O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Сўх анклавида гаровдаги 5 маҳаллий яшовчи касалхонага ётқизилди

Сўх анклавида гаровдаги 5 маҳаллий яшовчи касалхонага ётқизилди
172 views
08 January 2013 - 17:27

Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистонга тегишли Сўх анклави ҳудудига ноқонуний кириб, бир нечта симёғоч тортишганини ҳақидаги хабарлар Қирғиз ОАВда пайдо бўлди.

Айни дамда, РИА-Новости хабар агентлиги Ўзбек тарафига таяниб хабар бераркан, Қирғиз ҳарбийлари ўзбекистонликларга қарата ўт очиб, уч сўхликни жароҳатлашган, деб ёзмоқда.
Бир кун олдин расмий Тошкент можарони бошлашда Қирғизистон ҳарбийларини айблаган ва улар Ўзбекистон фуқароларига қарши ўт очиб, беш кишини ярадор қилишган, деб билдирганди.
Ҳозир Ўзбекистоннинг Сўх анклавида гаровга олиш можароси тинчиган. Лекин Қирғиз тарафи вазият таранг қолаётганини билдирмоқда.
Ўтган якшанба куни Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи аҳолиси 30 нафардан ортиқ Қирғизистон фуқаросини гаровга олишгани хабар қилинган эди.
Ўзбекистонликларга кўра, бунга сабаб Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб, симёғочлар тортишганидир. Ушбу амалга ҳушёрликлар норозилик билдирганида, қирғиз чегарачилари қуролсиз ўзбекистонликларга қарши ўт очишган.
Бунинг натижасида можаро чиқиб, сўхликлар бир нечта қирғиз фуқаро ва ҳарбийсини гаровга олишган.
Бу икки мамлакат орасида кичик-савдо ва борди-келди кўп. Лекин аҳоли зич яшайдиган чегара минтақаларидаги қатор баҳсли ҳудудлар масаласи очиқ қолмоқда.
Сўнгги хабарларга биноан, Ўзбекистон тарафи аввалги келишилган айрим чегара чизиқларини қайта кўриб чиқишни истамоқда. Қирғизистон эса бундан норози.
Сўх можароси ортидан иккала тараф расмийлари ҳам ўртадаги мавжуд муаммоларни гаплашиб, ҳал этишга ҳаракат қилишларини айтишмоқда.
Ҳозир барча гаровдагилар озод қилинган. Аммо Ўзбек-Қирғиз чегара ўтиш нуқталари ёпиқ қолмоқда.
АКИpress хабарига кўра, Боткен вилоят касалхонасига турли тан жароҳатлари билан Сўх анклавида гаровда бўлган 5 нафар маҳаллий яшовчи ётқизилган.
Гаровга олинганларнинг барчасига нисбатан зўравонлик кўрсатилган, бироқ улардан кўпчилиги оилавий шароитларига кўра шифохонага ётишдан бош тортишган. Дастлабки ташхисларга кўра, жабрланганлар мия чайқалиши, ёпиқ бош суяк-мия жароҳатлари билан боғлиқ тан жароҳати олишган.
Баъзи бир ОАВларида, гаровга олинган 14 аёл ва болаларга нисбатан ҳам зўравонлик қилинганлигини ҳам айтилган.
Куни кеча, 7 январь куни Қирғизистон Ички ишлар вазири Шамиль Атаханов Ўзбекистон Ички ишлар вазири, Баҳодир Матлюбов билан мулоқотда бўлди, деб хабар қилади ҚР ИИВ матбуот хизмати.
Телефон орқали сўзлашув чоғида Сўх анклави билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. Ҳар иккала тараф келиб чиққан вазиятни имкон қадар тез бартараф этиш мақсадида эканликларини изҳор этишган.
Қирғизистон ИИВ ахборотига кўра, айни пайтда Боткен вилоятидаги вазият барқарор. Жойларда келгусида бу каби жанжалларга йўл қўймаслик мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Қирғизистон ИИВ Шамиль Атаханов бугун Боткен вилоятига учиб кетган. Ўзбекистон расмийларидан бирортаси ҳодиса ерига борган-бормаганлиги ҳақида айтилмаган.

ЎХҲ хабар маркази