O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Тавба этмак мўминга ярашган бир феълдир

Тавба этмак мўминга ярашган бир феълдир
152 views
03 September 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(20)
(давоми)

ТАВБА

Абдурраҳмон Саламий шундай баён қилади: “Отам бизга шундай деди: “Бир куни Мадинада, Пайғамбаримизнинг бир нечта саҳобийси билан ўтирганимизда, саҳобийлардан бири “Пайғамбаримизнинг ўлимидан ярим кун аввал тавба қилган инсоннинг тавбаси қабул қилинади”, деганини эшитгандим”, деди. Мен ундан “бу гапни Пайғамбаримизнинг ўзидан эшитдингми?” деб сўрадим. У “Ҳа”, деб жавоб берди.

Бошқа сафар яна биттаси “Пайғамбаримизнинг “ўлимдан бир соат олдин тавба қилганнинг тавбаси қабул бўлади”, деганини эшитдим, деди. У саҳобийдан ҳам “буни Пайғамбаримизнинг ўзидан эшитдингми?”, деб сўраганимда, у менга “Ҳа”, деб жавоб берди.

Учинчи бир саҳобий эса “Мен Пайғамбаримизнинг “жон бўғзига келгунга қадар тавба этган кимсанинг тавбаси қабул бўлади”, деганини эшитдим деди. Мен ундан “буни Пайғамбаримизнинг ўзидан эшитдингми?” деб сўраганимда, у ҳам “Ҳа” деб жавоб берди”.

Муҳаммад бин Мутрифга кўра, Аллоҳу Таоло шундай дейди: “Шу Одам боласига ҳайронсан! Бир гуноҳ ишласа, мендан авф сўрайдию Мен ҳам уни авф этаман. Кейин айни гуноҳни такрор ишлайди ва яна Мендан авф тилйди, Мен уни такрор авф этаман. Ҳайратланарлиси шуки, бу инсон на гуноҳдан воз кечади, на да Мендан умидини узадию Эй малакларим, сизни шоҳид тутдим, Мен уни авф этдим!”.

Мугис бин Саммий шундай баён қилади: “сизлардан аввал яшаган қавмга мансуб биттаси бор эди, давомли гуноҳ ишларди. У бир кун йўлда кетаётиб, уч карра “Аллоҳим, сенинг мағфиратингга сиғинаман!”, деди. Буни айтиб бўлиб, дарҳол ўлди. Аллоҳу Таоло ҳам уни авф этди”.

Муҳаммад бин Ажлоннинг айтишига кўра, Макҳул шундай деган экан: “Ҳазрати Иброҳим – унга салом бўлсин – кўклар оламига чиқарилганда, зино этган бир кимсани кўрди ва унга баддуо этди. Аллоҳ у кимсани ҳалок қилди. Кейинроқ ўғирлик қилган биттасини кўрди, унга ҳам баддуо қилди. Аллоҳ Таоло бу ўғрини ҳам ҳалок этди. Кейин ҳазрати Иброҳимга шундай деди:

“Эй Иброҳим, қулларимнинг ёқасини қўйиб юбор. Чунки менинг ҳар бир қулим шу учта хусусиятни ташийди:

1.Ёки тавба этади ва Мен унинг тавбасини қабул қиламан.

2.Ёки менга ибодат этажак бўлган бола–чақа етиштиради.

3.Ёки ёмонликка енгилади. Бу ҳолда уни Жаҳаннам кутади”.

Бу ҳадисдан кўринаяптики, қул тавба этса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Демак, қул Аллоҳнинг раҳматидан умид узмаслиги лозим.

Зотан, Аллоҳ Таоло шундай дейди:

“Чунки, кофирлардан бошқа ҳеч ким Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмас” (“Юсуф” сураси, 27 ёки рақамини аниқлай олмадим, илтимос Устоз шунга эътибор беринг АС).

Бошқа бир оятда эса шундай дейилган: “Аллоҳ қулларининг тавбасини қабул этгувчи ва кечиргувчидир” (“Шўро” сураси, 25).

