон йигитлар билан қучоқлашиб кўришди.
– Яхши келдиларингми? Раҳматуллоҳбек соғ-саломат юрибдими?
– Аллоҳга шукур, эсон-омон юрибдилар, – жавоб берди Хушназар. − Сизга салом ва дуо юбордилар.
– Биз ҳам дуодамиз. Иброҳимбекка қўшилиб кетди, деб эшитувдим?
– Эрта баҳорда қайтиб келдик, Полвон ака.
– Эшитдим, Иброҳимбек Амир Олимхоннинг ҳузурида эмиш. Ёзда Амирнинг ўзи бош бўлиб, катта лашкар билан Амударёдан ўтиб, шўролар билан уруш бошлармиш.
– Биз ҳам шунақа деб эшитдик.
– Ҳозир шошиб турувдик, Шуллуклига қизил аскар тушганмиш. Бориб би-ир додини бериб келайлик! Хоҳласангизлар, бирга юринглар, йигитларим қандай уришишини кўриб келасизлар!
– Албатта борамиз! – деди Хушназар.
– Отландик бўлмаса!
Ҳаммалари отларга миниб, йўлга тушишди.
2.
Жумабозор йўли билан Дарғом ёқалаб йўлга тушган Мирзаполвон бошлиқ қирққа яқин йигит Шуллукли қишлоғига Шомдан кейин кириб келишди. Уларга шу қишлоқлик деҳқон Алимқул пешвоз чиқиб, салом берди:
– Ассалому алайкум, Полвон ака, хуш келибсизлар!
– Кофирлар қишлоқдами? – алик олганданоқ сўради Мирзаполвон.
– Кетишди, Полвон ака, – деди Алимқул. – Босмачига ёрдам берганингни отамиз, чопамиз, деб пўписа қилиб кетишди.
– Борган йигитларинг бугун ётиб қолишар экан, деганди-ку?
– Билмадим, Полвон ака, ҳар гал бир-икки кун туриб кетишарди, бу сафар тез кетишди.
– Бўпти, масжидларингга ўтиб, Хуфтонни ўқийлик, кейин биз ҳам қайтамиз.
Ҳаммалари масжидга қараб кетишди. Мирзаполвоннинг йигитлари қишлоқ одамлари билан бирга Хуфтон намозини ўқиб чиқишди.
– Полвон ака, бир пиёла чойимиз бор, – деди Алимқул Мирзаполвон кетишга шайлана бошлаганда. – Меҳмон бўлиб кетинг!
– Ўзимиз ҳам оч қолдик, аммо йигитларим ҳовлингга сиғадими? – сўради Мирзаполвон. – Ҳаммани тўйғизоласанми?
– Ҳовлим катта, Полвон ака, сиғишади, – деди Алимқул. – Тўйғизишга келсак, етса молим, етмаса жоним. Бир қўйни сўйиб, ошни ўзим дамлаб бераман, бўладими?
– Борамизми, йигитлар? – деди Мирзаполвон йигитларига қараб. – Бир ошхўрлик қиламизми?
– Сиз нима десангиз шу, Полвон ака! – деди Мирзаполвоннинг ёнидаги йигит.
– Унда бошла! – деди Мирзаполвон Алимқулга қараб. – Меҳмонинг бўлсак бўлибмиз-да!
Алимқул йигитларни уйига бошлаб кетди.
Мирзаполвоннинг йигитлари Алимқулнинг ҳовлисини тўлдиришди. Мирзаполвон ўзининг, Хушназар ва Ботирларнинг отини уйнинг орқа томонидаги сайисхонага ўтказиб боғлатди ва отларнинг тўрвасига мўл қилиб арпа солдирди.
Алимқул ва унинг хотини Зайнаб елиб-югуриб, йигитларнинг хизматини қилишар, дастурхонга гоҳ чой, гоҳ мева-чева ташир эдилар. Ҳовлида икки йигит қўйни сўйиб бўлишганидан Алимқулнинг ўзи ўчоққа ўт қалаб, ошга уннади.
Ичкарида Мирзаполвон ёнидаги Хушназар, Ботир ва бир қанча йигитлар билан суҳбатни бошлашди.
– Тузукроқ суриштиролмадим ҳам, исминг нима, йигит? – сўради Мирзаполвон Хушназардан. – Кимлардансан?
– Исмим Хушназар. Жаласойлик Тўра полвоннинг ўғлиман.
– Шунақа демайсанми, полвон? Ўзимиздан экансан-ку? Отангни танимаган полвон бор эканми? Тўра полвон кураги ер кўрмаган полвонлардан, аммо от чопмаган-да. Ўзинг-чи? Полвонмисан сен ҳам?
– Мен ҳам курашаман, ёнимдаги дўстим Ботир полвон ҳам курашади, – деди Хушназар. – Аммо кўпкари чопмаганмиз.
– Ҳа, яхши, полвон халқини ҳурмат қиламан, аммо от чопмаганларинг чакки экан. Полвоннинг зўри от чопди-да, йигит.
– Бизда ҳам сизникига ўхшаган от бўлса, чопардик, Полвон ака, – деди Ботир.
– Отимга ҳавасинг кепти-я? Туркманлардан бешта туянинг пулига сотиб олганман. Мени бошқа от кўтаролмайдиям-да, ука. Улоқни олсам бўлди, бирорта отни яқинига йўлатмайдиям, бирорта от унга етолмайдиям.
Бир йигит суҳбатга қўшилди:
– Полвон ака, етган билан сиздан улоқни олиб бўлармиди?
– Ай, уккағар, олган улоғини олдирган полвон ҳам полвонми? Билиб олинглар, мен улоқни ушлаганимдан кейин қўлимни елкамдан суғуриб олишларинг мумкин, аммо қўлимдан улоқни ҳеч ким ололмайди.
– Жамолиддин бойнинг кўпкарисидаги воқеани айтиб беринг, Полвон ака! – деди бояги йигит.
– Ҳа, энди у бир бўлиб қолувди-да, – деди Мирзаполвон. – Қўй, меҳмонлар Мирзаполвон мақтанчоқ экан дейишади.
– Майли, айтиб беринг, Полвон ака, биз ҳам қизиқиб қолдик – деди Хушназар.
– Бўлмаса эшитинглар! – деб Мирзаполвон кўпкарида бўлган ҳангомалардан сўзлашга тушди.
3.
Ош пишираётган Алимқулнинг олдига хотини Зайнаб келди. Бир косани эрига узатди.
– Ман буни тез ошга қўшинг, битта-яримтаси кўриб қолмасин!
– Зайнаб, билиб қолишса, уруғимизни қуритади бу босмачилар!
Зайнабнинг ўзи косадаги нарсани ошга солиб юборди.
– Яхшилаб аралаштиринг! Билмайди ҳеч ким. Қўрбошингиз асфалософилинга кетди, деяверинг шу бугун.
– Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-да, – деди Алимқул чор тарафга олазарак қараб.
– Мен кетдим, Холбековга хабар қиламан, – деди Зайнаб тараддудланиб.
– Эҳтиёт бўл, – деди эри. – Биров сезмасин!
– Хўп!
Зайнаб шипиллаганча қоронғулик қўйнига сингиб, ғойиб бўлди.
Алимқул сал ўтиб, лаганларда буғи чиқиб турган ошни сузиб, йигитларга узатди. Ҳаммалари иштаҳа билан ош ея бошлашди.
– Ҳаммага етдими, ишқилиб? – сўради Мирзаполвон.
– Алимқул аканинг тайёргарлиги зўр экан, Полвон ака, ҳаммага етди, – деди йигитлардан бири. – Қозонда ҳали яна ош бор.
– Баракалла, қани олдик бўлмаса, – деб Мирзаполвон меҳмонларига ҳам манзират қилди: – Ол, Хушназар! Ол, йигит!
– Биз келаётиб овқатланган эдик, бизга узр, – деди Хушназар. – Аммо чой ичамиз.
Хушназар ош емади. Чой сузиб, пиёлаларнинг бирини Мирзаполвонга узатиб, бирини ўзи олиб, чой ичди.
– Бўлмаса гапириб тур, полвон, – деди Мирзаполвон. – Қани, Раҳматуллоҳбек нима дейди? Нияти нима? Режалари қандай?
Мирзаполвоннинг авзойини бироз кузатган Хушназар секин сўз бошлади:
– Раҳматуллоҳбек сизга, Қодирбойваччага, Фазлиддинбекка ўхшаб, якка-якка курашиб юрган бекларни бирлаштириб, муштни бир қилиб, кофирларга қарши бирга уришсак дейди. Сизни ҳам бизга қўшилсин, деяпти.
– Ҳм-м, – деди Мирзаполвон ош ея туриб. – Бирлашган яхши, аммо бирлашсак, қўшинга ким бош бўлади? Менми Раҳматуллоҳбекми?
– Менимча, бунинг аҳамияти йўқ, – деди Хушназар. − Тажрибалироқ десангиз, Раҳматуллоҳбек бош бўлсин. Ёшим улуғроқ десангиз, сиз бош бўлинг. Муҳими, кофирларни йўқотсак бўлди-да.
– Кўрдингми, Раҳматуллоҳбек бош бўлсин, дейсан. Ким бош бўлиши ҳам муҳим. Икки йил олдин Раҳматуллоҳбек бош бўлса, мен рози бўлардим. Раҳматуллоҳбекнинг мингта йигити бор эди. Ҳозир йигити юзта ё чиқади ё чиқмайди. Мен йигитларимни йиғсам, уникидан анча кўп бўлади. Раҳматуллоҳбек келиб, менга қўшилса, тўғри бўлади.
– Биз мусулмон бекларнинг бир-бирига қўшилмай, нима кунларга қолишганини Сурхондарё тарафларда кўриб келдик, Полвон ака, – деди Хушназар. – Хуррамбек ва бошқа қўрбошилар қўшилмагани, айримлари келиб, жанг майдонидан қайтиб кетгани боис Иброҳимбек Термиз қалъаси ёнида мағлуб бўлди. Бундан хулоса чиқариш керак.
– Мен қўшилганим билан Қодирбойвачча қўшилмайди, – деди Мирзаполвон қўлини артиб. – У қизил аскарларга қарши уришиб юргани билан барибир бизни менсимайди. У кимсан Назар бойнинг боласи. Фазлиддинбекнинг эса йигитлари қирилиб битди. Еттита ёки саккизта йигити билан қолган. Энди йўлтўсарлик қилишдан бошқага ярамайди.
– Полвон ака, гап билан ошни яхши емадингиз, – деди Алимқул безовталаниб. – Олинг, қолмасин!
– Яхши ош бўпти, Алимқул, зўр едим, – деди Мирзаполвон. – Нима қўшдинг, ошинг бунча ширин бўпти?
Алимқул саросимага тушиб, томоқ қирди. Аммо дарров ўзини ўнглаб олди:
– Қўй гўшти, думба ёғи-да, Полвон ака.
– Ҳа, яша, – деди Мирзаполвон бир эснаб олиб. – Аммо уйқу босаяпти. Икки соатгина ухлаб олсак, нима дейсизлар?
– Икки кечадан бери ухлаганимз йўқ, – деди йигитларидан бири. – Икки-уч соат ухлаб олсак, яхши бўларди.
– Бўлмаса, ташқарида тўрт-беш йигит қоровулликда турсин! – деди Мирзаполвон. – Қолганинг дамингни ол!
Дастурхонга дуо қилишди. Алимқул ва икки йигит дастурхонни йиғиштириб олишди. Алимқул Мирзаполвоннинг ёнига ёстиқ қўйди. Мирзаполвон ёнбошлагач, устига кўрпа ёпди. Бошқа йигитлар ҳам ёнбошлаб, тезда ухлаб қолишди.
Хушназар Ботир билан пича суҳбатлашиб ўтирди. Аммо Ботир ҳам ухлаб қолгач, Хушназар ҳам ёнбошлади.
4.
Тонг энди бўзара бошлаган маҳалда Зайнаб Холбеков бошчилигидаги юзтача қизил аскарларни бошлаб келди. Қизил аскарлар Алимқулнинг уйининг атрофини ўраб олишди. Холбеков дарвоза олдида ухлаб қолган йигитнинг бошига милтиқ қўндоғи билан қаттиқ урди. Боши ёрилган йигит қонига беланиб, шилқ этиб йиқилди. Зайнаб Холбеков билан бирга пусиб, ичкарига кирди. Орқаларидан уч-тўртта қизил аскарлар ҳам киришди.
Зайнаб унга пешвоз чиққан Алимқулнинг қўлидаги болтани олиб, ҳовлида ухлаб ётган йигитларнинг бирини зарб билан урди. Йигит ихраб, жон берди.
Кимнингдир ихраганини эшитган Хушназар деразадан ташқарига қаради ва ҳовлида юрган қизил аскарларга кўзи тушди. Дарров Ботирни уйғотди. Хушназар ва Ботир бешотарларини қизил аскарларга тўғрилаб, баравар ўқ отишни бошадилар. Бир неча қизил аскар ўқ тегиб, ўлди. Холбеков тўппончасидан ичкарига қаратиб, ўқ уза бошлади. Қолган қизил аскарлар ҳовлида ётган йигитларни отишни бошладилар. Қизил аскарлар ҳовлида ухлаётган, шунча олатасир билан уйғонолмаётган, уйғонганда ҳам нима бўлаётганини англаб етмаётган йигитларни отиб ташладилар.
Ичкарида ётган Мирзаполвон ва унинг хос йигитларининг ҳам уйқудан уйғонишлари қийин бўлди. Аммо улар уйғонишиб, қизил аскарларга қаратиб, ўқ ота бошладилар.
Бироз отишмадан сўнг Холбеков қизил аскарларга отишни тўхтатишни буюрди. Бир муддат ўқ овозлари тинди. Холбеков баланд овозда ичкаридагиларга мурожааат қилди:
– Мирзаполвон! Ўқ отишни бас қил! Ҳовлида бирорта йигитинг тирик қолмади. Ичкаридагиларни ҳам жувонмарг қилма! Яхшиликча чиқиб, таслим бўл!
Мирзаполвон бунга жавобан милтиғидаги беш ўқни бирваракайига унга қаратиб отди. Қолганлар ҳам ичкаридан қизил аскарларга қаратиб, ўқ отишди. Бир-иккита қизил аскар ўқ тегиб йиқилди. Қолганлари ичкарига ўқ ота бошлади. Бир-иккита Мирзаполвоннинг йигитлари ҳам ҳалок бўлди. Отишма анча вақт давом этди.
– Кунимиз битди, шекилли, йигитлар? – деди Мирзаполвон Хушназарга қараб. – Алимқулнинг қанжиғи ошга наша солибди. Айтдим-а, ҳали еб бўлмасимиздан уйқу босди, деб. Улмай чиқсам, бутини йиртаман, ит эмганнинг!
Мирзаполвон югуриб бориб, елкаси билан уйнинг орқа деворига урди. Учинчи уришида девор ўпирилиб, отлар турган томонга туйнук очилди. Мирзаполвон туйнук аторофини тепиб катталаштирди ва у ердан ташқарига чиқди. Бошқа йигитлар ҳам шу ёққа чиқа бошлашди. Аммо бу томондан ҳам қизил аскарлар буларни ўққа тутди. Мирзаполвонга ўқ тегиб йиқилди. Хушназар уни олиб чиқиб кетишга уринди.
– Мени қўявер, полвон, отимни эҳтиёт қил! – деди Хушназарни тезроқ қочишга ундаган Мирзаполвон. – Отимни қутқарсанг, у ҳам сени қутқарди.
Хушназар бориб, Мирзаполвоннинг қорабайирига минди. Ботир ва беш-олти йигит отларга минишиб, Хушназарга эргашди. Ҳовлидан чиқаётган ерларида рўпарадан чиқиб қолган қизил аскар Ботирга ўқ узди. Ботир отдан учиб кетди. Хушназар қизил аскарни қиличи билан чопиб ташлади ва ҳалок бўлган Ботирга бир қараб, отга қамчи босди. Қорабайир ҳовли деворидан ошиб ўтиб кетди.
Хушназарнинг ортидан биргина йигит етиб келди. Қолганлари ҳалок бўлишди ё отлари ўққа учди.
– Қаёққа қараб борсак қутуламиз, йигит? – деди бу ерларни яхши билмайдиган Хушназар.
– Ҳамма ёқни кофирлар ўраб олган, биргина дарё тараф очиқ, – деди йигит. – Аммо дарёда сув кўп, дарё отларимизни ҳам оқизиб кетади.
– Дарёга ташлаймиз бўлмаса, – бақирди Хушназар. – Аллоҳга таваккал!
Хушназар отини тўғри дарёга бошқарди. Қорабайир иккиланмай дарёга сакради. Хушназарнинг ортидан ҳалиги йигит ҳам оти билан сувга сакради.
Еттинчи боб.
«Тирик қолишга ҳаққи йўқ!»
1.
Дарёнинг нариги бетига ўтиб олган Хушназар ҳалиги йигитга отнинг арқонини ташлаб, уни қирғоққа тортиб олди. Унинг отини дарё оқизиб кетган эди.
– Исминг нима, йигит? – сўради Хушназар.
– Абдулла, – деди йигит. – Сизга раҳмат, мени нақд ўлимдан сақлаб қолдингиз!
– Икковимиз ҳам ўлимдан қолдик. Полвоннинг оти бўлмаса, дарёдан ўта олмасдик.
– Бу от жонивор Полвон акамни неча марта ўлимдан олиб чиққан эди, афсус, бугун Полвон акамнинг омади келмади.
– Ҳа, сотқинлик бўлибди, – деди алам билан Хушназар. – Уйинг куйгур Алимқул деганларинг шўрога сотилган экан-да?
– Ошгаям бир бало қўшилган экан, билмабмиз-да, Хушназар ака. Қаранг, ҳеч ухламайдиган қоровул йигитлар ҳам ухлаб қолишибди.
– Энди нима қиламиз? Қаёққа борамиз, Абдулла?
– Очил Довга хабар беришимиз керак. У киши Полвон акамнинг устозлари. Эшитсалар, албатта қасос олмай қўймайдилар.
– Кетдик бўлмаса!
Йигитлар шалаббо бўлган кийимларини сиқиб кийишгач, иккови битта отга мингашиб, йўлга тушишди.
2.
Аср намози пайти Шуллуклига олтмиштача йигити билан Очил Дов кириб келди. Ораларида Хушназар ва Абдулла ҳам бор эди. Ҳамма қўрқув билан эшикларини тамбалаб олишди. Аёллар болаларини беркитишди.Очил Дов тўғри Алимқулникига йўл олди.
Йигитлар Алимқулни ҳовлига судраб чиқишди.
– Нима қилдинг, ит? – отдан тушмай туриб сўради Очил Дов.
– Мени кечиринг, тақсирим, шайтон йўлдан урди, – деди титраб-қақшаётган Алимқул.
– Ким йўлдан урганини кейин аниқлаймиз, – деди отдан тушган Очил Дов қаҳр билан. – Сенга нима қилдинг, дедим, ҳайвон?
– Хотинимнинг гапи билан шўроларга хабар қилиб қўйдик, тақсир, бизни кечиринг!
– Мирзаполвон қани?
Алимқул бир сўз демай, ерга қараб тураверди. Уларга яқин келган қишлоқнинг мулласи Абдураҳим бобо гапга аралашди:
– Мирзаполвонниям, қолган йигитлариниям битта қўймай отиб ташлашди, қизил аскарлар.
Очил Дов Алимқулнинг елкасига қамчи билан солди.
– Ўлиги қани?
Яна Абдураҳим бобо жавоб қилди:
– Ҳаммасига жаноза ўқиб, шаҳидларнинг мақомида қабристонга кўмдик. Аммо Холбеков деганлари қабристонниям хор қилди. Ўлган ўн иккита ўрисни ҳам қабристонга битта катта қабр қаздириб, кўмдирди. Чиқариб ташланглар, десангиз, ўрисларнинг ўлигини қабристондан чиқариб, жарга ташлаб юборамиз.
Очил Дов пича ўйланиб туриб, жавоб берди:
– Индаманглар! Улар ҳам Аллоҳ таолонинг бандалари. Фақат адашиб, кофир бўлиб қолишган. Уларда айб йўқ. Улар аскар, буйруқни бажаришган. Аммо мана бу, мусулмон бўла туриб, ўз биродарини кофирга боғлаб берган муртадга шафқат йўқ! Дорни тайёрланглар!
Алимқул Очил Довнинг оёғига ўзини ташлаб йиғлади:
– Мени кечиринг, илтимос! Аёлимнинг гапига кириб, шу ишни қилиб қўйдим, пирим.
– Аёли ошга ухлатадиган дори қўшган экан, – деди Абдураҳим бобо. – Холбеков унга раҳмат айтиб, мукофот ваъда қилиб кетди.
– Тақсир, Муҳаммад алайҳисаломга душманлик қилган амакиси Абу Лаҳаб ва унга ёрдам берган хотинига дўзахда қанақа мукофот тайин қилинган? – деди Очил Дов Абдураҳим бобога қараб.
– Абу Лаҳаб ўтда куйиши ва хотини унинг остига ўтин қалаб туриши тайин қилинган.
– Бу итни ҳовлисидаги тутга оёғидан осинглар! – деди ғазаб билан Очил Дов. – Тагига ўтинни хотини олиб келиб уйсин! Оловни ҳам айнан хотини ёқсин!
Уч-тўрт йигит Алимқулни оёғидан тутга осдилар. Бошқа йигитлар Зайнабни мажбурлаб ўтин олиб келтиришди. Ўтин осилиб турган Алимқулнинг бошига етгандан сўнг бир машъалани Зайнабнинг қўлига беришди. Зайнаб ўктамона юриб бориб, машъалани ўтинларнинг устига иккиланмай ташлади. Олов бирпасда гулханга айланди ва хотинини ҳам, босмачиларни ҳам, шўрони ҳам лаънатлаб дод солаётган Алимқул гулханда тириклай қовурилиб, бирпасда куйиндига айланиб қолди.
Очил Дов отига миниб, бурилиб кета бошлади. Унга бир йигити яқин келди.
– Устоз, сотқиннинг хотинини нима қилайлик?
– То шу бугунгача нима бўлганда ҳам аёл кишига қўл кўтарганимиз йўқ эди, – деди Очил Дов. – Аммо бу аёл шафқат қилишимизга муносиб эмас. Эрини йўлдан урганини ҳам кечирардим, шўроларнинг қутқусига учиб, Мирзаполвонни уларга тутиб берганини ҳам кечирардим, аммо ўз эрининг остидаги ўтинни соғ аёл ёқмас эди. Мен синаш учунгина айтувдим, аммо бу аёл иккиланмай, эрига ўт қўйди. Бу аёл руҳини шайтонга сотиб бўлган экан. Унинг тирик қолишга ҳаққи йўқ!
Беш-олти йигит Зайнабни жар томонга судраб кетишди.
Очил Дов, орқасидан йигитлари йўлга тушишди. Жар тарафдан бир неча милтиқдан бирданига ўқ узилгани эшитилди. Дарахтлардаги қарғалар чўчиб, осмонга кўтарилишди.
3.
Шуллуклига кириб келган Холбеков бошчилигидаги отряд тўғри қабристонга қараб йўл олди. Улар қабристонга етишгач, отларини ташқарида қолдиришиб, ўзлари қабристон ичкарисига киришди.
Иккита қабр устига беш юлдузли темир пирамида ўрнатилган. Улардан бирида «Босмачиларга қарши курашда ҳалок бўлган Алимқул Қобиловга миннатдор Совет ҳукуматидан», иккинчисига «Халқ қаҳрамони Зайнаб Қобиловага миннатдор Совет ҳукуматидан» деган ёзувли лавҳалар ўрнатилган. Қабрлардан сал нарида каттакон қабр ва қабр устига қўйилган беш юлдузли ёдгорлик ва ундаги ўн иккита ўрисча фамилиялар кўринади: Иванов И.И, Сидоров И,В, Петров А.М, Николаев К.М, …
Қабрлар олдида қизил аскарлар саф тортишди. Орқароқда қишлоқ шўроси раиси йиғиб келган қишлоқ одамлари, ёш болалар нима бўлар экан, деб қизиқсиниб туришди.
– Босмачиларга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган Зайнаб Қобилова ва Алимқул Қобиловларнинг номи қалбимизда абдий сақланажак! – деди Холбеков тантанавор қилиб. – Уларнинг хизматини шўро ҳукумати унутмайди. Уларга шон-шарафлар бўлсин!
Қизил аскарлар милтиқларини осмонга қаратиб, бирваракайига уч мартадан ўқ узишди.
Яна қарғалар учди.
4.
Хушназар Раҳматуллоҳбекнинг қароргоҳига етиб борганида ҳаммалари бетоқат бўлиб, уни кутиб ўтиришар, Мирзаполвоннинг фожеасидан хабар топишган, Хушназардан ҳам хавотирлари катта эди. Хушназарнинг ҳикояси ҳаммаларининг қалбларини ларзага солди. Мирзаполвон, Ботир ҳамда Шуллуклида шаҳид бўлган бошқа йигитларнинг руҳи покларига атаб Қуръон тиловат қилинди.
– Илоҳи, уларга шаҳидлик мақомини бериб, жаннати наиминг билан сийлагин! – дуо қилди Исмоил қори. – Тезроқ кофирларни даф қилиб, Мирзаполвон ва юрт озодлиги учун шаҳид бўлган бошқа биродарларимизнинг ҳам руҳини шод қилишни бизларга насиб этгин!
Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди.
– Энди оғир бўлади, Қори ака, жуда оғир бўлади, – деди ўйчан бўлиб Раҳматуллоҳбек. – Шўро ҳамма бекларни битта-биттадан қилиб, Мирзаполвон сингари қириб битиради. Не-не полвон йигитлар, мард ўспиринлар бу жангларда шаҳид бўлишди. Ўрисни битта қўймай қириб ташлар эдик, ахир улар келишганда нечтагина эдилар? Аммо уларнинг сафига ўзбек йигитларининг, қишлоқ болаларининг кўплаб қўшилиши ишни мушкуллаштирди. Айниқса, бу бекларнинг бирлашмаслиги ўрисларга қўл келди. Устига-устак оддий одамлар ҳам ўриснинг, кофирнинг ташвиқотига учиб, бизни босмачи деб, биздан нафратлана бошлагани, бизга кўмак бермай қўйгани дард устига чипқон бўлди. Пастқишлоқдан биз чиқиб кетганимиздан кейин келган қизил аскарларнинг ўзлари қишлоқнинг одамини битта қўймай қириб ташлаб, бу ишни бизга ағдарибди. Бизнинг йигитларга ўхшаб кийиниб олган Холбековнинг йигитлари Бекқишлоққа тунда бостириб кириб, йигирмадан ортиқ кишини бўғизлаб, қиз-жувонларни зўрлаб кетибди. Эрталаб кириб келган Холбеков эса, “Мана, сизлар қўллаб-қувватлаётган босмачиларнинг қилган иши”, деб маъруза ўқибди. “Кимнинг босмачилар билан алоқаси борлигини билсак, уларга ёрдам бераётгани исботланса, ўзим уни Сибирга жўнатаман”, дебди. Уларнинг фитнасига учиб, бизни уйларига киритмай қўяётган, озиқ-овқат беришдан бош тортаётган оддий қишлоқ одамлари қизил аскарларга бизларни тутиб бериш пайига тушган. Билмайман, шўро уларга нимани ваъда қилган, аммо бизни кўрган одам борки, бориб, қаердалигимизни тезроқ шўрога сотсам дейди.
– Кўп фиғон чекманг, Бек, халқ сиздан юз ўгиргани йўқ барибир, – деди Исмоил қори.
– Сиз халқни билмайсиз, Қори ака. Масжидга келиб турган одамларни халқ деб ўйлайсиз. Масжидни танимайдиган, Аллоҳдан қўрқмайдиган, Мирзаполвонни кофирга тутиб берган Алимқуллар ҳам сиз айтган шу халқнинг ичидан чиқди, Қори ака. Энди Алимқуллар кўпаядиган замон келди. Ҳамма бир-бирин сотади энди.
– Ё охир замон келдимикан, Бек?
– Охирзамон келгани бундан авло эди, Қори ака, – деди Хушназар.
Раҳматуллоҳбек ўрнидан туриб кетди. Хушназарга ўгирилиб гапирди:
– Хушназар, эртага бомдоддан кейин йигитларни йиғ. Ҳаммасига жавоб бераман.
– Урушни бас қиламиз, демоқчимисиз? – ҳайрон бўлди Хушназар.
– Мен бас қиламан. Мен чарчадим, биродарлар.
– Шайтонга ҳай беринг, Раҳматуллоҳбек! – деди Исмоил қори. – Сиз билан биз муқаддас жиҳодга чиққанмиз. Бу йўлда ё зафар қозонамиз ё шаҳид бўламиз. Бошқа йўл йўқ!
– Уруш кофирнинг фойдасига ҳал бўлиб бўлди, Қори ака. Энди шўро оёққа турди. Оёққа турмай, уни янчиш мумкин эди. Шўронинг тиззаси қалтирамайдиган бўлди энди. Энди шўрога қарши туриб бўлмайди.
– Руҳингизни туширманг, Бек! – деди Исмоил қори. – Ҳали шўро бешикдаги бола мисоли.
– Шўро Питербургдалигида бешикда эди, Қори ака, энди уни тўхтатиб бўлмайди, – деди Раҳматуллоҳбек. – Ёш йигитларга жабр қилган бўламан, энди урушни давом эттирсам.
– Чарчабсиз, Бек, – деди Исмоил қори. – Ётиб ухланг, эрталаб гаплашамиз.
Ҳаммалари омин қилиб, чиқиб кетишди.
5.
Эртаси куни Бомдод намозидан сўнг Хушназар ҳамма йигитларни сафга тизди. Раҳматуллоҳбек чодирдан чиқиб келиб, сафни айланиб, йигитларни бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Шундан сўнг оғир сўз бошлади:
– Йигитлар! Бу юришдан энди фойда йўқ. Шўро юртни эгаллаб бўлди. Энг ёмони, халқ, эл уларга ишонди. Отам раҳматли «Камбағалнинг вафоси бўлмайди», дердилар, ҳақ гапни айтган эканлар. Кеча йигит берган, от-улов, емак берган, шўрога қарши отлантирган эл бугун на кийим-бош, на кўрпа-тўшак бераяпти. Қайтанга шўрога қўшилиб, бизни босмачи деб маломат қилмоқда. Ким босмачилигини ажратолмайдиган авом халқ шўрога ёрдам бериб, мард йигитларини кофирга ушлаб бермоқда. Шуллуклида Мирзаполвонниям тутиб беришибди. Шундай йигит шаҳид кетди- я? Ҳай, аттанг, садқаи полвон кетсин бу авом! – Раҳматуллоҳбек бироз тўхтаб, кейин қатъият билан қарорини эълон қилди: – Энди гап бундай, укалар. Мен урушни бас қилдим. Баримиз қирилиб кетадиганга ўхшаймиз. Ундан кўра, эсимиз борида этагимизни ёпайлик!
– Бек, яна бир марта ўйлаб кўринг! Бекор қилаяпсиз! – уни қароридан қайтаришга уринди Исмоил қори.
– Бекорга ёш йигитлар жувонмарг бўлиб кетаяпти, қиёматда нима деб жавоб бераман? – деди Раҳматуллоҳбек. – Қори ака, дуо қилинг, бу йўлда шаҳид кетган йигитларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, тирикларимизни ўз паноҳида сақласин!
Исмоил қори Хушназар ва бошқа йигитларга қаради. Ҳамма жим. Қори ноилож қолиб, тиз чўкди. Бошқа йигитлар ҳам тиз чўкишди. Исмоил қори «Ёсин» сурасини тиловат қилди.
– Ҳаммангиздан сизларни сарсон-саргардон қилганим учун, бесамар урушда умрингизни бекорга ўтказганим учун узр сўрайман, – деди Раҳматуллоҳбек. – Ҳаммангиз мендан рози бўлинглар! Мен ҳаммадан розиман! Қуролларни қолдириб кетинглар. Қуролсиз тавба қилиб борганларни шўро кечирар эмиш. Ер-сув берар эмиш. Деҳқончилик қилиб, бола-чақа орттириб, тинч яшайсизлар! Илоҳи, жаннатда юз кўришиш барчамизга насиб бўлсин! Алвидо, дўстларим!
Раҳматуллоҳбек кўз ёшларини кўрсатмаслик учун шарт бурилиб, чодирига кириб кетди.
Йигитларнинг ичида ғала-ғовур бошланди.
– Э, кетмасак бўлар эди! – деди бир йигит. – Нима деб борамиз энди қишлоққа?
– Кофирни йўқ қилиб кел, деган ота-онамизга нима деймиз? – деди бошқаси.
– Охиригача курашмоқчи эдик, шунга қасам ичган эдик-ку? – деди яна бир йигит.
– Бўлди, Раҳматуллоҳбек икки марта гапирмайди – деди Хушназар. – Қуролларни ташлаб, кетишга тайёрланинглар!
Йигитлар истар-истамас кетиш тадоригини кўришди. Бир ерга милтиқларни, қиличларни, ўқ-дориларни йиғишди. Отларини эгарлаб, отларга минишди. Хушназар ўзи билан бирга келган йигитларнинг олдига борди.
– Раббим полвон, қишлоқдан чиққанимизда неча киши эдик?
– Йигирма тўртта эдик, – деди Раббим полвон. – Ўн битта қолибмиз, ярмимиздан кўпимиз қайтмаяпти.
– Эссиз йигитлар, бари полвон болалар эди, – деди Хушназар. – Жойлари жаннатда бўлсин!
Ҳаммалари пастга тушиб кета бошлашди. Хушназар Раҳматуллоҳбекнинг чодирига кирди.
– Йигитлар отланишдими? – сўради ўйчан ўтирган Раҳматуллоҳбек.
– Пастга тушиб кетишаяпти, – деди Хушназар.
– Сен нега ҳаракат қилмаяпсан?
– Мен сиз билан қоламан! – деди Хушназар Раҳматуллоҳбекка тик қараб. – Охиригача!
– Мени бу ерда қолади, деб ким айтди сенга?
– Ўзим биламан. Сиз қаергаям қайтасиз? Ким кутиб ўтирибди сизни? Мол-мулкингизни калхоз олган бўлса, ака-укаларингизни, ҳатто қари отангизни ҳам аямай, Мардон ўрис Сибир қилган бўлса, ёлғиз онангиз ҳам айрилиқни кўтаролмай бандаликни бажо келтирган бўлса. Сиз икки дунёда қайтмайсиз. Мен ҳам қайтмайман. Менинг ҳам бор-йўғимни Нурмат кофир калхозга олдирибди. Отамнинг туялариниям, мол-ҳолиниям. Қари отам ва онам тоғамнинг меҳмонхонасига кўчиб ўтишибди. Ҳовлимиз калхознинг идораси эмиш. Қайтсам, идорага бораманми?
Раҳматуллоҳбек ўрнидан турди.
– Аммо қолиб нима қиламиз, Хушназар?
– Худонинг айтгани бўлди, Бек ака.
Раҳматуллоҳбек Хушназарни бағрига босди. Икки томчи иссиқ кўз ёши Хушназарнинг елкасига томди.
Хушназар ташқарига чиққанида ҳамма кетган, фақатгина Раббимқул, Иззатулло, Норбойлар қолишган эди. Сал нарида Раҳматуллоҳбекнинг содиқ йигитларидан ҳам беш йигит чордона қуриб ўтиришар эди.
– Сизлар нега кетмадинглар? – сўради Хушназар.
– Ким айтди сенга бизларни кетади деб? – деди Раббим полвон.
– Биз сен билан Қиёматгача биргамиз, Хушназар! – деди Норбой.
– Ҳа, биз қоламиз, – деди Хушназар. – Анови йигитлар-чи?
– Улар Раҳматуллоҳбекнинг хос йигитлари, – деди Раббим полвон. – Қабрга бирга киришса киришадики, Бекдан ажралишмайди.
– Сизлар ҳам менинг шундай дўстларимсиз! – деди Хушназар Раббим полвоннинг елкасига қўл ташлаб. – Ҳаммангиздан Аллоҳ рози бўлсин!
– Хушназар, мен кетаман, – деди Иззатулло. – Аммо бутунлай кетади, деб ўйлама. Бир-икки кун туриб, қишлоқдаги аҳволни билай-чи? Ҳали шўро йигитларимизга қанақа муомала қилади. Шуларни билиб, кейин қайтиб келаман.
– Тўғри ўйлабсан, яхши бор, – деди Хушназар. – Ҳаммамизнинг уйимиздагилардан хабар ол. Кўп куттирмай, қайтиб кел!
– Яхши қолинглар! Эҳтиёт бўлинглар! – деб Иззатулло ҳам пастга тушиб кетди.
Хушназар тизилиб, пастга тушиб кетаётган олисдаги йигитларнинг ортидан анча маҳал маҳзун термилиб қолди.
Каримберди Тўрамурод
Давоми бор



Концептуалист рассом Вячеслав Ахунов Венецияда ўз кўргазмасини очди
Таниқли рассом Исфандиёр Ҳайдар оламдан ўтди
УРУШ — ЧАЛҒИТИШ ВОСИТАСИМИ?
Каримберди Тўрамуроднинг “Триптих”и ҳақида
Вячеслав Ахунов: Ўзлик қандай ўзгартирилмоқда?