O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таваккалчиликми ёки тузоқ?

Таваккалчиликми ёки тузоқ?
163 views
15 August 2014 - 14:48

5Тошкентда 1 сентябрда нишонланадиган мустақиллик байрамига тайёргарлик доирасида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар бергандик. Ҳар йилгидек байрам олдидан пойтахтда паспорт режими қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича рейдлар ўтказилмоқда, “қоидабузарлик” содир қилган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати учун ҳар йили анъанага айланган тадбирлардан бири жорий режим хавфсизлигига нисбатан ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш мақсадида байрамдан бир ой олдин қўшни республикаларни чегараларнинг вақтинча бир томонлама ёпилиши ҳақида огоҳлантиришидан иборат.

Бироқ, бу йили мустақилликнинг 23 йиллиги олдидан анъаналарга зид равишда Тожикистон Республикаси фуқароларининг чегаралардан ўтиб Ўзбекистон ҳудудига кириб келишларига тўсиқ қўйилмайди.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги дипломатик ваколатхонаси вакилининг Азия-Плюс агентлигига берган маълумотига кўра, бугунги кунда барча ўзбек-тожик чегара пунктлари одатдаги режимда ишламоқда ва тегишли ҳужжатлари бор фуқароларнинг чекловларсиз чегарадан ўтишларига рухсат берилган.

“Бу йили Ўзбекистондаги мустақиллик байрами олдидан ўзбек визасини олиш истагида бўлган Тожикистон фуқаролари сони кескин камайиб кетди. Бунинг сабаби кўпчилик фуқароларнинг бу йил байрам кунлари чегараларнинг ёпилмаслиги ҳақида билмасликлари билан боғлиқ”, – дейди дипломатик вакил.

Маълумки, Ўзбекистонда президент иштирокида ўтадиган ҳар қандай оммавий байрам тадбирлар олдидан мамлакат ичкарисидаги хавфсизлик билан бир қаторда чегаралардаги хавфсизлик чоралари ҳам фавқулотда кучайтирилади. Одатда ҳар бир оммавий байрам тадбиридан бир ой олдин қўшни республикаларнинг тегишли идоралари олдиндан огоҳлантирилган ҳолда чегаралар вақтинчалик ёпиб қўйилади.

Айниқса расмий Тошкент томонидан ҳар доим хавф-хатар манбаи сифатида кўрилган ўзбек-тожик чегарасининг бу йилги йирик байрам олдидан очиқ қолдириши шубҳали ва ғайри оддий ҳол ҳисобланади.

ЎХҲ ахборот бўлими