Демак, ақли бошида бўлган ҳар инсон Аллоҳга тавба этиши ва ишлаган гуноҳларини такрор этмаслиги лозим. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам “Валлоҳи, мен ҳар куни Аллоҳга юз карра тавба этаман” дегандир.

Ҳазрати Али (ундан Аллоҳ рози бўлсин) шундай деган эди: “Мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир сўз эшитсам, ундан Аллоҳ истагани қадар фойдаланардим. Бошқа бир киши Пайғамбаримизнинг сўзини нақл этса, унга ямин этишни (онт ичишни) таклиф қилардим. Агар у ямин этса, нақлга ишонардим. Бир куни Абу Бакр менга Пайғамбаримиз шундай деганини айтди: “Ҳар қандай бир гуноҳ ишлаб, орқасидан яхши обдаст олиб, икки ракат намоз қилган ва намоздан сўнгра гуноҳига авф тилаган кимсанинг гуноҳини Аллоҳ мутлақо авф этар”.

Пайғамбаримиз бу сўзларининг орқасидан шу оятни ўқиди:

“Ким бир ёмонлик қилса ёки нафсига зулм этса, кейин Аллоҳдан авф тиласа, Аллоҳни авф этувчи ва мархаматли ўлароқ топажак” (“Нисо” сураси, 110).

Бошқа бир ривоятга кўра, Пайғамбаримизнинг ўқиган ояти шу эди:

“Яна ҳар қандай бир ёмон иш қилиб ёки нафсларига зулм этганларида Аллоҳни эслаган ва гуноҳлари учун авф тилаган кимсалардир. Гуноҳларни Аллоҳдан бошқа ким авф этиши мумкин? Ҳамда улар қилган ёмон ишларини билиб такрорламасалар. Бундайларнинг мукофоти Роббиларидан бир мағфират ва тоғларидан дарёлар оққан жаннатлардир. У ерда абадий қолажаклардир. Бундай амал қилганларнинг мукофоти на гўзалдир!” (“Ол–и Имрон” сураси, 135).

Ҳасан Басрийдан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган: “Аллоҳу Таоло шайтонни жаннатдан қувганда, у Аллоҳга “буюклигинг ҳаққи, Одам боласининг руҳи баданидан айрилмагунча, мен уни тинч қўймайман!”, деди. Аллоҳу Таоло шайтонга шу жавобни берди:

“Буюклигим ва Улуғлигим ҳаққи, Мен ҳам қулимнинг жони бўғзига келгунга қадар унга тавба эшигини очиқ тутаман”.

Абу Умаматул Баҳимийдан (ундан Аллоҳ рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Соғ тарафдаги (яхшиликларни ёзган) малак сўл тарафдаги (гуноҳларни ёзган) малакни нафрат остида тутади. Қул бир яхшилик ишласа, соғ тарафдаги малак қулга ўн савоб ёзади. Қул бир ёмонлик ишлаб, сўл тарафдаги малак буни ёзишни истаганда, соғ тарафдаги малак унга “тўхта, бу гуноҳни дарров ёзма”, дейди. Шунда сўл тарафдаги малак олти ёки етти соат гуноҳни ёзмасдан, кутиб туради. Бу орада қул гуноҳи учун Аллоҳдан авф тиласа, сўл тарафдаги малак қулнинг дафтарига ҳеч нарса ёзмайди. Агар қул тавба этмаса, унга биргина гуноҳ ёзади”.

Бу ривоят Пайғамбаримизнинг шу ҳадисига уйғундир: “Гуноҳлари учун тавба этган киши ҳеч гуноҳ ишламаган каби бўлади” (Бухорий).

Бошқа бир ривоятга кўра, Пайғамбаримиз шундай деган экан: “Қул бир гуноҳ ишлаганда унинг гуноҳи қул бошқа бир гуноҳ ишлагунча ёзилмайди. Агар бу гуноҳни ишласа, бу ишлаган янги гуноҳи ҳам, ундан кейин гуноҳ ишлагунча, ёзилмай туради. Бу тарзда, гуноҳлар сони бешга чиққанда, агар қул бир яхшилик ишласа, бу бешта қилиб ёзилиб, ўша бешта гуноҳга тенг қилинади. Буни кўрган шайтон фарёд қилиб, шундай дейди: Мен Одам боласига қарши қандай ғалаба қозонаман, ки унга қарши шунча курашсам ҳам, унинг битта яхшилиги менинг бутун меҳнатимни бўшга чиқаради!”.

Саид бин Мусаййаб “Аллоҳ Аввобларнинг (қайтиб келганларнинг) гуноҳларини авф этгувчидир” (“Исро” сураси, 25) оятини изоҳлар экан, “Аввоб – гуноҳ ишлаб, яна тавба этган кимсадир”, деган.

Ҳасан Басрийдан “Қайси вақтгача тавба этиш мумкин”, деб сўраганларида, Ҳасан Басрий “буни билмайман, аммо тавба этмак мўминга ярашган бир феълдир”, деган экан.

Бир ҳакимга кўра, ориф кишининг хусусиятлари шу олти нарсадир:

1.Ориф киши Аллоҳнинг исмини айтганда ифтихор этади.

2.Ўзи ҳақида гапирганда, ўзини камситиш услубида тилга олади, нафсини ҳақир кўради.

3.Аллоҳнинг оятларига қараганда, улардан ибрат олади.

4.Ичидан бир гуноҳ ёки ёмон ҳис кечса, сиқилади.

5.Аллоҳнинг авф этгувчилигини эсласа, севинади.

6.Гуноҳларини эсласа, тавба этар

Заҳрийдан ривоят этилишига кўра, бир кун Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) йиғлаб Пайғамбаримизнинг ёнига келди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан “Ё, Умар, нега йиғлаяпсан?” деб сўради.

-Ё, Расулоллоҳ, эшикда бир ёш йигит бор, турмасдан йиғлайди, унинг йиғиси менинг ҳам кўнглимни ўтга берди, – деди Ҳазрати Умар.

-У ёш йигитни ичкарига кирит, – деди Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Йигитни олиб келдилар. Пайғамбаримиз ундан:

-Нега йиғлаяпсан? – деб сўради.

-Ё, Расулоллоҳ, гуноҳларимнинг кўплигига йиғлаяпман. Жаббор бўлган Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрқаяпман – деди йигит.

-Аллоҳга ҳеч шерик қўшдингми? – деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Ёш йигит “йўқ”, деди.

-Бировни ноҳақ ўлдирдингми? – деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Ёш йигит “йўқ” деб жавобб берди.

-У ҳолда ишлаган гуноҳларинг етти қат кўк, етти қат ер ва тизма тоғлар каби бўлса–да Аллоҳ уларни авф этиши мумкин – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

-Ё, Расулоллоҳ, менинг гуноҳим етти қат кўк, етти қат ер ва тизма тоғлардан ҳам каттароқ – деди йигит.

-Гуноҳинг каттами ёки Курсими? – деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Гуноҳим каттароқ – деди йигит.

-Сенинг гуноҳинг каттами ёки Аршми? – деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Менинг гуноҳим каттароқ – деди йигит.

-Сенинг гуноҳинг каттами ёки Аллоҳнинг авфими? – деди Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Табиий, Аллоҳ буюкроқдир, – деб жавоб берди йигит.

-Зотан, катта гуноҳларни фақат Аллоҳу Таоло авф этар, қани, айтчи, сенинг гуноҳинг надир? – деб сўради Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Ё, Расулоллоҳ, айтолмайман, уяламан – деди йигит.

-Пайғамбаримиз такрор:

-Айт, сенинг гуноҳинг нима? – деди.

-Ё, Расулоллоҳ, мен эскидан кафан ўғриси эдим. Етти йил бўйича, мозорларни очиб, ўликларнинг кафанини ўғирлаб юрдим. Ниҳоят, бир куни Ансор қизларидан бир жория ўлди. Мен унинг мозорини очиб, кафанини олдим. Мозордан озгина узоқлашганимда, шайтоннинг тазйиқи билан орқамга қайтдим ва ўлик жорияга тажовуз этдим. Ишимни битириб, сал нари кетгандим, жория жонланиб, оёққа турди ва менга: “Эй йигит, ҳисоб куни Соҳибидан қўрқмайсанми? У кун У маҳкама қуриб, мазлумнинг ҳаққини золимдан олиб, ҳақ эгасига беражак. Мени ўликлар орасида яланғоч қолдирганинг етмагандай, Аллоҳ қаршисига жунуб ўлароқ чиқишга маҳкум этдинг!” деди.

Йигит сўзини битирар–битирмас Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўрнидан турди ва:

-Эй, фосиқ, жаҳаннамга нақадар лойиқ экансан! – деди ва йигитни энсасидан тутиб, ташқарига йўналтирди:

-Чиқиб кет, бу ердан! – деди.

Йигит Пайғамбаримиз ёнидан чиқиб, 40 кеча давомида Аллоҳга тавба этди. Қирқинчи кеча тўлганда, у бошини кўтариб, кўкка боқди ва шундай деди:

-Эй, Муҳаммаднинг, Одамнинг, Ҳаввонинг Аллоҳи, агар мени авф этган бўлсанг, буни Муҳаммадга билдир. Агар авф этмаган бўлсанг, бир оташ юбор ва мени ёқиб юбор, бу шаклда мени охират азобидан қутқар!

Шу онда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёнига келди, унга салом бергандан сўнг:

-Ё, Муҳаммад, Роббинг сенга салом айтди – деди.

-Салом Удир. Салом Ундан келиб, Унга қайтар – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

-Аллоҳ сендан “маҳлуқотни сен яратдингми?” деб сўраяпти – деди Жаброил.

-Асло! Мени ҳам маҳлуқотни ҳам У яратди – деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

-Аллоҳ сендан “жонлиларнинг ризқини сен бераяпсанми?” – деб сўраяпти – деди Жаброил.

-Асло, менинг ҳам, қолган жонлиларнинг ризқини ҳам берган Аллоҳдир– деб жавоб берди Расулоллоҳ алайҳиссалом.

-Аллоҳ сендан “қулларимнинг тавбасини сен қабул этаяпсанми?” – деб сўраяпти – деди Жаброил.

-Асло! Мениннг ҳам, бошқа қулларининг ҳам тавбасини қабул қилган Аллоҳдир– деди Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

-Аллоҳ сенга “у қулининг тавбасини қабул эт, чунки Мен унинг тавбасини қабул этдим” деяпти – деди Жаброил.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом дарҳол одам юбориб, ўша ёш йигитни чақиртирди. Ва Аллоҳнинг тавбасини қабул этганини унга айтди.

Ақли бошида бўлган ҳар инсон бу воқеадан ибрат олиши керак–ки, тирик билан қилинган зино ўлик билан қилинган зинодан оғирроқдир. Буни билган ҳолда, ҳақиқий тавба қилиш лозим. Аллоҳи Таоло ўша йигитнинг тавбасини самимий бўлгани учун қабул этди. Тавба гуноҳнинг катталиги билан мутаносиб бўлмоғи керак.

Ибн Аббос (ҳар иккаласидан ҳам Аллоҳ рози бўлсин) “Эй мўминлар, Аллоҳга насуҳ тавбаси қилинг!” дейилган оятга изоҳ берар экан, “Насуҳ тавбаси қалбдан пушаймонлик туйишдир. Тил билан авф тилаш ва тавба қилдирган гуноҳни такрорламасликка қатъий қарордир”, деган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам “Тили билан авф тилаб, яна бу гуноҳни давом эттирган кимса, Аллоҳ билан ҳазиллашган каби бўлади” деган.

Айтишларига кўра, Ҳазрати Робия (унга Аллоҳ раҳмат айласин) шундай деган: “Бизнинг истиғфорларимиз (тавбамиз) жуда кўп истиғфор қилишимизни талаб қилади”.

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси