O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Таги тешик тоғора…

Таги тешик тоғора…
55 views
28 March 2016 - 11:10

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(7)

У аёлларга ҳар жойда тошдан совуқ ҳайкаллар тиклаб, ўзини аёл зотига меҳрибон қилиб кўрсатади. Аслида, у қувликни эплай олмаслигини яхши билади. Халқ ювош, ҳукуматга муқобил мухолифат йўқлиги учунгина у ўзини бетийиқ тутади, холос.

Оврупо, Амриқо мамлакатларини қўя турайлик, у қўшни Қозоғистон ёхуд Қирғизистонга ўхшаш давлат бошида ҳам мана шу каби ўлчовларга сиғмайдиган қинғирликларни амалга ошириши мумкин эдими? Йўқ, албатта! Бир ҳафта ўтмасданоқ, бу каби бир масхарабозни халқ энасиникига тиқарди…

У, қўшниларга насиб этмаган мен каби даҳо бир президентнинг қадр-қимматини билишларинг керак, дея қанчалар томоқ йиртиб, айиқ каби бўкирмасин, унинг яланғоч ва жирканч фикрларини бутун миллат кафтдагидек кўриб, “балодан ҳазар” қабилида, “…ҳа, сен зўрсан, сендан ит зўр…” дея, иш кўряпди.

Аслида, халқ бошига балолар ёғдираётган нарса, унинг ўз феъли – миллатнинг ўзлигини намоён этиши лозим бўлган – ялтоқ ва шахс бўлиб шаклланмаган зиёлиларидир… Зиёлилар миллатнинг ўзлигини феъл-атворларида акс эттира олмас эканлар, халқ оёқ ости бўлади, ҳукумат билан тиккама-тикка ҳисоблаша оладиган мухолифат шаклланмади. Эркинлик, Озодлик, Ҳурлик деган том маънодаги эзгу ғоялар шиорлигича қолиб кетаверади…

Қонун устивор, матбуот эркин бўлмагач, мамлакатнинг ҳеч бир жойида мухолифатнинг овози эшитилмайди. Мухолифат бўлмагандан кейин, тараққиёт гарови бўлган рақобат ўлиб, кучсиз ва қўрқоқлар зўравонга айланадилар.

Арслон ораламаган ўрмонда шоғоллар қаҳрамонликлар кўрсатди – Каримов каби масхарабозлар халқ устига чиқиб, ҳожат чиқарадилар. Бўрини эчки еб, сичқонлар олтинни гуримига тортади, эшаклар қулунлаб, сигирлар туя, қўйлар қоплон туғади. Барча-барчани ёлғон ва риё билан сеҳрлаб, қойил қилаётганига ишониб қолган Каримовга ўхшайдиганларни атрофидагилар хушомад ва мақтовлар билан овлайдилар.

Сеҳру жодига маҳлиё бечораларнинг кўр ва кар бўлиб қолганларидан хабарлари йўқ.

Сўнгра, нима бўлади?!

Нодирабегимга ўхшаган ўнлаб ўзбек аёлларининг юксак ижодий мероси бир четда қолиб, Шўролар куйчиси Зулфияларнинг ҳеч нимани англатмайдиган номини мустабид сиёсатнинг сохтакорликлари учун қурбон берадилар. Дину диёнатга, халқнинг азалий қадрятларига тиш-тирноғи билан қарши турган Шўро куйчиларига ҳайкаллар ўрнатиб, бутун мусулмонни уларга будга сиғинган маймун каби сиғинтирмоқчи бўладилар.

Комсомолнинг меросхўри бўлмиш “Камолот” миллатнинг сара қизларини йўлдан уриб, фитна ва маиший бузуқчиликларга ўринбосарлар тайёрлашга киришиб кетади. Орқасидан, мусобақада ютиб чиқиш учун пора, юқоридан қўнғироқлар каби шармандачиликлар бош кўтариб чиқади. Она сути оғзидан кетмаган қизларни, зоҳиридан ижодийдек кўринган алдамчи мусобақаларда ютиб чиқиши учун аврайдилар. “…Президентимизга раҳмат! Биз ёшларга барча шароитларни яратиб қўйипдилар, минг йил яшасин, юртбошимиз…” дея, сайратадилар… Эвазига… Бузуқчиликлар, маиший беҳаёликлар…

Вақт ўтган сайин Зулфияхоним қизлари ненинг эвазига ғолиб бўлгани, уларники ўрнига кимларнинг ижод намуналари намойиш этилгани намоён бўлаверади, намоён бўлаверади…

Мустақиллик сиёсати туфайли ўн гулидан бир гули очилмаган қизларимиз қизил гулдек сўлиб, умрлари хазон бўлади. Бугун буни ҳеч кимдан сир тутиб бўлмайди. Халқ бошқа ҳар хил ташкилотлардаги сингари Зулфияхоним қизларининг фаолиятлари ҳам шармандачиликлар чўққисига етиб, интиҳо топаётганини кўриб билиб, ёқа ушлаб турипди.

Иккинчи томондан отасининг қизи бўлмиш Гугуша Фонд – форум, Галаконсертлар ва Кўкрак саратони деган одам боласининг хаёлига келмайдиган алламбалолар тузиб, ит қисганни бит қисади, деган каби халқнинг оғзидаги ошигача қўлидан тортиб олади. Кўкрак саратонига хайрия йиғиш марафонини ўтказади-да, аёлларимизнинг кулфатидан фойдаланиб туриб ҳам, пул йиғади.

Марофоннинг югуриш бўйича тадбирлари бошида, “безгалтир” билан “ластичка” кийиб, ғижжакни ғижиллатган Абдиҳошимбой, орқасида, ўқлов ушлаган Зулайхахон Бойхонова. “Ҳай-ҳай”лаганча, Гугушани йўл бўйи томошабинлар хуружидан қўриқлаб, қувлаб борадилар. Ундан ҳам олдинда, жуни кўзига тушган – итдек бўғзини йиртиб толвос урган Жоҳонгир Фозилжонов – куюккан қанжиқ сингари думини чотига қисиб, ирғишлагани-ирғишлаган…

Шу йўл билан Гугуша милёнларни, милярларни йиғади. Топилган маблағларнинг саратонга йўлиққан аёлларимизга бир мири тегмайди. Гугушани фақат телевизор орқали кўриш мумкин. Бирор муҳтож кимса шу чоғгача у билан учрашиб, у билан гаплашмаган. У хоҳлаган ўтини еб, хоҳлаган ишини амалга оширади…

Бу ишларда фақат Каримов айбдорми, деган ҳақли савол туғулади!

Шахсан, мен: йўқ, битта у айбдор эмас, деб жавоб берган бўлардим.

Хўрланаётган аёлларнинг эрлари, ака-укалари, ўғиллари қайда? Улар ўлганми-тирик, деган бўлардим? Мустақиллик сиёсати жабрдийдалари болаларининг ота-оналари, амаки-тоғалари соғ-саломатми, жинни-пинни бўлмаганми, дея сўраган бўлардим.

Эрлар, ака-укалар, ота-она, амаки-тоғалар бор-ку…

Мен, у, улар, бизлар ва сизлар мана шу Каримов жабрдийдаларининг эрлари, ака-укалари, ота-онаси ва амаки-тоғалари эмасмизми, дея, ночорларнинг ночори, ношудларнинг ношуди Каримовдан ҳам ношуд ва ночор эканлигимиз, туфайли, барчаси бизнинг касримизга қоляпти, деган бўлардим…

Мустақилликнинг ўтган йигирма уч йилида, Аллоҳнинг инояти билан Каримовнинг омонсиз тиғига чап берган ҳомила, она қорнида навбатдаги муаммога дуч келади.

Тўйиб овқат емаган, эри қайсидир бир хорижий ўлкага иш излаб кетиб, болаларининг турли-туман хархашаларидан силласи қуриган онаизорнинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Давр бўронларидан вайрон бўлган боғу бўстонлардаги барча кўнгил қушлари адолатсизлик босқини тарафидан бадарға қилинган файзи-шукуҳларга эргашиб, қайларгадир учиб кетгач, қуриб-қақшаган дарахтлар шохида президент Каримовнинг – Бойқушалининг биттагина ўзлари қолганлар.

…Онаизорнинг қулоқларига Худо берган кун, тинмасдан чалиниб турадиган Бойқушалининг қуруқ ва кўнгилни оздиргувчи овози қўрғошиндек қуйилиб, руҳини мажруҳ этади, турмуш етар-етмасликларидан ярадор юрагини баттар қонларга тўлдиради. Чорасиз аёл тонг саҳар уйқудан кўзини очиб ҳам, ишлагани далага чиқиб ёхуд мол-ҳолларининг тагини супуриб-сидира туриб ҳам Мустақилликка бағишлаб айтилаётган қўшиқларни, тараққиёт ҳақидаги ёлғон-яшриқлар ва Каримовнинг мисли кўрилмаган раҳномалиги остида шахдам қадамлаётган Ўзбекистон ҳақидаги бемаза шалдир-шулдурларни тинглайди.

Бутун борлиқни Каримовнинг хоҳиш-иродаси қамраб олган. Мамлакат президенти сифатида, унинг ўзи ҳам, иддаолари ҳам бир чақага арзимас бўлсада, барча уни тинглашга, унинг йўриғидан юришга мажбур.

Туни билан чордоқдаги хўроз Бойқушалининг номини айтиб қичқиради, итлар уни деб ҳуриб, эшаклар уни деб ҳанграйдилар. Мушуклар тонг отгунча, унинг номидан одамларнинг ҳаловатини бузиб, ёқимсиз товушлар чиқариб юракларга ғашлигу нохушликлар солиб чиқадилар…

Атрофидаги Шавкат Мирзиёевга ўхшаган қароқчилар, унинг яроқсиз бошқаруви шарофати билан миллатнинг соҳир карвонларига ҳужум уюштириб, Хайриддин Султоновга ўхшаган мулойим хунук ўғрилар унинг номи билан ўзбекнинг бахтини ўғирлайдилар. Ҳожатхонадаги ғуж-ғуж паша-чивинлар, унинг номини айтиб нажосатга қўнади, қурт-қумурсқалар уни дея, ғумбакларини ёрадилар, уни деб қанот  чиқариб, уни деб учишни амалга оширадилар.

Бутун матбуотда, минбарлару Оқ сарой-қора саройларда, ҳашаматли тўйхоналар ва ҳатто Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжиду мадрасаларда ҳам унинг даранг-дурингги, баландпарвоз ва асоссиз гаплари ҳукмрон.

Қудуққа ташланган челак сувсиз қайтиб чиқади.

Бутун бошли ўзбекнинг қўлида таги тешик тоғора. Дарё пишқириб оқади, одамлар обираҳматнинг бошида туриб ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлолмайдилар.

Бойқушали сийқаси чиққан эски қўшиғини куйлайди. У шу қўшиқдан бошқасини билмайди, янгисини ўрганишга эса ҳеч қачон уринмайди. Ёки бўлмаса, халққа таги бутун тоғорага қўл чўзишга ҳам имкон бермайди.

Адолатни, маърифатни соғинган одамлар, шундоқ оёғи остидаги пишқириб оқаётган дарёга яқинлаша олмай, неча-неча чақирим наридаги қўни-қўшниларникига ўймоқ – ангишивона кўтариб югуради.

Замон – таги тешик тоғора замони.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон